1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Уламолар зикрида

12:29 / 21.12.2022 1850 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яқинда юртимизга Шайх Ёсир Абдуссомад ташриф буюрганлари ҳақида эшитдик. Машҳур қори Абдулбосит Абдуссомад қорини танимаган мусулмон бўлмаса керак. Шундай зотнинг фарзанди аржуманди. Хурсанд бўлдим. Буюкларнинг ташрифи, албатта хурсанд қилади. Сал олдинроқ мазҳаб ҳимоячиси, усулул фиқҳ билимдони Иорданиялик шайх Салоҳ Абул Ҳож келган эдилар. Дунёга машҳур Ал-Азҳар университети бошлиғи, шайх Аҳмад Тоййиб ҳазратлари, шу яқин йилларда икки марта келиб кетдилар. Энг катта уламолардан Муҳаммад Тақий Усмоний, Муҳаммад Аввома каби буюклар нурафшон юртимизни янада нурлантириб кетдилар. Бу ташрифлар 2016-йилдан кейин бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Олдин ҳам бўлгандир, балки... Лекин, билмаганмиз. Аслида биз зиёрат қилишимиз лозим бўлган бу улуғлар, нега ўзлари келишади? Аввало, аҳли илмларнинг сафарлари илм ўрганиш ва ўргатиш бўлган саҳобаларнинг суннатидир, менимча. Кейин эса, бир замонлар илмнинг маркази бўлган Бухоро ва Самарқандни келиб кўриш. Бу диёрларимизнинг фиқҳ мактаблари, ҳозирги дунёдаги машҳур исломий университетларида пойдевор асос бўлган. Ҳаттоки,  дунё қонунчилиги ҳам Бухоро фақиҳларининг асарлари асосида бунёд этилган. Таълимнинг мадраса шакли ҳам Мовароуннаҳрда бошланган. Яна улар Имом Бухорий, Имом Термизий каби боболаримизни зиёрат қилгани келишади. Шунча жойдан Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг қабрини зиёрат қилгани келган Аҳмад Тоййиб ҳазратлари, қабр бошида анча вақт йиғлаб турганларини эшитиш, мени ҳам йиғлатган. Кимсан Азҳар шайхи, кимсан катта давлат раҳбари сўзини ўтказолмаган уламо! «... Бухорийни зиёрат қиламан деб, 20 йилдан бери орзу қиламан, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ бугун етказди, ниятимга...» деб йиғлаганлар. 

Ҳасанхон қори ака айтадилар: «Шу мусулмон ўлкалардан келадиган зиёратчилар Бухоро ва Самарқандда эҳтиёт бўлиб юришаркан. Бу заминда авлиёларнинг қабри шу қадар кўпки, билмасдан босиб қўймай» деб.

Алҳамдулиллаҳ, шу заминда бизни дунёга келтирди. Аммо, биз шунга муносибмизми?! Боболаримиз буюк бўлган деб, мақтанамиз, лекин ўша боболаримизнинг иши тугул, асл исмларини ҳам билмаймиз, афсус. 1992 йил юртимизда меҳмон бўлган шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ, Ревгарий бобомизнинг «Орифнома» номли китобларини топиб берган эканлар. Бизчи?!

Қачонлардир буюкларни берган бу юрт яна қайтадан буюкларни чиқариши мумкин. Фақат жамият ҳам бунга лойиқ бўлиши керак, атроф муҳит буюкларга муносиб бўлиши керак. Ҳусайн қори айтганларидек: «Яхши гул гулзорда унади, чўлдамас!» 

Юқорида саналган олимлар юртимизга келишганида, қанча одам билдию, яна қанча одам билмади. Бироқ афсуски, бир шоу-бизнес вакили келса борми, ёшу қари ҳамма билади ва кўпчилик боради ҳам. Энди буюк муҳаддислар,  мужтаҳиди мутлақлар яшаган асрларга қайтайлик. Имом Моликни Мадина волийси қамаб қўяди.

