1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар

16:27 / 01.02.2018 10412 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар. Эрларидан, ё оталаридан, ё эрларининг оталаридан, ё ўғилларидан, ё эрларининг ўғилларидан, ё ака-укаларидан, ё ака-укаларининг ўғилларидан, ё опа-сингилларининг ўғилларидан, ё аёлларидан, ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан, ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилардан, ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан бошқаларга зийнатларини кўрсатмасинлар. Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангизлар».

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмина аёлларга кийим кийиш ва авратларини беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини баён қилиб беришни буюрмоқда.

«Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар...»

Мусулмон эркаклар каби, муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ушбу оятдан тушунилади. Агар бехосдан назарлари тушса, кўзларини бошқа томонга буришлари керак. Чунки аёлларнинг эркакларга давомли назар солишлари ҳам ўртада фитна, ҳаром ишлар, зино келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, аёл киши бошқа аёлнинг авратига назар солиши ҳам ман этилади. Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир.

Уламоларимиз Қуръони Карим оятларини ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўрганиб чиқиб, аёлларнинг эркакларга назар солишида енгил йўл тутилганини таъкидлашган.

Аёлларнинг бир жойда ўтириб олиб, номаҳрам эркакка ноўрин қарашлари ҳаром. Аммо кўча-кўйдаги ёки ҳаром бўлмаган ўйинлар ўйнаётган эркакларга узоқдан қарасалар, майли.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни хабашийларнинг масжиддаги ўйинларига қараб турганларида Оиша онамиз ҳам у зотнинг орқаларидан туриб, томоша қилганлар. Ул зот Оиша онамизни улардан тўсиб турганлар. Оиша онамиз ўзларига малол келгандагина қайтиб кетганлар.

Шу билан бирга, ўша пайтда аёлларнинг масжид, бозор ва бошқа жойларга боришларига рухсат берилган. Сафарларга чиққанлар. Табиийки, бу ҳолатларда эркакларни кўрадилар.

«...фаржларини сақласинлар...»

Бу ибора эркаклардаги каби, аёлларда ҳам икки маънони ифода этади: аёллар фаржларини ҳаром иш, зинодан сақласинлар ҳамда бировнинг назари тушишидан сақласинлар.

Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Маълумки, муслима аёлга баданини номаҳрам эркаклардан тўсиб юриш Аллоҳ томонидан буюрилгандир. Мўмина-муслима аёл ўз шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитмоғи керак. Бунинг учун эса юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган ва тор бўлмаслиги ҳам зарур. Умуман, аёлларнинг либоси номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак.

Имом Абу Довуд Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда опалари Асмо бинти Абу Бакр у зотнинг олдиларига юпқа кийим билан кирганларида, у ерда ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олганлар ва: «Эй Асмо, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», – деб, икки кафтлари ва юзларига ишора қилганлари айтилган.

Ибн Жарир Тобарий ўз тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадилар:

«Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгириб олдилар. Мен:

– Эй Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз, – дедим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Аёл киши балоғатга етганидан кейин, ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас, – деб, ўз билакларини тутумлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутумча жой қолди».

Ҳанафий мазҳаби уламолари аёл кишига юз ва кафтларини очиб юришга изн берар эканлар, юз ва қўлни зийнатламасдан, табиий ҳолда тутишни шарт қилиб қўядилар.

«...ва зийнатларини кўрсатмасинлар...»

«Зийнат» деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади.

Исломда аёл кишига зеб-зийнат ҳалол қилинган. Чунки чиройли бўлишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Аллоҳ уларни шундай қилиб яратган. Ҳар бир аёл чиройли кўрингиси келади. Замон ўтиши билан зийнат ўзгариши мумкин, аммо аёл кишининг зийнатга бўлган рағбати ўзгармайди. Ислом аёл кишидаги ушбу рағбатни эътиборга олади. Аёл кишига зийнатланишга рухсат беради. Шу маънода эркакларга ҳаром қилинган тилла, кумуш ва шойи-ипаклар аёллар учун ҳалолдир. Лекин Исломда ушбу зебу зийнатнинг таъсир доираси тартибга солинган. Аёлларнинг зеб-зийнатлари номаҳрам – бегона эркакларнинг кўзини ўйнатишга, шаҳвоний ҳисларини қўзғашга, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак. Бунинг учун аёл киши ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитмоғи лозим.

