1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Шаъровий: «Ким сенга намозни эслатиб турса, ўша одам сени жуда яхши кўради»

19:00 / 21.11.2022 3578 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломий даъват ишининг кўзга кўринган намояндаларидан, тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган уламолардан, хусусан, улуғ муфассирлардан бири, Қуръони Каримнинг тўлиқ ҳолда оғзаки тарздаги илк тафсирининг соҳиби, уламоларга ва халққа Фахриддин ар-Розий, Табарий, Қуртубий, Ибн Касир ва бошқа муфассирларнинг илмларини енгил ва осон услубда тақдим этган ва ўтган асримизда яшаган забардаст олим Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳдир.

Таваллудлари ва илм олишлари

Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий ҳижрий 1329 йил 15 Рабиъул аввал, милодий 1911 йил 15 апрель куни Мисрнинг Дақаҳлийя музофотига қарашли Мит-Гамрнинг Дақадус қишлоғида таваллуд топди. 11 ёшида Қуръони Каримни ёд олди. 1922 йилда Ал-Азҳар универститетига қарашли Зақозиқ шаҳридаги бошланғич маъҳадга ўқишга кирди. Ёшлигиданоқ шеър, мақол ва ҳикматларни ёдлаш борасида иқтидорли эканини кўрсатди. 1923 йилда Ал-Азҳарнинг бошланғич шаҳодатномасига эга бўлди. Кейин Ал-Азҳар қошидаги ўрта мактабга ўқишга кирди. Бу пайтда унинг шеър ва адабиётга бўлган эътибори ва қизиқиши янада ортди. Бу соҳада тенгдошлари орасида ўзига хос ўрин тутди. Тенгдошлари ва шериклари уни «Талабалар иттифоқи»га раис этиб сайладилар. Кейин эса Зақозиқдаги «Адиблар уюшмаси»нинг раиси этиб сайланди. Ўша пайтда у киши билан бирга доктор Муҳаммад Абдул Мунъим Хафожий, шоир Тоҳир Абу Фошо, устоз Холид Муҳаммад Холид, доктор Аҳмад Ҳайкал, доктор Ҳасан Жод кабилар бор эди. Улар Шаъровийга ўзларининг ёзган асарларини кўрсатиб туришар ва унинг фикр-мулоҳазасини олишар эди.

Шаъровийнинг отаси уни Қоҳирадаги Ал-Азҳар университетига ўқишга киритишни хоҳлагани унинг ҳаётида катта воқеа бўлди. Шаъровийнинг ўзи акалари билан бирга қишлоқда қолиб, деҳқончилик қилишни хоҳларди. Лекин отаси уни Қоҳирага боришга ундаб, унинг сарф-харажатларига кўп пул бериб, яшаши учун жой ҳам ҳозирлаган эди. Шаъровий отасига бир шарт қўйди. Ушбу шартга кўра отаси унга илмнинг турли соҳаларига оид кўплаб китоблар, жумладан, адабиёт, тил, Улумул Қуръон, тафсир, Набавий ҳадисларга оид китоблар олиб бериши керак эди. У бу шарти билан отасини ожиз қолдиришни ва қишлоқда акалари билан деҳқончилик қилишга эришишни мақсад қилган эди. Токи ота бу китобларни олиб беролмасин ва унинг қишлоққа қайтишига рози бўлсин. Лекин отаси унинг бу ҳийласини сезди ва унга ўзи талаб қилган барча китобларни олиб берди ҳамда ўғлига: «Эй ўғилчам, сен бу китобларни ростдан олиб беришимни ўйламай шундай деганингни биламан. Лекин мен сени ушбу китоблар билан таъминлаш ва сен уларни ўқиб, илм олишинг учун китобларни сенга олиб беришни маъқул топдим» деди. Бу гапларни шайх Шаъровий Ториқ Ҳабиб исмли журналистга берган интервьюсида айтган.

