1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Сунний талоқ

11:00 / 28.02.2023 2873 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Талоқнинг ҳасани – яхшиси (сунний ҳам дейилади) духул қилинмаган аёлни, ҳайзида бўлса ҳам, бир талоқ қўйиш; духул қилинган аёлни, у ҳайз кўрадиган бўлса, уч талоқни биттадан, яқинликсиз уч покликда; кичиклиги ёки ноумид бўлганлиги учун ҳайз кўрмайдиган ва ҳомиладор бўлса, яқинлик қилган бўлса ҳам, уч ойда қилишдир.

Талоқнинг иккинчи тури «ҳасан талоқ» бўлиб, у «сунний талоқ» деб ҳам аталади. Бунда аёлнинг духул қилинган ёки қилинмаганлигига, яъни ақди никоҳдан кейин эр унга яқинлик қилган ёки қилмаганлигига ҳамда ҳайзу нифос кўриш ёки кўрмаслигига қараб, турли ҳолатлар бўлади.

Агар аёл духул қилинмаган бўлса, ҳайзда бўлса ҳам, уч марта алоҳида-алоҳида талоқ қилиш «сунний талоқ» бўлади.

Аёллар ёши кичик ёки катта бўлганлиги, шунингдек, ҳомиладор бўлганликлари учун ҳайз кўрмайдилар. Бундай аёллар уч ойда биттадан талоқ қилинсалар, сунний талоқ қилинган бўладилар.

Ҳайз ва нифос кўрадиган аёлларга нисбатан «сунний талоқ» – хотини ҳайз ва нифосдан пок бўлганидан сўнг жинсий яқинлик қилмай туриб, бир талоқ қўйишдир.

Яна ҳайз кўрганидан сўнг, жинсий алоқа қилмай туриб, яна бир талоқ қўйилади. Шундай қилиб, учинчи мартадан кейин уч талоқ бўлади.

Талоқнинг сунний – шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши учун унда иккита шарт мавжуд бўлиши керак.

Биринчи шарт:

Талоқ аёл киши ҳайз ёки нифосдан пок бўлганидан кейин, унга жинсий яқинлик қилмай туриб, қилиниши шарт.

Аёлларнинг иддаси ҳайз ёки нифосдан кейин бошланади. Шунинг учун ҳайз ва нифос вақтида хотинни талоқ қилиш ҳаром бўлади. Аллоҳ таолонинг амрига хилоф бўлган ҳар бир иш ҳаромдир. Бунинг устига, аёл киши ҳайз ёки нифос кўриб турган пайтида нозиклашиб, оғир ҳолатни бошидан кечираётган бўлади. Ўшандай вақтда уни талоқ қилиш дард устига чипқон бўлади.

Шу билан бирга, ҳайз ва нифос пайтида эр хотинига яқинлаша олмай, нафрат қилиб турган бўлади. Уни талоқ қилиши осон бўлиб қолади. Энг муҳими, ҳайз ва нифос вақтида талоқ қилиб бўлмайди, сабр қилиб турай, деб кутиб туриб, ўша вақт келгунича аччиғидан тушиб, ниятидан қайтиб, талоқ қилмай қўйиши мумкин. Бу эса айни муддаодир.

Аёл кишини ҳайз ёки нифос кўриб турган пайтда ва жинсий яқинлик содир бўлган поклик даврида талоқ қилиш ҳаромдир. Ким бу ишни қилса, катта гуноҳ қилган бўлади. Аммо, шу билан бирга, тўрт мазҳаб бўйича ҳам ушбу ҳолатда талоқ тушиши таъкидланган.

Иккинчи шарт:

Талоқнинг сунний – шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши учун зарур бўлган шартлардан иккинчиси, талоқнинг биттадан ортиқ бўлмаслигидир.

«Сунний талоқ», бошқача қилиб айтганда, шариатда рухсат берилган талоқни ўрганиш жараёнида шунга амин бўламизки, Исломда, нима қилиб бўлса ҳам, оилани сақлаб қолиш, ажрашишга қатъий қарор бўлганда ҳам, талоқ тушишининг, ярашиб бўлмайдиган ҳолга келишнинг олдини олишга ҳаракат қилинади. Шунинг ўзи ҳам шариатда оилани сақлаб қолишга жуда катта эътибор берилганининг тасдиғидир. Ушбу юқоридаги сатрларда зикри келган талоқдан бошқа талоқ шариат истамаган талоқ бўлади. Жумладан, ҳозир у ҳақида баҳс юритадиганимиз – «Бидъий талоқ» ҳам.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абул Асвад Дуалий хотини билан фарзанд борасида хусуматлашиб қозининг ҳузурига борди. Қози унга сўз берди. Абул Асвад деди Бола меники. Чунки уни аввал мен давоми...

5435 14:00 / 01.08.2022
Барра бинти Ҳорис бу шартномадан кейин ўша келишилган миқдордаги тиллани топиш пайига тушди. Бу мақсадга эришиш учун нима қилиш кераклигини у яхши билар эди. давоми...

2370 20:05 / 14.09.2019
islom.uz middot 68 ndash Oтаонанинг ҳақлари2Отаонанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар ва ҳадислар бу борада дунё тарихида мисли кўрилмаган олиймақом давоми...

2312 15:30 / 02.06.2020
Отаоналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар, жамиятдаги етакчи доираларнинг ёш авлодни оилали қилиш борасидаги бурчлари уларни никоҳлаб қўйиш билан давоми...

7785 15:00 / 10.02.2019