Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тўлиқ исми ва туғилган йили: Мустафо Содиқ Абду Розиқ Саид Рофеъий 1880-йилда Мисрнинг Қалюбия вилоятидаги Баҳтим қишлоғида туғилган. Лекин оиласи Танто шаҳрига кўчиб боргач, шу ерда улғаяди. Уни “араб адабиёти мўъжизаси” деб таърифланади.
Мустафо Содиқ Рофеъийнинг насл насаби ота томонидан Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Унинг ота-боболари асли суриялик бўлиб, унинг қариндошларидан биринчи бўлиб, шайх Муҳаммад Тоҳир Рофеъий фарзандлари ва ака-укалари билан усмоний халифа буйруғи туфайли 1827-йили Мисрга кўчиб келган. Улар Миср шаръий маҳкамаларида ҳанафий мазҳаби қозиларидан бўлишган. Унинг отаси шайх Абду Розиқ ҳам шаръий маҳкама раиси бўлган. У туғилиб ўсган хонадон илм аҳллари хонадони бўлиб, гўёки доимо Қуръон ва шаръий илм борасида сўз юритиладиган мадраса каби эди.
Ҳаёти ва илмий фаолияти: Мустафо Содиқ Рофеъий ўн етти ёшида оғир касалликка чалиниб бир неча ой ётиб қолади. Натижада нутқи сустлашиб, эшитиш қобилияти ҳам оғирлашади. Ўттиз ёшга етганда қулоғи бутунлай эшитмай қолди.
Илм йўли: Мустафо Содиқ Рофеъий дардга чалингандан кейин бошланғич таълимни давом эттира олмади. У ўзини одамлардан олиб қочиб, отасининг кутубхонасинига кириб олди. У ҳаловат ва илм лаззатини китобдан топди ва ҳар куни камида саккиз соат мутолаа билан машғул бўлди. Ҳаёт шовқин-суронлари унга мутлақо эшитилмас, бошқалар билан гаплаша олмасди. У инсонларнинг талпингани, ғам-ташвишлари, хурсандчиликлари ва улар сўзлашиши мумкин бўлган барча нарсани китоб орқали англашга интилди. У инсонлар билан гаплашишни ва уларни эшитишни хоҳлар эди. лекин бунинг иложи йўқ, нима қилади?! У ичида ўзига ўзи: “Одамлар менга сўзларини эшиттиришдан ожиз бўлсалар, унда мендан эшитсинлар” дер эди.
У ичидаги кечинмаларини одамларга ўзгача услубда етказиш, улар билан боғланиш учун тинимсиз меҳнат қилди. Ўзининг билими, ақлий салоҳаятини ошириш учун кўп ўқиди.
Дарҳақиқат, адиблар ва шоирлар самарали ижод қилиш, етарли малакага эга бўлиши учун турли мавзуларга оид кўплаб китобларни ўқиши, ўз устида тинимсиз меҳнат қилиши лозим. Мустафо Содиқ Рофеъий Қуръони Каримни ва ҳадиси шарифларни ёд олганлиги ҳамда Ислом уламолари тарихини пухта ўқигани, қадимги ва замонавий шеърлардан кўп ёдлаганлиги унинг адиб, шоир сифатидаги шахсиятнинг шаклланишида алоҳида аҳамият касб этди. У ўз асрида араб адабиёти майдонида пешқадам бўлиб, адабий мерос ривожига улкан ҳисса қўшди.
Унинг шеърий китобларидан: уч томли “Девонур Рофеъий”, “Девонун назарот” (бир томдан 1902-1903-1906-йилларда чоп этилган), 1908 йили чоп этилган “Девонун назарот” шеърий тўпламлари машҳурдир. Булардан ташқари ҳали чоп этилмаган шеърий китоблари ҳам бор.
