1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Муҳаммад Тибрийзий ва Мишкат ул-Масобийҳ асари

22:18 / 27.04.2017 4309 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У зотнинг тўлиқ исмлари, Валиййуд-дин, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хатиб ал-Амрий ат-Тибрийзий.

Тибрийз Озарбайжондаги шаҳарлардан биридир.

Муҳаммад ат-Тибризий ҳижрий 8-аср муҳаддис уламоларидан бўлиб, ҳозирча у кишининг батафсил таржимаи ҳоллари йўқ. Аммо, кўпчилик бу зотни илм ва тақво соҳиби деб зикр қилади.

У киши тўғрисида, устози "Мишкат ул-Масобийҳ"нинг шарҳловчиларидан бири, аллома Ҳасан ибн Муҳаммад ат-Тийбий: "У авлиёларнинг давомчиси, солиҳларнинг қутуби" деганлар.

"Мирқот ул-Мафотийҳ"нинг муаллифи Мулло Алий ал-Қорий эса: "У бизнинг мавломиз, аллома, ўта закий, ҳақиқатни баён қилувчи, нозик масалаларни равшан қилувчи, парҳезкор, тақводор шайхдир" деганлар.

Имом Тибризий ёзган асарларидан бизга, фақатгина "Мишкат ул-Масобийҳ" ва Ал-Икмал фи Асмаир Рижал" китоблари етиб келган.

У кишининг қачон туғилиб ва қачон вафот этганлари ҳақида аниқ бир маълумот йўқ. Лекин, ҳижрий 737-йилдан бир неча йиллардан кейин вафот этгани аниқдир. Чунки, У зот шу йилда "Мишкат ул-Масобийҳ" китобини мукаммал қилиб охирига етказгандир. Ат-Тийбий эса, бу киши ҳаётлик вақтларида ушбу китобга шарҳ ёзганлар.

Имом аз-Заркалийнинг айтишича, Тибризий ҳижрий 741- йил вафот этган.

"Мишкат ул-Масобийҳ" китобининг асли Имом Бағавийнинг "Масобийҳус сунна" асарига қайтади.

 Шу ўринда "Масобийҳус сунна" асари ҳақида ҳам озгина маълумот бериб ўтамиз.

Имом Бағавий "Масобийҳус сунна" китобида ҳадисларнинг ровийсини, санадларини зикр қилмаганлар. Ҳар бир бобни икки қисмга, яъни,"Сиҳаҳ" ва "Ҳисан" га бўлганлар.

"Сиҳаҳ" қисмида Имом Бухорий ва Имом Муслим биргаликда ёки икковидан бири ривоят қилган ҳадисларни келтирганлар.

"Ҳисан" қисмида эса, икки шайхдан бошқа ровийлар, яъни, Абу Довуд, Термизий, Насаий, Доримий, Ибн Можа, Аҳмад ва Байҳақий ва улардан бошқалар ривоят қилган ҳадисларни зикр қилганлар.

Имом Бағавий ўз китобларида заъиф, ғариб, мурсал ҳадисларга ишора қилганлар ва 18 та ҳадисни мавзуъликда айблаганлар.

"Масобийҳус Сунна" китобига бир неча шарҳлар, мухтасарлар ва тахрижлар ёзилган. Улардан:

1."Мухтасарул Масобийҳ", Абу ан-Нажийб Абдулқоҳир ибн Абдуллоҳ ас-Саҳарвардий (ҳижрий 563-йил вафот этган).

2."Ат-Талвийҳ фи шарҳил Масобийҳ", Муҳаммад ибн Муҳаммад Абулҳасан Алховароний (ҳижрий 571-йил вафот этган).

3."Ал-Муяссар", Шиҳабуддийн Фазлуллоҳ ибн Ҳасан ат-Турбуштий ал-Ҳанафий (ҳижрий 600-йил вафот этган).

4. Али ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад катта,ўрта ва кичик қилиб, учта шарҳ ёзганлар.

5."Туҳфатул Аброр", Қозий Носириддин Абдуллоҳ ибн Умар ал-Байзовий (ҳижрий 685-йил вафот этган).

6."Ал-Мафатийҳ фи шарҳил Масобийҳ", Музҳируддийн ал-Ҳусайн ибн Маҳмуд ибн ал-Ҳасан аз-Зийдоний (ҳижрий 727-йил вафот этган).

7. "Мишкат ул-Масобийҳ", Валиййуд-дин, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хатиб ал-Амрий ат-Тибрийзий (ҳижрий 741- йил вафот этган).