Шундай қилиб шайх Шаъровий 1937 йилда Араб тили куллиясига ўқишга кирди. Ўқишга киргач, у «Миллий ҳаракат» ва «Азҳар ҳаракати» каби уюшмаларда фаолият олиб борди. «Азҳар ҳаракати» фаоллари мисрликларнинг инглиз босқинчиларига қарши нафратини ифода этадиган турли мақола ва материалларни нашр эттириб, тарқатдилар. Шаъровий ўз шериклари билан Ал-Азҳарнинг майдонларида, айвонларида ва йўлакларида бир неча марта ҳибсга олинишига сабаб бўлган нутқларни қилди. У пайтларда, яъни 1934 йилда Шаъровий «Талабалар уюшмаси»нинг раиси эди. У 1940 йилда Ал-Азҳардаги ўқишни тамомлади. 1943 йилда унга мударрислик рухсатномаси билан бирга олимлик шаҳодатномаси берилди.

Илмий фаолиятлари

Ал-Азҳарни битиргач, Тантадаги Диний маъҳадда мударрисликка тайинланди. Кейин Зақозиқдаги Диний маъҳадга кўчиб ўтди. Ундан сўнг Искандариядаги Диний маъҳадга ишга ўтди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, 1950 йилда шайх Шаъровий Саудия Арабистонидаги «Уммул Қуро» университетида Шариъат куллиёти устози сифатида дарс бера бошлади. Шайх Шаъровий аслида тил бўйича мутахассис бўлишига қарамасдан, у ерда ақоид фанидан дарс беришига тўғри келди. Тилшунос олимга ақоид фанидан дарс бериш аслида жуда мушкул иш бўлса-да, Шаъровий бу мавзуда ҳам юксак даражада дарс бера олишини исботлади ва кўпчиликнинг таҳсину тақдирига сазовор бўлди.

1963 йилда Миср президенти Жамол Абдулносир билан Саудия подшоҳлари ўртасида низо, хилоф чиқди. Шунинг учун президент Жамол Абдулносир шайх Шаъровийни иккинчи марта Саудияга боришдан ман қилди. Кейин Шаъровий Қоҳирадаги «Азҳари шариф шайхи Ҳасан Маъмун» идорасига мудир этиб тайинланди. Кейин Ал-Азҳар делегациясининг раиси сифатида Жазоирга сафар қилди. Жазоирда тахминан, етти йил турди. Шу етти йил мобайнида ўша ерда мударрислик иши билан машғул бўлди. Кейин Қоҳирага қайтди ва бир муддат Ғарбия музофотининг Вақф ишлари мудири бўлди. Сўнгра «Даъват ва Фикр» уюшмасининг вакили бўлди. Ундан кейин Ал-Азҳар университетининг вакили бўлди. Сўнгра иккинчи марта Саудияга борди ва у ердаги «Подшоҳ Абдулазиз» университетида мударрислик қилди.

Лавозимлари

1976 йилнинг ноябрь ойида Бош вазир Мамдуҳ Солим Шаъровийни Вазирлар Маҳкамасининг аъзолигига танлади ва уни Миср Вақф ва Ал-Азҳар ишлари вазири этиб тайинлади. Шаъровий 1978 йилгача ушбу вазифада хизмат қилди. Шайх Шаъровий вазирлик (Вақф ва Ал-Азҳар ишлари вазирлиги) қарори билан Мисрда илк исломий банк ташкил этган киши бўлди. Бу банкнинг номи «Файсал банки» эди. Ўзи бу иш иқтисод ва молия вазирининг вазифаси эди. Лекин бу ишни Шаъровий амалга оширди. Унинг бу қарорига Халқ Мажлиси ҳам рози бўлди. 1987 йилда у Араб тили академиясининг аъзоси бўлди.

Қуйида шайх Шаъровий хизмат қилган соҳалар ва у эгаллаган мансаблар билан қисқача танишамиз:

1. Танта, Искандария, Зақозиқ институтларида мударрис.

2. 1950 йилда Саудиядаги «Подшоҳ Абдулазиз» университетининг Шариат куллиясида мударрис.

3. 1960 йилда Танта институтининг вакили.

4. 1961 йилда Вақф вазирлиги қошидаги Исломий даъват уюшмасининг мудири.

