1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Мўмин-мусулмонларнинг ичида ким яхши?

14:30 / 18.01.2023 1884 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи уламолар ахлоқни «ироданинг одати» деб таъриф қилишган. Яъни ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, ўша нарса ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг иродаси бировларга хайр-эҳсон қилишга азму қарорли бўлиб қолса, ана шу «карамли хулқ» дейилади.

Хулқ нафсдаги мустаҳкам ҳайъатдан иборат бўлиб, ундан амаллар фикр ва ўйлашсиз, енгиллик ва осонлик билан содир бўлади. Агар амаллар яхши бўлса, «яхши хулқ» деб, ёмон бўлса, «ёмон хулқ» деб аталади.

Бошқа бир гуруҳ ахлоқ илми уламолари эса: «Инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади. Унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», дейишган.

Мусулмон ахлоқ илми уламолари эса: «Инсонга ота-онасидаги баъзи ахлоқларнинг хамиртуриши онасининг қорнида ҳомила пайдо бўлганида ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида унга ахлоқ қобилиятини қўшиб яратади. Инсон туғилиб-ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», дейишади.

Шунинг учун ҳам Исломда хулқни сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.

Бу ҳақиқатни ушбу ва ундан кейинги бобларда ўрганамиз.

Абу Дардодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тарозида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса йўқдир», дедилар».

Қиёмат куни амаллар тарозида тортилганда унда ҳусни хулқдан оғирроқ келадиган нарса йўқдир. Энг тарози босадиган нарса чиройли хулқдир.

Бу ерда аввало хулқ нималигини яхшилаб тушуниб олишимиз лозим. Хулқ – инсоннинг сифатига айланиб қолган хислатдир. Яъни инсон ўйлаб ўтирмай бажарадиган бўлиб қолган сифатдир.

Одоб эса биров билан бўладиган муомалада ҳар томонлама ўйлаб, чиройлироқ муомала қилиш қоидаларидир.

Маълум сифатга эга бўлган инсон ўзини ана шу сифатга мувофиқ равишда тутади.

Ҳусни хулқли одам ҳар доим чиройли ахлоқ билан ҳаракат қилишга одатланади. «Фалончининг хулқи гўзал», дейилганда шу нарса тушунилади.

Демак, гўзал хулқли бўлиш қиёмат куни бандаларнинг амаллари тарозига тортилганда энг юк босадиган амал экан. Тарозини бундан кўра кўпроқ босадиган бошқа амал йўқ экан.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилмас ва фаҳш гапларни гапирмас эдилар. «Ичингизда энг яхшингиз хулқи яхшиларингиздир», дердилар».

Демак, «Мўмин-мусулмонларнинг ичида ким яхши?» деб сўралса, ушбу ҳадис билан жавоб берилади. Саволнинг жавоби шуки, мўмин-мусулмонларнинг энг яхшиси ҳусни хулқли бўлганларидир.

Шунинг учун мўмин-мусулмон одам иймонининг тақозоси бўйича амал қилиб, намозини вақтида ўқиб, рўзасини тутиб, ибодатларини адо этиб юришдан сўнг албатта ҳусни хулққа эътибор бериши керак экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилмаганлари.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш гапларни гапирмаганлари.

3. Мусулмонларнинг яхшиси хулқи гўзал бўлганидир.

Амр ибн Шуъайб отаси орқали бобосидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ичингизда менга энг маҳбуб бўлганингиз ва қиёмат куни менга энг яқин ўтирадиганингиз кимлигини айтиб берайми?» дедилар.

Қавм сукут сақлади. Ул зот икки ёки уч марта такрорладилар. Шунда қавм:

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», деди.

«Ҳусни хулқли бўлганингиз», дедилар».

Демак, қайси мўмин-мусулмон одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбуб бўлишни ва қиёмат куни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин ўтиришни хоҳласа, ҳусни хулқ билан сифатланиши, гўзал хулқ соҳиби бўлишга ҳаракат қилиши керак экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Олим одам одамлар зеҳнида яхши ўрнашиши учун ўзи айтмоқчи бўлган гапни аввал савол қилиб бериши.

2. Одамлар индамай туришса, гапни уч мартагача такрорлаш борлиги.

3. Мусулмонлар ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга энг севиклиси хулқи гўзал бўлганидир.

4. Мусулмонлар ичида қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин ўтирадиган одам хулқи гўзал бўлган мўминдир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен солиҳ ахлоқларни камолига етказиш учун юборилганман», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан юклатилган буюк ва шарафли вазифалардан бири, рисолат берилишининг асосий сабабларидан бири – яхши ахлоқларни баркамол қилиш, охирига етказиш экан.

