1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Ислом – инсонийликка даъват» (иккинчи мақола)

13:12 / 27 апрель 1150 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Ислом ақидасига кўра меҳр-шафқат йиллар ва замонлар ўтиши билан кўпаядими ёки камаядими? Масалан, меҳр-шафқат, мурувват туйғуси 40 - 50 йиллардан кейин қай аҳволга тушади – аҳвол ҳозиргидан яхшиланадими ёки?..

– Келажак тўғрисида башорат қилиш – ундоқ бўлади – бундоқ бўлади деб айтиш бизнинг ақидамизга тўғри келмайди. Чунки ғайб ишини Аллоҳнинг ўзи билади. Лекин тажрибалардан хулоса чиқариб шундай бўлаверса – мана бундоқ бўлиши мумкин, деган тахминий хулосалар айтиш мумкин. Агар биз аввалгидек ўз ҳолига ташлаб қўйсак, албатта оқибати яхши бўлмаслиги мумкин. Лекин меҳр-шафқат, мурувват сингари гўзал фазилатлар жамиятимизда ўз ўрнини топиши, инсонларга манфаат келтирадиган бир даражада бўлиши учун курашишимиз лозим. Шундагина ёмон оқибатларнинг келиб чиқмаслигига умид қилсак бўлади.

– Теварак-атрофни, сувни, ҳавони, тупроқни, ҳайвоноту набототни асраб-авайлаш одамларга бўлган меҳр-шафқатдан кам бўлмаслиги керак. Бу хусусда Исломнинг таълими қандай?

– Бундай таълим-тарбия Қуръон оятларида ва Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида жуда ҳам кўп. Аввал ҳам айтиб ўтдик – биз яшаётган коинотдаги, ер юзидаги барча нарса инсоннинг бахт-саодати учун Аллоҳ таоло томонидан инсонга неъмат қилиб берилган. Шу неъматнинг қадрига етиш эса инсоннинг бурчи! Неъматнинг қадг рига етиш уни асраш билан, исроф қилмаслик билан бўлади.

Ҳозирги кунда муҳим масалалардан бирига айланиб қолган табиатни муҳофаза қилиш деймизми ёки ажнабий тилда айтганда – экология масалалари деймизми – бу ҳаммаси Исломда ўз жавобини топган. Қуръон оятларида, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаламнинг ҳадисларида бу масалаларни ечишга жавоб тайёр. Мен ўзим шахсан «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали саҳифаларида шу масалаларга атаб «Ислом ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш» унвони остида тўртта катта мақола ёздим. Шу мақолани тайёрлаш, ёзиш жараёнида шундай далилларга дуч келдикки, ҳақиқатда Қуръондаги оятлар, ҳадисдаги маънолар ҳозирги кунимизни кўзлаб айтилгандек. Унда сув тўғрисида масалалар ҳам бор. Ҳайвонот олами, наботот олами ва атрофимизни ўраб турган бошқа барча нарсаларни тўла-тўкис ҳимоя қилиш, сақлаш, уларни бузмаслик, исроф қилмаслик тўғрисида таълимотлар бор. Бу нарсаларни, масалан, инсонга моддий манфаат етказиб тургани учунгина эмас, балки инсонни ўзининг маънавий бурчи сифатида ҳам тарғиб қилинади. Ҳаттоки шу масалаларда инсоннинг жаннатга ёки дўзахга тушишига сабаб бўладиган даражада талқин қилинади. Мисол учун Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг умри фаҳш иш билан ўтган аёл чанқоқдан ўлаётган бир итга сув тутиб қўйиб жаннатга киришга сазовор бўлгани, умрини ибодат билан ўтказган шахс, битта мушукни боғлаб қўйиб овқат бермасдан ўлимига сабаб бўлиб, дўзахга тушишга ҳукм бўлгани тўғрисидаги ҳадислари борки, – бу, – жондорга меҳру шафқатли бўлишнинг нақадар улуғ савобга лойиқлигини кўрсатади.

Наботот оламига ва бошқа нарсаларга эътибор бобида ҳам исломнинг таълими шундай.