Бутун Мадина аҳли кўтарилиб, олимни озод қилишни талаб қилади. Хорун ар-Рашид билан Абдуллоҳ ибн Муборакнинг бир шаҳарга киришлари айни бир вақтга тўғри келади. Фақат шаҳарнинг икки тарафидаги дарвозадан. Шаҳар аҳолиси иккига бўлиниб, ярмиси подшоҳ Хорун ар-Рашиднинг истиқболига, қолган ярмиси олим Ибн Муборак зиёратига шошилади. Озгина вақт ўтиб, подшоҳ тарафга кетаётган халқнинг ҳам кўпчилиги бошқа дарвозадан Абдуллоҳ ибн Муборакнинг кираётганини эшитиб, қайтиб уламо тарафга ошиқади. Хорун ар-Рашид атрофида жуда кам одам қолади. Энди Хорун ар-Рашиднинг обрўсини кўрингу, халқнинг нимани қадрлашини кўринг. Шунча интернет ривожланган замонда ҳам, Хорун ар-Рашиднинг обрўсичалик обрўли, машҳур подшоҳ йўқ ҳозирда. 

Имом Бухорий Ҳижоз, Шом ўлкаларидан илм ўрганиб Бухорога қайтганларида, Масжиди Калонда, у кишини тинглаш учун 70000 (етмиш минг) мухлис тўпланади. Энди бир минг икки юз йил олдин Бухоро аҳолиси қанча бўлгану, 70 000 мухлис қаердан тўпланди, қойил қолса арзийди. Бизда кўпинча,  Бухорийни Бухоро амири ҳайдаб юборгани воқеасига урғу берилади. Аслида моҳият бошқача, бунга урғу берилишига ҳам сабаб бор...

Нега ҳозир Бухорийлар, Хоразмийлар, Ибн Синолар чиқмаяпти. Чунки, улардай зотларни қадрига етадиган қавм йўқ, улардай зотларни туғадиган, тарбиялайдиган оналар йўқ. Фикри, зикри дунёдаю, фарзандим олим бўлсин дейди. Шунисига ҳам шукур, чунки, жуда кўпчилиги фарзанди олим бўлишини хоҳламайди ҳам. 

Алҳамдулиллаҳ, давлат раҳбарининг ўзи олимларнинг қадри кўтарилишига ҳаракат қиляпти. Президентимиз ташаббуслари билан Тошкентда «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» номларида масжид бунёд этилди. Бугина эмас, бу мажмуа том маънода илм тарқатувчи маскан бўлишини таъкидладилар, юртбошимиз. Амалда ҳам кўряпмиз. Ҳазратнинг энг яқин шогирдларидан Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид бошқа масжидларда бўлмайдиган суҳбатларни дарсларни қилиб боряптилар, Аллоҳ манфаатли қилсин!

Аҳмад Тоййиб ҳазратлари келганларида, Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари совға қилиниши, Самарқандда у зотни шахсан Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимовнинг ўзи кутиб олиши ва у кишига Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси мақомини берилиши фикримизнинг яққол далилидир. Бунақа мисоллар кўп, асосийси давлат уламоларга эътибор беряпти.

Энди халқ ҳам буларни тушуниб, уламолар атрофида бирлашса, нур устига аъло нур бўларди. Кейин ростдан ҳам «Учинчи Ренессанс» ни кўрар эдик. Олимнинг айтганини қилган халқ, дунёда ҳам, охиратда ҳамютқазмайди!

Жаҳонгир Бобоев

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Мен Куфада Аъмашдан кўра Аллоҳнинг Китобига моҳирроқ, ҳадисни яхшироқ биладиган кишини кўрмадим,. Ҳушайм ибн Башир Тўлиқ исми, таваллуди Сулаймон ибн Меҳрон давоми...

1255 18:20 / 17.05.2023
Араблар имом Замахшарийни таърифлаб, Ушбу оқсоқ Замахшарий бўлмаганда, араб тилини тушунмай ўтиб кетар эдикrdquo дейдилар. Тўлиқ исми ва таваллудиМахмуд ибн Умар давоми...

2296 16:11 / 27.12.2022
.Илмни Аллоҳ азза ва жалланинг юзи учунгина ўрганадиган уч киши Ато, Товус ва Мужоҳид кабисини ҳеч кўрмадим, Салама ибн Куҳайл. Тўлиқ исми ва таваллуди Абу давоми...

1893 14:34 / 23.05.2023
Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилади.Танлов иштирокчиларидан қуйидаги мавзуларда мақола ҳамда араб, рус, инглиз, форс ва давоми...

1803 16:31 / 09.09.2021
Аудиолар

135282 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55538 14:35 / 11.08.2021