1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Нубувват хонадонида

13:30 / 16.03.2019 2222 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

III

Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо нубувват хонадонига янги аъзо бўлиб келганларида у ерда Савда онамиз ва Оиша онамиз бор эдилар. Ҳафса бинти Умарнинг оталари Умар розияллоҳу анҳу у кишига тинимсиз насиҳат қилиб, Оиша онамиз билан бирор нарсада тортишмасликни тайинлар ва: «Сен қаерда-ю, Оиша қаерда, унинг отаси қаерда-ю, сенинг отанг қаерда», дер эдилар.

Умар розияллоҳу анҳу қизлари Ҳафсага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч гап қайтармасликни тайинлагани-тайинлаган эди.

Имом Аҳмад ва бошқа уламоларимиз Умар розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Биз қурайшликлар аёлларга устун келадиган қавм эдик. Мадинага келсак, уларнинг хотинлари устун келар экан. Бизнинг хотинлар ҳам уларнинг хотинларидан ўргана бошлашди. Менинг уйим Умайя ибн Зайднинг Аволийдаги ҳовлисида эди. Бир куни хотинимдан аччиғим чиққан эди, қарасам, менга гап қайтаряпти. Унинг бу ишини инкор қилсам:

«Пайғамбар алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам у зотга гап қайтарганида, ҳатто баъзилари бир кун-ярим кун гаплашмай юрганида, мен қайтарсам нима бўпти», дейди.

Зудлик билан Ҳафсанинг олдига бориб:

«Пайғамбар алайҳиссаломга гап қайтарасанми?» деб сўрадим.

«Ҳа», деди.

«Сизлардан баъзиларингиз у зот билан бир кун-ярим кун гаплашмай ҳам юрадими?» десам:

«Ҳа», деди.

«Ичларингизда ким шу ишни қилса, ноумид бўлибди ва ютқазибди. Ораларингизда кимингиз Расулнинг ғазаби туфайли Аллоҳнинг ғазабига учрашдан омон қолиши мумкин?! Ундай бўлса, ҳалокатга учрайди. Сен у зотга гап қайтармагин, бирор нарса ҳам сўрамагин. Сенга мол-дунё керак бўлса, мендан сўра, мен бераман. Сенинг қўшнинг чиройлироқ, Расулуллоҳга маҳбуброқ бўлиши кўнглингни бузмасин», дедим».

Ҳафса онамиз оталари Умар розияллоҳу анҳунинг юқоридагига ўхшаш насиҳатларига амал қилиб, нубувват хонадонида яхши яшай бошладилар. Аммо вақт ўтиши билан баъзи бир кутилмаган ҳолатлар ҳам чиқиб қолар эди.

Ҳафса бинти Умар онамиз кўпроқ Оиша онамиз билан чиқишар эдилар. Икковлари маслаҳат қилиб, турли ишларни амалга ҳам оширар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганларида икковлари бирга рашк қилишди ва бирга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни Зайнаб бинти Жаҳш онамиздан узоқлаштирмоқчи бўлишди.

Имом Бухорийнинг ривоятларида Оиша онамиз айтадилар:

«Пайғамбар алайҳиссалом Зайнаб бинти Жаҳш ҳузурида асал ичар эдилар ва у билан узоқ ўтирардилар. Ҳафса икковимиз келишиб олдик-да, «Кимимизнинг олдимизга у киши келсалар, «Дарахтнинг ширасини ебсизми? Сиздан ўшанинг ҳиди келяпти», деймиз», дедик.

Ҳафсанинг олдига кирган эканлар, у ҳалиги гапни айтибди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Йўқ, мен Зайнаб бинти Жаҳшнинг олдида асал ичган эдим. Энди қайтиб бу ишни қилмайман, қасам ичдим, аммо сен бу гапни ҳеч кимга айтмагин», дебдилар».

Бу ҳодиса ва ундан келиб чиққан оқибатларни тўлиқ тушуниш, ўша пайтдаги ижтимоий ҳолатдан хабардор бўлиш учун Аҳмад ибн Ҳанбал «Муснад» китобида келтирган ривоятни кўрмоғимиз даркор.

«Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Ҳазрати Умардан Аллоҳ таоло Қуръонда «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, батаҳқиқ, қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлур», деб айтган Пайғамбаримизнинг икки аёллари кимлар эканлигини сўрашга ҳарис бўлиб юрардим. Умар ҳаж қилганларида мен ҳам ҳаж қилдим. Йўлда Умар четга чиққан эди, мен ҳам четга чиқдим. У қазои ҳожат қилди. Қайтиб келувди, қўлига сув қуйдим. У таҳорат қилди. Мен Умардан:

«Эй мўминларнинг амири, Аллоҳ таоло «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз» деб айтган оятида Пайғамбаримизнинг қайси аёлларини назарда тутган?» деб сўрадим. У киши:

«Ажойибсан-да, Ибн Аббос. Улар Ҳафса билан Оиша», дедилар-да, қиссани бошидан бошладилар.

«Биз қурайшликлар, аёллардан устун келадиган қавм эдик. Мадинага келсак, уларнинг хотинлари устун келар экан. Бизнинг хотинлар ҳам уларнинг хотинларидан ўргана бошладилар. Менинг уйим Умайя ибн Зайднинг Аволийдаги ҳовлисида эди. Бир куни хотинимдан аччиғим чиққан эди, қарасам, менга гап қайтаряпти. Унинг бу ишини инкор қилсам, у «Пайғамбар алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам у кишига гап қайтарганда, ҳатто баъзилари бир кун-ярим кун гаплашмай юрганда, мен гап қайтарсам нима бўлибди?» дейди.

Зудлик билан Ҳафсанинг олдига бориб:

«Пайғамбар алайҳиссаломга гап қайтарасанми?» деб сўрадим.

«Ҳа», деди.

«Сизлардан баъзиларингиз у киши билан бир кун-ярим кун гаплашмай ҳам юрадими?» десам.

«Ҳа» деди.

«Ичларингизда ким шу ишни қилса, ноумид бўлибди ва ютқазибди. Ораларингизда кимингиз Расулнинг ғазаби туфайли Аллоҳнинг ғазабига учрашдан омон қолиши мумкин? Ундай бўлса, ҳалокатга учрайди. Сен у кишига гап қайтармагин, бирор нарса ҳам сўрамагин. Мендан сўра. Сенга мол-дунё керак бўлса, мен бераман. Сенинг қўшнинг чиройлироқ, Расулуллоҳга маҳбуброқ бўлиши кўнглингни бузмасин», дедим.

Менинг ансорийлардан бир қўшним бор эди. Расулуллоҳнинг ҳузурларига навбат билан тушардик. Бир кун у тушарди, бир кун мен тушардим. У менга ваҳий ва бошқа хабарларни келтирарди. Мен ҳам унга шундай хабарларни келтирардим. Ўша кунлари Ғассон қабиласи бизга жанг қилиш учун отларни тайёрлаётганлиги ҳақида ўзаро гаплашиб юрардик. Қўшним бир кечаси келиб, эшигимни тақиллатди ва мени чақирди. Унинг олдига чиқдим.

У: «Катта иш содир бўлди», деди.

Мен: «Нима бўлди, Ғассон қабиласи келдими?» дедим.

Қўшним бўлса: «Йўқ, ундан ҳам улканроқ иш бўлди. Расулуллоҳ хотинларини талоқ қилдилар», деди.

Мен: «Ҳафса ноумид бўлибди ва ютқазибди. Шундай бўлиб қолмасайди, деб юрган эдим», дедим.

Эрталаб Бомдод намозини ўқиб, кийим-бошимни кийиб, Ҳафсаникига борсам, йиғлаб ўтирган экан.

Мен: «Расулуллоҳ алайҳиссалом сизларни талоқ қилдиларми?» дедим.

У: «Билмайман, анави жойда ҳаммадан ажраб олганлар», деди.

Қора танли ғуломнинг олдига бордим-да:

«Умарга изн сўраб бер», дедим.

У ичкарига кириб кетди. Бир оздан кейин чиқиб:

«Сени эслатсам, индамадилар», деди.

Минбар томон борсам, у ерда бир тўп одам ўтирибди. Баъзилари йиғлашяпти. Бир оз ўша ерда ўтирдим. Кейин чидай олмадим-да, ғуломнинг олдига бориб:

«Умар учун изн сўраб кўр», дедим. У ичкарига кириб кетди. Бир оздан сўнг чиқиб:

«Сени эслатган эдим, индамадилар», деди.

Чиқиб, яна минбарнинг ёнида ўтирдим. Чидай олмай, яна ғуломнинг ёнига бордим ва:

«Умар учун изн сўраб кўр», дедим. У ичкарига кириб, қайтиб чиқди-да:

«Сени эслатган эдим, индамадилар», деди.

