1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

АЗОН ЭШИТУВЧИГА МУСТАҲАБ НАРСАЛАР

05:00 / 04.01.2017 5106 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, азонни эшитсангиз муаззин айтаётган нарсани айтинглар», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Бухорий: «Сўнгра менга салавот айтинглар. Чунки, ким менга бир саловот айтса, албатта, Аллоҳ унга ўн саловот айтади. Кейин, менга васийлани сўранглар. Бас, у жаннатдаги бир манзила бўлиб, Аллоҳнинг бандаларидан фақат бир бандагагина лозим бўлур. Ўша банда мен бўлишимни орзу қиламан. Ким менга Васийлани сўраса, унга шафоат ҳалол бўлур»ни зиёда қилган.


Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Азонни эшитувичи муаззин қайси лафзни айтса, ўшани такрорлаб айтиб туриши лозимлиги.

2. Азондан кейин Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш лозимлиги. Қайси сийға билан бўлса ҳам, бўлаверади. Фақат У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом маъноси бўлса, бўлди.

3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир саловот айтса, Аллоҳ унга, албатта, ўн саловот айтиши. Аллоҳнинг бандага саловот айтиши, раҳмат юборишидир.

4. Азондан ва саловотдан кейин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга васийлани сўраш кераклиги. Уни қандоқ қилиб сўраш кейинги ривоятда келади.

5. «Васийла» жаннатдаги бир манзила-мақом эканлиги.

6. Аллоҳ томонидан «Васийла»ни фақат бир бандага берилиши.

7. «Васийла»га эришиши энг яқин зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлари.

8. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «Васийла»ни сўраса, У зотнинг шафоатларига мушарраф бўлиши.


Демак, азонни эшитганимизда муаззин нима деса, шуни қайтариб туришимиз лозим. «Ҳаяя алас-Салот» ва «Ҳаяя алал Фалаҳ»да нима айтилиши кейин баён қилинади.

Азон тамом бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоғимиз керак. Ҳамда Аллоҳ таолодан У зотга «Васийла»ни сўрашимиз лозим.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким азонни эшитгандан кейин «Аллоҳумма, Робба хазиҳид даъватит-Тааммати вас - салотил қоимати аати Муҳаммадан ал-васийлата вал фазийлата вабаъасҳу мақоман маҳмудан аллазии ваъдтаҳу» деса, қиёмат куни унга шафоатим ҳалол бўлур», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда келган дуонинг маъноси қуйидагича «Эй, бор Худоё! Эй, ушбу тугал даъватнинг ва қоим бўладиган намознинг Роббиси! Муҳаммадга Васийлани ва фазийлатни бергин. Ҳамда Уни Ўзинг Унга ваъда қилган мақоми Маҳмудда қайта тирилтиргин».

«Васийла» жаннатдаги олий мақом манзила эканлиги ҳадисда зикр қилинди.

«Мақоми Маҳмуд» мақталган мақом-эса, Аллоҳ таолонинг «Шоядки, Роббинг сени Мақоми Маҳмудда қайта тирилтирса», ояти ила Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваъда қилинган. Мақоми Маҳмуд-буюк шафоат мақомидир.

Демак, қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлайлик, десак, азондан кейин ушбу дуони ўқиб юришимиз керак бўлади.


Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким муаззинни эшитганда, «Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу, розийту биллаҳи Роббан ва би Муҳамадин Расулулан ва бил Исломи динан»-деса, унинг гуноҳи мағфират қилинур», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Муслим ва Абу Довуднинг ривоятида:

«Ким чин қалбдан муаззин айтган нарсани айтиб турса-ю, магар «Ҳаяя ала»ларда «Лаа ҳавла ва лаа қуввата» деса жаннатга киради», деганлар.

Шарҳ: Аввало ҳадиси шариф ровийси Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Саъд ибн Абу Ваққос ибн Уҳайб Зуҳрий ал-Қураший, кунялари Абу Исҳоқ.

Тўртинчи бўлиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қўлларида Исломга кирдилар, ана шу вақтда 17 ёшда эдилар. Исломда биринчи бўлиб камондан ўқ отган шахс шу киши бўладилар.

Жаннатга киришликка башорат берилган ўнта саҳобаларни бири ҳам, шу киши бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, рози бўлган олтита саҳобаларни бири ҳам, шу киши бўладилар.

Аллоҳ йўлида биринчи бўлиб, бир мушрикни қатл этиб, қонини оқизган, Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бундан бошқа ҳамма маъракаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирга иштирок этган, Исломдаги паҳлавон саҳобалардан эдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни оналари Омина бинти Ваҳб Зуҳриянинг қабиласидан бўлганликлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини тоғам деб атар эдилар.

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд розияллоҳу анҳунинг дуоларини қабул қилинишини сўраганларида, Аллоҳ дуоларини қабул қилган. Шунинг учун одамлар Саъд ибн Абу Ваққосни дуоларидан қўрқишар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосдан ташқари бирор кишига ота-онам фидо бўлсин деб айтмаганлар.

Бу зот Умар ибн Хаттобнинг халифалик дарларида Форслар билан бўладиган уруш учун тайёрланган, аскарлар устидан қўмондан бўлдилар. Ҳижратнинг 15 санасида Қодисияни, ҳижратнинг 16-йили Жалулони, ҳижратнинг 17-йили Куфани фатҳ этдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу кишини Ироқга волий қилиб тайинладилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ҳам шу амалда бўлдилар.

Қачонки ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилиб, фитна замони келгандан кейин, бу ишларни ҳаммасидан четланиб Мадинага қайтиб келдилар.

Ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 270 та ҳадис ривоят қилдилар.