«...зоҳир бўлгани мустасно».

Яъни беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. Мисол учун, беихтиёр шамол турибми ёки бошқа сабабданми, зийнати зоҳир бўлиб, кўриниб қолса, гуноҳ ҳисобланмайди.

«Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар».

Яъни бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўкслари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин.

Ушбу амру фармонларни ҳақиқий мўмина аёллар улкан итоат билан кутиб олганлар. Чунки уларнинг қалблари илоҳий нур ила мунаввар эди. Уларнинг нафслари зийнатларини кўз-кўз қилишни истаса ҳам, ўзлари Аллоҳнинг фармонига сўзсиз бўйсунганлар. Жоҳилият даврида аёллар иффат ва шарм-ҳаё билан кийинишни билмас эдилар. Чиройларини кўз-кўз қилишда мусобақалашар эдилар. Соч ўримларини, бўйинларини, томоқларини, қулоқларидаги тақинчоқларини, ҳатто кўксларини очиб юрар эдилар. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин мўмина аёллар тамоман бошқа ҳолатга кирдилар. Буни Оиша онамиз ҳам ўзларидан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда жуда яхши англатиб қўйганлар.

Имом Бухорий қилган ривоятда Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Биринчи муҳожир аёлларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Аллоҳ «Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар» оятини нозил қилиши билан, дарҳол жилбоб – тўнларини йиртиб, рўмол қилиб ўрадилар».

Имом Абу Довуд қилган ривоятда эса Софийя бинти Шайбар розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар: «Биз Оишанинг олдида ўтириб, Қурайш аёллари ва уларнинг фазилатларини зикр қилдик. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Албатта, Қурайш аёлларининг фазли бор. Аммо мен, Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг Китобини тақсимлашда ва нозил бўлган нарсага иймон келтириш борасида ансорий аёллардан афзалини кўрмадим. Сураи «Нур»даги «Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар» ояти нозил бўлганда, эрлари улар учун Аллоҳ нозил этган нарсани тиловат қилиб бердилар. Эркаклар ўз хотини, қизи, синглиси ва ҳар бир аёл қариндошига тиловат қилдилар. Бирорта ҳам аёл қолмай, ҳаммаси дарҳол тўнини олиб, бошига ёпди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан (намозда) худди бошларида қарға тургандек (қора ёпинчиқ билан) турар эдилар».

Шундай қилиб, Исломда гўзалликдан завқланиш ҳалол ва тўғри йўлга қўйилди. Аёлларнинг чиройи ва зебу зийнатлари бегона эркакларнинг ҳирсларини қўзғовчи эмас, балки ўзларининг жуфти ҳалолларига ҳалол завқ берадиган бўлди.

Шунингдек, аёлларга шаҳват билан қарамайдиган эркаклардан беркиниш шарт эмаслиги ҳам айтиб қўйилди.

Мўмина аёллар қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини кўрсатиб юриши мутлақо мумкин эмас.

Қуйида аёллар эркаклардан қайси тоифаларидан бошқаларга зийнатларини кўрсатишлари мумкин эмаслиги зикр этилади.

1. «Эрларидан,..»

Муслима аёлнинг зийнатларини кўришга энг ҳақли одам унинг эридир. Шунингдек, эр аёл танасининг ҳамма жойини кўришга ҳақлидир.

2. «…ё оталаридан,..»

Мўмина-муслима аёлга унинг отаси энг бош маҳрам бўлади. Шунинг учун унга зийнатини кўрсатиши ҳалол. Ота ва ундан кейин зикр қилинадиган маҳрамлари учун аёлнинг никоҳи ҳаромдир, улар унга уйланишни, умуман, шаҳват билан қарашни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Шунинг учун мўмина аёл ушбу маҳрамларга зийнатини кўрсатса бўлади. Юзини, қўлини, оёғини ва уй ичида очиб юришга мажбур бўладиган баъзи аъзоларини, жумладан, хамир қилаётганда билагини, уй супураётганда болдирини кўрсатсалар, гуноҳи йўқ. Эҳтиёж юзасидан рухсат берилган.

