1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Ибн Нафис - тиббиёт юрагининг кашшофи

14:35 / 27.01.2023 2376 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Инсон танаси бўйлаб қоннинг айланиши, унинг юрак ва ўпка билан алоқаси ҳақида асрлар давомида дунё табиблари юнон олимларининг фикрларига суяниб келишган эди. Қон айланиш тизими ҳақидаги Галеннинг 1000 йиллик назариясини Ибн Нафис шубҳа остига олмагунича ҳеч ким бу қадимий фикрларнинг хато эканини ўйлаб кўрмаган.

Алломанинг тўлиқ исми Алоуддин Абул Ҳасан Али ибн Абу Ҳазм Қурайший Дамашқий бўлиб, уни одатда Ибн Нафис (мил. 1213-1288) деб аташган. У 1213 йилда Дамашқда туғилган бўлиб, тиббий маълумотни ўша ердаги “Нуриддин”  ёки “Нурий” номли шифохонада эгаллаган. 23 ёшида у Қоҳирага кўчиб ўтди ва у ерда дастлаб “Носирий”, кейин эса “Мансурий” шифохонасида бош шифокор бўлиб фаолият юритди.


Ибн Нафис тиббиёт фанларини мукаммал эгаллаганлиги, унинг серқирра асарлари ва шунингдек, диндор олим сифатида тасвирлангани кейинги мусулмон биографлари ва тарихчиларида, ҳаттоки имом Заҳабий сингари тақводорлар орасида ҳам ижобий таассурот қолдирди. Имом Заҳабий  Ибн Нафисни ўз даврининг энг буюк шифокори деб таърифланган, баъзилар ҳатто уни “иккинчи Ибн Сино” деб аташган .
[1]


Бироқ, унинг илмий қамров доираси фақат тиббиёт билан чекланмаган. Шунингдек, у фиқҳ, ҳадис, араб тили, фалсафа ва мантиқ каби бошқа бир қатор фанлардан ҳам хабардор бўлган. Бундан ташқари, у жуда тақводор одам эди.  Оғир касал бўлиб, жуда кўп оғриқларга дучор бўлганида, баъзи шифокорлар унинг оғриғини енгиллаштириши ва аҳволини яхшилаши мумкин дея унга шароб ичишни маслаҳат беришди. У: “Мен танамда шароб излари билан Роббимга йўлиқишни хоҳламайман”, деб қатъиян рад этди.
[2]


Ибн Нафис бор-йўғи  29 ёшида  ўзининг энг муҳим асари “Шарҳ Ташриҳул Қонун Ибн Сино” (“Ибн Сино қонунларидаги анатомияга шарҳ”)да юрак ва ўпка қон айланиш тизимини фанга олиб кирган. Ҳанузгача кўпчилик унинг энг таниқли асари деб билишади.
[3]  Мазкур асарда Ибн Нафис умум эътироф этилган табиб Ибн Сино ва юнон табиби Галеннинг фикрларини тўғрилаб, оламшумул кашфиётини тақдим қилган. Ибн Сино Ибн Нафисдан 200 йил олдин яшаган бўлса-да, ўша даврнинг энг таниқли олимларидан бири эди. Ибн Нафиснинг мулоҳазалари ҳам жуда машҳур эди, чунки у ўпка қон айланишини яхшилаб ўрганган ва таърифлаган. У юрак ва ўпканинг, нафас олиш тизимининг ҳаракатдаги ролини тушунтириб, қон ўпкада тозаланганлигини, ташқи атмосферадан нафас олаётган ҳаво билан алоқа қилиш орқали қайта ишланганлигини таъкидлади. У юракнинг тузилишини тушунтириб, Ибн Синонинг бу ҳақидаги фикрига эътирозини қуйидагича ифодалайди: «Ибн Синонинг юракда учта қоринча борлиги ҳақидаги фикри нотўғри. Юрак фақат иккита қоринчани ўз ичига олади ... ва улар орасида ўтиш жойи йўқ. Бундан ташқари, ёриб кўрилганда уларнинг айтгани хато экани билинади, чунки иккала бўшлиқ орасидаги девор бошқа жойларга қараганда анча қалинроқ. Қоннинг (ўнг бўшлиқдан) вазифаси ўпкага кўтарилиб, ўпкада мавжуд бўлган ҳаво билан аралашиб, сўнгра ўпка венаси орқали чап юрак бўшлиғига ўтишдир ... »


Ибн Нафиснинг қон айланишининг кичик доираси ишлаш механизми ҳақидаги изоҳи артериялар қонни юракнинг ўнг бўлимидан ўпкага олиб бориб, у ерда ҳаво билан аралашиб, чап камерага қайтиб келишига асосланган эди.