Насрий асарларидан:
1. “Эъжозул Қуръон”
2. “Таҳта роятил Қуръан”
3. “Рисалатул ҳаж”
4. “Тариху адабил араб” 1912-йили чоп этилган.
5. “Китабул масакин” 1917-йили чоп этилган.
6. “Расоилул аҳзан”
7. “Ас-саҳабул аҳмар”
8. “Ваҳюл қалам” ва бошқа асарлари машҳурдир.
* * *
“Мухтароту ваҳюл қалам” китоби кириш қисмида Муҳаммад Абдуҳ шундай ёзади. “Сизни мен ҳақиқий авлиёлардан санайман. Муқарраб банда[1]лар сафидасиз деб биламан. Аллоҳдан тилингизни ботилни ўчирадиган, ҳақнинг қиличи қилишини ва сизни пешқадамлардан бўлган Ҳассон[2]нинг ортида қилишлигини сўрайман”.
* * *
Рофеъий йигирма тўрт ёшида Саййида Нафиса Барқуқийга уйланди. У солиҳа, ибодатгўй ва турмуш ўртоғига жуда меҳрибон, итоатли эди. Эр-хотин бир-бирига суянчиқ бўлиб тотувликда ҳаёт кечиришган. Улар ўзаро бир маротабагина тортишиб қолишган холос. Ҳукамолар, “Ҳар буюкнинг ортида бир аёл туради” деганидек, Рофеъий ўз даврининг етук адиби бўлиб етишишида аёлининг хизмати катта бўлди.
Мустафо Содиқ Рофеъий ҳикматли сўзларидан:
“Нафс улкан хазина. Унда бошқада топилмайдиган биргина хурсандчилик, шодлик бор. Дунёнинг лаззати ушбу хурсандчилик, шодликни уйғотувчи воситадир. Агар у иккиси фақирлик билан бирга топилса, молу-дунёнинг азизлиги йўқ бўлади ва оддий тошга айланади. Булбул кичкинагина томоқчасида барча мусиқа асбоблари чиқара олмайдиган гўзал оҳангда сайрайди. Нафс атрофида ҳам шундай ҳаёт бор. Агар нафс кучли бўлса, унинг олдида дунё хор бўлади. Агар заиф бўлса, дунё уни хорлайди”.
“Ўғри муаммоларини ўзининг қоидасига кўра тўғриламоқчи бўлса, ечимни йўқотади”
“Албатта, Аллоҳ биз ўзимизга муносиб ёки ўзимиз унга муносиб бўлмаган нарсани талаб қилмасак, У Зот Ўз фазлини биздан узмайди”.
“Агар ҳаётга бирор нарсани зиёда қилолмаган экансан, ўзинг ҳаётда ортиқча бўлибсан”
Вафоти: Мустафо Содиқ Рофеъий раҳматуллоҳи алайҳ 1937-йили 10-майда одатдагидек, бомдод намозига туриб, таҳорат олади. Намозини ўқиб, намозгоҳида ўтириб тасбеҳ айтади, дуо, Қуръон тиловати қилади. Бироз ўтиб, қорнида оғриқ сезади ва бу ҳақда шифокор ўғли Муҳаммадга айтади. Ўғли дори бергач, оғриқ тўхтайди ва ишига жўнайди. Рофеъий ўрнидан туриб, оғриқ қолгач ҳожат томон боради. Шу пайт унинг аҳллари уй залида қаттиқ йиқилган товушни эшитишади. Дарров боришса, Мустафо Содиқ Рофеъий руҳи танасини тарк этган эди. Унинг жанозаси Танто шаҳрида ўқилди ва шу ерда ота-онаси қабри ёнига Рофеъий мақбарасига қўйилди.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади
Эслатма:
Сиз ҳам «Islom.uz-1444» танловида қатнашмоқчимисиз? Унда қуйидаги https://islom.uz/maqola/19769 ҳавола орқали мусобақа шартлари билан танишинг ва танловда иштирок этинг!