Бу ҳадисларни Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Хавла бинти Ҳакимлардан ривоят қилдилар.

Бу зотдан Соиб ибн Язид, Мужоҳид, Алқама ибн Қайс, Жобир ибн Самура, қизлари Оиша, Омирнинг болалари, Мусъаб ибн Умайир, Иброҳим ибн Абдурраҳмон ибн Авф, Қайс ибн Аби Ҳозим ва бошқалар ривоят қилишди.

Бу киши ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Бу зот ҳаётларини охирида кўзлари кўр бўлиб қолди ва ҳижратнинг 55-санасида Мадинадан етти мил узоқликдаги «Ақиқ» деган жойда вафот этдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос, жаннатга киришиликка башорат берилган саҳобаларнинг, охирги вафот этгани эдилар.

Ушбу ривоятда қилинган дуонинг маъноси:

«Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовар зот йўқ. У ёлғиз ўзидир. Унинг шериги йўқ ва, албатта, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, деб гувоҳлик берурман. Аллоҳни Робб, Муҳамадни Расул ва Исломни дин, деб рози бўлдим».

Ким азондан кейин ушбу дуони ўқиса, гуноҳи мағфират қилиниши ваъда қилинмоқда.

Имом Муслим ва Абу Довудларнинг ривоятидан эса, муаззин нима деса, шуни қайтариб туриш, фақат икки «Ҳаяя ала»ларни айтганда «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи» дейиш таълим берилмоқда. Ким бу нарсаларни чин қалбдан айтса, жаннатга киши ваъда қилинмоқда.

Инсоф қилиб айтганда бу жуда ҳам осон ишлар. Савоб ишлаш, гуноҳни ювиш ва жаннатга кириш эҳтимолини ошириш учун ғаниймат нарсалар. Лекин, дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бу нарсаларга эътибор бермаймиз. Уларга амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз, ҳатто бу нарсаларни лозим даражада билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилишга ўтайлик.


Билол иқома айтишни бошлаб: «Қод қоматис Салот» деган эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ақомаҳаллоҳу ва адомаҳа», дедилар.

Иқоманинг бошқа (лафзлари)да азонга ўхшатдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳу иқома айтаётганларида азондаги каби лафзларни айтиб турганлар, фақат Билол розияллоҳу анҳу:

«Батаҳқиқ намоз қоим бўлди»ни айтганида, У зот:

«Аллоҳ уни қоим қилсин ва давомли қилсин», деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб биз ҳам шундоқ қилмоғимиз керак.


ИККИ АЗОН ОРАСИДАГИ ДУО МАҚБУЛ


Шарҳ: Икки азондан мурод азон ва иқомадир.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Азон ва иқома орасидаги дуо рад қилинмас», дедилар».

«Сунан» соҳиблари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу вақт, дуо тўсиқсиз қабул қилинадиган вақтлардан биридир. Чунки, бу вақт шарафли вақтдир. Шунинг учун ҳам азон билан иқоманинг орасида чин қалбдан, қабул бўлишига тўла ишониб, шартларини келтириб дуо қилиш керак.


Бир одам: «Эй, Аллоҳнинг Расули, муаззинлар биздан кўра фазийлатли бўлурлар», деди.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Улар нима десалар, сен ҳам айт. Қачонки, тамом қилсанг, сўра, сенга сўраганинг ато қилинур», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Фазийлатли амал қилувчиларга ҳавас қилиш ва улар эришган фазлга эришишга ҳаркат қилиш яхшилиги.

2. Билган кишилардан фазийлатга эришиш йўлини сўраш.

3. Муаззин азонда айтаётган лафзларни айтиб туриш.

4. Азондан кейин ҳожатини сўраб дуо қилиш.


Абу Шаъсоа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан масжидда бирга эдик. Бир одам муаззин Асрга азон айтганидан кейин чиқиб кетди. Бас, Абу Ҳурайра:

«Аммо, мана бу, батаҳқиқ, Абул Қосим соллаллоҳу алай ҳи васалламга осий бўлди», деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: «Абул Қосим» Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куняларидир. Ушбу ривоятда намозга азон айтилгандан кейин, намоз ўқимай кетиб қолиш қанчалик оғир гуноҳ эканлиги баён қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлиш жуда ҳам оғир иш.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда:

«Масжидда бўлсаларингиз-у, намозга азон айтилса, бирортангиз ҳам то, намозни ўқимагунча чиқмасин», деганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зафар Аҳмад алУсмонийнинг quotЭъло ассунанquot асаридан٦٦٩. quot quot. . 1 Абу Ҳозимдан, у Саҳл ибн Саъддан разийаллоҳу анҳу ривоят қилади, у Одамлар давоми...

7504 05:00 / 09.01.2017
Шарҳ .Саҳв, сўзи луғатда .унитиш, маъносидадир. Намозда маълум бир амалларни унитилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси қилиш ила тўғрилаб олиш имкони бор. давоми...

5984 05:00 / 04.01.2017
Қазойи ҳожат вақтида қиблага юзланиш ва орқа қилишнинг шаръий ҳукми борасида ҳам ислом уламоларининг ўзига яраша фиқҳий қарашлари бор. Табиийки, ҳар бир давоми...

5485 05:00 / 09.01.2017
.Аврат, инсоннинг уят жойи маъносини билдириб, уни тўсиб намоз ўқиш лозим. Бўлмаса намоз бўлмайди.Аллоҳ таоло .Эй Одам болалари ҳар бир масжид ҳузурида давоми...

6931 05:00 / 09.01.2017
Аудиолар

135074 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55351 14:35 / 11.08.2021