5. 1962 йилда Азҳари Шарифдаги «Арабий илмлар» бўлимининг тафтишчиси.

6. 1964 йилда Буюк имом Азҳар шайхи Ҳасан Маъмун идорасининг мудири.

7. 1966 йилда Ал-Азҳарнинг Жазоирдаги делегацияси раҳбари.

8. 1970 йилда Маккаи Мукаррамадаги «Подшоҳ Абдулазиз» университетининг устози.

9. 1972 йилда «Подшоҳ Абдулазиз» университетининг «Олий таълим» бўлимида раис.

10. 1976 йилда Миср Араб Республикасининг Вақф ва Ал-Азҳар ишлари вазири.

11. 1980 йилда Исломий тадқиқотлар академиясининг аъзоси.

12. 1987 йилда Араб тили академиясининг аъзоси.

Бундан ташқари унга Ал-Азҳар шайхлари раҳбарлиги ва бир қанча исломий давлатлардан турли мансаблар таклиф этилди. Лекин у бу таклифларни рад этиб, ўзини исломий даъват ишига бағишлашга қарор қилди.

Оилавий ҳаётлари

Шаъровий отасининг таклифи билан бир қизга уйланди ва мазкура аёлидан уч ўғил ва икки қиз кўрди. Ўғиллари: Самий, Абдурроҳим ва Аҳмад. Қизлари: Фотима ва Солиҳа. Шаъровий оилавий ҳаётнинг мустаҳкам бўлиши учун энг зарур омил эр-хотин бир-бирини тушуниб, бир-бирига муҳаббат қилиши деб билади.

Шайх Шаъровийга берилган мукофотлар

1. Шайх Шаъровийга 1976 йил 15 апрелда Вақф ва Ал-Азҳар ишлари вазири этиб тайинланишидан олдин нафақа ёшига етгани муносабати билан «Биринчи даражали алоҳида муваффақият ордени» берилди.

2. 1983 йилда «Биринчи даражали Республика ордени».

3. 1988 йилда «Даъватчилар, ташвиқотчилар куни» муносабати билан орден топширилди.

4. Мансура ва Мануфия университетларининг адабиёт бўйича фахрий доктори унвони.

5. «Робитатул Оламил Исломий» ташкилоти ўзи ташкил этган «Ал-Иъжозул илмий фил Қуръанил Карим вас суннатин набавийя» конференциясининг таъсис ҳайъати аъзолигига танлади ва унга конференцияга келувчи баҳсларни тўғирлаб туриш учун шаръий, илмий мутахассисликларда хизмат қилувчи ҳакамлар номзодини таклиф қилиш ишини топширди.

6. Дақаҳлия музофоти кўзга кўринган, илм-фан соҳасида фидокорона меҳнат қилган кишиларни тақдирлаш учун ҳар йили Маданий фестивал ўтказади. 1989 йилда мазкур фестивал шайх Шаъровийнинг ислом даъвати соҳасида маҳаллий доирадаги ва давлат доирасидаги ўрнини ва хизматини тақдирлаб, рағбатлантирувчи ва катта миқдорда пул мукофоти тақдим этди ва уни «Маданий фестивал шахсиёти» деб эълон қилди.

7. Қуръони Каримга хизмат қилганларга бериладиган Дубай халқаро мукофоти 1998 йилдаги ўзининг биринчи сессиясида Шаъровийни «Йилнинг исломий шахсиёти» деб эътироф этди.

Шайх Шаъровийнинг асарлари

Шайх Шаъровийнинг бир қанча асарлари бўлиб, улар олимнинг мухлислари, шогирдлари томонидан тўплаб, нашрга тайёрланган. Мазкур асарлар орасида энг машҳури Қуръони Каримнинг тафсиридир.

Қуйида Шаъровийнинг асарлари билан танишамиз:

1. “Ал-Исро вал Меърож”.

2. “Ал-Ислам вал фикрул муъосир”.

3. “Ал-Ислам вал маръа. Ақийда ва манҳаж”.

4. Ал-Инсанул камил Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.

