1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳар бир миллатнинг юксалиши адолатга боғлиқдир

11:45 / 30.08.2019 1635 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”, – деб марҳамат қилган. (Зуҳо сураси, 11-оят).

Ушбу оятнинг ҳукмига биноан ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган хайрли ишлар, эришилган ютуқларимизни яна бир карра эслаб ўтмоғимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, эришилган неъматларни зикр қилиш ҳам шукрона неъмат ҳисобланади.

Маълумки, юртимизда ҳар соҳада янгиликлар, халқ фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шахсан муҳтарам Президентимизнинг ўзлари ҳар соҳанинг ичига бевосита кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўл-йўриқларини ҳам оқилона тарзда кўрсатиб бермоқдалар. Жумладан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар қаторида кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган кишиларни ҳам алоҳида имтиёз асосида уй-жойлар билан таъминлаб берилаётгани таҳсинга сазовордир.

Юртимизда таълим соҳасига, хусусан, ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, ойлик маошларини оширилишига, уларга уй-жой олиш имкониятларини яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз-ўзидан бу келажагимиз ворислари бўлмиш ёшларимизнинг таълим-тарбиясини юқори даражага олиб чиқишга асос бўлади. Зеро, ҳар бир ўзини ҳурмат қилган халқ бугунги кунини ўйлаши билан бирга, келажаги ҳақида ҳам қайғуради. Агар биздан фарзандларимизга обод юрт мерос қолишини истасак, ёшларимизга, уларнинг тарбиясига бепарво бўлмаслигимиз керак.

Охирги йиллар давомида диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Кейинги икки йилда муборак Ҳаж сафарига борувчилар сони икки мингтага оширилгани ва йил давомида Умра зиёратига бориш имконияти мавжуд бўлгани мўмин-мусулмонларимиз қалбида мамнуният пайдо қилди. Аллоҳ таолонинг байтини Ҳаж қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси саналади. Жорий йилда нархлар арзонлаштирилди ва хизмат сифати янада яхшиланди.

Адолат ўрнатиш, авф қилиш – динимизнинг асосий ғояларидандир. Адолатпарварлик ва кечиримлилик – жамият фаровонлиги ҳамда юрт ободлиги учун муҳим омил ҳисобланади.

Турли хил сабаблар билан уруш бўлаётган минтақаларга кетиб қолган ва тутқунликда бўлган бир қанча ватандошларимиз юртимизга қайтариб олиб келинди.

Шариатимизда бағрикенглик ва афв этишга кўп даъват қилинган. Чунки, афв қилиш – Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларидан биридир. Парвардигоримиз ояти каримада:

“...Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир”, – деган (Тағобун сураси, 14-оят).

Алдов оқибатида ўзга юртларга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу ватандошларимизга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилди, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Шунингдек, ўтган Муборак Рамазон ҳайити байрами арафасида 600 га яқин маҳбусни афв этилиши тўғрисида Президент Фармони эълон қилинди. Унга кўра бир қанча маҳбуслар жазодан бутунлай озод этилди, бир қисмининг эса жазо муддати қисқартирилди. Фармон ижросини таъминлаш мақсадида афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш юзасидан масъул вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларга тегишли топшириқлар берилди.

Бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек: “Ҳар бир миллатнинг тараққий этиши, юксалиши, давлат ва ҳукуматларнинг бардавом бўлиши адолатга боғлиқдир”. Ушбу фикрнинг исботи кўз ўнгимизда намоён бўлиб турибди – мамлакатимиз кундан-кун чирой очиб, юртдошларимизнинг ижтимоий аҳволи яхшиланиб, энг муҳими – халқимизда давлатга бўлган ишонч туйғуси мустаҳкамланиб бормоқда.

Албатта, бу эришилаётган ютуқлар ва амалга оширилаётган хайрли ишларнинг замирида юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

“Қайси бирингиз оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик ризқи бор ҳолда тонг оттирса, гўёки бутун дунёни қўлга киритибди”.

(Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган).

Бу неъматларнинг давомли ва зиёда бўлиши эса шукронага боғлиқдир. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Ким Аллоҳнинг неъматини қалбан ҳис қилиб, тилида эътироф этса, эътирофи охирига етмасдан неъматнинг зиёдалигини кўради”.

Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир! Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам ўзлари туғилиб ўсган шаҳар Маккаи мукаррама ҳақида шундай деганлар:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Менга қандай ҳам севимлисан! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, сендан бошқа жойда яшамаган бўлардим!” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш – инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир! Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайриҳоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали ишларга ҳаракат қилишлари керак. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

 “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Мана шу севимли Ватанда яшаётган ҳар бир мўмин-мусулмон, авваламбор – ўзи, аҳли-аёли, яқинлари ва жамиятга фойдали бир инсон бўлишга ҳаракат қилиши керак. Бунинг учун ўзига юклатилган вазифани чиройли адо қилиши даркор. Биз бир пайтнинг ўзида ҳам фарзанд, ҳам ота, ҳам фуқаро, ҳам турли идора ва ташкилотларда ходиммиз. Мана шу мажбуриятларимизни масъулият билан бажариб, ўзаро бир-биримизни қўллаб-қуватлаб, атрофимиздагиларга имкон қадар ёрдам беришимиз керак. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Одамларнинг Аллоҳга энг севимлиси – бошқаларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир” (Имом Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло биз, бандаларини, Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд этган экан, ўз навбатида ана шу неъматларининг қадрига етиб, шукрини адо этиб боришимизга буюради. Аллоҳ таолонинг неъматларини катта-кичик демай, шукрини бажо келтиришимиз – зиммамиздаги бурчдир. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг шариатига амал қилиб, Ўзи буюрганидек имон-эътиқодда ва тақвода ҳаёт кечириб борсак, Аллоҳ таоло икки дунёда ҳам мукофотларни ваъда қилган.

Islom.uz портали 

Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр Абдуллоҳ Божий роҳматуллоҳу алайҳ айтади .Бешта хислат билан амаллар мукаммал бўлади Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтириш ҳақиқатни таниш Аллоҳ учун давоми...

2416 08:00 / 01.10.2020
Дунёнинг мазаммати ҳақидаги матнларга алоҳида эътибор бермоқ керак. Бу ерда катта илоҳий ҳикмат бор. Дунёни ва ундаги барча нарсани, жумладан, инсонни ҳам яратган давоми...

2087 19:30 / 26.06.2019
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Дуо ибодатнинг миясидир,, дедилар,.Шарҳ Бундан .Дуосиз ибодат миясиз ибодат бўлади,, давоми...

2702 08:45 / 14.02.2019
Телевизорни ёқсангиз .Касаллар сони ортиб кетяпти, ҳаммаёққа тарқалиб кетяпти...,Интернетни очасиз .Ҳамма ўзининг ташвиши, аҳволи, шароитидан барчани олдида давоми...

2523 15:30 / 22.02.2021