1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Муфтий ҳазрат: Қайнона-келин аҳил бўлса, оила мустаҳкам бўлади

12:24 / 13.12.2022 1977 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қайнона келин олаётганда ўзи бир пайтлар қайнонасидан зулм кўрган бўлса, бунинг қасдини келиндан олиши ёки уйига келин эмас, хизматкор келаётгандек хаёл қилиши, келин чўридек бўлиши, ҳамма ишни қилиши керак деган ниятларни хаёлидан чиқариб ташлаши керак», – дейди муфтий Нуриддин домла Холиқназаров.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров охирги вақтларда оиладаги ажримларнинг 50 фоизидан кўпига қайнона-келин муносабатлари сабаб бўлаётгани ва бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкинлиги бўйича мусулмон оилаларга мурожаат қилди.
«Аввало қайнона ва келин кимлигини билиб олиш керак»
— Агар оила ислоҳли, тинч-тотув, саодатли бўлса, уларнинг бирлашиши натижасида катта бир саодатли, бахтли, ислоҳли жамият барпо бўлади. Шунинг учун оилага катта эътибор қаратилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларнинг ҳаммаларингиз роийсизлар. Яъни, бошқарувчисизлар ва мана шу бошқарув учун сўраласизлар», деган ҳадислари бор.
Оила раҳбари эркак киши, ота у ўзи учун жавоб беради. Она боланинг тарбиячиси ва у ҳам ўзи учун жавоб беради. Яъни ҳаммамиз бир кун Аллоҳнинг ҳузурида мана шу роийлигимиз учун жавоб берамиз.
Кейинги пайтларда олдин ҳеч эшитмаган, рўй бермаган воқеалардан хабардор бўляпмиз. Оиладаги муаммолар охирги пайтларда келин ва қайнона ўртасида бўлаётгани ҳаммамизни ташвишга соляпти. Қайнона ким, келин ким? Аслида шу саволга жавоб топиш керак. Қайнона бу келиннинг жуфти ҳалоли бўлган эрининг онаси. Яъни, келиннинг ҳам онаси. Чунки никоҳ боғланиши билан, қайнона ва қайнота келин учун гўёки ота-она ўрнига ўтади. Келин эса қайнона учун эҳтиёт қилиб, парвариш қилиб, кўзининг қорачиғидек асраб-авайлаган фарзандининг жуфти ҳалоли, уйига бахт-саодат олиб келган набираларининг онаси ҳисобланади. Ҳар иккиси ҳам бир-бирига ислом одобида, қадимдан келган урф-одатларимизга риоя қилиб муомала қилганида эди, қайнона келин муаммолари чиқмаган бўлар эди.
“Ажримларнинг ярмига қайнона ва келин муносабатлари сабаб бўляпти”
— Аввалги даврларга қарасак, қайноналар келинларига онадек, келинлар қайноналари учун худди ўзининг онасидек меҳр кўрсатган. Аслида ислом тарбияси ҳам мана шу. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Катталарни ҳурмат қилмаган ва кичикларимизга раҳм қилмаган инсон биздан эмасдир, яъни бизнинг уммат сафидан эмасдир”, дедилар. Мана шу ҳадиснинг ўзиёқ қайнона ва келин муносабатини ислоҳ қилиши, қайнона келинига раҳм қилиши унга меҳр кўрсатиши кераклигини билдиради.
Бизда кейинги пайтларда келин олишда қайнона томонидан нуқсонлар чиқяпти. Ҳар чоршанба куни оилаларни қабул қиламиз. Чунки шу кунни фуқароларни қабул қиладиган кун деб эълон қилганмиз. Бизга оилавий можаролар билан жуда кўп аризалар жўнатишган. Уларнинг можаросини ўрганганимизда, ажримларнинг деярли 50 фоиздан кўпига қайнона ва келин муносабатлари сабаб бўляпти. Яъни, қайнона ва келиннинг ихтилофи орқали оила бузиляпти.