Албатта, шундай! Набийга уммат бўлган ҳар бир инсон ана шундай солиҳ ахлоқларнинг, ҳусни хулқларнинг соҳиби бўлиши, ўз муомаласида ана шундай гўзал ахлоқни намоён қилиши лозим бўлади.

Барча набийлар ўз умматларини ҳусни хулққа чақиргани, уларни гўзал хулқли қилиб тарбиялашга ҳаракат қилгани ҳаммага маълум. Аммо уларнинг дини каби, ҳусни хулқи ҳам ўзига яраша баркамоллик йўлидаги бир босқич бўлган, холос.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динлари динларнинг батамоми ва баркамоли бўлгани каби, ул зот чақирган ва таълим берган гўзал хулқ ҳам батамом ва баркамол бўлган. Зотан, Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни динларнинг охиргиси ҳамда хулқларнинг энг гўзали ва баркамоли ила юборган.

Ана шу эътибордан, мўмин-мусулмонларнинг хулқлари барча умматларнинг хулқларидан устун, баркамол ва тугал бўлиши керак. Бу умматга мансуб ҳар бир киши ўзининг ҳамма ҳавас қиладиган даражадаги гўзал хулқи ила бошқалардан ажралиб туриши лозим.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ишдан бирини танлаш ихтиёрида бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта енгилини танлар эдилар. Агар гуноҳ иш бўлса, одамларнинг ичида ўша гуноҳ ишдан энг узоғи бўлар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун интиқом олмаганлар. Фақат Аллоҳ таолонинг ҳурмати поймол этилса, Аллоҳ азза ва жалла учунгина интиқом олганлар, холос».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатда рухсат берилган икки ишдан бирини қилишлари керак бўлиб қолса, албатта енгилини танлар эдилар. Бу ҳол соф табиатнинг намоён бўлиши ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан.

Ҳозирги кунда эса енгил йўл турган бўлса ҳам, ўзларича оғирини ихтиро қилиб оладиганлар кўпайиб кетди. Икки ишдан бирини танла, дейилса, енгилини танлаш у ёқда турсин, енгил ишнинг ўрнига йўқ жойдан қийин ишни топиб олиб, ундай бўлиши керак, бундай бўлиши керак, дейишни ўзига фахр деб биладиганлар кўпайди. Ҳолбуки, бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, табиатларига, тутган йўлларига хилофдир.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон, ҳеч кимдан ўзлари учун интиқом олмаганлар. Бу ҳам барчага маълум ва маш¬ҳур бўлган оддий ҳақиқатдир.

Қачон Аллоҳ таоло ҳаром этган иш қилинса, Аллоҳ таолонинг ҳурмати оёғости қилинса, поймол этилса, шундагина Аллоҳ азза ва жалла учун интиқом олганлар.

Афсуски, замон ўтиши билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат эканини даъво қиладиганлар ичида фақат ўзи учун интиқом оладиганлар, Аллоҳ таолонинг ҳурмати оёғости қилинса, бурнига пашша қўнганчалик таъсир қилмайдиганлари кўпайиб кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари бўлган биз бандалар мана шу нарсаларга эътибор беришимиз, ўзимиз учун, шахсимиз учун интиқом олиш йўлидан юрмаслигимиз лозим. Аллоҳ таолонинг ҳурмати оёғости бўлгандагина уни ҳимоя қилиб, интиқом олишга ўтишимиз керак бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳар доим ишларнинг енгилини танлаш кераклиги.

2. Шариатда рухсат берилган икки ишдан бирини қилиш керак бўлса, албатта енгилини танлаш лозимлиги.

3. Ҳеч қачон, ҳеч кимдан ўзи учун интиқом олмаслик кераклиги.

4. Қачон Аллоҳ таоло ҳаром қилган иш амалга оширилса, Аллоҳ таолонинг ҳурмати оёғости қилинсагина, Аллоҳ азза ва жалла учун интиқом олиш кераклиги.


«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
27. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир кишининг ўз отаонасини сўкиши гуноҳи кабиралардандир,, дедилар..Қандай қилиб ўз давоми...

4354 10:30 / 05.12.2018
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхши уй етимга яхшилик қилинаётган уйдир. давоми...

2028 15:30 / 05.02.2020
Отаонанинг фарзанд олдидаги бурчи, отасиз қолган етим болага қилиниши лозим бўлган муомалалар баён қилиб бўлинганидан кейин, фарзанди вафот этган кишининг ўзини давоми...

4933 12:30 / 09.03.2020
. Атодан ривоят қилинади .Киши отасига имом бўлмайди. Агар отасидан фақиҳроқ бўлса ҳам,. Шарҳ Отабола бор. Ўғил олим, отанинг илми унчалик эмас. Шундай давоми...

1778 16:02 / 05 октябрь