– Ўзгача меҳр-шафқат кўрсатмоқчи бўлган одам аввало ўз қадр-қимматини англаган бўлмоғи керак. Жамиятимизда ҳар бир инсон инсоний шарт-шароитда меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. У маърифатли бўлмоқ ҳақида тинимсиз қайғуриши, иззат-нафс, ўзлигини таниш, гурур тарбиясини унутмаслиги зарур. Ночорлик айб эмас, лекин ночорликка кўникиш айб деганларидек инсоний яшашни талаб қила билиш энг оддий ҳуқуқий эрк эмасми? Кишиларимиз жойлардаги қийинчиликларга сабр-қаноат ҳақида ва шу қийинчиликларга қарши кураш ҳақида икки хил тушунчадалар.

– Қийинчиликларга сабр-қаноат маъносида гапирадиган бўлсак, агар қийинчилик бошқалар айби билан эмас, балки халқнинг бошига тушган оммавий (масалан, табиий офат, ўлим сингари) нарса бўлса унга сабр қилиш керак, лекин кўзга кўриниб турган сабаб билан ноҳаклик, зулм орқасида бўлаётган қийинчилик бўлса, унга қарши чиқиш керак. Биз мусулмонларнинг ақидаси шу.

– Ҳозир аниқланаётган иллатларнинг бош сабабларидан бири инсоннинг инсоннинг мутелигига бориб тақалади. Ёши улуғларни, мартабали шахсларни ҳурмат қилиш билан уларга мутеларча бўйин эгиш, «раҳбар айтди», «раҳбар буюрди» деб жиноятга қўл уриш, ҳурмат билан мутеликни аралаштириб юбориш ҳоллари кузатилди жамиятимизда. Ана шулар ҳақида Ислом нима дейди? «Беайб парвардигор» деган улуғ ақида ҳар қандай одам зоти сиғинишга нолойиқ эканлигини кўрсатмайдими?

– Мутелик итоат қилиш маъносини англатади, лекин унинг чегараси бор. Агар қилинаётган иш тўғри бўлса, ҳақиқат йўлида бўлса, масалан Аллоҳ айтгану, шариатнинг кўрсатмасига биноат мансабдор шахс буйруқ берса – уни бажариш керак. Лекин буйруқ нотўғри бўлса, зулумона бўлса, ҳаром йўлга бўлса унда итоат қилиш буюрилмайди.

– Ким буюрганидан қатъий назар-а?

– Ким буюрганидан қатъий назар! Мана, Ҳадиси шарифда Аллоҳга масъулият бўладиган ишда бандага итоат қилинмайди, дейилади. Мисол учун, бировни иккинчи мансабдор шахс пора олишга воситачи бўлишга буюрса, бу одам агар мусулмон бўлса – кўнмайди. Мусулмон пора олмайди, пора бермайди, улар орасида воситачи ҳам бўлмайди.

– Демак, Ислом фалсафасида ер юзида сиғинадиган нарса ҳам йўқ, инсон ҳам йўқ дейилмоқчи?

– Ҳеч, ҳеч йўқ!

– Кимлигидан қатъий назар?

– Кимлигидан қатъий назар! Ҳурмат ўз йўлига, ҳурмат қилиш мумкин? Фақат итоат – Аллоҳга. Бошқага итоат қилинмайди.

– Аллоҳга, Пайгамбарга сиғиниш инсон эркини чегаралаб қўймайдими? Исломнинг беш фарзини адо этиш мўмин кишини улуғлаши аниқ. Лекин уларни бажаришни шарт қилиб қўйиш мутеликка олиб бормасмикин?