«Оталари» дейилганда катта ота, бобо ва боболарининг оталари ҳам кўзда тутилади.

3. «...ё эрларининг оталаридан,..»

Яъни қайноталаридан… Бунга қайнотанинг оталари ва катта қайноталарнинг оталари ҳам киради. Улар ҳам ота ўрнидадир. Улар ҳам келинларига маҳрам, ўртадаги муносабатда уйланиш ёки шаҳват назари деган нарсалар бўлиши мумкин эмас.

4. «...ё ўғилларидан,..»

Бунга аёлнинг ўз ўғиллари, ўғилларидан ва қизларидан бўлган ўғил набира, эвара ва чеваралар киради. Буларнинг ҳаммаси ҳам аёл киши учун маҳрам, улар орасида оила қуриш ёки шаҳват билан қараш умуман мумкин бўлмаган иш, шунинг учун ҳам муслима аёлга уларга зийнатларини кўрсатишга рухсат берилган.

5. «...ё эрларининг ўғилларидан,..»

Яъни эрларининг бошқа хотинидан бўлган ўғиллари. Булар ҳам мўмина-муслима аёл учун маҳрам саналади. Ораларида никоҳ бўлиши мутлақо мумкин эмас. Чунки ўртада она-болалик алоқаси бор. Шунинг учун зебу зийнат ва чирой ўртада шаҳватни уйғотмайди.

6. «...ё ака-укаларидан,..»

Бунда туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар ва она бир ака-укалар ҳаммаси баробардирлар. Уларнинг барчаси маҳрам ҳисобланадилар, опа-сингилларининг зийнатларини кўрсалар бўлади.

7. «...ё ака-укаларининг ўғилларидан,..»

Бунда ҳам туғишган, ота бир ва она бир ака-укаларнинг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл ака-укаларнинг фарзандларига амма бўлади. Ўртада маҳрамлик бор, уйланиш ёки шаҳват билан қараш умуман бўлиши мумкин эмас. Бошқа маҳрамлар қатори, буларнинг ҳам ҳаёт тақозоси ила доимо бир-бирлари билан кўришиб, аралашиб туришга эҳтиёжлари бор. Шунинг учун ҳам жиянларга аммаларининг зийнатларига қарашларига рухсат берилган.

8. «...ё опа-сингилларининг ўғилларидан,..»

Бу ҳолатда ҳам туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингилларининг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл улар учун хола бўлади. Ўртада маҳрамлик бор. Шунинг учун мўмина аёл зийнатларини уларга кўрсатса бўлади.

Аммо мўмина-муслима аёлнинг эркак маҳрамлари бу билан тугамайди. Оятда зикри келмаган маҳрамлар ҳам бор. Мисол учун, амакилар, тоғалар ва куёвлар. Шунингдек, эмикдошлик орқали маҳрам бўлганлар бор. Улар ҳақида ояти каримада бирор нарса дейилмаган бўлса ҳам, ҳадисларда келган ҳукмлардан қиёс қилиб, мўмина-муслима аёл уларга зийнатини кўрсатса, гуноҳ йўқ, деб фатво берилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога эмикдошлик орқали амакиси ва тоғаси бўлган эркаклардан қочиб, ҳижоб олишга рухсат бермаганлар. Шундай экан, насаб орқали бўлган амаки ва тоғаларга, албатта, зийнатини кўрсатишга рухсат бор.

Ҳадис илми соҳасидаги энг мўътабар олти китобда ва имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ларида Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Абул Қуъайснинг укаси Афлаҳ келиб, у кишининг ҳузурларига киришга изн сўраган. У Оиша онамизга эмикдошлик орқали амаки эди. Оиша онамиз бу ҳақда шундай дейдилар: «Мен унга изн беришдан бош тортдим. Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида қилган ишим хусусида у зотга хабар бердим. Ул зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам менга у(Афлаҳ)га изн беришимга амр қилдилар».