5. “Ал-Аҳадийс ал-Қудсийя”.

6. “Ал-Адиллат ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”.

7. “Ал-Аят ал-кавнийя ва далалатуҳа ала вужудиллаҳи таъала”.

8. “Ал-Баъс вал Мийзан вал Жаза”.

9. “Ат-Тавба”.

10. “Ал-Жаннату ваъдас Сидқ”.

11. “Ал-Жиҳаду фил Ислам”.

12. “Ал-Ҳажжул акбар. Ҳикаму асрори ибадат”.

13. “Ал-Ҳажжул мабрур”.

14. “Ал-Ҳасад”.

15. “Ал-Ҳиснул ҳасийн”.

16. “Ал-Ҳаят вал мавт”.

17. “Ал-Хойр ваш шарр”.

18. “Ар-Ровий ҳуваш Шаъровий”. Муҳаммад Зойид.

19. “Ас-Сиҳр”.

20. “Ас-Сиҳр вал Ҳасад”.

21. “Ас-Сийрат ан-Набавийя”.

22. “Аш-Шаъровий байнас сиясати вад дийн”. Сано Саъийд.

23. “Аш-Шуро ват ташрийъу фил Ислам”.

24. “Аш-Шайх Шаъровий ва фатовол аср”. Маҳмуд Фавзий.

25. “Аш-Шайх Шаъровий ва қазоё исламийя ҳоира табҳасу ан ҳулул”. Маҳмуд Фавзий.

26. “Аш-Шайх Шаъровий ва ясъалунака анид дуня вал ахироҳ”. Маҳмуд Фавзий.

27. “Аш-Шайтон вал Инсан”.

28. “Ас-Солату ва арканул Ислам”.

29. “Ат-Торийқу илаллоҳ”.

30. “Аз-Зулм ваз золимун”.

31. “Ал-Ғорату алал ҳижаб”.

32. “Ал-Ғойб”.

33. “Ал-Фатово”.

34. “Ал-Фазийла вар разийла”.

35. “Ал-Фиқҳул исламий ал-муяссар ва адиллатуҳуш шаръийя”.

36. “Ал-Қазоу вал қадар”.

37. Аллоҳ ван нафсул башарийя.

38. “Ал-Маръоту фил Қуръанил Карим”.

39. “Ал-Маръоту кама ародаҳаллоҳ”.

40. “Ал-Муъжизатул кубро”.

41. “Ал-Мунтахаб фий тафсийрил Қуръанил карим”.

42. “Ан-Насаиҳуз заҳабийя лил маръатил асрийя”.

43. “Ал-Васоё”.

44. “Инкаруш шафаъа”.

45. “Аҳкамус солат”.

46. “Асрору Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм”.

47. “Асмауллоҳ ал-ҳусна”.

48. “Асъилатун ҳарижатун ва ужубатун сарийҳатун”.

49. “Азваъу ҳавла исмиллаҳил аъзам”. Муҳаммад Саййид Абу Сабъ, Шаъровий.

50. “Анта тасъалу вал Исламу южийбу”.

51. “Байнал фазийла вар разийла”.

52. “Жомеъул баян фил ибадати вал аҳкам”.

53. “Ҳафаватул муслимийн би мийлади Хойрил Мурсалийн”.

54. “Хавотируш Шаъровий”.

55. “Хавотир Қуръанийя”.

56. “Адаватуш шайтон лил инсан”.

57. “Азабун нар ва аҳвалу явмил Қиямаҳ”.

58. “Ала маидатил фикрил Исламий”.

59. “Фиқҳул маръатил муслима”.

60. “Қисасул Анбия”.

61. “Қазоёл аср”.

62. “Лаббайкаллоҳумма лаббайка”.

63. “Миату суалин ва жаваб фил фиқҳил Исламий”. Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий. Абдулқодир Аҳмад Ато.

64. “Муъжизатул Қуръан”.

65. “Мин файзил Қуръан”.

66. “Назарот фил Қуръан”.

67. “Ниҳаятул олам”.

68. “Ҳаза дийнуна”.