Ниятни яхши қилиш кераклиги ҳақида
— Бу масалага ечим топиш учун кайвони аёллар, отинойилар билан гаплашяпмиз. Олим уламоларимиз, оилани яхши биладиган тажрибали инсонлар билан суҳбатлашганимизда, ажримларга кейинги пайтда қайнона ва келин муносабатида кескинлик бўлгани ва ҳар иккиси ҳам оилада ўз ўрнини билмагани сабаб бўлаётганини айтишяпти. Қайнона келин олаётганда ниятини яхшилаш керак экан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадислари бор. “Ҳамма амаллар, қилинадиган ишлар ниятга қараб”, деганлар. Мана шу ҳадис ўзи қисқа бўлса ҳам жуда катта маънога эга. Нима иш қиладиган бўлсак, ниятни тўғрилашдан бошлашимиз керак. Жумладан, қайнона келин олаётганда ўзи бир пайтлар қайнонасидан зулм кўрган бўлса, бунинг қасдини келиндан олиши ёки уйига келин эмас, хизматкор келаётгандек хаёл қилиши, келин чўридек бўлиши, ҳамма ишни қилиши керак деган ниятларни хаёлидан чиқариб ташлаш керак. Балки ниятни бошқача қилиб, уйимга фарзандим учун жуфти ҳалол оляпман, уйимга барака киряпти, келин эмас, қиз оляпман, шу қиз билан уйимга барака киради деган ниятда Аллоҳдан сўраб, меҳр кўрсатиб туриши керак. Худди муштипар она ўз фарзандига қандай раҳмдил бўлса, келинга ҳам шундай раҳмдил бўлиши керак. Чунки янги муҳитга келган келин ҳали бу оилага мослашгунча, бу оила урф-одатини ўргангунча анча вақт талаб қилади.
Келинидан ҳамма нарсани билишини хоҳлаётган қайнона бир пайтлар ўзи ҳам келин бўлганини, ўзи ҳам хато қилганини, ўзи ҳам баъзи ишларни кўнгилдагидек қилолмаган пайтларини эслаши керак.
Бировнинг қизини омонат ўрнида қабул қилиш
— Қайнона бировнинг кўз қорачиғидек асраган қизини уйига олиб келар экан, буни омонат ўлароқ қабул қилиши керак. Мўмин кишининг энг яхши хислатларидан бири омонатга хиёнат қилмайди, ваъдага вафо қилади. Ахир келиннинг уйига совчи бўлиб борганда қанча ваъдалар берилади. У ваъдалар қаерга кетди?
Таққослаш учун бир ҳикояни айтиб бераман.
Бир аёлдан иккинчи бир аёл “Келин олдингиз, келингиз яхши эканми?” деб сўраяпти.
Нариги аёл эса “Боламнинг шўри экан, келиним эрта азонда туролмайди, кеч туради, болам бечора баъзан чойини ўзи ичиб кетганини кўраман, кийимларига ҳам қаролмай қолади. Кирларини ҳам вақтида ювмайди. Мана шунақа ҳолатларни кўриб ачиняпман. Ўғлим шунақа ўтиб кетадими, вақтида буни алмаштириб бошқа келин олсаммикан деган ўй ҳам келди”, деб жавоб берди.
Нариги қўшни аёл иккинчи саволни берди: «Қизингизни ҳам узатгандингиз, қизингизнинг аҳволи қандай?»
– “Аллоҳга шукур қизимнинг пешонаси ярқираган, қизимга шундай эр ато қилганки, қизим эрталаб вақтли турмоқчи бўлса, эри турманг, дам олинг деркан, ҳатто уй юмушларини ўзи қилиб кетаркан. Эрталаб чойини ўзи ичиб, қизимни безовта қилмасдан кетаркан, кўрдингизни тарбиянинг оқибатида бу», деди қайнона.
Мана иккиси ҳам бир воқеа, лекин қайнона нега келинига шундай назар билан қарамаяпти. Нега энди қизида бўлган шу хатоликни куёвнинг қизига муҳаббати деб қабул қиляпти? Ўғлини эса гўёки мазлум қилиб кўрсатяпти.