– Хў-ў-п, аввал айтиб ўттанимиздек, Исломда Аллоҳдан бошқага сиғиниш йўқ, шу жумладан Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга ҳам сиғинилмайди. Пайғамбарни ҳурмат қилиш, у киши кўрсатган йўлдан бориш мумкин. Лекин сиғиниш маъноси йўқ. Сиғиниш, яъии ибодат фақат Аллоҳга бўлади. Шунинг учун Исломда шахсга сиғиниш деган нарса бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга сиғиниш эса эркни чегаралаш маъносида эмас, балки аксинча – инсонни эркли қилиб қўйиш маъносида. Аллоҳ улуғ зот. Ҳар қанча сиғинишга сазовор зот. Унга сиғиниш инсоннинг қадрини пастлатмайди, балки улуғлайди. Инсон шундай улуғ Аллоҳга бевосита мурожаат қилиш, у билан юзма-юз келиш даражасига кўтарилади. Демак, улуғланади. Улуғланиш – ўзини эркин тутиш, Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсага сиғинишдек мутеликдан воз кечиш маъносини англатади.

«Беш фарзни адо этиш – инсонни мутеликка олиб бормайдими?» – деган саволга ҳам жавоб шу. Бу мутелик эмас. Беш фарзнинг ҳар бирида улкан маънолар бор. Хоҳ у шаҳодат бўлсин, хоҳ намоз бўлсин, хоҳ рўза бўлсин, хоҳ закот бўлсин, хоҳ ҳаж бўлсин – буларнинг барчаси инсонни аввало мана шу дунёдаги ҳаётида катта-катта манфаат келтирадиган, қолаверса, охиратда жаннатга киришни таъминловчи нарсалар. Буларнинг бари инсонни улуғлаш.

– Қуръоннинг «Иқро!», яъни «Ўқи!» – деган даъват билан бошланиши, унда: «Бешикдан то тобутгача билим ол», «Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими», сингари ҳикматлар борлиги ҳам қулоғимизга чалинган. Демак, Ислом одамларни ҳамма вақт илм-маърифатга даъват этади. Бир атеист олимимиз газетада: «Фан-техника тараққий этгани сайин дин ижобий томонини йўқотиб борадиган ҳодисалар системасига киради», деб ёзди. Бундан Ислом фан-техника тараққиётига зид деган маъно чиқмайдими?

– Қуръоннинг «Ўқи!» – деган даъват билан бошланиши тўғри, лекин «Бешикдан то тобутгача билим ол», «Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими», деган сўзлар ҳадисда келган, Қуръонда эмас. Қуръон билан ҳадисни фарқламоғимиз керак. Қуръон Аллоҳнинг каломи, ҳадис – Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг каломидир. Хў-ў-п, Ислом дини инсонларни маърифатга, илмга даъват этишини ҳамма тан олади. Энди, сиз айтган худосиз олим ўз иборасини қайси дин муносабати билан айтган, буни мен билмадим. Бошқа динларга бўлган муносабати қандай бўлади – уни ўзлари ўйлаб кўрсин. Лекин Исломга бу хил ҳукм тўғри келмайди. Биз айтамизки, фан, маданият, илм ўсгани сари Исломнинг мўъжизалари янада равшанроқ кўрина боради. Шунинг учун инсон маданиятининг тинимсиз ўсишини тан олади. Эътироф этади. Балки қизиқтиради. Балки чорлайди. Илм-фанга қарши чиқиш деган маъно ҳеч қаерда йўқ. Ҳозир илм-фаннинг ўсиши Ислом фалсафасидаги кўпгина ақидаларни тасдиқламоқда. Бунга жуда кўп далиллар келтиришимиз мумкин. Мисол учун бир вақтлар рўза тутиш соғлиққа зарар деган «илмий» гаплар бор эди. Лекин ҳозир оч қолдириб даволаш бутун дунё бўйича урф бўлиб кетяпти. Демак, ихтиёрий оч қолиш зарар эмас экан. Буни, мусулмон бўлмаган, Қуръондан, ҳадисдан бехабар олимлар тасдиқлашяпти.

Яна бир мисол: англиялик йирик бир океанолог Қуръондаги «Оқимнинг остида оқим бор» деган оятни ўқиб океанга тушса, ҳақиқатдан ҳам оқим бор экан! Шунда у, демак илм Аллоҳдан бўлмаса илмсиз, саводсиз Муҳаммад деган одам бу гапларни айтолмас эди, деган фикрга келган.