69. “Ҳаза ҳувал Ислам”.

70. “Васоё ар-Росул”.

71. “Явмал Қиямаҳ”.

72. “Ақийдатул муслим”.

Шаъровийнинг шеъриятга муносабатлари

Шайх Шаъровий араб тилига ошиқ эди. У гапирганда услубдаги соддалик билан бирга сўзларининг балоғатли экани, таъбиридаги гўзаллик билан танилди. Шайх Шаъровийнинг шеърга қобилияти жуда зўр эди. У турли вазиятларда шеър орқали иборани чиройли баён қилиб берадиган даражадаги шоир эди. Хусусан, йигитлик чоғларида «Миллий ҳаракат» фаоли бўлган кезларида умматнинг орзу-умидларини шеър орқали жуда гўзал тарзда ифода қиларди. Яна шайх Шаъровий шеърни Қуръони Каримни тафсир қилиш, оятларнинг маъноларини тушунтириб бериш чоғида ишлатарди.

Қуръоннинг тафсири атрофидаги фикрлари

Шайх Шаъровий телевидение орқали Қуръоннинг тафсирини «Нурун ала нур» кўрсатувида 1980 йилдан олдинроқ бошлаган. Ўшанда бу иш тафсирнинг муқаддимаси билан бошланган эди. Кейин Фотиҳа сурасининг тафсирига киришди. Мана шу тарзда бошланган тафсир Мумтаҳана сурасининг охирлари ва Саф сурасининг бошларига етганда тўхтади. У Қуръонни тўла тафсир қилишдан олдин вафот этди. Аммо айтилишича, унинг Амма порасини тафсир қилганининг овозли ёзуви бор экан.

Шайх Шаъровий тафсирдаги ўз услубини баён қилиб шундай дейди: «Қуръони Карим оятлари ҳақида билдирган фикрларим Қуръоннинг тафсири эканлигини англатмайди, балки, бу бир ёки бир неча оятлар хусусида мўминнинг қалбига келадиган соф фикрлар маҳсулидир. Агар Қуръонни тўла тафсир қилиш мумкин бўлганда, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам уни тафсир қилишда одамларнинг энг авлоси бўлардилар. Чунки, Қуръон у зотга нозил бўлган, ўзлари ундан таъсирланганлар, уни етказганлар, уни ўргатганлар ва унга амал қилганлар. Қуръоннинг мўъжизалари ҳам у зотга зоҳир бўлган. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга уларнинг ибодатдаги эҳтиёжлари миқдорича баён қилиб бериш билан кифояланганлар. Ўша баён қилиш «Қил!» ва «Қилма!» дейишдан иборат бўлган».

Шайх Шаъровий Қуръонни тафсир қилиш учун ўтирса, унинг сўзлари оғзидан худди ипга тизилган марвариддек чиқар эди. У зот Қуръонни тафсир қилишда, худди ғаввос денгиз тубига тушиб марвариду маржон олиб чиққанидек, маъно ва фикрлар қаърига шўнғиб ғаввослик қиларди. Агар унинг ибораларини тингласангиз, унинг фикрлари қалбингизни забт этаётганини ҳис қиласиз. Одамлар унинг тафсир дарслари берилишини кутиб, интизор бўлардилар. Шайх Шаъровий умрини Қуръонга улфат бўлиб ўтказди. Қуръонни одамларга ўргатди, ўзи ҳам улардан ўрганди. У одамларга одоб ўргатар ва ўзи ҳам улар билан бирга одоб ўрганарди. У Қуръон ахлоқи билан хулқанган эди. У шуҳрати кенг ёйилган бўлишига қарамасдан ҳаётини камтар, мутавозеъ ҳолда ўтказди. Шайх Шаъровий одамларга тез улфат бўладиган, одамларнинг меҳру муҳаббатини тезда қозонадиган киши эди. Шайх Шаъровийнинг бойлиги, молу давлати кўп эди. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг йўлида кўп инфоқ қилувчи киши ҳам эди. Ҳатто бир сафар Азҳар қошидаги маъҳадларга миллион жунайҳ эҳсон қилган.

