1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Шайх Муҳаммад Рифъат - «Самовий овоз соҳиби»

17:33 / 20.02.2023 2101 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Тиловат аҳкомларини истасак Хусарий, овоз оҳанглари ҳаловатини истасак Абдулбосит Абдуссамад, хушуъни хоҳласак Миншавий, ёқимлилик билан бирга узун нафасдаги қироатни хоҳласак Мустафо Исмоил бор. Агар буларнинг барчасини истасак шайх Муҳаммад Рифъат етарлидир».

Шайх Мутавалли Шаъровий  

Тўлиқ исми ва туғилган йили: Муҳаммад Рифъат ибн Маҳмуд Рифъат ибн Муҳаммад Рифъат 1882 йили 9-майда Мисрнинг Қоҳира шаҳрида туғилган. Овози ўта ёқимли, жарангдор бўлгани учун “Самовий овоз соҳиби” деб таърифланади.

Беморлиги: Шайх Муҳаммад Рифъат икки ёшлигида кўзи ожиз бўлиб қолган. Унинг ожиз бўлиши сабаби ҳақида қуйидаги воқеъа келтирилади. Бир куни қўшни аёллардан бири ёшгина болакай Муҳаммадни кўриб онасига ҳасад қилиб “Кўзи подшоҳларнинг кўзига ўхшар экан-а!?” дейди. Эртаси куни тонгда Муҳаммад кўз оғриғидан чинқираб йиғлаб уйғонади ва шу кундан кўзи кўрмай қолади.

Илм йўли: Муҳаммад Рифъат беш ёшга тўлганда отаси Қоҳиранинг Саййида Зайнаб минтақасида Фозил Пошо масжиди ёнидаги Баштак бошланғич мактабига олиб боради. Тўққиз ёшга етганда отаси Маҳмуд Рифъат вафот этади. У Жамолия милиция қисмида раҳбар эди. Унинг вафотидан сўнг Муҳаммад Рифъатнинг онаси, холаси, синглиси ва укаси Муҳаррамлардан иборат оиласи қийинчиликларга дуч келади. У ерда ўн бир ёшида Қуръони Каримни тўлиқ, ҳамда бир нечта ҳадиси шарифларни ёдлайди. Биринчи устози шайх Муҳаммад Ҳамида ундаги иқтидорни кўриб, Қуръон қироатлари ва тажвид илмига йўналтиради. Сўнгра ўз даврида қироатда санади олий кишилардан саналган шайх Абдулфаттоҳ Ҳунайдийдан икки йил тажвид ва қироат йўналишларини ўрганиб, ижоза олади. Бу оиланинг асосий мақсади фарзандларни Ал-азҳарда ўқитишга қаратилади. У қироат билан бирга тафсир ва фиқҳ илмини ҳам пухта ўрганади.

Шайх Муҳаммад Рифъат  ўн беш ёшида Фозил Пошо масжидида қироат қилишга расмий равишда тайинланади.  У масжидда тиловати билан тезда танилади ва одамлар унинг қироатини эшитиш учун турли жойлардан келиб, масжидни, айвон ва атрофдаги йўлларини ҳам тўлдириб юборишади. Унинг тиловатидан таъсирланиб, унга қаттиқ муҳаббат қўядилар.

Шайх Муҳаммад Рифъат Мисрда телерадиода биринчи бўлиб қироат эшиттиришни бошлаб берган. Ушбу хайрли ишдан кейин Мисрда радио ва телевиденияда Қуръон тиловатига ихтисослашган каналлар очилиб, ҳозиргача давом этиб келади. Радиода қироат қилиш ва Аллоҳнинг Каломини миллионлаб мусулмонларга ўқиб эшиттириш ҳамма қорига ҳам насиб этавермайди. Яъни, минглаб қорилар ичидан, қироати гўзал, тажвиди пухта қориларни имтиҳон қилиб, танлаб олинади. Сўнгра қироатлари қўйиб борилади.

1934-йили Қоҳирада биринчи марта радиода Қуръон тиловати қилиш учун шайх Муҳаммад Рифъат таклиф этилади. У киши “радио орқали қироат қилинса одамлар Қуръонга нисбатан эҳтиромсизлик қилиб қўймасмикин” деган ўй билан узоқ тараддудланади. У ўша даврнинг етук олими ал-Азҳар шайхи Муҳаммад Аҳмадий Завоҳирийдан радиода қироат эшиттиришга оид фатво сўрайди ва унинг фатвосини олгач Мисрда биринчи бўлиб, Қуръони Карим қироати эшиттирилади. Илк қироатни шайх Муҳаммад Рифъат “Фатҳ” сурасининг биринчи ояти билан бошлайди. Унинг қироати ҳақида Британиянинг Би Би Си араб тили радиоси ва бошқа ғарб давлатлари радиолари хабар топгач, Қуръон қироати овозли тасмасини сўрайди. Дастлаб шайх Муҳаммад Рифъат улар ўзга дин вакили бўлгани учун уларга рад жавобини билдиради. Имом Мароғий овоз ёзиб уларга бериш жоизлиги ҳақидаги фатвосини чиқаргач, шайх Муҳаммад Рифъат “Марям” сурасини овозли тасмага тушириб беради.