Илм-фан қанча тараққий этса динимизнинг нуфузи шунча ортаверади.

– Бояги атеист олимимизнинг чиқишида яна шундай жумла бор эди: «Қуръонда Юлдузлар осмон қаттиқлигига ёпиштириб қўйилган… ер текисликдан иборат, бирор томонга оғиб кетмаслиги учун у ер-бу ерга посанги сифатида тоғлар ўрнатилган» дейилган. Агар бундай сўзлар бор бўлса у «Куллун фи фалакун ясбаҳуун» деган жумлани инкор этмайдими?

– Менимча, ўша атеист олимнинг Қуръондан деб ёзган жумласини «Ёш ленинчи» газетасида эълон қилинган «Даҳрийлик ва қадрият» мақоласидан олган бўлсангиз керак. Шу мақола чиққан кунлари мусулмон вакиллари сиз айтган жумлалар остига чизиб: «Бу – Қуръон учун туҳмат-ку?! Мусулмонларнинг илоҳий китобидаги йўқ нарсани ундан деб ёзиб одамларга тарқатишнинг нима зарурати бор?» – деган эътироз билан келишди. Оддий мусулмонлар. Демак, оддий мусулмонлар ҳам фарқига борадиган нарсани Қуръондан деб ёзишга журъат қилган одам нимага асосланиб бундай қилди экан – мен буни билмадим. Лекин биз: «Хафа бўлманглар, адашишгандир, тушунишмагандир, айтамиз, тушунтирамиз», деган сўзлар билан мусулмонларни ҳовридан туширишга муваффақ бўлдик. Лекин шундай мақолалар ёзувчи кишилардан ҳам илтимоски, бунақа нарсаларда жуда эҳтиёт бўлишса яхши бўлар эди. Такрорлайман – сиз ўқиб берган сўзлар Қуръонда йўқ! Йўқ нарсани Қуръондан деб ёзиш илмий одобнинг қайси бобига тўғри келади – мен буни билмадим. Сиз айтган «Куллун фи фалакин ясбаҳуун» бор. «Ёсин» сурасидаги бу жумла осмондаги қуёшу, еру, ою – ҳаммаси осмон бўшлирида сузиб юради, деган маънони англатади.

– Шу вақтгача мактаб дарсликларида дин кишилари Ер текис, у хўкизнинг шохида, балиқнинг думида туради дейдилар, деб ўқитилар эди. Уларнинг бари бўҳтон экан-да? Дин вакиллари шу бўҳтонга ўз вақтида тегишли муносабат билдирмаганига ҳайронман.

– Шуни айтиб ўтиш керакки, Ер – текис, у ҳўкизнинг шохида туради, ҳўкиз эса балиқнинг устида туради деган гап, бу – исроилиёт деб аталмиш қиссалардан келиб чиққан. Яъники, бани Исроил қабиласидагиларнинг тасаввури. Улар ўзларича шунақа тасаввур қилиб қиссахонлик қилиб юрганлар.

– Бир хаёлий ривоят, ҳикоя маъносида айтишган-да?

– Ҳа, афсуски, баъзи бир шундай ривоятона ҳикоялар унча текшириб ёзмайдиган қадимги мусулмон муаллифларининг китобларига аралашиб қолган ери ҳам бор. Буни тан олиш керак. Лекин унинг нотўғри фикр эканлигини саводли мусулмонлар яхши тушунишади. Шунинг учун ҳам ўша ривоятни Қуръон ҳақиқати деб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

– Учар ликобчалар, умуман ўзга сайёраларда ҳаёт бор-йўқлиги ҳақида Қуръонда башорат борми?

– Ҳозирги бизнинг Қуръонни тушуниб ўқиётган илмимиз асосида ундай башоратлар йўқ.

– Қуръонда: «Пайғамбарлар шаҳарлардан чиқади», деган оят борми?

– Шу савол, менимча, ўринсиз.