8."Лубабус Содр", Шайҳ Муҳаммад ал-Манавий (ҳижрий 746-йил вафот этган.

9."Кашфул Маноҳийж ват Таноқийҳ фи шарҳи аҳадис ал Масобийҳ", Содруддийн Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Шарофуддийн ибн Иброҳийм ас-Саламий ал-Манавий аш-Шафиъий (ҳижрий 748-йил вафот этган).

10."Зияул Масобийҳ",Тақийюддийн Али ибн Абдилкафий ас-Сабкий (ҳижрий 756-йил вафот этган).

11. Абу Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ал-Фазолий, Масобийҳдаги ҳадисларни ривоят қилган саҳоба ва тобеъинларнинг исмларини баён қилганлар.

12. Муҳаммад ибн Абдуллатиф ибн Абдулазиз ибн Молик ар-Румий, Масобийга шарҳ ёзган.

13."Ҳидаятур Рувот ила тахрижил Масобийҳ вал Мишкат", Шайхул Ислам Ибн Ҳажар Асқоланий (ҳижрий 852-йил вафот этган).

Демак, Муҳаммад Тибризий "Мишкат ул-Масобийҳ" асарини ёзишликда Абу Муҳаммад ал-Ҳусайн ибн Масъуд ал-Фаррои ал-Бағавий (ҳиж. 433-510.й.) нинг "Масобийҳус сунна" асарини асос қилиб олганлар. У киши  "Масобийҳус сунна" асарига ўзининг илмий ёндашуви сабабли уни мукаммаллаштириб, натижада "Мишкат ул-Масобийҳ" деб номладилар.

"Мишкот ул-Масобийҳ"нинг ўзбекча таржимаси "Чироқлар токчаси" деган маънони англатади. Ушбу асар "Мишкат ул-Масобийҳ" деб номланишлиги ҳақида, бу китобга шарҳ ёзган уламолардан бири,   ат-Тийбий шундай деганлар: "Бу ўринда исм ва маъно ўртасидаги муносибликка риоя қилинган. Яъни, ёруғлик токчада бўлса, нури жамланиб, жуда ҳам кучли ёритади, агар кенг жойда бўлса нури сочилиб кетиб ёритиши ҳам заъифлашади. Худди шунингдек, ҳадисларда ровийларни номларини зикр қилишдан беэътибор бўлинса, ҳадислар ҳам ёйилиб, сочилиб кетади, агар ҳадис ровийси билан зикр қилинса, ўз ўрнида мустаҳкам бўлади."

Шайх ад-Деҳлавий: "Мишкат" дегани чироқлар қўйиладиган девор тешиги эканини билдим. Китоб "Мишкат ул-Масобийҳ" деб номланишига сабаб, чироқ девор тешигига қўйилгани каби, масобийҳ китоби ҳам девор тешигига қўйилади ва девор тешигига қўйилган чироққа ўхшаш бу ҳам нур сочади ёки бу китобдаги зикр қилинган ҳадислар, ҳар бири чироққа ўхшайди, бу китоб эса бир неча чироқлар қўйилган девор тешигига ўхшайди" деганлар. 

Имом Тибризий "Масобийҳ"нинг соҳиби зикр қилмаган баъзи  нарсаларни баён қилдилар. Ҳадисларнинг ровийларини ва махражларини баён қилдилар. Ҳар бир бобни уч фаслга қисмладилар.

Биринчи фасл: Бу фаслда икки шайх, яъни Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисларни баён қилганлар ва"Масобийҳ" соҳиби Имом Бағавий келтирган "минас сиҳаҳ" деган лафзни ўрнига "Ма ахражаҳуш-Шайхан ав аҳадаҳума"деган жумлани ишлатганлар. Агар ҳадиснинг ривоятида ёки тахрижида бошқа кишилар ҳам шерик бўлган бўлсалар ҳам, бу икки шайхнинг даражаси ортиқ бўлганлиги сабабли икковининг зикри билан кифояланганлар.

Иккинчи фасл: Бу фаслда икки шайхдан бошқа ровийлар ривоят қилган ҳадисларни зикр қилганлар ва Имом Бағавий "минал ҳисан" деган лафзларини ўрнига "Абу Довуд, Термизий, Насаий, Доримий, Ибн Можа ривоят қилган" деб айтганлар. Чунки "Масобийҳ"да зикр қилинган ҳадислар ушбу етти муҳаддиснинг китобларидан ташқарига чиқмаган.

