1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Ёш оилага ота‑оналарнинг аралашуви

14:22 / 18.05.2022 2942 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Ўша пайтларда «Фалончининг қизи уйиги аразлаб келган экан, «Сенинг уйинг ўша ер, бизникидан кетгансан, яна шундай қилсанг, сендан норози бўламан» деб, қайтариб олиб бориб қўйишибди» қабилидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинар эди. Шунингдек, «Фалончининг ўғли келини билан уришиб қолган экан, «Агар келинни яна бир марта хафа қиладиган бўлсанг, ундай қиламан, бундай қиламан» деб, ўғли билан роса уришибди» каби гап-сўзлар ҳам тарқалиб турар эди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, икки тарафнинг катталари нима қилиб бўлса ҳам, оила мустаҳкамлигининг қайғусини қилар эдилар.

Ҳозир эса бунинг тескарисининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Тез-тез бу борада ақл бовар қилмайдиган ишларни кўриб, гапларни эшитиб, ёқа ушлаб юрибмиз.

Куни кеча домлаларимиздан бирлари қуйидаги саволни берди:

«Бир кишининг онаси: «Хотинингни талоқ қилмасанг, сени оққ қиламан», – деб туриб олган экан, у: «Талоқ қилдим», – дебди. Ота бу бир талоқ бўлишини, ўғли яна келин билан ярашиб олиши мумкинлигини бошқалардан билибди. Келин отасиникига кетганидан кейин она ўғлини олиб, келинникига борибди. Қўшниларни жамлаб, уларнинг гувоҳлигида: «Ҳозир уч талоқ қиласан, бўлмаса, оққ қиламан», – дебди. У киши ноиложликдан: «Уч алоқ қилдим», – дебди. Талоқ сўзининг «т»сини айтмай, «алоқ», дебди. Бунинг ҳукми нима бўлади?»

Худди шунга ўхшаш гаплар ҳар қадамда учрайди. Уларнинг келиб чиқишига ота‑оналарнинг инсофсизлиги, уларнинг шариатни билмасликлари, унга амал қилишни хаёлларига ҳам келтирмасликлари сабаб бўлмоқда. Бундай кимсалар боласи ўз жуфти ҳалоли билан саодатли умр кечираётганини етарли ҳисобламайдилар. Улар бир-бирларига эмас, бизга ёқишлари керак, деган фикрда бўладилар.

Бир ота‑онадан қизининг ўз қайнонасидан қилган шикоятига қулоқ солайлик. Уларнинг айтишларича, қуда хотин янги келинга: «Менга чўри бўлсанггина бу уйда турасан, бўлмаса, жавобингни бериб, ўзимга ёқадиган келин топаман», – дер экан. Келинни кечаси ўн иккигача ишлатиб, яна саҳар соат олтида эшик олдида туришини талаб қилар экан. Оқибатда, тўйдан икки ой ўтар-ўтмас, орага талоқ тушибди. Келин ота‑онасининг уйига қайтибди. Икки тараф хижолат.

Бировнинг боқиб, тарбиялаб, вояга етказган қизини келин қилишга сўраб борган тараф ўғлига умр йўлдоши топиш ниятида бўладими ёки ўғилнинг ота‑онасига чўри сотиб олиш савдосига борадими?!

Шунчалик ҳам ноинсофлик бўладими?!

Шунчалик ҳам жоҳиллик бўладими?!

Камина ходимингизга оилавий муаммо билан савол сўраб келган шахсларнинг анчагина қисми ўзи жуфти ҳалоли билан яхши муносабатда бўлса ҳам, ота‑онасининг зўрлаши сабабли оиласи бузилаётганидан зорланишади. Бунинг устига мазкур оилабузар ота‑оналар боласига: «Агар оилангни бузиб, жуфтингдан ажрамасанг, сени оққ қиламан, берган оқ сутимга розимасман, сендек болам йўқ» каби таҳдид жумлаларини қалаштириб ташлаган бўладилар.

Бечора фарзанд икки ўт орасида қолган: бир тарафда уни туғиб, катта қилган ота‑онаси, бошқа тарафда умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши. Охири, нажот излаб, диний кўрсатмага бош уришга қарор қилган, Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолмасликка қасд қилган бўлади.

Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота‑онанинг ҳаққи жуда ҳам улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, яхши билади, шу билан бирга, ота‑онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо этишга ҳаракат қилади.

Аммо, дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби, ота‑она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.

Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг – агар ўша биров ота‑она бўлса ҳам – хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар.

Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муҳаммад Мақдисийнинг «Ал-одобуш-шаръийя» номли китобида бу маънода алоҳида фасл бор. Унда жумладан, қуйидагилар айтилади:

«Фасл: Хотинини талоқ қилишда ота‑онага итоат қилиш вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни амр қилса, ижобат қилмайди. Буни асҳобларимизнинг кўпчилиги зикр қилган».

Шайх Тақиюддийн онаси хотинини талоқ қилишга амр қилган киши ҳақида: «Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У онасига яхшилик қилаверади. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшилик қилишдан эмас», – деган.

عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ الرَّيَّانِ أَنَّهُ سَمِعَ رَجُلًا يَسْأَلُ عَطَاءً عَنْ رَجُلٍ لَهُ أُمٌّ وَامْرَأَةٌ، وَالْأُمُّ لَا تَرْضَى إِلَّا بِطَلَاقِ امْرَأَتِهِ، قَالَ: لِيَتَّقِ اللهَ فِي أُمِّهِ وَلِيَصِلْهَا. قَالَ: أَيُفَارِقُ امْرَأَتَهُ؟ قَالَ عَطَاءٌ: لَا. قَالَ الرَّجُلُ: فَإِنَّهَا لَا تَرْضَى إِلَّا بِذَلِكَ. قَالَ عَطَاءٌ: فَلَا أَرْضَاهَا اللهُ، امْرَأَتُهُ بِيَدِهِ إِنْ طَلَّقَهَا فَلَا حَرَجَ، وَإِنْ حَبِسَهَا فَلَا حَرَجَ. رَوَاهُ حُسَيْنٌ الْمَرْوَزِيُّ.

Муовия ибн Райёндан ривоят қилинади:

«У бир кишининг Атодан савол сўраганини эшитди: у кишининг онаси ва хотини бўлиб, онаси хотинини талоқ қилишидан бошқа ишга рози эмас экан. Шунда у:

«Онаси ҳақида Аллоҳга тақво қилсин ва унга силаи раҳм қилаверсин», – деди.

«Хотинини қўйиб юборадими?» – деди.

«Йўқ», – деди Ато. Шунда ҳалиги одам:

«Онаси шундан бошқага рози бўлмаяпти», – деди.

«Уни Аллоҳ рози қилмасин! Хотини қўлида. Талоқ қилса ҳам танглик йўқ, тутиб қолса ҳам танглик йўқ»,деди».

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Демак, бу ердаги гаплар ҳам ушбу бобнинг мазмунидан келиб чиқади. Ота‑она Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсани буюрса, қилмаслик керак бўлади. Талоқ худди шундай нарса. Агар талоқ тушса, Роҳманнинг Арши ларзага келади, дейилади. Шунинг учун бу ривоят она боласидан хотинини талоқ қилишни қаттиқ талаб қилса ҳам, унга рухсат йўқлигининг далили сифатида келтирилди.

عَنْ حُمَيْدٍ، عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: قِيلَ لَهُ: رَجُلٌ أَمَرَتْهُ أُمُّهُ أَنْ يُطَلِّقَ امْرَأَتَهُ؟ قَالَ الْحَسَنُ: لَيْسَ الطَّلَاقُ مِنْ بِرِّهَا فِي شَيْءٍ. رَوَاهُ حُسَيْنٌ الْمَرْوَزِيُّ.

Ҳумайддан ривоят қилинади:

«Ҳасанга:

«Бир кишини онаси хотинини талоқ қилишга амр этди?» – дейилди. Шунда Ҳасан:

«Талоқ онага яхшилик қилиш ишларидан эмас»,– деди».

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳига: «Бир одамнинг онаси: «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, нима қилади?» дейилган экан. Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳи айтибдиларки, хотинини талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандчилиги учун қилинадиган ишлардан эмас. Бу эса, онаси «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, талоқ қилиш керак эмас, онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношаръий талаб. Уни қилмаса, боласи гуноҳкор бўлмайди, деганидир.

«Бир киши имом Аҳмаддан:

«Отам хотинимни талоқ қилишимга буюрмоқда?»– деб сўради.

«Уни талоқ қилма!» – дедилар.

«Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишга амр қилган эмасми?» – деди у.

«Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда, сен ҳам қиласан», – дедилар Аҳмад ибн Ҳанбал.

Яъни, «Отанг Умарга ўхшаб, ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунча хотинингни талоқ қилмай тур», дейилмоқда. («Мавсуъа Фиқҳийя». 8-жуз, 71–72-бетлар)

Худди шу маънодаги гап қизини мажбурлаб, ажратиб олишга уринадиган ота‑оналар ҳақида ҳам айтилади.

Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин ота‑оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари лозим.

                                                                     «Бахтиёр оила» китоби асосида тайёрланди


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Болалар орасида адолат қилиш ҳам отаонанинг вазифаси ва болаларнинг ҳаққидир.Ислом адолат динидир. У доимо барча нарсада, барча ерда, барча учун адолат бўлишининг давоми...

2759 11:00 / 20.08.2021
Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар қуйидагиларТаом.Бунга озиқовқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган сирка, ёғ ва шунга ўхшаш нарсалар ҳамда таом давоми...

8461 12:00 / 24.06.2019
Исломда оилага унинг эрхотин, отаона ва болалардан иборатлиги асосида қаралади. Оиладаги муомалалар ўзаро ҳамкорлик, меҳрмуҳаббат асосида ўрнатилади ва олиб давоми...

4758 16:10 / 04.05.2019
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир 5Илло, қози қарз олишга изн берса, соқит бўлмайди.Нафақа берувчи ғойиб бўлгани учун қози унинг давоми...

1948 11:04 / 01.09.2020