Имом Абу Довуд қилган ривоятда бу хусус яна ҳам равшанроқ баён этилган:

«Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Ҳузуримга Афлаҳ келган эди, ундан яшириндим. У:

– Амакинг бўлсам ҳам мендан қочасанми?! – деди. Мен:

– Қаердан менга амаки бўласан?! – дедим. У жавоб берди:

– Сени менинг акамнинг хотини эмизган, – деди. Мен:

– Мени эмизса, аёл киши эмизган, эркак киши эмас, – дедим. Сўнг олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар, мен бўлган гапни айтиб бердим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Албатта, у амакинг бўлади, ҳузурингга кираверсин, – дедилар».

Юқорида зикр қилинган маҳрамларнинг ҳаммаси абадий маҳрам ҳисобланадилар. Яъни уларнинг мазкур мўмина аёлга уйланишлари абадий ҳаром қилингандир. Аммо маҳрамлиги вақтинчалик шахслар ҳам бўлади. Мисол учун, опа-сингилларининг эрлари вақтинчалик маҳрам саналади, яъни опа билан никоҳда турган эркак учун унинг синглисига уйланиш ҳаром саналади. Опа билан ажрашганидан кейин ёки опанинг ўлимидан кейингина бу эркакка сингилни никоҳига олиш ҳалол бўлади.

Уларга нисбатан қандай муомалада бўлиш керак? Бу ҳукм шариатда чегаралаб қўйилмаган. Уламоларимизнинг айтишларича, буни чегаралашнинг имкони ҳам йўқ. Чунки бундай қариндошлик алоқалари турлича бўлади. Шунинг учун ҳукми ҳам турлича. Бунда қариндошлик нисбати, ёш, ҳолатлар, бир жойда яшайдиларми ёки айричами ва бошқа омиллар ҳам эътиборга олинади.

Мисол учун, Оиша онамизнинг опалари Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайнсингиллари бўлади. Асмо розияллоҳу анҳо у зотдан қочмаганлар. Уйларига бемалол кириб юрганлар. Ҳолбуки, икковлари орасидаги никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчалик бўлган.

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг қизлари Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан қочмаганлар. Ҳолбуки, икковларининг ораларида никоҳ дуруст бўлган.

Шу билан бирга, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Фазл ибн Аббосдан қочганлар. Ҳолбуки, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Фазл ибн Аббоснинг аммаларининг қизи бўлган. Шунга ўхшаш ҳолатларни ўрганган уламоларимиз, юқорида айтилганидек, «Бундай ишларда шароитга қараб, ҳукм чиқарилади», – деганлар.

Шунингдек, қариндошлигида шубҳа бўлган эркаклардан ҳам мўмина аёллар ўзларини ҳижобда тутганлари яхши, дейилади.

Энди маҳрам ҳисобланмаса ҳам, мўмина аёл зийнатини кўрсатиши мумкин бўлган шахсларнинг зикри келади.

9. «...ё аёлларидан,..»

Яъни мўмина аёллар аёлларга зийнатларини кўрсатсалар бўлади. Уламоларимиз бу ҳақда турли фикрларни айтганлар. Баъзилари, «аёллари»дан мурод ҳамма хотинлар, деганлар. Баъзилари, мусулмон аёллар назарда тутилган, деганлар, бошқа бирлари эса, ўзларига тегишли хотинлар, деб айтганлар. Чунки фосиқа, фожира аёллар муслима аёлнинг авратини, зийнатини кўрса, унга яқинлашса, фисқу фужурга бошлаши, фитна чиқариши мумкин, дейишган.

10. «...ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан,..»

Бу иборадан қул ва чўриларига зийнатларини кўрсатсалар бўлаверади, деган маъно чиқади.

