1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Шиддатдан кейин фаровонлик келади (ўн иккинчи мақола)

18:46 / 26 май 1744 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Форс подшоҳи Яздажирни Исломга чақириш учун ашрофлардан тарғиботчилар юбордилар. Уларнинг ичида Нўъмон ибн Муқаррин, Қайс ибн Зарора, Ашъас ибн Қайс, Фурот ибн Ҳайян, Осим ибн Амр, Амр ибн Маъдийкариб ва Муғийра ибн Шўъбалар бор эди. Улар Мадоинга етганларида Яздажирнинг олдига киритишди. Яздажир таржимон орқали:

«Сизларни бизга жанг қилишга, юртимизга киришга нима ундади? Биз сизлардан машғул бўлиб қолганимиз учун сизлар бизга ҳамла қилишга журъат қилдингизми?» деди.

Мусулмонлар номидан Нўъмон ибн Муқаррин гапирди:

«Аллоҳ бизларга раҳм қилиб, бизни яхшиликка амр қиладиган ва ёмонликдан қайтарадиган пайғамбар юборди. У зот бизга, агар ижобат қилсак, бу дунё ва охират саодатини ваъда қилди. У зот қай бир қабилани тарғиб қилса, албатта, бир фирқаси яқин бўлиб, бир фирқаси узоқ бўлди. Сўнгра у зот ўзларига хилоф қилган арабларни тарғиб қилишимизни амр қилдилар. Бас, биз бошладик ва улар ноилож қолиб ёки иштиёқ қилиб кирдилар. Биз ҳаммамиз у зот келтирган нарса ўзимиздаги адоват ва торликдан афзал эканлигини билдик. Сўнгра у зот бизга қўшни бўлган умматлардан бошлаб, уларни инсофга чақиришимизни амр қилди. Биз сизларни ўз динимизга чақирамиз. У барча яхшини яхши ва ёмонни ёмон қилган диндир. Агар бош тортсангиз, иш ёмон бўлади. Ёмоннинг енгили жизядир. Агар бош тортсангиз, уруш қиламиз. Агар сиз бизнинг динимизга ижобий жавоб берсангиз, ичингизда Аллоҳнинг Китобини қолдирамиз. Унинг ҳукмини қоим қилгунингизча турамиз. Сўнг сизни ҳам, юртингизни ҳам ўз ҳолингизга қўйиб, қайтиб кетамиз. Агар жизя берсангиз, сизларни ҳимоя қиламиз. Булар бўлмаса, сизлар билан уруш қиламиз», деди.

Яздажир:

«Мен дунёда сизларчалик бадбахт, сони оз ва ўзаро алоқаси ёмонларни билмайман. Биз сизларга чет қишлоқларимизни вакил қилар эдик. Улар сизнинг ишингизга кифоя қилар эдилар. Форсга қарши турамиз, деб тамаъ қилманглар. Агар сизларга ғурур етган бўлса, бизга ғурурларингиз кетмайди. Агар қаҳатчиликка учраган бўлсангиз, ҳосилдорликка етиб олгунингизча қуту ла ямут бериб турамиз, сизларни икром қиламиз, кийинтирамиз, меҳр кўрсатадиган подшоҳга топширамиз», деди.

Шунда Қайс ибн Зарора:

«Аммо сен зикр қилган ёмон ҳолат худди сен васф қилгандек ва ундан ҳам баттар эди. Аллоҳ таоло раҳм қилиб, уларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. «Ихтиёр қил: ёки бўйсунган ҳолингда жизя беришни ёки қилични ёки жонингга Ислом ила нажот бер», деди.

Яздажир:

«Агар элчиларни ўлдириш мумкин бўлганида, сизларни албатта қатл қилар эдим. Ҳузуримда сизларга ҳеч нарса йўқ», деди.

Сўнгра у бир кўтарим тупроқ келтиришни буюрди ва ўз одамларига:

«Уни анавиларнинг энг улуғига ортиб қўйинглар! Сўнгра уни токи Мадоиннинг эшигидан чиққунича ҳайдаб боринглар!» деди.

Шунда Осим ибн Амр ўрнидан туриб:

«Мен улуғлариман», деди ва тупроқни олиб, кўтариб чиқиб, уловига минди. Саъднинг ҳузурига етганида:

«Суюнчи бер! Аллоҳ бизга уларнинг мулкининг жиловини берди!» деди.

