1447 йил 29 шаъбон | 2026 йил 18 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Раҳм қиёмат куни уни боғлаш ёки кесишга гувоҳлик бериши

13:44 / 08.10.2025 1351 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَطَاءِ بْنِ زُهَيْرِ بْنِ الْأَصْبَغِ الْعَامِرِيِّ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: قُلْتُ لِعَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو: أَخْبِرْنِي عَنِ الرَّحِمِ؟ فَقَالَ: يَبْعَثُهَا اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لَهَا لِسَانٌ فَصِيحٌ لَا تُكَذِّبُ اللهَ شَيْئًا، وَلَا يُكَذِّبُهَا، فَإِذَا قاَلَتْ: رَبِّ هَذَا وَصَلَنِي. وَصَلَهُ اللهُ وَأَكْرَمَهُ. وَإِذَا قَالَتْ: رَبِّ، هَذَا قَطَعَنِي. قَطَعَهُ اللهُ وَلَا يَسْمَعُ لَهُ قَوْلًا. فَقُلْتُ: وَاللهِ مَا كُلَّ أَرْحَامِنَا نَسْتَطِيعُ أَنْ نَصِلَ؟ قَالَ: فَمَنْ قَصُرَ عِنْدَنَا تِلْكَ أَوْ قَالَ: مَعْرُوفُكَ فَلَا يَبْلُغُنِي مَا ذَاكَ.

Ато ибн Зуҳайр ибн Асбағ Омирий отасидан ривоят қилади:

«Абдуллоҳ ибн Амрга:

«Менга раҳмнинг хабарини бер», дедим.

«Аллоҳ қиёмат куни уни Аллоҳга бирор ёлғон айтмайдиган фасиҳ тил билан юборади. Аллоҳ уни ёлғончи қилмайди.

У: «Эй Роббим, мана бу менга силаи раҳм қилган» деса, Аллоҳ ўшанга сила ва икром қилади. Қачон у: «Эй Роббим, мана бу мендан алоқани кесган» деса, Аллоҳ ундан алоқани кесади ва гапини эшитмайди», деди.

«Аллоҳга қасамки, биз ҳамма қариндошларга ҳам силаи раҳм қила олмаймиз», дедим.

«Ким ҳузуримизда бунда (ёки маъруфда) нуқсонга йўл қўйса, у нималиги менга етмасин», деди».

Шарҳ: Бу ривоят ва унга ўхшаш бошқа ҳадиси шариф ва ривоятларда қариндошлик алоқаси раҳм сиймосида ифодали баён қилинмоқда. Қариндошлик алоқаси худди ҳаракатдаги тирик шахс сифатида тақдим қилинмоқда. У раҳм сифатида маълум бир қиёфада юради. Аллоҳ таолонинг ҳузурига боради. Унинг гапирадиган тили ҳам бор. Ўша тили билан Аллоҳ таолога гапиради. Гапирганда ҳам, фақат рост гапиради.

Қиёмат қоим бўлган. Аллоҳ таоло ҳамма махлуқотларини асл ҳолига қайтарган. Ҳамманинг ҳисоб-китоби бўлмоқда. Зарра мисқолидаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам ўлчанмоқда. Бандаларга ўзларининг қўллари, оёқлари ва бошқа аъзолари гувоҳлик бермоқда.

Аллоҳ таоло бандаларининг қариндошларга силаи раҳм бўйича нималар қилгани ҳақида гувоҳлик бериши учун раҳмни ҳам рост тил билан гапирадиган ҳолга келтирган. У гапирганда гапини ёлғонга чиқармайдиган бўлган. Мана, Аллоҳ таоло ҳузурида раҳм турибди ва гувоҳлик бермоқда. У бандаларни бирма-бир кўрсатиб, гапирмоқда.

«У: «Эй Роббим, мана бу менга силаи раҳм қилган» деса, Аллоҳ ўшанга сила ва икром қилади».

Демак, бу одам беш кунлик дунёда қариндошларига силаи раҳм қилгани учун абадийлик дунёсида мукофотини олади.

«Қачон у: «Эй Роббим, мана бу мендан алоқани кесган» деса, Аллоҳ ундан алоқани кесади ва гапини эшитмайди».

Демак, бу одам беш кунлик дунёда қариндошларига силаи раҳм қилмагани учун абадийлик дунёсида жазосини олади.

Илми ва тақвоси ила шуҳрат қозонган саҳобий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан бу гапларни эшитган ровий Омирийнинг отаси қўрқиб кетди ва:

«Аллоҳга қасамки, биз ҳамма қариндошларга ҳам силаи раҳм қила олмаймиз», деди.

Қариндошларга силаи раҳм қилиш борасида узр қабул бўлиши умидида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан енгиллаштирувчи фатво кутди. Аммо машҳур саҳобий борини айтди. Хаспўшлаб ўтирмади.

«Ким ҳузуримизда бунда ёки маъруфда нуқсонга йўл қўйса, у нималиги менга етмасин», деди».

Силаи раҳмда нуқсонга йўл қўйган одамнинг узрини эшитишга ҳам тоқатим йўқ, деди.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Олим зотлардан муҳим масалаларни сўраб ўрганиш кераклиги.

2. Аллоҳ таоло қиёмат куни раҳмни Аллоҳга бирор ёлғон айтмайдиган тил билан юбориши.

3. Аллоҳ таоло қиёмат куни раҳмнинг гапини ёлғонга чиқармаслиги.

4. Аллоҳ таоло қиёмат куни қариндошларига силаи раҳм қилган бандага сила ва икром қилиши.

5. Аллоҳ таоло қиёмат куни қариндошларига силаи раҳм қилмаган бандага сила ва икром қилмаслиги.

6. Қариндошларга силаи раҳм қилмаганларнинг узри қабул бўлмаслиги.

عَنِ الْحُسَيْنِ قَالَ: أَخْبَرَنَا عَبْدُ الْوَهَّابِ الْخَفَّافُ، عَنِ الْأَخْضَرِ بْنِ عَجْلَانَ، بِنَحْوِهِ.

Бу ерда ҳам юқоридаги ҳадис бошқа санад билан ривоят қилинган.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 2-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида чоп қилинган.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Яҳё ибн Убайдуллоҳ Маданийдан, у отасидан ривоят қилади.Мен Абу Ҳурайранинг худди шу гапларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганини давоми...

2016 14:35 / 17.05.2024
Ушбу бобда отаонанинг фарзанд олдидаги бурчлари, уларнинг фарзандларига нисбатан маданияти ҳақида сўз юритилади. Албатта, болага меҳрмуҳаббат кўрсатиш, унга давоми...

3310 21:30 / 12.05.2019
Саъийд ибн Абу Бурда отаси орқали бобосидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор,, дедилар..Топа олмасачи, давоми...

2857 11:00 / 30.10.2023
Насабларни ўрганиш, қариндошуруғларни аниқлаш, она тарафдан, ота тарафдан қариндошлик қаергача бориб етади, бирбирига қандай уланади ndash буларни пухта билиб олиш давоми...

2643 11:30 / 27.04.2019
Аудиолар

231514 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150027 14:35 / 11.08.2021