Аммо уламоларимиз бу ҳақда ҳам икки хил фикр айтганлар. Биринчи тоифа уламоларимиз «Бундан мурод фақат чўрилар, қуллар эмас, чунки қул ҳам номаҳрам эркак, шаҳвати бор, озод бўлганидан кейин ўз аёл хўжайинига уйланиши мумкин», – дейдилар. «Ундай бўлса, аввал «аёлларидан» деб туриб, кейин «чўриларидан» дейишнинг нима ҳожати бор? Чўри ҳам аёл-ку» деган эътирозга «Аввал ҳур аёллар зикр қилинди, кейин чўриларга мумкин эмас экан-да, деган гумон уйғонмаслиги учун улар ҳам санаб ўтилди», – деб жавоб берадилар.

Иккинчи тоифа эса «Ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан» жумласидан мурод муслима аёлнинг мулки бўлган қул ва чўрилардир, бунда нафақат чўри, балки қул ҳам кўзда тутилган», – дейдилар ва ўз гапларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан далил келтирадилар.

Имом Абу Довуд Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қул олиб келиб, Фотима розияллоҳу анҳога совға қиладилар. Фотима розияллоҳу анҳонинг эса биттагина кийими бўлиб, бошини беркитса, оёғи очилиб қолар, оёғини беркитса, боши очилиб қолар эди. У кишининг қийналиб қолганини кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Майли, сенга ҳеч гап йўқ. Булар сенинг отанг ва ғуломинг», – дедилар.

Имом Термизий ва бошқа имомлар Умму Салама онамиздан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларига: «Агар сизлардан бирортангизнинг мукотаби (баҳосини тўлаб, озод бўлишга келишган қули) бўлса ва унинг (ўз баҳосини) адо этишга имкони бўлса, ундан ҳижоблансин», – деганлар. Яъни «Бу одамнинг озодлиги жуда яқинлашиб қолди. Энди у қул бўлмайди, шунинг учун ундан қочиш лозим», – деганларидир.

11. «...ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилардан,..»

Булар табиий, жисмоний жиҳатдан эркакликлари ўлган кимсалар бўлиб, қоринларини тўйдириш учун одамларнинг хизматини қилиб юрадилар. Уларда умуман шаҳват, аёлларга қизиқиш деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Муслима аёл ана шундай одамларга ҳам зийнатини кўрсатса бўлади.

12. «...ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан бошқаларга зийнатларини кўрсатмасинлар...»

Чунки кичкина болалар аврат нима, шаҳват нима, билмайдилар.

Кўриш орқали фитна содир бўлмаслиги, зинога элтиш эҳтимоли уйғонмаслиги учун уларнинг йўли тўсилганидан кейин, энди эшитиш орқали фитна туғдирадиган йўлларни ҳам тўсиб, мўмина аёлларга:

«Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар», – дейилмоқда.

Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб, хиралик қилишига ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган.

Шунинг учун махфий зийнатларни ошкор этиш мақсадида ўша зийнатларнинг овозини қасддан чиқаришга ҳаракат қилиш ҳам Исломда тақиқланди.

Руҳшунос олимларнинг таъкидлашларича, баъзи одамларда аёлларнинг чиройини кўриб, шаҳвати қўзимаса ҳам, улардаги зийнатларнинг овозидан ҳирслари уйғонар экан. Ҳолбуки, Қуръони Карим бу ҳақиқатни бир минг тўрт юз йил муқаддам эътиборга олган.

Ушбу ояти каримадан олинган қоидага биноан, мўмина-муслима аёлларга бегона эркакларнинг шаҳватини қўзғатиб, фитнага сабаб бўлмасликлари учун, нафақат ҳирсни қўзғатадиган овоз бериш, балки шунга восита бўлиб қоладиган бошқа нарсалар ҳам жоиз эмас. Шунинг учун ҳам мўмина-муслима аёлларнинг кўчага хушбўй атирлардан сепиб чиқишлари ман қилинган.

Имом Насаий бундай ривоят келтирадилар:

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзларига йўлиққан бир аёлдан хушбўй ҳидни сезиб қолиб:

– Эй Жабборнинг бандаси, масжиддан келдингми?! – дедилар. У аёл:

– Ҳа, – деб жавоб қайтарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

– Мен ўз ҳабибим Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Аллоҳ таоло ушбу масжидга хушбўй атир сепиб келган аёлнинг намозини то у аёл жунубликдан кейин ғусл қилгандек ғусл қилмагунича қабул қилмайди», – деганларини эшитганман, – дедилар».

