1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Умматнинг фақиҳи Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳумо

19:47 / 17 апрель 1316 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ясриб Пайғамбар шаҳри бўлиб, юксак шарафга эришгач, энди Мадинаи Мунаввара деб тилга олина бошлади. Чунки у ерга Аллоҳнинг раҳмати худди ёмғирдек ёғаётган эди. Қисқа вақт ичида бу шаҳар аҳолисининг ичида иймон келтирмаган биронта оила деярли қолмади.

Ана шундай оиласи билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурли ҳалқаларидан жой олганлардан бири ҳазрат Авс розияллоҳу анҳунинг оиласи эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан сўнг ҳазрат Авс ва ҳазрат Усмонни ўзаро биродарлик ришталари билан боғлаб қўйдилар. Бундан ташқари ҳазрат Авс Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари ҳазрат Ҳассон розияллоҳу анҳу билан биродар тутинган эди.

Авслар хонадони Исломни қабул қилганидан кейин оиладаги кенжа ўғил Шаддод розияллоҳу анҳу ҳам исломий муҳитда яшади. Тўлиқ исми Шаддод ибн Авс ибн Собит ибн Мунзир бўлган бу саҳоба Абу Яъло, Абу Абдураҳмон Ансорий, Нажорий, Хазражий каби кунялар билан ҳам танилган. Ёш бўлгани сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотларда қатнашмади. Чунки у Бадр жангида эндигина 15–16 ёшга тўлган эди. Имом Бухорий: «Шаддод ибн Авс саҳобадир. Баъзиларнинг фикрига кўра, Бадрда иштирок этган», деган маълумотни ҳам келтиради.

Ҳазрат Шаддод Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саодатли мажлисларида илм ва ҳикматдан сабоқ олишда бардавом бўлди. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тушкун бир кайфиятда кўриб қолдилар. «Нима бўлди, эй Шаддод?» деб сўрадилар у зот.

«Дунёга сиғмай кетяпман, ё Расулуллоҳ», деб жавоб берди Шаддод. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қуйидаги хушхабарни айтиб тасалли бердилар:

«Хафа бўлма, Шом фатҳ этилади, Қуддус фатҳ этилади. Сен ва сендан кейин келадиган фарзандларингдан иборат бир жамоат, иншааллоҳ, у ерда бўласиз».

Абу Яъло куняси билан танилган ҳазрат Шаддоднинг энг ёқимли ва фараҳли онлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтказган дамлар эди. Имкон топиши биланоқ у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларига ошиқар, эшитган ҳадисларни ўзлаштириб, уни қалбига жо қилар эди. У ҳар бир янги эшитган нарсасини ҳаётига татбиқ этиш ҳаракатида бўлар эди.

Пайғамбаримиз билан бўлган бир суҳбатни у қуйидагича тасвирлайди:

«Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот бизга қараб: «Сизда бегона одам, яъни аҳли китобдан кимдир борми?» деб сўрадилар. «Йўқ, ё Расулуллоҳ», дедик. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга эшикни ёпишимизни буюрдилар. Сўнг: «Қўлингизни кўтаринг ва «Лаа илаҳа иллалоҳ»ни айтинг!» дедилар. Шу ҳолатда калимаи тавҳидни бир соат давомида айтдик.

Кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини пастга тушириб бундай марҳамат қилдилар: «Аллоҳим, Сенга ҳамд бўлсин, мени шу калима билан юбординг. Менга шуни буюрдинг. Бу билан менга жаннат ваъдасини бердинг. Муҳаққақки, сен ваъдангга хилоф қилмайсан».

Шу дуодан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга муждалар бўлсин. Аллоҳ таоло барчангизни мағфират қилишини билдирди», дедилар.

Ушбу воқеа билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, калимаи тавҳид давом эттирган ва Аллоҳга ҳақиқий иймон келтирган мўминларга ҳам Аллоҳнинг марҳамати ва раҳматининг хушхабарини бердилар.

Ҳазрат Шаддод Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг интиқолларидан кейин ҳаётининг қолган қисмини Қуддус, Шом ва Химсда ўтказди. У ҳадис ва фиқҳда кўплаб талабани етиштирди ва мусулмонларни иршод қилди. Ҳазрат Абу Дардо розияллоҳу анҳу у ҳақида: «Ҳар бир умматнинг фақиҳи бор, бу умматнинг фақиҳи Шаддод ибн Авсдир», деди. Холид ибн Маъдан раҳматуллоҳи алайҳ ҳам: «Шом вилоятида Убода ибн Сомит ва Шаддод ибн Авсдан кўра ишончли, фақиҳ киши йўқ», дея эътироф этган эди.

Муфаззал Ғилобий раҳматуллоҳи алайҳ фикрича эса: «Ансорларнинг зоҳидлари учтадир: Абу Дардо, Умайр ибн Саъд ва Шаддод ибн Авс».