Учинчи фасл: Имом Тибризий бу фаслда бобнинг маъносига далолат қилган ҳадисларни баён қилганлар. Агар ҳадислар "марфуъ" бўлмасдан "мавқуф" ёки "мақтуъ" бўлса ҳам, ҳадисларни ривоят қилган саҳобалар ва тобеъинларнинг номларини ва ҳадисларнинг махражларини зикр қилиш билан қўшимча фойда бўлиш учун бобга бу фаслни қўшганлар.

"Мишкат ул-Масобийҳ" да жами 6294 та ҳадис келган бўлиб, шундан 1511 тасини Муҳаммад Табризий "Масобийҳ"даги ҳадисларга зиёда қилганлар. У "Масобийҳ"даги баъзи хатоларни тўғрилаганлар. Мисол учун, баъзи ўринда икки шайх зикр қилмаган ҳадислар "минас сиҳоҳ" ёки улар зикр қилган ҳадислар эса "минал ҳисан" деб айтилган. Китобни тўғрилаб тартиблаганлар. Тартиблашда Имом Бағавийнинг тартибига хилоф қилмаганлар.

Муҳаммад Тибризий "Мишкат ул-Масобийҳ" китобини ҳижрий 737- йили Рамазон ойининг жумъа куни жамлаб бўлганлар.

"Мишкат ул-Масобийҳ" ҳадис борасида мукаммал китоб бўлди, натижада уламолар бу китобни хурсандлик билан қабул қилишди ва ўзлари ўқишди ва шогирдларга ҳам таълим беришди.

Бу китобга бир неча шарҳлар ёзилди. Улардан:

1. "Ал-Кашиф Ан Ҳақоиқис Сунан", Ҳасан ибн Муҳаммад ат-Тийбий (ҳижрий 743- йил вафот этган).

2. "Минҳаж ул-Мишкат", Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Абдулазиз ал-Абҳарий (ҳижрий 895- йил вафот этган).

3. "Мирқот ул-Мафотийҳ шарҳу Мишкат ал-Масобийҳ", Мулло Алий ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий (ҳижрий 1014- йил вафот этган).

4. "Шарҳуж Журжоний" (ҳижрий 816- йил вафот этган).

5. "Фатҳул Илаҳ фи Шарҳил Мишкат", Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий (ҳижрий 974- йил вафот этган).

6. "Нужумул Мишкат", Ас-Содиқ Аш-Шариф.

7. "Ҳашияту Мишкатул Масобийҳ", Жалалуддийн Ал Карланий.

8. "Танқийҳур Руват фи аҳадисил Мишкат", Ал-Мавлавий Ас Саййид Аҳмад Ҳасан.

9. "Ат-Таълийқ ас-Собийҳ ала Мишкат ал-Масобийҳ", Муҳаммад Идрийс ал-Кандиҳлавий.

10."Мирқот ул-Мафатийҳ", АбулҲасан Убайдуллоҳ ибн Муҳаммад Абдус Салам ал-Мубарокафурий.

"Мишкатул Масобийҳ "ни бир неча кишилар мухтасар қилиб, китоб қилганлар. Улардан:

1."Сирожул Ҳидоя", Сирожуддийн Ҳусайн ибн Баҳауддийн Шаҳажҳанабазий.

2."Ар Роҳматул Миҳдат такмилатул Мишкат", Нурул Ҳасанхон ибн Содиқ ибн Хон.

Мадаминов Шокиржон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исмоил қори милодий 1885 йили Сардоба даҳасининг Исоқ чўян маҳалласи ҳозирги Навоий кўчаси 46уйда таваллуд топди. Отаси ndash Нормирза кулолчилик билан шуғулланган давоми...

2077 23:06 / 07 август
Икки қабилани яраштириш, сулҳга чақириш учун карвонда кетаётганларида ҳамроҳлардан бири қаршиларида йиртқич шер борлиги, унинг ҳамласидан қутулиш учун давоми...

2953 20:00 / 26.06.2021
Умарали Эшоннинг оиласи ва фарзандлари ҳақидаБиз ўз бобокалонимиз тарихини излаб жуда кўп суриштирув ишларини олиб бордик. Умарали эшон яшаган даврдаги бошқа давоми...

1804 18:00 / 18.10.2021
19 аср охирларида Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Заркент маҳалласи ҳозирги Ахси кўчасида истиқомат қилувчи Абдулғофур маҳдум Ғофур қори хонадонларида иккинчи давоми...

2167 15:30 / 07.02.2022
Аудиолар

137273 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7535 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57347 14:35 / 11.08.2021