Орқамга қайтиб кетаётган эдим, бирдан ғулом чақириб қолди ва:

«Киравер, сенга изн бердилар», деди.

Кириб, Расулуллоҳга салом бердим. Бўйрага ёнбошлаб олган эканлар, (бўйра) ёнларига ботиб, изи тушиб қолибди.

Мен:

«Хотинларингизни талоқ қилдингизми, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.

У киши бошларини кўтариб, менга қарадилар-да:

«Йўқ», дедилар.

Мен: «Ўзингиз биласиз, эй Аллоҳнинг Расули, биз қурайшликлар аёллардан устун келадиган қавм эдик. Мадинага келсак, уларнинг хотинлари устун келар экан. Бизнинг хотинлар ҳам уларнинг хотинларидан ўргана бошладилар. Бир куни қарасам, хотиним менга гап қайтаряпти. Мен буни инкор қилсам, «Пайғамбар алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам у кишига гап қайтарганда, ҳатто баъзилари бир кун-ярим кун гаплашмай юрганда, мен гап қайтарсам нима бўлибди?» деди. Мен «Ким бу ишни қилса, ноумид бўлибди ва ютқазибди. Сиздан кимингиз Расулнинг ғазаби туфайли Аллоҳнинг ғазабига учрашдан омон қолиши мумкин?» дедим.

Расулуллоҳ алайҳиссалом табассум қилдилар.

Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен Ҳафсанинг олдига кирдим ва унга «Қўшнингнинг сендан чиройлироқ ва Расулуллоҳга маҳбуброқ бўлиши кўнглингни бузмасин», деб айтдим», дедим.

У зот яна табассум қилдилар.

Мен: «Ўтирсам майлими, эй Расулуллоҳ?» дедим.

У киши: «Ҳа», дедилар.

Ўтириб, бошимни кўтариб, уйга назар солдим ва Аллоҳга қасамки, у зотнинг ҳайбатларидан ўзга кўзга илинадиган нарса тополмадим. Сўнг:

«Эй Аллоҳнинг Расули, умматингизга дуо қилинг, ризқи кенг бўлсин. Аллоҳга ибодат қилмайдиган форс ва румликларнинг ҳам ризқи кенг-ку», дедим. У киши туриб ўтирдилар ва:

«Эй ибн Ҳаттоб, сен шакдамисан? Улар ризқлари бу дунёда шошилинч берилган қавмлардир», дедилар.

Мен: «Аллоҳ гуноҳимни кечиришини сўранг», дедим.

У зот хотинларидан кўрган ҳолатнинг шиддатидан бир ойгача уларнинг олдига кирмасликка қасам ичган эканлар. Аллоҳ у кишини итоб қилди».

«Эй Набий! Нима учун хотинларинг розилигини ‎тилаб, ‎Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани ‎ҳаром ‎қилурсан! ‎Аллоҳ Ғофур ва Роҳиймдир. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга қасамларингизни  ечишни шариатга киритди. Ва Аллоҳ сизнинг ‎‎хожангиздир ва У Алийм ва Ҳакиймдир‎» оятларини нозил қилди (Таҳрим сураси, 1–2-оятлар).

Бу оятларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиниб, «Аллоҳ сенга ҳалол қилган асални ўзингга ҳаром қилишинг дуруст эмас. Нима учун хотинларингнинг розилигини кўзлаб, Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани ўзингга ҳаром қиласан?!» дейилмоқда.

«Аллоҳ Ғофур ва Роҳиймдир».

Шунинг учун ҳам бандасидан ўтган нарсаларни кечиб юборади ва уларга раҳм қилади.

(давоми бор)

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо ўта зеҳнли, оқила ва илмга ўч бўлганларидан доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли масалаларни сўрашдан давоми...

2066 19:30 / 11.09.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларининг ададлари кўп бўлгани бутун бошли қабилаларни бирлаштиргани, уларга хайру барака бўлганини давоми...

3139 17:07 / 04.03.2020
VIРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оила қурганларига ўн беш йил тўлиб, 40 ёшга етганларида кўнгиллари ёлғизликни тусай бошлади. У зот Макка атрофидаги давоми...

3290 14:58 / 18.10.2018
Алҳамдулиллаҳ муборак Рамазон ойи ҳам кириб келди. Аллоҳим бу гўзал ойни бизга барокатли қилиб берсин.Рамазон ойи танни ва руҳни даволовчи шифо ойидир. Бу муборак давоми...

1924 18:36 / 13.04.2021