– Муфтий ҳазратлари, энди адабиёт мавзуидан бир-икки савол берсам. Жаҳон адабиётининг буюк намояндалари Ф. Достоевский, Л. Толстой, Ж. Жойс дин фалсафасини чуқур эгаллаган шахслар бўлишган. Ўзимизнинг классиклар, жумладан Абдуллоҳ Қодирий ҳам Исломни яхши билганига шубҳа йўқ. XX асрнинг улкан ёзувчиси америкалик У. Фолкнер: «Инжил ҳамма вақт менинг столим устида туради» деган. Мен бир қаламкаш сифатида ҳозирги адабиётимиз ҳақида ўйлаб, хусусан насрий асарларимизнинг ночорлиги боисининг бир чеккаси кекса-ю, ёш адибларимиз динни, Қуръонни, диний фалсафани теран билмаслигида, деб ўйлайман. Шундан келиб чиқиб Қуръонни ўзбекчалаштириш, унинг маърифатидан зиёлиларимизни, халқимизни баҳраманд эттириш мумкин эмасми?

– Бу фикрингизга қўшиламан. Ҳозирги кунда агар жумҳуриятимизда саноқли ёзувчи ёки шоирларимиз ёзаётган нарсаларга халқнинг муҳаббати тушиб турган бўлса, ўшаларнинг диндан хабари бор. Номларини айтишнинг ҳожати йўқ. Шахсан ўзим ўйлашимча ҳам Қуръон маъноларидан, ҳадис маъноларидан қисман хабардор кишиларнинг ёзаётган асарлари сермазмун чиқади. Бу тўғри. Энди Қуръонни ўзбекчалаштириш, бу – ҳозирги кунимизнинг зарурати. Бу ҳамманинг – зиёлиларимизнинг ҳам, халқимизнинг ҳам фахри. Шунинг учун бу борада ҳаракатлар бошланди. Ҳозир Тошкент Давлат дорилфунунининг араб тили кафедрасида бу ишга қўл урилмоқда. Диний идорамизда ҳам Қуръоннинг ўзбек тилидаги қисқача тафсирини чиқариш режаси тузиляпти.

– Классик адабиётимизда тасаввуф адабиётй жуда катта ўрин эгаллайди.

– Шундай.

– Фариуддин Аттор, Навоий, Жомий, Яссавий ва ҳоказо буюк шоирларимиз тасаввуфнинг вакиллари. Диний бошқарма томонидан уларнинг мажмуалари, девонлари чиқарилса, махсус шарҳлар берилса, китобсевар халқимизга тарқатилса деган орзуларимиз бор эди.

– Жуда яхши бўларди. Лекин бизнинг имкониятларимиз ҳозирги кунда жуда оз. Биз ҳали халқимизни бош диний адабиёт билан ҳам таъминлаб улгурганимизча йўқ. Мисол учун Қуръон ҳеч-ҳеч етишмайди. Ҳадис китоблари етишмайди. Оддий бошланғич диний таълим берадиган китобларни ҳам халқимизга етказиб беролганимиз йўқ. Агар биз олдимиздаги мана шу биринчи вазифани адо этиб улгурсак, ундан кейин, иншооллоҳ, сиз айтган бадиий меросимизга қўл урсак бўлади.

– Қуръондан ташқари Ислом фалсафасига оид яна қандай мумтоз асарларни ўқишга тавсия қилган бўлур эдингиз?

– Қуръондан кейин бизда ҳадис туради. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари. Ҳадисларни Қуръоннинг жонли таржимаси десак бўлади. Ва унга қўшимча шарҳлар десак ҳам бўлади. Ҳадиси шариф жуда чуқур маъноли, ҳар бир ўқиган инсон такрор ва такрор ўқиса ҳам малол келмайдиган, ҳар қайта ўқиганда яна янги-янги маъно касб этадиган мерос. Мана шуни мен ўқишга тавсия қилган бўлардим. Ундан кейин Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари – ҳаётий йўллари тўғрисидаги исломий китоблар бор. Умуман Исломга тааллуқли ҳар бир, китобда улкан-улкан маънолар бор. Ҳар қандай китобни ўқиган одам менимча зинҳор-зинҳор афсус қилмайди.