Ҳазрат Шаддод ҳадисга жуда ҳам ҳарис эди. У ҳадисларни шарҳлаш борасида юксак иқтидор эгаси эди. Саҳиҳ ҳадис китобларида ҳазрат Шаддоддан ривоят қилинган 50 га яқин ҳадис келади. Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларига биттадан, қолгани бошқа китобларга кирган. Яъло, Абу Идрис Хавлоний, Абу Асмо Раҳбий, Абулашъаф, Саноний, Абдураҳмон ибн Ғанм, Жубайр ибн Нуфайр, Касир ибн Мурра, Башир ибн Каъб ва бошқа муҳаддислар у зотдан ҳадис ривоят қилишган.

Ҳазрат Шаддод нафақат илми, балки ҳилми ва гўзал ахлоқи билан ҳам машҳур эди. Унинг суҳбатлари ҳар доим ширин, очиқ ва маъноли бўларди. У ҳеч кимдан ғазабланмади ва жаҳл қилмади. Ҳазрат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу унинг қилган хизматлари ҳақида гапирганида бундай деган: «Шаддод ибн Авс аниқ ва тушунарли қилиб гапирарди, ғазабланадиган нарсага дуч келганида, ҳис-туйғуларини жиловлай оларди».

Ҳазрат Шаддодни таниганлар ҳеч қачон унинг оғзидан ёқимсиз ва ёмон сўз эшитишмаган. Саид ибн Абдулазиз ҳам: «Шаддод ибн Авс Ансорий икки хислат билан – фасоҳат билан сўзлаши ва ғазабини яшира олиши билан ажралиб турарди», деган эди. Аммо нима бўлдию, бир сафар ҳеч кутилмаганда бу «анъана» бузилди. Ёнида турганлар унинг бу хатти-ҳаракатдан ажабланишганини айтишганида, ҳазрат Шаддод бундай деди:

«Исломга кирганимдан кейин ҳар бир айтган сўзимга жуда эътиборли эдим. Аммо бу сўз негадир оғзимдан чиқиб кетди, сиз уни унутинг. Унинг ўрнига Расулуллоҳдан эшитганим бу сўзларни ёдингизда сақлаб қўйинг!

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бундай марҳамат қилдилар: «Эй Шаддод, одамларнинг тилла ва кумуш йиғишини кўргансан, сен эса сўзларни йиққин: Аллоҳим, Сендан ишларимда сабр-тоқат эҳсон этишингни сўрайман. Берган неъматларингга шукрона келтиришни ва Сенга гўзал шаклда ибодат қилишни истайман. Аллоҳим, менга салим қалб ва тўғри тил бер».

Шаддод ибн Авснинг энг таҳсинга лойиқ жиҳатларидан бири унинг зуҳд ва тақвода жуда ҳассослиги, Аллоҳдан жуда қўрқиши эди. Асад ибн Вадо розияллоҳу анҳунинг айтишича, ҳазрат Шаддод ухлаш учун ётоғига кирганида, худди қизиб турган тованинг устида ўтиргандек бўларди. Тўшагида хотиржам оёғини узатиб ётишдан уялар эди. Узоқ-узоқ тафаккурга чўмиб ўтирарди. Кейин эса: «Аллоҳим, жаҳаннам олови мен билан уйқум орасига туриб олди», дер ва ўрнидан туриб, ибодатни бошларди. Кўпинча эрталабгача намоз ўқиб чиқарди.

Дунёнинг чиркин тарафини ва инсоннинг ҳой-ҳавасларини уйғотадиган жиҳатларни қоралаб, қуйидаги ҳадисни ўқирди: «Ақлли киши нафсини паст кўриб, уни ҳисоб-китобга тортади ва ўлимдан кейин ҳаёти учун яхши амалларни қилади. Ожиз киши нафсига ва унинг ёмон орзуларига қулоқ солади, кейин эса Аллоҳдан мағфират қилишини истайди» (Ибни Можа, «Зуҳд»: 131).

Ибн Саъд маълумотига кўра, Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳумо Фаластинда яшаган. Унинг бешта фарзанди бўлган. Ўғиллари Яъло, Муҳаммад, Абдулваҳҳоб, Мунзир ва қизи Хазраж Азд. Ўзининг барокатли ҳаётини Исломнинг юксак хизмати учун сарфлаган бу зот ҳижратнинг 58-йили 75 ёшида Химсда вафот этди.

Аллоҳ Шаддод ибн Авсдан рози бўлсин.

Мустафо Маҳмуд тайёрлади

«Ҳилол» журналининг 9(54) сони

Муаллиф
Мустафо Маҳмуд
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ САҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларМуаллиф Аҳмад МУҲАММАД ТУРСУНИслом.уз сайтининг муҳтарам мухлислари давоми...

18443 21:21 / 21.04.2017
Имом Муслим, Абу Довуд ва Аҳмадлар Абу асСаҳбаа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .У киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу давоми...

1097 14:54 / 21 сентябрь
Суҳайб Румий розияллоҳу анҳуни Оврупо халқлари номояндаси сифатида биринчи бўлиб мусулмон бўлган зот сифатида таниймиз. У киши розияллоҳу анҳунинг номлари худди давоми...

4554 20:08 / 21.04.2017
Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик байтуллоҳга ҳаж қилгани келди. У ҳарамга киргач деди Менга саҳобалардан бирор кишини чақирингларУнга .саҳобалар ўтиб кетган, дейишди. давоми...

3384 15:00 / 18.01.2022