Имом Термизий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир кўз зинокордир. Қайси бир аёл атир сепиб олиб, бир мажлис аҳлининг олдидан ўтса, бундоқдир, бундоқдир», – деб, оғир нарсани айтганлар.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг ширали овоз билан эркаклар эътиборини тортишини ҳам ман қилганлар.

«Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангизлар».

Яъни «Ушбу баён қилинган ҳолатларда сиздан хато ўтган бўлса, Аллоҳга тавба қилинг ва бу хатоларни бошқа такрорламанг. Шундагина зафар топишингиз мумкин».

Ўрни келганда, ушбу ҳукмларга боғлиқ бошқа масалаларни ҳам эслаб ўтиш лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларнинг бегона эркак билан, ҳатто эркак қариндоши билан ҳам ёлғиз қолишини ман қилганлар. Фақат ёнида маҳрами бўлсагина, бошқалар билан бир жойда турса бўлади.

Имом Термизий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри ғойиб аёлларнинг олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қонингизда юради», – деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, маҳрами йўқ аёл билан холи қолмасин, акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади», – деганлар.

Агар номаҳрам эркак ва аёл бирга қолсалар, ҳеч бўлмаганда, бошқаларда шубҳа туғилади, турли гап-сўзлар кўпаяди. Бу эса ифк ҳодисаси каби мусибатларга олиб келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу масалада жуда ҳушёр бўлганлар.

Имом Абу Довуд келтирган ривоятда қуйидагилар баён қилинган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирганларида, завжаи мутаҳҳаралари Софийя онамиз кечаси у зотни зиёрат қилгани келдилар. Суҳбатлари тугаб, у киши қайтиб кетаётганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кузатиб, эшик олдига бордилар. Икковлари гаплашиб турганларида, ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тез-тез юриб кета бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига:

– Шошманглар! Бу аёл Софийя бинти Ҳуяйдир, – дедилар. Улар:

– Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули! – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Албатта, шайтон одамларнинг қон томирларида юради. Икковингизнинг қалбингизга бирор ёмонлик солмасин, деб қўрқдим, – дедилар».

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакнинг қўли номаҳрам аёлнинг ҳеч бир жойига тегмаслиги лозимлигини қаттиқ тайинлаганлар. Ўзлари байъат олган вақтларида ҳам аёлларнинг қўлларидан тутмаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлнинг ёлғиз ўзи ёки номаҳрам эркак билан сафар қилишини қаттиқ ман этганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб:

– Бир эркак бир аёл киши билан ҳаргиз холи қолмасин, агар аёлнинг маҳрами бўлса, майли. Аёл киши сафарга зинҳор маҳрамсиз чиқмасин, – дедилар. Шунда бир киши ўрнидан туриб:

– Эй Аллоҳнинг Расули, менинг аёлим ҳажга чиқди, мен эса фалон жойда бўладиган ғазотга ёзилдим, – деди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

– Сен бориб, аёлинг билан бирга ҳаж қил! – дедилар».

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, аёл кишини ҳатто ҳажга ҳам ёлғиз юбориб бўлмас экан. Ҳатто Аллоҳнинг, дину диёнатнинг йўлида қилинадиган жиҳодни қўйиб бўлса ҳам, аёлнинг маҳрами у билан бирга ҳажга бориши кераклиги таъкидланмоқда. Чунки сафар машаққат ва хавфдан холи эмас. Мўмина аёлларни машаққат ва хавфда ёлғиз қолдиришга унинг маҳрамларининг эркаклик ғурурлари ҳам йўл бермаслиги керак. Йўлда аёлнинг хизматини қилиб, қийинчиликлардан, хавф-хатар ва турли кўнгилсизликлардан ҳимоя этиб бориши керак.

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркак-аёлларнинг бир-бирига аралашиб юришини жуда қаттиқ ман қилганлар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абу Усайд Ансорий айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид ташқарисида туриб, йўлда эркаклар билан аёллар аралашиб кетганини кўрдилар ва аёлларга:

«Сизлар орқада қолинглар, сизлар йўлнинг ўртасидан эмас, чеккасидан юринглар!» – дедилар. Аёллар девор тагидан юра бошладилар. Улар деворга жуда яқин юрганларидан кийимлари унга тегиб кетар эди».