Форсларнинг юз мингдан ортиқ ададга эга бўлган Рустам бошчилигидаги аскари Қодисия номли ерга тушди. Орада кўприк бор эди.

Рустам мусулмонлар томон ўз элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини тополмай, анча вақт овора бўлишди. Чунки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасида ерда ўтириб, гаплашаётган ҳолда топдилар.

Ўзларини таништирган элчилар Форс жамияти раҳбарларининг мусулмонлар вакили билан гаплашмоқ­чи эканлигини билдиришди.

Саъд ибн Абу Ваққос орқаларига шундай қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Робиъ ибн Омир исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга:

«Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», дедилар.

Робиъ розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб, от устига сакраб минди ва элчиларга қараб:

«Кетдик!» деди.

Элчилар лол бўлиб туриб қолдилар. Бир жулдур кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»га қарашди. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга:

«Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:

«Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар.

Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушдилар. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошладилар. Мусулмонларнинг вакили Робиъ розияллоҳу анҳу эса уларнинг бу кулгили ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай, ичкарига кирди. У қиличини қинига солиб, тақиб олган, қўлида найзаси бор эди. У оти билан гиламнинг устига чиқди. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, уни от устидан тортиб олишди ва улуғлари олдига от миниб бориб бўлмаслигини англатишди.

Робиъ ибн Омир розияллоҳу анҳу отини ўша ердаги болишлардан иккитасига боғлади. Арқонини ҳам ўша ерга қўйди. Сўнгра тўқимини олиб, тахлади. Унга «Силоҳингни қўй», деб ишора қилишди. У:

«Ўзимча келганимда, амрингиз ила иш қилар эдим. Аммо мени сизлар чақириб келдингиз», деди.

Кейин у киши бошини мағрур тутиб, найзасини ерга қадаб-қадаб кета бошлади. У ҳар сафар найзасини ерга урганида, ерга тўшалган бир йўлбарс терисини ёки серзийнат гиламни тешар эди. У қасддан майда қадам босар ва кўпроқ нарсага найза санчар эди.

Робиъ розияллоҳу анҳу тўғри бориб, найзасини гиламга санчиб қўйиб, ерга ўтирди ва:

«Биз сизларнинг зийнатингизга ўтирмаймиз», деди.

Форсларнинг каттаси Рустам таржимонга:

«Ундан нима учун келишганини сўра!» деди.

Робиъ розияллоҳу анҳу бу саволнинг жавобига асрлар бўйи қоида бўлиб қолган жумлани айтди. У:

«Аллоҳ таоло бизни бандаларни бандаларга ибодат қилишдан Аллоҳга ибодат қилишга, динларнинг жабридан Исломнинг адлига, бу дунё торлигидан у дунё кенглигига чиқариш учун юборди», деди.

Сўнгра у ўз гапида давом этиб:

«Аллоҳ Ўз Расулини Ўз дини ила халойиққа юборди. Ким уни қабул қилса, биз ҳам қабул қиламиз ва уни ўз ерида тарк қиламиз. Ким бош тортса, то жаннатга тушгунимизча ёки зафарга эришгунимизча у билан уруш қиламиз», деди.

Рустам:

«Батаҳқиқ, гапингизни эшитдик. Биз бир қараб кўргунча бу ишни ортга суриб турсангиз бўладими?» деди.

«Ҳа! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга душманларга уч кундан ортиқ имкон бермаслигимизни суннат қилганлар. Биз сизлардан уч кунгача хабар олиб турамиз. Ишингга назар сол. Берилган муддатдан кейин уч нарсадан бирини танла:

Ислом – унда биз сени ўз ерингда тарк қиламиз.

Жизя – уни қабул қилиб, сени тек қўямиз ва агар бизга ҳожатинг тушса, сенга ёрдам берамиз.

Ёки тўртинчи куни бўладиган уруш. Магар сен уни бошлайдиган бўлсанг (аввал бўлиши ҳам мумкин). Мен ўз шерикларим номидан бунга кафилман», деди.

«Сен уларнинг каттасимисан?» деди Рустам.