– Маълумки, халқимизда ватан туйғуси, миллатга ҳурмат туйғуси юксак фазилатлардан саналади. Эшитишимизга қараганда, Исломга бўлган эътиқод бундай туйғулар, тушунчалардан юқори турар экан. Шу тўғрими?

– Албатта, Ислом миллат, қабила ёки чегара деган тушунчалардан устун туради. Ислом кишининг миллатига, таиасининг рангига, насл-насабига қараб эмас, балки ҳар кимни инсонийлигига қараб улуғлайди. Шунинг учун Аллоҳнинг ҳузурида тақводор бўлган шахс улуғ ҳисобланади.

– Ҳар қандай миллат кишиси – тенг?

– Тенг. Тенгликка тенг, ҳатто Ҳадиси шарифда айтилганидек, тароқнинг тишлари қандоқ бўлса – шундоқ тенг.

– Алишер Навоий ва умуман классик шоирларимиз ёр, муҳаббат, васл деганда Худони, унинг жамолига етишишни назарда тутганлар деган мулоҳазалар учрайди. Шу ҳақдаги фикрингизни ўртоқлашсангиз.

– Жуда тўғри фикр бу. Тасаввуф аҳлларининг шеър ёзиш чоғида ўз рамзий белгилари бўлган. Ёр деганда Аллоҳни, май деганда Аллоҳнинг зикрини тушуниш ва бошқа ўзларига хос изтироблари бўлган. Мисол учун Умар Хайём жуда катта тасаввуф шоирларидан бири. У кишининг ижоди ҳам Аллоҳнинг муҳаббати, май деганда Аллоҳнинг зикри баёнида ёзилган шеърлардан иборат. Бу – рамзий шеърлар. Рамзнинг маъносини билганлар, чуқур ўрганганлар бу байтларнинг ҳақиқий маъносини англаб етади. Яқинда Иброҳим Ҳаққуловнинг шундай мақолаларини «Ёшлик» журналида ўқидим. Шунингдек, бу борада мен ҳурматли олимимиз Алибек оға Рустамовни мукаммал тушунадиган кишилардан деб биламан. Уйлаймизки, у киши ўзларининг келажак чиқишларида шу маънолардаги байтларни шарҳлаб сизларнинг ўқувчиларингизга ҳам тушунтириб берсалар – жуда катта хизмат қилган бўлар эдилар.

– Рамз ҳақида гапирдингиз. Нима сабабдан ҳилол ва юлдуз Исломнинг рамзи сифатида танланган. Улар нимани англатади?

– Бу Ислом рамзи эмас. Ҳилолнинг танланишида усмонийлар давридаги воқеалар сабаб бўлган. Кунстуния (Константинополь) шаҳрини ишғол қилиш пайтида: «Ҳилол кўринганда ҳужум бошлаймиз», деган шартли белги бўлган. Ҳилол кўринганда ҳужум бошланиб, ғалабага эришилгач уни ўзларига рамз қилиб олишган. Кейин усмонийлар Ислом юртларида бир неча йиллар ҳукмронлик қилишган. Шулар орқали ҳилол рамзи бутун Ислом оламига тарқалган.

– Ўтмишда яшаган буюк бобокалон алломаларимиз шубҳасиз дин илмини мукаммал эгаллашган. Шундай экан, ҳозирги диний бошқарма айни чоқда дунёвий илм марказига айланса. У ерда ҳозирги илм-фаннинг дунёвий миқёсидаги алломалари етишиб чиқишини орзу қилиш мумкинми?

– Яхши бўларди. Бу – бизнинг орзуимиз. Лекин бунга етишишнинг ўзи бўлмайди. Ҳозирги кунда диний ходимларни тайёрлашнинг ўзи қийин муаммо. Биз ҳозир дин ходимларига жуда ҳам чанқоқмиз. Шунинг учун бизнинг биринчи вазифамиз ҳозирги вақтда халқимизнинг диний хизматини қиладиғон кишиларни тезроқ, пухтарок, қилиб тайёрлаб бериш.

