1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Севмаган қалб

09:00 / 13.02.2023 2152 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Тариху Бағдод» китобида келтиради:
«Обидлардан Абу Усмон Ҳийрий ан-Насобурийнинг хотини Марямдан эшитдим. У шундай деди:
«Бир куни эрим Абу Усмон ёлғиз ўтирганини кўриб қолдим. Вақтни ғанимат билиб сўрадим:
- Аллоҳнинг ҳузурида энг умид қиладиган амалингиз қайси амал?
Абу Усмон деди:
- Эй Марям! Мен улғайгач, мени уйлантиришга ҳаракат қилишди. Мен кўнмадим. Бир куни бир ўралган аёл келди. У менга деди:
- Эй Абу Усмон! Аллоҳнинг ҳаққи билан сўрайман, менга уйлансангиз!
Мен сўрадим:
- Отанг борми?
- Ҳа бор. Фалончи тикувчи менинг отам бўладилар!


Мен унинг отасини топиб бордим ва унинг қўлини сўрадим. Отаси хурсанд бўлиб рози бўлди. Гувоҳлар иштирокида никоҳ ақди бўлиб ўтди. Гўшангага кирдим. Не кўз билан кўрайки, кўзлари ғилай, ўта хунук ва бадбашара, оёқлари чўлоқ бир қиз турибди. Дарров: «Аллоҳим, менга қилган тақдиринг учун Сенга ҳамдлар бўлсин!», дедим. Оила аъзоларим мени маломат қилишар эди. Мен эса хотиним билан бирга бўлдим. У менга қаттиқ ўрганиб қолди. Кўчага чиқишимга тоқати йўқ эди. Унинг риояси ва қалби синмаслигини ўйлаб, ҳатто, зикр ва илм мажлисларга ҳам бормай қўйдим. Ўн беш йил шу ҳолатда ўтди. Мен гўё чўғ устида тургандек яшадим. Аммо токи у вафот қилгунча ҳисларимни унга билдирмадим, унинг қалбини синдирмадим!


Аллоҳнинг ҳузурида мана шу амалимдан кўра умидли амалим йўқ!»
Кимдир: «Инсон ўз қалби синиши эвазига бошқанинг кўнглини олиши шарт эмас. Кимдир мени яхши кўрса у билан муроса қилишим мумкин, аммо умримни унга нарх сифатида бериш эвазига эмас!», дейиши мумкин. Тўғри, унинг гаплари ҳақ. Инсон дегани қалбдир. У қалбини қаерда топса, ўша ерда яшайди.


Ҳа, бизга нисбатан қалбида муҳаббати бор ҳар бир инсонни қадрлаймиз. Аммо қадрлаш бошқа, унинг ортидан юриш бошқа.
Бир киши сизга муҳаббат қилди. Сиз бунинг эвазига унга мулозамат (ёлғондан яхши муомала) қилдингиз. Бу ҳолатда сиз унинг кўнглини олиш ўрнига қалбини синдириб қўясиз!
Чунки, куни келиб мулозамат ҳам қила олмайдиган кун келади. Ана шундаги унинг оғриғи олдингидан ҳам ёмонроқ бўлади!


Яхши кўрадиган кишига энг оғир ҳолат шуки, унга сиз аввал умид берасиз. Сиз берган умидлар устига у ўз орзуларини бино қила бошлайди. Сўнгра бирдан сиздаги умидлари пучга чиқади. Орзулари пастга қулайди!
Оғир ҳолатлардан яна бири шуки, сиз аввал кимнингдир қалбига шам ёқасиз. Сўнгра у шамни қаттиқ пуфлаб ўчирасиз!
Аввалдан очиқ бўлинг. Муҳаббат йўлидан мажбуран, хижолат бўлиб, мулозамат билан юрманг!
Бир томонлама муҳаббатни бир дўстим бошидан ўтказган. Мулозамат қилишдан бошқа чораси қолмаган. Аёлига умуман кўнгли бўлмаган. У ўзининг аҳволини шундай баён қилган эди:
«Шундай лаҳзалар бўлдики, хотиним қўлини қўлимга қўйса, қўлимнинг узилиб тушишини орзу қилар эдим!».


Дўстим хотинининг кўнглини риоя қилиб яшади. Аммо ўз кўнглини унга тўлов сифатида берди!
Мен юқорида айтган гапларга уйланишдан олдин амал қилинса яхши бўлади. Аммо умр йўлида юришни бошлар экансиз, унинг ҳаққини тўлаб қўйишингиз лозим бўлади. Инсонлар қалби тажриба ўтказиладиган қуён эмас. Уларнинг кўнгли, уларнинг обрўси эскирса, ташлаб юбориладиган кийим эмас. Ҳамма уйлар ҳам севги асосида бунёд бўлавермайди. Кўп уйлар меҳр, ўзаро ҳурмат, раҳм-шафқат ва Аллоҳнинг масъулиятли аҳди асосида қурилади.


Ҳеч ким бошқа бировни севмаганига уйлантиришга мажбурлай олмайди. Йўқса, бунинг тўлови барчага оғир бўлади. Абу Усмонга ўхшаганлар эса ниҳоятда камёб!


Абдулқодир Полвонов

 

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таълим мудирлигидан бир мактабга текширувчи юбормоқчи бўлишибди. Текширувчи яъни, комиссия йўлга чиқиб йўлнинг ярмига келганида машинаси бузилиб қолибди. У давоми...

2845 08:28 / 10.12.2021
Филиппин бургути. Дунёдаги энг йирик бургутлардан бири. Филиппин ўрмонларида учрайди. Бундай бургутлар ҳозирда йўқолиб кетиш арафасида. Шунинг учун уни овлаш давоми...

4638 14:00 / 04.12.2021
Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ўзининг расули Муҳаммад алайҳиссаломни барча халойиқларга раҳмат қилиб юборган.Бу ҳақида айтилган Аллоҳ таолонинг сўзини сизлар давоми...

4843 16:42 / 05.12.2017
Машҳур хусусий кўз клиникаларидан бирида .Пул бермасанг сенга қиё ҳам боқмаймиз, шиори остида халққа .буюк хизмат, қилинган экан. Даставвал, мижоз регистрациядаги давоми...

3829 06:00 / 13.11.2023
Аудиолар

232103 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150613 09:35 / 11.08.2021