1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Таълийқ ҳақида

11:00 / 11.03.2023 2144 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Таълийқ» сўзи «илиш» ва «боғлаш» маъноларини англатади. Талоқни бирор нарсага боғлаб қўйиш «талоқни таълийқ қилиш» ёки «муаъллақ талоқ» дейилади.


Бунда талоқ келажакда бирор ишнинг содир бўлишига боғланган бўлади. Мазкур боғлаш «агар», «қачонки», «вақтики» каби шартни ифода қилувчи лафзлар билан бўлади.


Талоқ боғланган иш ихтиёрий иш бўлиб, у эрга нисбат берилган бўлиши мумкин. Мисол учун, «Агар фалон ишни қилсам, хотиним талоқ бўлсин» каби.


Ихтиёрий иш хотинга боғланган бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, «Агар фалон ишни қилсанг, талоқсан» каби.
Ёки ихтиёрий иш учинчи шахсга боғланган бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, «Агар отанг фалон гапни айтса, талоқсан» каби.


Талоқ боғланган иш ғайри ихтиёрий бўлиши ҳам мумкин. Қуёш чиқиши, бировнинг ўлиши, ойнинг бошланиши каби.
Мазкур ҳолатларнинг барчасида боғланган иш содир бўлиши билан талоқ тушади.
Талоқни мазкур сифатда бирор нарсага боғлиқ қилиб қўйиш «таълийқ» дейилади.
Таълийқнинг тўғри бўлиш шарти – у мулкка ёки унга нисбат берилган нарсага қилинган бўлиши керак.
Яъни, талоқни таълийқ қилиш учун никоҳ мулкига (ҳуқуқига) эга бўлиш шарт. Ўз никоҳида бўлмаган аёлни талоқ қила олмаганидек, унинг талоғини таълийқ ҳам қила олмайди.


Шунингдек, таълийқнинг тўғри бўлиши учун мулкка нисбат берилган нарса бўлиши лозим. Мисол учун, «Сени никоҳимга олсам, талоқсан» каби. Шунда ҳалиги аёлни никоҳига олса, талоқ тушади.
Унинг лафзлари «агар», «қачон», «қачондир», «вақтики», «вақтидирки», «ҳар бир», «ҳар доимки»дир.
Ушбу лафзларнинг арабчаси талоқни таълийқ қилишда кўпроқ ишлатилгани учун фуқаҳолар кўпроқ улар ҳақида баҳс юритадилар.


Мулкнинг зоил бўлиши таълийқни ботил қилмайди.
Яъни, талоқни бир нарсага боғлаганидан кейин бир муддат никоҳ мулки эрнинг қўлидан чиқиши билан таълийқнинг кучи кетиб қолмайди. Мисол учун, бир киши ўз хотинига: «Фалончиникига кирсанг, талоқсан», деди. Сўнгра хотин ўша ерга кирмасдан туриб, уни бир талоқ қилди. Шу билан ундан никоҳ мулки зоил бўлди. Аммо, дарҳол ражъат қилиб, хотинини ўзига қайтариб олди. У яна икки талоқ ҳаққи ила никоҳ мулкига эга бўлди. Шундан кейин хотин ҳалиги жойга кирса, талоқ тушади.


«Ҳар доимки»дан бошқада шарт мулкда бир марта вужудга келса, таълийқ ечилиб, жазо лозим бўлади.
Яъни, «ҳар доимки» деган таълийқ лафзидан бошқа лафзлар ила шарт қўйилса ва хотин эрнинг никоҳ мулкида турганида ўша шарт воқеъ бўлса, таълийқ тугайди ва унга белгиланган жазо лозим бўлади.
Мисол учун, бир киши ўз хотинига: «Агар фалончиникига кирсанг, талоқсан», деса ва хотини ўша ерга кирса, талоқ тушади ва таълийқ ечилади.


Агар таълийқ мулкдан ташқарида вужудга келса, у ечилади ва жазо лозим бўлмайди.
Эр ўз хотинига: «Агар фалончиникига кирсанг, талоқсан», деса ва хотини у ерга кирмай туриб, уни талоқ қилса, хотинининг иддаси чиқиб, эрнинг никоҳ мулкидан ташқарида туриб, ўша ерга кирса, таълийқ ечилади. Кейин эр уни қайта никоҳлаб олса, таълийқнинг кучи қолмаган бўлади ва хотин мазкур ерга кирса, бўлаверади.
Эр хотинига: «Агар фалончиникига кирсанг, уч талоқсан», деди. Бу мушкулдан қутулишнинг йўли қуйидагича: Эр хотинини бир талоқ қўяди. Иддаси чиққанидан кейин хотин ҳалиги жойга киради. Шу билан таълийқ ечилади. Кейин эр хотинини қайта никоҳлаб олади ва икки талоқ ҳаққи билан яшайверади.


«Ҳар доимки»да уч талоқдан сўнг таълийқ ечилади ва бошқа эрдан ажрагандан кейин никоҳлаб олса, талоқ тушмайди. Илло, мазкур лафз «уйланиш» сўзига қўшилган бўлса, бундан мустасно.


Эр хотинига: «Ҳар доимки сен фалончиникига кирсанг, талоқсан», деб айтди. Бу ҳолатда хотинга уч талоқ тушгунча таълийқнинг кучи тураверади. Хотин ўша жойга уч марта кирса, унга биттадан учта талоқ тушади. Шундан сўнггина таълийқ ечилади. Агар аёл бошқа эрга тегиб, ундан ўлим ёки талоқ орқали ажрашиб, иддаси чиққанидан кейин аввалги эрга қайта тегса ва мазкур ерга кирса, талоқ тушмайди.