– Кечирасиз, диний ходимлар деганда малакали, илмий хизматчиларни назарда тутаяпсиз-да?

– Ҳа, малакали диний хизматчиларни тайёрлаб беришимиз керак. Агар улар етарли бўлиб, кейин имкониятлар янада кенгайса, бизда шароитлар вужудга келса, ҳалиги сиз айтаётган фикр жуда тўғри. Чунки ҳозирги кунда Ислом оламида мана шу нарсаларга жуда катта эътибор бериляпти. Динимизнинг руҳи ҳам аслида шу.

– «Известия» газетасида бир хабар чиқди: Уфада икки йиллик махсус диний курс ташкил этилибди. Саводли, малакали дин кишиларини етиштиришда шундай тажрибаларни бизда ҳам амалга оширишнинг иложи борми?

– Бу – бугунги қайта қуриш, ошкоралик, халқчилик сиёсатининг шарофати. Янги ўқув йилидан Боку Ислом ўқув юрти очилиши кўзда тутиляпти. Шунингдек, шимолий Кавказда, Тожикистонда бу борада ишлар олиб бориляпти. Бизда ҳам имкониятларимиздан келиб чиқиб зарур деб топсак – қилса бўлади. Лекин бизнинг ҳозирги биринчи вазифамиз – Бухоро ва Тошкентдаги ўқув юртларининг талабалари сонини икки баробар кўпайтириш.

– Хабарингиз бор: Салмон Рушди шариат талабига кўра олий жазога маҳкум этилди. Наҳотки ёзувчига шафқат кўрсатишнинг иложи топилмаса?

– Хў-ўш, Салмон Рушдига ўлим ҳукми Эрондан чиқарилди. Менга сиздан  бошқа кишилар ҳам бу саволни кўплаб беришди. Жавоб битта: у ҳам бўлса – мусулмонларнинг пайғамбарини, Қуръонни ёки динини ҳақоратлаш – мусулмонларни ҳақоратлаш билан тенг. Мусулмон киши ўзи ҳақоратланса чидайди, сабр қилади, лекин муқаддас нарсаларининг ҳақоратланишига асло чидамайди. Шунинг оқибатида Салмон Рушди ва унинг китоби атрофидаги воқеалар содир бўлди. Ўлим ҳукмига келсак, бунга аввалдан ўйлаб, вазиятни ўрганиб – Рушди ўзи ким, қайси шароитларда ёзди, нияти нима – шу нарсаларни ўрганиб туриб, кейин ҳукм чиқариш керак бўлади. Бу фикрни яқинда бўлиб ўтган Ислом мамлакатлари конференцияси иштирокчилари ҳам таъкидлашди. Бу конференция, яъни бутун мусулмон мамлакатларининг ташқи ишлар министрлари иштирокида ўтган анжуманда Эроннинг ҳукмига қўшилишмади. Қоралаш маъносида қўшилди, лекин ўлим маъносида қўшилишмади. Афсуски, бизда ҳам тўғри, тоза ниятда айтилган гапни тескари талқин қилувчилар учрайди. «Московские новости» ҳафталиги мухбири саволларига жавоб бергандим. Унда мусулмонларнинг ҳис-туйғусини, эътиқодини ҳақоратлашдан атеистлар эҳтиёт бўлсинлар, деган истак баён этилганди. Буни аксинча тушуниб, агар яна шунақа бўлса, мусулмонлар тўполон қиладими, Совет Иттифоқида ҳам атеистларни ўлимга ҳукм қиладими, деб талқин қилувчилар чиқиб қолди. Бу мутлақо нотўғри фикр.

– Муҳтарам муфтий ҳазратлари, юқорида ота-онанинг фарзандга муносабати хусусида мулоҳаза билдирдингиз. Энди фарзандларнинг ота-онага оқибати юзасидан сўзласангиз.