«Йўқ. Лекин мусулмонлар бир-бирларига нисбатан худди бир тан. Уларнинг энг кичиги берган омонликка энг каттаси ҳам амал қилади», деди Робиъ розияллоҳу анҳу ва ортига қайтиб кетди.

Рустам ўз одамлари билан холи қолганда уларга:

«Шу одамнинг гапига ўхшаш гапни ҳеч эшитганмисизлар?» деди. Улар писанд қилмасликларини айтишди. Рустам:

«Шўрингиз қурисин! Мен фикрга, гапга ва каломга назар соламан. Араблар кийим-бошни писанд қилмайдилар. Аммо ҳасабни яхши сақлайдилар», деди.

Эртасига у Саъд розияллоҳу анҳуга «Кечаги кишини бизга юбор», деб одам юборди. У бўлса Ҳузайфа ибн Миҳсон ал-Ғатафонийни юборди. У келиб, Робиъ нима қилган бўлса, ўшани қилди, нима деган бўлса, ўшани деди.

Рустам: «Нимага бизга аввалги келмади?» деди.

У: «Амиримиз бизнинг орамизда кенгчиликда ҳам, торчиликда ҳам адолат қилади. Бугун менинг навбатим», деди.

Рустам: «Ваъда қачонгача?» деди.

У: «Кечадан бошлаб уч кун», деди.

Учинчи куни Рустам Саъд розияллоҳу анҳуга «Бизга бир кишини юбор», деб одам юборди. Саъд розияллоҳу анҳу Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳуни юборди. У келиб, тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олди. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур қилишди. Шунда Муғийра розияллоҳу анҳу:

«Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Сиздан кўра эсипаст қавмни кўрмаганман. Биз, араблар бир-биримизни банда қилиб олмаймиз. Илло, душман тарафдан жанг қилган бўлса, бошқа гап. Мен сизлар ҳам бизга ўхшаб, қавмингизга насиҳат қиласизлар, деб ўйлабман. Бу қилганларингиздан кўра бир-бирингизни робб қилиб олганингизнинг хабарини берганингизда яхши бўлар эди. Бу иш ила узоққа бора олмайсиз. Мен сизларга ўзимча келганим йўқ. Сизлар мени чақирдингиз. Бугун сизларнинг албатта мағлуб бўлишингизни англадим. Бу ҳолат ва бу ақллар билан мулк бардавом бўлмайди», деди.

Хизматчилар: «Аллоҳга қасамки, араб рост гапирди», дедилар.

Деҳқонлар: «У доимо қулларимизни ўзига жалб қилиб турадиган гап айтди. Умматимизнинг ишини бачканалаштирган ўтганларимизнинг додини Худо берсин», дедилар.

Рустам ўз сўзида Форсларни улуғлади. Арабларни ерга урди. Уларнинг ҳолати ёмон бўлганлиги ва ночор яшаганларини эслади.

Муғийра: «Аммо сен бизнинг ёмон ҳолатда, ночор ҳаётда ва ихтилофда эканлигимиз ҳақида қилган васф тўғри. Буни инкор қилмаймиз. Дунё айланиб туради. Шиддатдан кейин фаровонлик келади. Агар Аллоҳ сизга берган нарсаларга шукр қилганингизда ҳам, шукрингиз сизга берилган нарсадан оз бўлар эди. Аммо шукрнинг озлиги сизнинг ҳолингизни ўзгартирибди. Аллоҳ бизга бир Пайғамбар юборди...» деб ўзидан олдингиларнинг гапини такрорлади. Сўзининг охирида Исломни қабул қилиш, жизя бериш ва уруш қилишдан бирини танлашни таклиф қилиб, қайтди.

Форслар урушга қарор қилдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун давоми...

2170 11:00 / 16.08.2023
учинчи мақола Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча жангларда ихлос билан иштирок этиб, ўзларининг давоми...

1795 09:00 / 16.07.2023
Тонг отиб, оламга қуёш чароғон нурларини ёйган паллада қурайш шайхларидан бўлган Абу Толибнинг аёли Асаднинг қизи Фотима Макка аҳлининг кунлик одатларига кўра давоми...

7986 20:17 / 21.04.2017
Улар мени маломат қилишаверди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қайтиб бориб, ёлғон гапирсаммикин, деб ўйладим. Сўнгра уларга .Бундай узр давоми...

2662 11:09 / 25.05.2021