ХIII асрда Ибн Нафис даврида Гален (мил. 129-216) нинг физиология ҳақидаги назариялари тиббий фикрда минг йил давомида ҳукмронлик қилган.
Ибн Сино Гален асарларини кенг ўрганган ва маълум даражада улар устида ишлаган.[4] Ибн Нафис Ибн Сино фикрларига эътироз билдирибгина қолмай, юнон шифокорларидан бошланган урф-одатларни бузиб, тиббиётни янги босқичга олиб чиқди. У эски назарияларни танқид қилди ва янги кашфиётларни қайд этишга ўтди. Олимнинг энг муҳим кашфиёти шундаки, у  биринчи бўлиб  Галеннинг назариясига қарши бориб, юрак ва ўпка орасидаги қон оқимини тўғри тасвирлаб берди. Гален назариясига кўра, қон жигарда қабул қилинган овқатдан ҳосил бўлади ва юракнинг ўнг томонига оқиб ўтади. Унинг бир қисми ўпкага бориб, у ерда “суюқ буғлар” чиқаради, бир қисми эса кўринмас тешиклар орқали юракнинг чап томонига оқиб ўтади. Ибн Нафис Галеннинг фикрларини шубҳа остига олиб, юракнинг ўнг томонидан чап томонига кўринмас тешиклар йўқлигини ва қон ўпка орқали кислородга тўйиниб, юракнинг чап бўлмачасига қайтиб келишини айтган.


Фақат 300 йил
ўтгач, Европадаги олимлар худди шу фикрга, яъни қон тўғридан-тўғри ўнгдан чап қоринчага ўта олмагани сабабли  ўпка қон айланишидан ўтиши керак, деган хулосага келишди. Бу ҳақида биринчи бўлиб Майкл Сервет (мил. 1511-1553) ёзган эди.


Майкл Серветнинг “Christianismi Restitutio” (“Христианликнинг тикланиши”) номли рисоласи  католикларнинг  илоҳиёт қонунларига  кўра бид
ъат деб ҳисобланган. Чунки асрлар давомида тасдиқланган фикрга қарши фикрни илгари сурган ёки унга нисбатан шубҳали ва янгича ғояларни ўртага ташлаган ҳар қандай киши, хоҳ у олим, хоҳ оддий табиб бўлсин -  “бидъатчи” бўлиб, ўта қаттиқ жазоланар эди. Зеро, Гален таълимоти ортида бутун бошли насроний черкови турарди. Ўрта асрлар шароитида мавжуд қоидаларга қарши фикр билдириш кўпчилик илғор фикрли кишилар учун ҳаёт-мамот масаласига айланарди.[5] Натижада Сервет ўзининг тўғри фикрлари сабабли Женевада оловда ёқиб юборилган. Бугунги кунда китобнинг фақат уч нусхаси сақланиб қолган. Кейинчалик, худди шу фикрларни Реалдус Колумб, унинг шогирди Хуан Валверде (тахминан 1525-1587),  Андреас Весалиус ва Уилям Харви ҳам билдирган.[6]


Охирги қизиқарли савол шуки, китоби 1553 йилда ёзилган Майкл Сервет, кейинчалик Коломб, Валверде, Весалиус ва Харви Ибн Нафиснинг
ўпка қон айланиши бўйича 300 йил аввал нашр этилган ишларидан хабардор бўлганми? Бир тадқиқот икки баёнот ўртасида баъзи номувофиқликлар мавжудлигига қарамай, Ибн Нафис ва Серветнинг қоннинг ўпка орқали ўтиши ҳақидаги баёнотлари жуда ўхшаш ва бу эса Сервет аввалги ишдан хабардор бўлганлигини кўрсатиши мумкин.[7] Таъкидлаш керакки, ушбу муҳим кузатувлар Европада Андреа Алпаго 1547 йилда Ибн Нафиснинг баъзи асарларини лотин тилига таржима қилгунига қадар маълум бўлмаган. Кейинчалик, ушбу ҳодисани тушунтиришга бир неча бор уринишлар Мигел Сервет “Christianismi restitutio” (1553),  Реалдо Коломбо “De re Anatomica” (1559) асарларида кўзга ташланса-да, кашфиётга сазовор бўлган олим 1628 йилда Уилям Харви бўлиб қолди.  Асл кашфиётчи Ибн Нафиснинг “кичик” ёки ўпка қон айланиш тизимидаги хизматлари фақат 1957 йилга келиб тан олинган.[8]