– Ота-она фарзанд томонидан энг юксак эъзозу ҳурматга сазовор инсонлар ҳисобланади. Бу тўғрида Қуръони Каримда, ҳадисда таълимотлар жуда кўп. Халқимиз ўртасида кенг тарқалган «Ота рози – худо рози» деган ҳикмат ҳам мана шу нарсадан келиб чиққан. «Жаннат онанинг оёғи остидадур» деган гап – ҳадис. Қуръон оятида айтиладики, ота-она ҳаттоинки бошқа динда бўлса ҳам – ҳурматини қилиш, оталигини ўрнига қўйиш, оналигини ўрнига қўйиш лозим. Шу ўринда таъкидлаб айтиш керакки, Исломда онанинг ҳаққи отаникидан кўра улуғ. Чунки отадан кўра она ҳомиланинг дунёга келишида, унинг тарбияланиб вояга етишида кўпроқ меҳнат қилиб, кўпроқ қийинчиликларни бошидан ўтказади. Шунинг учун онанинг ҳаққи отаникидан кўп. Ҳаттоинки, уч марта кўп деган таълимот – Ислом таълимотидир.

– Муҳтарам муфтий ҳазратлари, Сизга мўлжаллаган саволларимиз жуда кўп. Бугун шунча вақт ажратганингиз учун раҳмат. Журналхонларимиз номидан, ёшларимиз номидан сизга ташаккур. Суҳбатимиз пировардида, ўзингизнинг тасаввурингиздаги комил инсон таърифини келтирсангиз. Ҳозирги ёшларимизга кўнглингизда тугилиб ётган энг эзгу ниятларингизни ифода қилсангиз.

– Сизнинг барча саволларингизга батафсил жавоб берадиган бўлсак, улар бутун бошли китобга жо бўлур эди. Шу боис жавоб бераётганда мен журнал имкониятини ҳисобга олдим, албатта. Комил инсон таърифига келсак, мусулмонларнинг тушунчасида, комил инсон – Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам! Ҳар бир мусулмон ўша кишидан ўрнак олиб, у кишининг фазилатларини ўзига фазилат қилиб олишга уриниши зарур. Бизнинг замондош кишиларимиз, хусусан сизнинг журналингиз ўқувчилари бўлмиш ёшларнинг фазилатлари тўғрисида сўз келтирадиган бўлсак, улар аввалзамон инсонийликни, маънавий бойликни юқори даражада эгаллаган бўлишини, ўзлари оила-ю, халқи учун манфаатли кишилар, юксак маданиятли, юксак аҳлоқли, юксак одобли, ҳар бир кўрган, суҳбат қурган кишилар ҳавас қиладиган даражада, ўзлари ҳақида қайғурадиган кишилар бўлишини орзу қилиб қолардим.

(Тамом)

Биринчи мақола:
https://islom.uz/maqola/22087

Хуршид Дўстмуҳаммад суҳбатлашди.

«Ёш куч» журнали, 1989 йил, 8-сон.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жамолхон қори Камолхон ўғли 1941 йил Наманган вилояти Уйчи тумани Ёрқўрғон қишлоғи Хўжаобод маҳалласида таваллуд топганлар. Оталари Камолхон бува деҳқончилик давоми...

2757 17:00 / 05.08.2022
Ислом оламидаги буюк шахсиятлардан бири, Усмонийларнинг энг сўнги муфтийси, илм борасида, таҳқиқ майдонида замонасининг етук имоми бўлган Муҳаммад Зоҳид давоми...

2003 11:00 / 09.09.2022
Усома Азҳарий 1976 йил, 16 июлда Миср Араб Республикасининг Искандарийя шаҳрида дунёга келган. Президент қарори билан Усома Азҳарий 2014 йилдан бери Миср Араб давоми...

786 10:33 / 16 август
Бизнинг .Одоблар хазийнаси, деб номланган шарҳимизга асос бўлган .АлАдаб алМуфрад, китоби машҳур ватандошимиз имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий давоми...

11731 21:55 / 27.04.2017
Аудиолар

137271 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7535 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57344 14:35 / 11.08.2021