Шайх Шаъровий Қуръонни тафсир қилишда бир қанча унсурларга суянган. Улардан энг муҳимлари қуйидагилар:

1. Қуръоний нассни тушуниш учун араб тилида эркин гапириш.

2. Қуръон фасоҳатини ва назмининг сирини кашф қилишга уриниш.

3. Ижтимоий ислоҳ.

4. Мусташриқларнинг шубҳаларини рад этиш.

5. Баъзида ҳаётда содир бўлган шахсий тажрибалардан зикр қилиш.

6. Чуқур маъно билан енгил маънонинг орасини бирлаштириш. Бу иш эса кенг тарқалган Миср лаҳжаси орқали бўлади.

7. Зарбулмасал келтириш ва уни чиройли тасвирлаш.

8. Мавзуга алоқадор тарзда турли нарсаларни гапириш, мавзудан узоқлашмаган ҳолда четга чиқиш.

9. Нафсни руҳий тарбия поклаш.

10. Баҳс-мунозарали, мантиқий услуб.

11. Тафсирнинг охирги пораларини беморлик сабабли қисқароқ қилди. Токи Қуръон тафсири борасидаги ўйларини тўлиқ баён қилишга имкон бўлсин. Кейин яна дарсга қайтиб, қисқа қилгани учун экран орқали узр сўради ва Аллоҳга истиғфор айтди. Аллоҳнинг мадади ва ёрдами билан тафсирни охирига етказишга ҳаракат қилди.

2003 йилда Ҳасан Юсуф ва Аффоф Шуайбнинг жасорати билан «Даъватчилар имоми» номли ҳужжатли фильм экранларга чиқарилди. Унда шайх Шаъровийнинг ҳаёт йўли тўлалигича баён қилинди. Яъни, туғилганидан бошлаб Қуръонни ёд олгани, истеъдодли бўлгани, диний маъҳадга киргани, у ерда тенгдошларидан устун бўлгани, кейин Азҳари шарифга киргани, Саудияга қилган сафари, кейин у ердан қайтиб, «Шайхул Азҳар» идорасига мудир бўлгани, Қуръонни тафсир қилиш орқали овози бутун оламга таралгани, кейин вақф ишлари вазири бўлгани ва ҳоказолар баён қилиниб, воқеалар улуғ олимнинг вафоти билан якун топади.

Шаъровийнинг машҳур ҳикматлари

Қуръон қайси қори томонидан ўқилаётган бўлса ҳам, уни тинглаётган мусулмон киши «Мен гапираётган Аллоҳни эшитяпман» деб тасаввур қилиши ва ўқиётган қорини унутиши керак.

Одамларнинг тадбирларидан безовта бўлма! Улар нари борса Аллоҳнинг сен ҳақингдаги иродасини амалга оширадилар, холос.

Ҳаётдаги энг катта мусибат ўлим эмас. Чунки, ўлим ҳаёт қонуни. Лекин энг катта мусибат — ўзинг тирик бўла туриб, қалбингда Аллоҳдан бўлган қўрқувнинг ўлишидир.

Уммийлик (саводсизлик, ўқиш-ёзишни ўрганмаганлик) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун айб деб гумон қилишдан эҳтиёт бўл. Саводсизлик бошқалар учун айб бўлса-да, у зот алайҳиссалом учун бу шарафдир. Чунки, уммий сўзининг маъноси “Онасидан туғилган кунидагидек соф фитратда бўлиб, бирор кишидан илм ўрганмаган” деганидир. Шундай! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халқдан илм ўрганмадилар. У зот алайҳиссалом Холиқдан таълим олдилар. Натижада, у зот алайҳиссаломнинг илмларининг мартабаси халқларнинг илмининг мартабасидан устун бўлди.

Агар мусулмонлар орасида битта фақирни кўрсанг, билгинки, ўша ерда унинг ҳаққини ўғирлаган битта бой бор.

Қилган ҳар бир ишингга надомат қилмасликни хоҳласанг, барча ишни Аллоҳ учун қил!