Ибн Нафиснинг яна бир
муҳим кашфиёти шундаки, у ўпка артерияси ва ўпка венаси ўртасида кичик алоқалар бўлиши кераклигини таъкидлайди. Ибн Нафис шундай ёзади: “Ва худди шу сабабга кўра иккала қон томирлари, яъни ўпка артерияси ва ўпка венаси ўртасида сезиладиган йўллар (тешиклар) мавжуд”.[9] Бу фикрлар ўпка капиллярларининг мавжудлиги ҳақидаги башорат бўлиб, кашфиёт фақатгина 400 йилдан кейин Марселло Малпиги (мил. 1628-1694) томонидан янгилик сифатида фанга киритилган.[10]


Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Ибн Нафиснинг бошқалардан ажралиб турадиган энг катта хусусияти бу унинг Гален ва Ибн Сино сингари
ўша даврнинг тиббиёт алломаларига қарши фикр билдиришда жасоратли бўлганидир. Шундай қилиб, Ибн Нафис тиббиётга сезиларли ҳисса қўшган ва юнон-рим анъаналари доирасидан ташқарига чиқишга  уриниб кўрган ўрта асрларнинг кам сонли табибларидан бири эди.[11]

Мунаввар Рустам қизи

 


[1] Freely, John (2015). Light from the East: How the Science of Medieval Islam Helped to Shape the Western World. I.B.Tauris.

[2] Adil Salahi, Arab News Staff, Scholar Of Renown: Ibn Al-Nafees

https://www.arabnews.com/node/230977

[3] Freely, John (2015). Light from the East: How the Science of Medieval Islam Helped to Shape the Western World. I.B.Tauris.

[4] Aloud A. Ibn al-Nafis and the discovery of the pulmonary circulation. The Southwest Respiratory and Critical Care Chronicles 2017;5:(17);71-73.

[5] М.Қосимов, Уилям Гарвей - Катта ва кичик қон айланиш доираси. www.orbita.uz

[6] John B. West, Ibn al-Nafis, the pulmonary circulation, and the Islamic Golden Age, 2008.

[7] Temkin O. Was Servetus influenced by Ibn an-Nafis? Bull Hist Med 8: 731–734, 1940.

[8] "1001 ixtiro yoki musulmonlarning zamonaviy sivilizatsiyaga qo'shgan hissasi"

[9] John B. West, Ibn al-Nafis, the pulmonary circulation, and the Islamic Golden Age, 2008.

[10] John B. West, Ibn al-Nafis, the pulmonary circulation, and the Islamic Golden Age, 2008.

[11] Freely, John (2015). Light from the East: How the Science of Medieval Islam Helped to Shape the Western World. I.B.Tauris.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган.3чорак mdash шофеъий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

2184 09:30 / 16.03.2022
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган.2чорак mdash моликий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

1437 12:30 / 12.01.2022
.Мен Куфада Аъмашдан кўра Аллоҳнинг Китобига моҳирроқ, ҳадисни яхшироқ биладиган кишини кўрмадим,. Ҳушайм ибн Башир Тўлиқ исми, таваллуди Сулаймон ибн Меҳрон давоми...

1255 18:20 / 17.05.2023
.Тиловат аҳкомларини истасак Хусарий, овоз оҳанглари ҳаловатини истасак Абдулбосит Абдуссамад, хушуъни хоҳласак Миншавий, ёқимлилик билан бирга узун нафасдаги давоми...

2068 17:33 / 20.02.2023
Аудиолар

135322 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55572 14:35 / 11.08.2021