У Қуръонни ўта гўзал овоз, бетакрор услубда тадаббур ва хушуъ билан тиловат қилар, тингловчи нафақат қулоғи балки бутун аъзолари билан тинглар, оятлар маъносига киришиб кетарди. Шайх Қироатни тааввуз, басмала билан сокин оҳангда бошлаб, аста овозини кўтариб, тингловчи қалбига кириб борарди. Қироат асносида махражларга алоҳида этибор билан ҳар бир ҳарф ҳаққини тўлиқ бериб ўқирди.

 Ахлоқи: У ахлоқи гўзал, таъмадан йироқ, дунёдан юз ўгирган зоҳидлардан эди. Турли тадбирлар, расмий маросимларда ҳам уни тиловат қилиб беришга таклиф этиларди. Агарда пул ёки моддий бойлик берилса, у қабул қилмас, дунё матоҳларига эътибор бермасди. У ўзининг жозибадор қироати билан бир неча кишининг Исломни қабул қилишига сабабчи бўлган. Шайх Муҳаммад Рифъат тиловат қилаётганда кўп йиғлар, яноғида ёши оқиб турарди. Шунинг учун ҳам унга “Йиғловчи шайх” деб ном беришган. 

 Шайх Муҳаммад Рифъат соғлиги ўзгариб, ҳиқичоқ пайдо бўлади, баъзан бу уч соатгача тўхтамас эди. Лекин у радиода қироат қилишда давом этарди. 1943-йили Шайх Муҳаммад Рифъатнинг томоғи шишиб, нафас йўли яллиғланади.  Натижада одамлар унинг гўзал қироатини эшитишдан маҳрум бўладилар. Унинг касаллигига томоқ саратони ташхиси қўйилади.  У муолажа учун топган пулларини сарфлаб тугатади. Яна бу касалликни даволаш катта миқдордаги маблағни талаб қиларди. Унга турли араб давлатлри раҳбарлари, ҳокимлар, давлатманд кишилар ҳадялар жўнатишса, дўстлари ва мухлислари пул жамғариб келишса ҳам рад этиб: “Менинг ҳолатим сатр қилинган. Мен ушбу барча молу-дунёни жам қиладиган ҳолда эмасман. Шифокорлар Аллоҳнинг иродасисиз касалликни тузата олмайдилар. Менинг шифойим Ёлғиз Қодир Аллоҳ таолодан. Бу эҳсонларни тўплаб жўнатганларга ташаккур билдираман” дер эди. Бир сафар эллик минг жунайҳ пул олиб келишади. Шунда у ўзининг машҳур   قارئ القرآن لا يهان  яъни, “Қуръон қориси хор қилинмайди” деган жавобини айтиб, пулларни олмайди ва уйини, томорқасини сотиб сарфлашни афзал кўради.

Оиласи: шайх Муҳаммад Рифъат ўн етти ёшида Мануфия муҳофазасидан бўлган Ҳожа Зайнаб Солим исмли қизга уйланади. Уларнинг Муҳаммад, Маҳмуд, Аҳмад, Ҳусайн ва Баҳия исмли фарзандлари бўлган. Шайх бемор бўлиб қолганда тўнғич ўғли барча ишларини тўхтатиб, отаси хизматига ўзини бағишлайди.

Шайх Муҳаммад Рифъат ҳақида уламоларнинг сўзлари:

Шайх Алий Халил айтади: “Муҳаммад Рифъат хотиржам нафс эгаси эди. Агар у билан ўтирсанг, у гўёки, абадий жаннатда турган фаришта каби эди.  У ўзининг ҳаёти билан сени ҳузурлантиради. Юзида мусаффолик, беғуборлик, хотиржамлик ва фақатгина Холиққа бўлган иймонни кўрасан. У гўё ер аҳлидан эмасдек”.

Мисрлик машҳур ёзувчи Маҳмуд Саъданийдан шайх Муҳаммад Рифъатнинг етуклиги сири ҳақида сўрашганда: “У ўқиётган нарсасига тасдиқ ва иймон билан тўла эди” деб жавоб берган.

Вафоти: Бутун ҳаётини Қуръони Каримга бахш этган шайх Муҳаммад Рифъат раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 1369-йил 22-ражаб ойи, милодий 1950-йили 9-майда 68 ёшида вафот этган. Уни “Саййида Нафиса” масжиди ёнидаги қабристонга дафн этилган.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу дунёнинг ташвишидан ортмай қолсам бир муддат, Сокин бўлиш истарман, руҳимга керак мадад. Бу қалб нечун сиқилар, бошимда нима ўйлар Деб ҳаёлларим сурсам, бир давоми...

2344 17:00 / 25.05.2023
.Илмни Аллоҳ азза ва жалланинг юзи учунгина ўрганадиган уч киши Ато, Товус ва Мужоҳид кабисини ҳеч кўрмадим, Салама ибн Куҳайл. Тўлиқ исми ва таваллуди Абу давоми...

1953 14:34 / 23.05.2023
Тўлиқ исми ва таваллуди Абул Асвад Золим ибн Амр инб Золим Дуалий. Маккаи Мукаррама жанубидаги Бани Дуъл қабиласидан бўлган. Шунинг учун Дуалий нисбасини олган. У давоми...

1286 11:11 / 21.05.2023
Маълумки, islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган эди. Бугундан бошлаб 1чорак mdash ҳанафий мазҳабига оид мавзуда иштирокчиларимиз давоми...

2124 00:00 / 10.03.2021