«Қайноналар келинлари айбини шу қадар ошкор қилиб очиб юборадики...»
— Аслида мўмин банда бир-бирининг айбини яшириши керак. Чунки қайси бир мўмин бир банданинг гуноҳини беркитса, қиёматда у бандани ҳам Аллоҳ таоло бошқалар олдида шарманда қилмай, гуноҳларини беркитар экан. Баъзан эса қайноналар келинлари айбини шу қадар ошкор қилиб очиб юборадики, гўёки эшитган одам уни тузатиб қўядигандек. Аслида бу ўз уйидаги сир-асрорни кўчага ёйиш, фарзандининг жуфти ҳалолини шарманда қилишдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун унинг айбини беркитиб, яхшилигини ошириб, мана шундай муомала қилишлари керак эди. Қадимда қайноналар келинлари учун жуда кўп меҳрибончилик кўрсатган ва келинлари ҳам садоқатида қолган. Маҳаллаларда бир пайтлар эри урушга кетиб, эридан қорахат келган, лекин қайнонасининг уйида умрининг охиригача худди қиз каби яшаб ўтганлар бор. Халқимиз ўзи шундай бўлган, китобларимизни ўқийдиган бўлсак, қайноналар золим қилиб кўрсатилмаган. Асли қайнона ўта меҳрибон бўлган.
Кейинги пайтларда муҳитлар деймизми ёки қайноналар ёш пайтида қайнона бўляптими, келинлар билан муносабатда тажриба етишмаслигини гувоҳи бўляпмиз. Албатта бу ерда келинга нисбатан зулм қилмаслик керак. Катта-катта онахонлар келинига зулм қилаётганлар, жазосини яхши кўрган қизидан тортишини айтадилар. Бу одамларни сергак торттириш учун айтилган мақол. Яъни келин ҳам сизнинг қизингиз, у сизга кўзингизга қувонч бўлган набирани олиб келяпти. Болангиз туғилган кунидан то улғайгунча болангиз бахтли бўлишини истаб, ҳаммадан дуо олиб юрган бўлсангиз, қандай қилиб болангизнинг бахтига зомин бўласиз. Куёвболалар баъзида 2 ўтнинг орасида қолаётганини айтяпти. Онаси уларга ё аёли, ё онасини танлаш шартини қўйяпти. Бу жуда қийин танлов. Йигитларимизнинг ғурури бор, аёлини яхши кўрса-да, фарзандларига меҳр кўрсатса-да, халқимизда онани норози қилиш қанчалик гуноҳлиги ҳақидаги таълим борлиги учун бечора куёвлар онасини танлаяпти. Она бундай шартни қўйиши ўзи гуноҳ. Чунки оилани бузишдан каттароқ гуноҳ йўқ.
Манба: kun.uz

Муаллиф
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иситма ва барча оғриқлар учун, .Бисмиллаҳил кабири, аъузу биллаҳил азийми, мин шарри кулли ирқин наъарин ва мин шарри ҳаррин давоми...

19446 18:05 / 10.11.2019
Ало ибн Зиёд айтади .Бир киши нима иш қилса, доим риё билан қилар эди. Кийимларининг енгини шимариб, кеккайиб юрар, Қуръон ўқиса, овозини баланд қилиб хўжакўрсинга давоми...

2249 07:10 / 15.05.2019
Бугунги мусулмонлар дин ҳақиқатларини чуқур тушунмаганлари сабабли душманларига қарши Аллоҳдан мўъжиза кутиб яшашади. Душманларининг эса кучқуввати зиёда давоми...

2029 19:30 / 29.05.2021
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга таом келтиришган эди, кўзига ёш олиб, .Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу шаҳид бўлди. У мендан яхшироқ эди, бироқ кафанликка давоми...

2190 09:00 / 15.06.2019