1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ботил гап айтмаган саҳоба

14:00 / 20.01.2023 2431 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу саҳобанинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Равоҳа ибн Саълаба ибн Имриул-Қайс розияллоҳу анҳудир. Куняси – Абу Муҳаммад, унвони – «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шоири». Отаси Равоҳа ибн Саълаба ибн Ҳорис Ҳазражий, онаси Кабша бинти Воқид ибн Амр ибн Итноба эди. Ўн икки раҳбардан бири бўлган. Етмиш саҳоба билан Ақоба байъатида иштирок этган. Бадр, Уҳуд, Хандақ, Ҳудайбия, Хайбар ва бошқа ғазотларда қатнашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр ғазотида бўлганларида Мадинада ўринбосар бўлиб қолган.

Мадинада туғилган буюк саҳобалардан бири бўлмиш Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Ҳазраж қабиласига мансуб эди. Иккинчи Ақаба кунида атоқли саҳоба Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу даъвати билан мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилган. Ҳижратдан кейин Миқдод ибн Асвадий билан қиёматли дўст бўлди. Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котибларидан эди.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа жоҳилият пайтида котиб ва шоир бўлган. Исломга кирганидан сўнг бутун истеъдодини ва ижодий кучини дин равнақига бағишлади. Кучли нотиқ ва буюк шоир бўлган бу саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга шеър йўли билан ҳужум қилган шоирларга жавоб шеърлари ёзарди. Ундан ташқари, Каъб ибн Молик ва Ҳассон ибн Собит каби мусулмон шоирлари, керак бўлиб қолганда, дин душманларини ҳажв қилишарди. Қуръони Каримнинг қуйидаги оятлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни чин дилдан суювчи ушбу уч шоир ҳақида нозил бўлгани борасида тафсир китобларида айтилади:

«Шоирларга эса гумроҳлар эргашур. Уларнинг ҳар водийда дайдишини ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишини кўрмадингми? Аммо иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар мустаснодир. Зулм қилганлар эса қайси қайтиш жойига қайтишларини тезда билурлар» (Шуаро сураси, 224 – 227-оятлари).

Абдуллоҳнинг шеърлари ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурайш мушрикларига қарши ўқ ёмғиридан таъсирлироқ», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга бирор иш буюрсалар, у ўша топшириқни зудлик билан амалга оширар, бирор нарсадан қайтарсалар, дарҳол ўша нарсани тарк этар эди. Ривоят қилишларича, бир куни Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида олдиларига келиб қолади. У зотнинг «Ўтиринглар!» деганларини эшитиб, шу заҳотиёқ масжид ташқарисидаги келган жойига ўтиради. Хутбадан сўнг бўлган воқеадан хабар топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ва Унинг Расули итоатига бўлган ташналигингни Аллоҳ зиёда қилсин», дейдилар. Яна бир сафар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларнинг энг яхшиси Абдуллоҳ ибн Равоҳадир», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу обид киши эди. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда бундай дейилган: «Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ғазотда эдик. Иссиқнинг зўридан саҳобалар қўлларини бошларига қўйиб юришарди. Ўша вақтда орамизда фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абдуллоҳ ибн Равоҳагина рўзадор бўлишарди. Вафотидан сўнг Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг аёли билан турмуш қурган киши ундан: «Олдинги эринг қандай амалларни кўп бажарар эди?» деб сўраганида «Абдуллоҳ уйдан чиқаётганида ва уйга қайтаётганида ҳамиша икки ракат нафл намоз ўқир эди, буни ҳеч қачон тарк этмаган», деб жавоб берган экан.

Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг дўсти Абу Дардонинг мусулмон бўлишида алоҳида хизмати бор. Абу Дардо Мадинада дўкондорлик қиларди. Бир куни дўконига савдо қилгани кетганида дўсти Абдуллоҳ ибн Равоҳа уникига келиб, аёлидан ичкарига киришга изн сўраб ижозат олгач, тўғри Абу Дардонинг бут-санами жойлашган хонасига кирди. Қўйнидаги болғасини чиқариб, зарб билан бутнинг бошига туширди. Кейин «Аллоҳдан бошқа барча ибодат қилинадиган нарсалар ботилдир», деб пичирлаганча бутни майда-майда қилиб парчалай бошлади. Кўп ўтмай Абу Дардо уйга қайтди. Бутхона эшиги олдида қўрқувдан тинмай йиғлаётган хотинидан нима бўлганини сўради. У содир этилган воқеани сўзлаб берди. Эр буни эшитгач, ғазаб отига минди, аччиқ устида дўстидан ўч олишга шайланди. Бўлган воқеа ҳақида бироз ўйлаб кўриб, шаштидан тушди. Кейин Ибн Равоҳани топиб, унинг ҳамроҳлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига жўнади ва у зот ҳузурларида Аллоҳнинг динига кирганини эълон қилди.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Хайбарга қўриқчи қилиб юборилган эди. Ҳижрий 8 (милодий 629) йили Мутъа урушида шаҳид бўлгунича ўша ерда қўриқчи бўлиб қолган.

Мутъа жангига кетишдан олдин йиғлаган Абдуллоҳдан кўз ёшининг сабабини сўрашганда: «Менинг дунёга муҳаббатим, сизлардан эса даъвом йўқдир. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «(Эй Муҳаммад,) айтинг: «Ким залолатда бўлса, Роҳман унга муҳлат бериб қўйсин. Токи ўзларига ваъда қилинган нарсани – азобни ёки қиёматни кўрганларида, кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари кучсизроқ эканини албатта билурлар», дегин» (Марям сураси, 75-оят) оятини эшитгандим. Оятда айтилганидек, жаҳаннамга тушсам, ҳолим нима кечишини ўйлаб йиғлаяпман».

Абдуллоҳ ибн Равоҳа Мутъа жангида шаҳид кетади. Ундан ташқари, Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар Содиқ ҳам ҳалок бўлишади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу уч саҳобанинг ўлими ҳақида хабар келтирилганда чуқур қайғу ва ғамга ботдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳақида: «Биродарингиз ҳеч ботил гап айтмайди», дея марҳамат қилганлар.

Аллоҳ Абдуллоҳ ибн Равоҳани раҳматига олган бўлсин!

 

Муниба Аҳмад қизи

«Ҳилол» журналининг 8(41) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уҳуд урушида эса Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу жангнинг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бири бўлдилар. . . Али розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

711 18:41 / 23 апрель
Форслар Мадоинни ташлаб, Жалво номли томонга қочдилар. Улар бирлашиб, ўзларига Меҳрон исмли одамни бошлиқ қилдилар ва шаҳар атрофига хандақ қазиб, ҳимояга давоми...

1402 13:59 / 24 июнь
учинчи мақола Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча жангларда ихлос билан иштирок этиб, ўзларининг давоми...

1794 09:00 / 16.07.2023
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларФАДАҚ ВОҚЕАСИ 22қисм Фадақ воқеаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу давоми...

4408 16:49 / 20.04.2017