1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Икки ракатда ўн икки пора Қуръон ўқиган қори

14:30 / 12.05.2022 9180 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Машҳур Қуръон ҳофизи Сайдуллоҳ қори мулла Ортиқ қори ўғли 1900 йилда Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, (ҳозирги Марғилон кўчаси)да маърифатли хонадонда дунёга келди. Отаси мулла Ортиқ қори замонасининг машҳур мударриси ва Қуръон ҳофизи бўлган.

Маълумотларга кўра, Ортиқ қорининг 8 нафар ўғил, 2 нафар қиз фарзандлари бўлган. Барча фарзандлари илм аҳли, Қуръон аҳли бўлишган. Шуларнинг ичида энг кенжа фарзанд Сайдуллоҳ қори бўлган эканлар.

1901 йили мулла Ортиқ қори оламдан ўтади. Барча оила ташвиши аёли Пошшахон ойим зиммасида қолади. Онаси ўғли Сайдуллоҳни ўқимишли, зиёли инсон бўлиб, камол топиши учун куну тун меҳнат қилиб, унинг таълими, тарбиясига жиддий аҳамият беради. Сайдуллоҳ бошланғич диний таълимни онаси Пошшахон ойимдан олади. Сўнгра Пошшахон ойи уни ўша даврнинг машҳур мударриси ва ҳофизи Қуръони Абдураҳмон (1894-1966) қорига шогирд қилиб беради. Ёшгина Сайдуллоҳ устозидан ихлос билан Қуръондан таълим олиб, ёш йигитлик давридаёқ ҳофизи Қуръон бўлиб етишади. Маълум вақтдан кейин эса Қуръони Каримнинг такрорини Абдулғофур (1872-1949) қори домлада мустаҳкамлайди. Кейинчалик ўзини илмга бағишлаган Сайдуллоҳ қори тафсир, фиқҳ, ақоид, араб ва форс тилларининг сарфу наҳви ва дин тарихи каби илмларни Мир Усмон (1874-1967) қори ва Кароматхон (1894-1984) эшон домлалардан мукаммал ўзлаштириб, етук мулла ва ҳофизи Қуръон бўлиб етишади.

Сайдуллоҳ қорининг ҳаётлари асосан дин қаттиқ таъқиб остига олинган, диндорлар эса қатағон ва қувғин қилинган шўролар тузуми даврида ўтди. Бироқ шунга қарамай, Сайдуллоҳ қори маҳаллаларидаги қўни-қўшни, ёру биродарларига зиё, маърифат улашиб, Қуръони Каримдан сабоқ берар, шунингдек, Рамазон ойларида «Шайх эшон» масжидида ҳамда хонадонларида хатми Қуръонларда имомликка ўтиб бериб, ёши улуғ азизларимизнинг дуоларини олган эканлар.

Ўғиллари Убайдуллоҳ ака оталари Сайдуллоҳ қоридан эшитганларини шундай хотирлайдилар: «Отам раҳматли Рамазон ойига алоҳида тайёргарлик кўрар эдилар. Кунлардан бир куни рўзанинг бошларида (ҳозирги «Чорсу» меҳмонхонасининг атрофида жойлашган) «Катта эшон» номли масжидда хатми Қуръон бўлаётган экан. Устозлари ёш ва ўспирин Сайдуллоҳ қорини машҳур олим ва тариқат пешвоси Яҳёхон тўранинг назарларидан ўтказиш мақсадида уни ҳам олиб келади. У даврда масжидлар сони оз бўлганлиги, қорилар эса кўплигидан таровеҳ намозининг хатмига қорилар икки ёки тўрт ракатдан ўтиб юришар экан. 30 пора Қуръони Каримни масжид ёки хонадонларда 3 ёки 5 кунда тугатиб, кейинги манзилларга ўтишар экан. Худди шу анъанага мувофиқ, устозлари Сайдуллоҳ қорини ҳам икки ракат намозга хатмонага ўтиб беришини сўрашибди. Қори домла хурсанд бўлганларидан икки ракат намозга ҳеч қаерда тўхтамай, Қуръони Каримдан 12 порасини ёддан ўқибдилар. Намозни тугатиб, кўп ўқиб юборганлари учун устозлардан танбеҳ олишдан қўрқиб, сакраб туриб, меҳроб ёнидаги дарчадан уйларига қочиб кетган эканлар».

