Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ислом менга узоқ кутилган тинчлик, сокинлик ва ички беғуборлик ҳиссини ҳадя қилди.
Сора Германсон
- Сора, Исломни қабул қилгунингизга қадар ҳаётингиз қандай кечган?
Исломгача ҳаётим бўш, маънисиз бўлган. Мен фақат мавжуд эдим, кунлар маънисиз учиб ўтарди, ҳаётимда бирон аниқ мақсад йўқ эди. Бундан ташқари, ўзимга бўлган ишончим ўта заиф эди. Ўзимни жамиятнинг бир бўлаги сифатида ҳис этмасдим, қаерда бўлсам ҳам менга нимадир етмаётганини ҳис этардим. Худди нимадир йўқотилган эди-ю, айнан нима эканини англамасдим. Шу сабабдан мен аввал излашни бошладим фақатгина излашни...
- Сизни Исломни танлашингизда нима туртки бўлди?
Бу узоқ саёҳат ва у кўп вақтни олди. Мен тепада Яратувчи Худо бор ва мавжудлигини билардим, лекин насронийликда мен ҳеч ўзимни топа олмагандим. Мен учун Парвардигор ҳамиша ўта Улкан ва Етиб бўлмас туюлганки, менинг чекланган ақлим бунинг моҳиятини қамраб ололмаганди. Мен фақатгина қандай қилиб Худонинг суратида ва Унинг тимсолига ўхшаш яратилган инсон боласи Худога хос бўлган куч ва қудратга мутаносиб бўлиши мумкинлигини умуман тушуна олмасдим.
Худо тўғрисидаги бизнинг тушунчаларимиз инсоний тафаккур доирасида чекланган, Яратган эса ҳар ишга қодирдир. Мен ўз саволларимга кўпгина диёнатларда жавоб изладим, лекин Исломдагина чин ҳақиқат ва илоҳий мақсадни ҳис этдим. Яратганни излаб кўп вақтимни сарф этдим, турли динларни тадқиқ қилдим. Исломда чуқурлашганим сайин эса Ҳақ айнан унда эканин ҳис этиб борардим. Менинг назаримда, фақат Исломдагина Худо мен қандай тасаввур қилган бўлсам, ўшандай таърифланган эди.
- Исломда сизни нима ўзига жалб қилади?
Исломда кўпроқ мени Аллоҳнинг меҳрибонлиги ва муҳаббати ёқади.
- Муслима аёл бўлиш сизнингча нимани англатади?
Муслима бўлиш мен учун биринчи навбатда ўз-ўзи билан, яқинлари, оиласи ва жамият билан уйғунлик ва тинчликда яшашни англатади. Инсонлар билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига мувофиқ, чин инсон сифатида бошқалар билан муомалада бўлиш, у зот одамларга қандай муносабатда бўлган, қандай меҳр муҳаббат, раҳм шафқат кўрсатган бўлсалар, ўшандай ҳолда, у зотдан ибрат олган ҳолда муомалада бўлишни билдиради.
- Инсонларга Ислом ҳақида нима деган бўлардингиз?
Ислом инсонларга бойлик-беҳожатликни тақдим этади. Шу маънодаки, Ислом билан ҳаёт маъно, мазмун ва мақсад касб этади. Ислом – меҳр, мурувват динидир, у қалбларни муҳаббатга тўлдиради ва ҳаётни тўкис этади.
- Нима деб ўйлайсиз, бугунги дунё жамиятида Ислом дини қай даражада актуал, аҳамиятли?
Ислом бугун оламда жуда ҳам керак, мен бунга аминман. Инсонларда динга нисбатан ёқтирмаслик нафрат йиғилиб қолган, улар кўпинча Ислом таълимотини нотўғри тушунишади ва бунга кўпроқ биз мусулмонлар ўзимиз айбдормиз. Биз Исломни меҳр-мурувват кўринишида тўғри тақдим этишимиз ва буни ўта ҳассослик билан амалга оширишимиз лозим.
- Нима деб ўйлайсиз, бугун жамият ривожланишида Ислом қандай ҳисса қўшиши мумкин?
Ўйлашимча, салмоқли ҳисса қўша олади. Масалан хайрия, саховат ишлари. Бу ишлар моддий бойликлар ва дунёга нисбатан очкўзликни енгишда энг ажойиб намуна бўла олади. Бундан ташқари, Ислом атрофдагилар ва яқин инсонларга нисбатан ҳурмат кўрсатишни ҳам кишини ўз-ўзини ҳурмат қилишни ҳам ўргатади. Айнан шу каби нарсаларда юқори маънавиятли жамиятнинг шаклланиши, юксак одоб-аҳлоқ нормаларининг ривожланишидаги асос назарда тутилади.
- Мусулмон бўлганингиздан кейин қандай қийинчиликларга тўқнаш келдингиз?
Яқинларимга, дўстларим ва ҳамкасбларимга менинг Ислом динини танлашимда асосий туртки бўлган сабабларим тушунарсиз эди. Афсуски, Ислом борасида кўплаб нотўғри тушунчалар мавжуд. Масалан, муслима аёллар бу динда жуда камситилган ва эркаклар буюрган барча ишларни бажаришга мажбурлар деган нотўғри тушунча каби. Шунинг учун, гарчи анчадан бери мусулмон дини билан қизиқаётганимни билишсада, ота-онамни менинг Исломни қабул қилиш қароримдан норози бўлганлари менга кутилмаган иш бўлмади.