Илло, эркак бир аёлга: «Ҳар доимки сенга уйлансам, талоқсан», деган бўлса, унга уйланиши билан талоқ тушаверади.
Агар шартнинг вужудга келиши ҳақида ихтилоф қилиб қолсалар, эрнинг гапи ўтади. Аммо, аёлнинг ҳужжати бўлса, унинг гапи ўтади.


Талоқ таълийқ қилинган шарт вужудга келгани ёки келмаганлиги ҳақида эр ва хотин ихтилоф қилиб қолдилар. Хотин: «Ўша шарт вужудга келди», демоқда, эр эса инкор қилмоқда. Шу пайт эр қасам ичса, қози унинг гапини қабул қилади. Чунки бундай ҳолатларда инкор қилувчининг гапи қасам ила қабул қилинади. Аммо, аёл ўз гапининг ҳақ эканига ҳужжат-далил келтирса, унинг гапи қабул бўлади.


«Агар ҳайз кўрсанг, сен ҳам, фалончи ҳам талоқ» деганга ўхшаш фақат хотиндан бошқадан билиб бўлмайдиган шартда аёлнинг гапи фақат ўзи ҳақида қабул қилинади. Бас, уч кундан кейин ўша(уч кун)нинг аввалида талоқ тушганлиги ҳақида ҳукм қилинади».


Яъни, аёл «Ҳайз кўрдим», деган хабарни айтса, ўзига талоқ тушади. Аммо, фалончига тушмайди.
«Агар тўлиқ бир ҳайз кўрсанг», деганда покланганидан кейин талоқ тушади. Чунки ҳайз кўрган аёл ундан пок бўлмагунича ҳайзи тўлиқ бўлмайди.


«Агар битта ҳайз кўрсанг»да пок бўлган пайтда талоқ тушади.
«Агар бир кун рўза тутсанг»да «Агар рўза тутсанг»дагига хилоф ўлароқ, қуёш ботганда тушади.
«Агар рўза тутсанг, талоқсан», деганда эса рўза тутишни бошлаши билан талоқ тушади.
Агар эр ўғил бола туғилишига бир талоқни, қиз бола туғилишига икки талоқни таълийқ қилган бўлса, аёл иккисини туғса ва қай бири олдин туғилгани билинмай қолса, қозилик ҳукми бўйича бир, эҳтиёт учун икки талоқ бўлади. Идда иккинчи фарзанд туғилиши билан тугайди.


Яъни, қози «Бир талоқ», деб ҳукм чиқараверади. Аммо, ўзлари гуноҳкор бўлиб қолмасликлари учун эҳтиёт сифатида икки талоқ деб ҳисоблайдилар.


Агар икки нарсага таълийқ қилса ва уларнинг иккинчиси хотин унинг ихтиёрида турганда воқеъ бўлса, талоқ тушади.
Эр хотинига: «Аҳмадга ва Тошматга гапирсанг, талоқсан», деб қўйган бўлса ва аёл иккисига гапирмаса, юраверадилар. Агар эр уни талоқ қилса ва иддаси чиққанидан кейин аёл Аҳмадга гапирса, талоқ тушмайди. Эр хотинни ўзига қайта никоҳлаб олганидан кейин аёл Тошматга гапирса, талоқ тушади. Чунки у эрнинг ихтиёрида туриб, гапирди.


Танжийз таълийқни ботил қилади. Агар таълийқ қилиб туриб, ундан кейин танжийз – бевосита талоқ қилса ва аёл бошқа эрга текканидан кейин яна унга қайтиб келса ҳамда шарт воқеъда содир бўлса, талоқ тушмайди.
Бир эр хотинига: «Фалон ишни қилсанг, уч талоқсан», деди. Кейин хотини ўша ишни қилмасдан аввал эри уни уч талоқ қўйиб юборди. Хотин бошқа эрга тегди. Ундан ажрашиб, яна аввалги эрига тегди. Кейин мазкур ишни қилди. Талоқ тушмайди. Чунки аввалги бевосита қилинган талоқ таълийқни ботил қилган бўлади.
Агар гапига «иншааллоҳ»ни қўшса, у ботил бўлади.


Яъни, «Фалон ишни қилсанг, иншааллоҳ, талоқсан» деса, гапи ботил бўлади ва аёл ўша ишни қилса, талоқ тушмайди.
Чунки Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссаломга «Иншааллоҳ, менинг сабр қилувчилардан эканимни топасан», деганлар ва сабр қилмаганлар.


«Бахтиёр оила» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Никоҳ, деб аталган муқаддас алоқа фақат келин ва куёвнинг икковлари ўртасидаги робитадангина иборат эмас. Балки бу робита уларнинг ортида турган отаоналари, оила давоми...

2790 17:45 / 31.08.2019
Бизнинг тилимизда .одоб, тарзида талаффуз қилинишга одатланиб қолинган арабча .адаб, сўзи, аслида, .маъдаба, ўзагидан олинган. .Маъдаба, сўзи одамлар даъват давоми...

2458 15:45 / 28.03.2020
Аллоҳ таоло биринчи инсон Одам отани лойдан яратди. Бу ҳақда У Зотнинг Ўзи .Муъминун, сурасида шундай деб марҳамат қилади .Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой давоми...

3844 19:35 / 01.10.2019
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргани келдилар. Шунда ичкаридан қизлари Оиша розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳга овозларини давоми...

2583 13:24 / 17 январь