Шаҳримиздан етишиб чиққан бир қанча уламолар Сайдуллоҳ қори домладан таълим олиб, бугунги кунда динимиз ривожи, юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшиб келишмоқда. Уларнинг баъзиларини зикр қилиб ўтамиз.

Маҳмудхон қори, Аъзамхон қори, Мусохон қори, Абдулатиф қори (Тўрақўғон кўчасидан) ва Абдураззоқ (моҳир хаттот) қори ва бошқалар.

Шогирдлари Абдулатиф ака устоз Сайдуллоҳ қори домлани шундай эслайдилар: «Устозим Сайдуллоҳ қори домла Қуръон билан ҳулқланган, тақводор, самимий ва очиқ кўнгил, ёшу қарини бир хилда «сиз» деб мурожаат қиладиган ҳалим киши эдилар. Сайдуллоҳ қори Қуръони Каримнинг ҳифзини шу даражада мустаҳкам қилганларидан, Рамазон ойларида хатмоналарда адашмасдан, бир ўзлари хатмга ўтиб берган эканлар. Сайдуллоҳ қори домла биз шогирдларга илм олишдаги риёзатларини кўп айтардилар. Шулардан Қуръони Каримнинг ҳифзини асосан «Мавлавий» мақбараларида чилла ўтириб мустаҳкамлаганлари шунингдек, уйда бўлган вақтларида уйқуни қочириш мақсадида қиш ойларида оёқларини муздек сувга солиб, Қуръон мутолаа қилганлари тўғрисида кўп бора айтиб берардилар».

Сайдуллоҳ қори домла 1994 йили 18 апрель куни оламдан ўтдилар. Жанозаларини, васиятларига мувофиқ, Исхоқ махдум домла ўқидилар. Жанозадан сўнг шаҳарнинг катта қабристони «Мавлавий» мозорига дафн қилинди.

Сайдуллоҳ қори домланинг оилалари ва фарзандлари тўғрисида қисқача тўхталиб ўтамиз. Сайдуллоҳ қори домла Ботирхон эшон қизи Хон пошшахон (1923-2005) ойим билан турмуш қурганлар. Бу бахтли оиланинг 5 нафар ўғил, 3 нафар қиз фарзандлари бор.

Фарзандлари Ҳабибуллохон (1940-2011), Абдулҳамид (1947), Абдуллохон (1962-2007), Убайдуллохон (1952), Анасхон (1956-1995)[1].

 

Ҳозирги кунда ҳазрат Сайдуллоҳ қорининг 5 нафар набиралари ҳофизи Қуръонлар сулоласининг давомчилари бўлиб, динимизнинг ривожига ҳисса қўшиб келишмоқда.

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

 
 
 

[1] Ушбу маълумотлар ҳофизи Қуръон Сайдуллоҳ қори авлодларининг шахсий архивидан олинди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
9 февраль ndash Алишер Навоий таваллуд топган кунАлишер Навоий милодий 1441 йилнинг 9 февраль, ҳижрий 844 йилнинг 14рамазонда ўша пайтдаги Темурийлар пойтахти ва илмий давоми...

2154 20:44 / 09.02.2022
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Муҳаммад ибн Наъийм азЗобий анНисобурий ҳижратнинг 321 йилида, Робиулаввал ойининг учинчи куни таваллуд давоми...

3899 21:58 / 27.04.2017
Шайх Зокиржон Исмоилов ndash муфтий муовини 1989 ndash 1993, Шайх ҳазратларининг сафдоши хотираларидан Дўстимиз Муҳаммад Содиқ билан илк бор, тахминан, 1969 йили, у киши Мир давоми...

2058 16:35 / 25 февраль
Абу Исҳоқ Саълабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Мен баъзи китобларда Луқмони Ҳаким ҳақларида ушбу ҳикояни ўқидим .У киши ўғилларига .Эй ўғилчам, албатта, у давоми...

2054 10:00 / 24.12.2022
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57700 14:35 / 11.08.2021