Агар Аллоҳ сендан кетишини кутмаган нарсангни олиб қўйса, тезда сенга келишини кутмаган нарсангни беради.

Агар берганингдан кўра олганингда кўпроқ ҳурсанд бўлсанг, демак, сен дунё аҳлидан экансан.

Агар олганингдан кўра берганингда кўпроқ ҳурсанд бўлсанг, демак, сен охират аҳлидан экансан.

Ўлим ўз ҳақиқатида яхшиликдир. Агар ўлаётганлар яхши инсонлар бўлишса, Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофот уларга тезлаштирилади. Агар ўлаётганлар ёмон кимсалар бўлишса, Аллоҳ таоло юртлар ва бандаларини улардан қутқаради.

Саҳобалардан бири шундай деган: «Агар биз масжидга кирсак, дунё ишини поябзалларимиз билан бирга ташқарида қолдирардик».

Фарзандингизга бошқа биров Фотиҳа сурасини сиздан олдин ёдлатиб қўйишига имкон берманг. Ахир у умр бўйи ушбу сурани тиловат қилиб намоз ўқийди.

Изоҳ: Яъни, бир умр ўқиладиган сурани бошқа киши ёдлатиб, бир умрлик савобдан қуруқ қолманг!

Ҳақни айта олмасанг, у ҳолда ботилга қарсак чалма!

Аллоҳга, сизга бирор нарса бериши учун ибодат қилманг, балки, Аллоҳга, сиздан рози бўлиши учун ибодат қилинг. Агар рози бўлса, неъматлари билан сизни ҳайрон қолдиради.

Баъзи одамлар «Мусо алайҳиссаломнинг давридаги Фиръавн ким эди?», «Зулқарнайн ким эди?» каби саволлар билан ўзларини машғул қиладилар. Биз уларга айтамиз: «Сизлар ҳеч нарсанинг тагига ета олмайсизлар. Чунки, қиссани ҳикоя қилишдан мақсад муайян шахс эмас, балки қиссадан олинадиган ҳикмат, ибрат эканини билишимиз учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга шахсларни баён қилмай, қиссанинг ўзини ҳикоя қилди».

Албатта, дин гапириладиган сўз ва амал қилинадиган сулукдир. Агар сўз сулукдан ажратилса, даъват зое бўлади.

Ким сенга Намозни қайта-қайта эслатиб насиҳат қилса, ўша одам сени энг қаттиқ яхши кўрадиган кишидир.

Агар ҳақ билан ҳақ ўртасидаги курашни кўрсанг, бундай курашнинг топилиши асло мумкин эмас. Чунки, ҳақ биттадир! Ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш узоққа чўзилмайди! Чунки, ботил доим йўқ бўлувчи, енгилувчидир.

Эй Аллоҳ! Мени уч нарсадан узоқлаштирма:

1. Намозимдан.

2. Ота-онамнинг розилигидан.

3. Яхши кўрганимдан.

Уламоларнинг фикрлари

Азҳар шайхи Али Жодулҳақ раҳимаҳуллоҳдан «Нега шайх Шаъровий докторлик даражасини олмаганлар?» деб сўрашганда, Азҳар шайхи «Ким у кишининг илмига эга бўлдики, имтиҳон қилса» деган эканлар.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ Миср ва бир қатор араб мамлакатлари телевиденияси орқали узатиладиган «Шаъровийнинг Қуръони Карим оятлари маъноси борасидаги файзли фикрлари» номли кўрсатувда Қуръони Карим тафсирини мусулмонларга тақдим этардилар.

Бу кўрсатувни халқ сабрсизлик билан кутиб, жону дили билан томоша қиларди. Ҳатто мисрликлар «Биз Қуръонни Шаъровийдан ўрганганмиз» дейишар экан.