Уларда ҳанузгача Ислом тўғрисида салбий фикрлар мавжуд. Буларнинг кўпроқ қисми, ОАВларинг исломни қандай таништираётгани бўлса, яна қайсидир қисми инсонларга динни сабр ва мўътадиллик ила етказишга қодир бўлмаётган мусулмонлар билан боғлиқдир. Бундан келиб чиқиб, тартибли, мувозанатли ва холис мусулмонлар ҳам кимларнидир ёмон ҳатти-ҳаракатларида масъулиятли бўлмоқдалар.
Шунга қарамасдан, ота-онам уларникида меҳмон бўлган вақтларимда мен учун махсус ҳалол, покиза таомлар тайёрлашади. Бу билан улар менга нисбатан ҳурматларини намойиш этишади. Барибир, ҳар сафар намозларни адо қилганимда уларга ноқулайлик юзага келади. Муносабатларимиздаги энг ижобий томонлардан бири, ота-онам менга ҳар қандай ҳолатда ишонса, суянса бўлишини билишади. Мен уларга нисбатан меҳрибон ва ғамхўрман, ҳар доим уларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
Айрим дўстларим мени мусулмон бўлганимга салбий қарашди. Афсуски, улар билан дўстлик алоқаларимизни тўхтатганмиз. Айримлари бўлса қайтанга, мен билан самимий муносабатдалар. Лекин ўзларини ноқулай ҳис қилганлари учун имкон қадар дин мавзусида суҳбатлашмаймиз. Баъзан эса уларни ўзлари диний мавзуларда турли саволлар беришади.
Ота-онам ҳам Ислом мавзуида суҳбатимизни қўллаб-қувватламайдилар. Мен доимо вақти келиб уларни ҳам Ислом билан қизиқишларини ва Аллоҳнинг изни ила мусулмон бўлишларини сўраб дуо қиламан. Барча нарса Унинг измидадир. Мен барча яқинларим ва дўстларим билан бағрикенг ва тоқатли бўлишга, имкон қадар уларга ёрдам беришга ва шунинг мисолида ижобий хулқ-одоб намунасини кўрсатишга уринаман.
Менинг қариндошларим мусулмон бўлиш ғалати қарор дея қабул қилган бўлсаларда, уларнинг биронтаси бу ҳақда менга ёмон сўз айтмади.
- Араб тили ва турли ибодат расм-русумларини бажариш борасида ҳолат қандай?
Албатта, араб тилини билмаслигим мени бироз хафа қилади. Мен Қуръони Каримни ва бошқа исломий китобларни асл араб тилида ўқишни хоҳлардим. Ибодатларни бажариш борасида ҳам ҳали ҳар қаерда бемалол адо этиб кетаверишга тайёр эмасман.
- Исломни қабул қилишга чақириқ қандай бўлганди? Бу ҳол Исломни қабул қилишингизда бирон аҳамиятга эга бўлдими?
Бу борада кўпроқ менинг мусулмон дўстларим ҳиссасига тўғри келади. Улар мени тоза қалб билан ва кенг қучоқ очиб қаршиладилар.
- Насронийликда сизга энг маъқул келмагани нима бўлди?
Мен ҳаёт тўлқинларида сузиб бораётган ва қирғоқни кўролмаётган кишидек ўзимни ҳис этардим. Бу қирғоқ менинг ҳаётий мақсадларим эди. Умуман олганда, менда ноуйғунлик, маънисизлик ва ички бўшлиқ ҳиссида яшар эдим.
- Исломни қабул қилганингиздан сўнг ҳаётингиз тубдан ўзгариб кетдими ёки булар айрим ўзгаришлар эдими?
Мен кундалик намозлар, турли ибодатлар ва бошқа кўп нарсалар билан тўла бўлган мутлақ янги ҳаётни кашф қилдим, орттирдим. Яна бошқа томондан, олдинги ишларимни, Исломда монелик бўлмаганларини бажаришда давом этяпман.
- Сиз учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш қанчалик енгил ёки оғир бўлди?
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг пайғамбари эканларига ишониш қийин кечмади. Чунки у зотнинг одамлар, ҳатто жониворлар ва барча атрофдагилар билан қандай енгиллик, меҳрибонлик ва ҳурмат билан муносабатга тўла бўлган ҳаёт йўлларини билганингдан сўнг Муҳаммад Пайғамбарга ишонмасликнинг иложи йўқ.
- Сизнинг Ислом сари одимлашингизда кейинги воқеа-ҳодисалар қандай кечди?
Атрофимда кечган воқеалар менга кучли уйқудан чиқарган қўнғироқ каби уйғотувчи эффект сифатида таъсир қилган эди.
- Сиздаги Исломни қабул қилишгача ўтган вақт мобайнидаги руҳий изланишлар бошқа динларни ўрганишга ҳам олиб келдими?
Ҳа, мен ҳиндуийлик, буддавийлик ва яҳудий динини ўргандим. Ўйлашимча, бу ўрганишлар кишига ўзининг дини ва бошқа халқларнинг динлари билан солиштириш ва чуқур тушунишда керак бўладиган билимлардир. Ҳамда кишига ўзининг Аллоҳ сари йўлини янада чуқурроқ англаши учун керак. Шу сабабдан менинг фикримча, агар биз мусулмонлар жамият бизни ва эътиқодимизни ҳурматлаши учун биз ҳам дини ва эътиқодидан қатъи назар, барча инсонларга ҳурмат кўрсатишимиз зарур.
- Мусулмон бўлганингиздан кейин айни дамда ўзингизни қандай ҳис этяпсиз?
Ислом менга узоқ кутилган тинчлик, сокинлик ва ички беғуборлик ҳиссини ҳадя қилди. Бу эса мен ҳақ йўлни топганимдан чуқур қаноатланиш туйғусидир!
Манба: www.islamreligion.com
Муаллиф: Сора Германсон, Швеция. 2015 йил.
Бобур Аҳмад таржимаси. 18.08.2022