Жамоат бўлиб намоз ўқиш, Жума намозини адо этиш нақадар аҳамиятли эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Жума фарз. Жамоат намозини эса баъзилар вожиб, баъзилар суннати муаккада, дейдилар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат билан жума ўқиш ҳар бир мусулмон учун ҳаққу вожибдир. Фақат тўрт кишигагина: қулга, аёл кишига, ёш болага ва касал одамга (вожиб эмас)», – деганлар.

Жамоат намозига аёлларнинг қатнашмасликлари афзал эканини очиқ-ойдин айтганлар.

Имом Аҳмад ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Умму Ҳумайд Соғидий исмли саҳобия аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

– Аллоҳимнинг Расули, мен сиз билан бирга намоз ўқишни яхши кўраман, – деди. Ул зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Албатта, мен сенинг мен билан намоз ўқишни яхши кўришингни биламан. Сенинг уйингдаги намозинг ҳужрангдаги намозингдан яхшироқдир. Ҳужрангдаги намозинг ҳовлингдаги намозингдан яхшироқдир, ҳовлингдаги намозинг қавмингнинг масжидидаги намозингдан яхшироқдир, қавмингнинг масжидидаги намозинг менинг масжидимдаги намозингдан яхшироқдир, – деб жавоб берганлар.

Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга масжидга келиб намоз ўқишга рухсат берганлар. Лекин бу шартли рухсатдир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хотинларингизни масжиддан ман қилманглар. Уйлари улар учун яхшироқдир», – деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мўътадил равишда зийнатланиб, лозим топилган жойларда атир-упалар билан хушбўйланиб юришга тарғиб қилганлар. Аммо шу билан бирга, зебу зийнат орқасидан қувиб, ҳаддан ошишдан, шариатга хилоф иш қилишдан қаттиқ қайтарганлар. Ана шундай ман қилинган ишлар қаторига аёл кишининг ўз сочига бошқа сочни улаши ва улатиши, ясама хол қўйиши ва қўйдириши, қошини ингичка қилиб териши ва тердириши, тишларининг орасини сунъий равишда очиши ва очдириши, юзининг рангини бутунлай ўзгартириш учун турли воситалар билан ювиши ва ювдириши каби амаллар ҳам киради.

Мўмина-муслима аёлларга бу ишларни қилишлари ҳам, бошқаларга бажартиришлари ҳам мутлақо мумкин эмас.

Буларнинг барчаси жамиятда беҳаёлик, шаҳвоний бузуқлик, фоҳиша гап-сўзлар, жинсий ахлоқсизлик ва зино тарқалишининг олдини оладиган чоралардир. Ушбу илоҳий тадбирларга бандалар чин ихлос билан амал қилган тақдирдагина жамият мазкур ифлосликлар ва ижтимоий касалликлардан пок бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)




Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тишингиз қаттиқ оғриб, даволашга ҳам имкон бўлмаганда, оғриқнинг зўридан сизнинг ягона ташвишингиз, уни олдириб ташлаш бўлиб қолади. Уни олдириб давоми...

2646 14:00 / 18.02.2023
Ҳикоя қилинишича, жоҳилият даврида бир аъробий чодири ташқарисидан бақирчақир эшитиб қолади. Вазиятни билиш учун ташқарига чиқади. Ташқарида бир қанча кишилар давоми...

3622 14:38 / 12.01.2023
Ҳикоя қишиларича, ёлғон ва ҳақиқат бир куни учрашиб қолишибди. Ёлғон ҳақиқатга дебдиБугунги кун жуда ҳам гўзалҲақиқат атрофга гумон билан қараб кўзини осмонга давоми...

4618 09:00 / 04.08.2021
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинким, буюк алломалар юрти бўлмиш жаннатмакон Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни тобора юксалиб бормоқда. Чорак асрки, давоми...

4349 09:49 / 23.09.2017