Шайх Шаъровийнинг тавозелари

Бир куни Қоҳирадаги Имом Ҳусайн жомеъ масжидида мазкур кўрсатувни тасвирга олишга тайёргарлик кўриб турилганда, ўша мажлисга Азҳар шайхи Али Жодул Ҳақ кириб келадилар.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ Азҳар шайхининг масжидга кирганини кўрадилар ва режиссёрдан «Эй ҳожи Абдуннаъйим, шайхимиз, имом Жодул Ҳақни кутиб олишим учун тасвирга олишни тўхтатиб туришингизни сўрайман» деб илтимос қиладилар.

Шунда Али Жодул Ҳақ «Аллоҳга қасамки, мен фақат сизнинг суҳбатингизни тинглаб бахтиёр бўлиш учун келдим, мавлоно» дейдилар.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«Уйда кийимларимни ўзим ювиб, овқатимни ўзим пишираман. Ўз-ўзимга хизмат қилишга одатланганман».

Дуолари

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ Қуръони Карим оятлари ва Суннати мутоҳҳарада келган дуоларни қилиш билан бирга ўзлари ҳам Қуръон ва Суннатдан файз олиб, дуолар ижод қилардилар.

أَللَّهُمَّ إِنَّكَ تَعْلَمُ أَنِّي عَاصِيْكَ وَلَكِنِّي أُحِبُّ مَنْ يُطِيْعُكَ فَاجْعَلْ حُبِّي لِمَنْ أَطَاعَكَ شَفَاعَةً لِي فِي مَعْصِيَتِكَ

Маъноси: Эй Роббим! Албатта, Сен менинг Сенга нисбатан гуноҳ қилганимни биласан. Лекин мен Сенга итоат қиладиган кишини яхши кўраман. Сенга итоат қилувчи кишига бўлган муҳаббатимни Сенга нисбатан қилган гуноҳим учун каффорот, шафоатчи қилгин!

Аллоҳ таолога муҳаббатимиздан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар, табаа тобеинлар, барча уламолар, ота-онамиз, диндошларимиз қаторида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва шайх Шаъровийга ҳам чуқур муҳаббатимиз борлигини изҳор қиламиз.

Аллоҳ таоло охиратда бизни ота-онамиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳлар билан бирга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳамд байроқлари остида жамласин!

Вафотлари

Буюк олим Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий ҳижрий 1419 йил 22 сафар, милодий 1998 йил 17 июнь чоршанба тонгида 87 ёшида фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилди ва уни ўзи туғилган Дақадус қишлоғига дафн этилди. Уммат энг буюк олимларининг яна биридан айрилди.

Аллоҳ таоло Шаъровийни раҳматига олган бўлсин. Қуръонга қилган хизмати учун, Исломга қилган хизмати учун, мусулмонларга қилган хизмати учун ажру мукофотини кўпайтириб берсин. Мусулмонлар орасидан яна шундай олимларни кўплаб чиқариб қўйсин.

Фойдаланилган манбалар:

info.islom.uz

muslim.uz

ar.wikipedia.org

ashefaa.com

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси Хуршид Маъруф тайёрлади

Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анқарадаги Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўрмез 1959 йилда Туркиянинг Газиантеп вилояти Низип туманида туғилган. Бошланғич таълимни Низипда, ўрта давоми...

358 13:07 / 14 октябрь
У зотнинг тўлиқ исмлари Тожуддийн Абулфазл Аҳмад ибни Муҳаммад ибни Абдилкарим ибни Абдур Роҳман ибни Абдуллоҳ ибни Аҳмад ибни Ийсо ибни Ҳусайн ибни Атоуллоҳ ас давоми...

5729 22:15 / 27.04.2017
Шайх аллома Муҳаммад Лутфий Файюмий раҳимаҳуллоҳ бомдоддан бир ярим соат олдин уйғонар эди. Нафл намозлар, улардан тасбеҳ намозини адо этарди. Сўнгра, қиблага давоми...

2931 11:00 / 28.01.2023
Таваллуд санаси 21.07.137115.04.1952. Таваллуд ери Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилояти, Асака тумани, Ниёзботир қишлоғи. Миллати ўзбек. Дини Ислом. Ақидавий мазҳаби давоми...

64170 22:21 / 27.04.2017
Аудиолар

137630 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7543 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57695 14:35 / 11.08.2021