1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Fуслни вожиб қилувчи нарсалар

21:00 / 02.04.2019 18438 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Унинг вожиб қилувчиси: ажралиб чиқаётганда шаҳват билан отилиб келадиган манийни тушириш. Закарнинг боши олд ёки орқа (фарж) ичига ғойиб бўлиши, қилувчига ҳам, қилинувчига ҳам (ғуслни вожиб қилади). Уйғонган киши маний ёки мазийни кўриши. Ҳайз ва нифоснинг тўхташи. Ҳайвонга яқинлик қилган (маний) туширмаса, (вожиб бўлмайди). Жумъа, икки ийд намози, эҳром ва Арафа учун (ғусл) суннатдир.

Балоғатга етган ҳар бир эркак-аёл ўзига ғусл вожиб бўлган ҳолатнинг «катта бетоҳаратлик» эканини яхши билиб олмоғи лозим. Тоҳаратни вожиб қиладиган ҳолат эса, «кичик бетоҳаратлик» деб аталади. Fуслни вожиб қиладиган омиллар қуйидагилар:

1. Ажралиб чиқаётганда шаҳват билан отилиб келадиган манийни тушириш.

Аввало, ушбу бобда тез-тез такрорланиб турадиган баъзи истилоҳларни ўрганиб олайлик.

«Маний» – шаҳват шиддатлашган пайтда отилиб чиқадиган суюқлик.

Эркак кишининг манийси қуюқ ва оқ, аёл кишининг манийси суюқ ва сарғиш бўлади.

«Мазий» – эркак кишининг жинсий аъзосидан жинсий алоқани ўйлаган ёки хотинини қучоқлаган пайтда чиқадиган оқ суюқлик.

«Вадий» – бавл қилгандан кейин баъзида чиқадиган қуюқ оқ суюқлик.

Мазий ёки вадий чиққанидан ғусл қилиш йўқ.

Маний шаҳват билан отилиб чиқса, ғусл вожиб бўлади.

Бунда бошқа жинсдаги шахсга назар солиш, жинсий яқинликни тафаккур қилиш, бевосита қучоқлашиш ва шунга ўхшаш барча омиллар туфайли манийнинг шаҳват билан отилиб чиқиши назарда тутилади.

Аммо, маний шахснинг оғир нарса кўтариши, баланд жойдан йиқилиб тушиши каби омиллар туфайли шаҳватсиз равишда чиқса, ғусл вожиб бўл-майди.

Ҳанафий мазҳаби ижтиҳодига биноан, эр ва аёл кишидан, хоҳ уйқуда бўлсин, хоҳ уйғоқликда бўлсин, маний шаҳват билан отилиб чиққандагина ғусл вожиб бўлади.

Биров мастлик ёки ҳушидан кетишдан сўнг ўзига келганда ҳўлликни кўриб, «маний» деб гумон қилса, ғусл вожиб бўлади.

Уламоларимиз манийдан ғусл қилиш вожиб бўлишига қуйидаги ривоятни далил қиладилар:

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Кўп мазийлик киши эдим. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. Ул зот:

«Мазийда тоҳарат, манийда ғусл», – дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

2. Закарнинг боши олд ёки орқа (фарж) ичига ғойиб бўлиши қилувчига ҳам, қилинувчига ҳам (ғуслни вожиб қилади).

Бу ҳукмни фуқаҳоларимиз қуйидаги ояти карима ва бир қанча ҳадислардан олганлар.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖﯗ

«Ва жунуб ҳолингизда ҳам, то ғусл қилмагунингизча (масжидда турманг). Магар йўлдан ўтувчи бўлса, майли», деган (43-оят).

«Жунуб» сўзи луғатда «четда турувчи» маъносини англатади.

Шариатда эса, жинсий яқинлик, уйқуда булғаниш ва бошқа сабабга кўра манийи чиқиб, ғусл вожиб бўлган шахсга айтилади. Fусл вожиб бўлган одам намоздан, Қуръондан, масжиддан ва шариат кўрсатган бошқа нарсалардан четда бўлгани учун ҳам «жунуб» номини олган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки у (эр) у(хотин)нинг тўрт мучаси (қўл-оёғи) орасига ўтирса ва унга яқинлик қилса, батаҳқиқ, ғусл вожиб бўлади», дедилар».

Бошқа ривоятда:

«Агар тўкмаса ҳам», дейилган.

Яна бошқа бир ривоятда:

«Хатна қилинган жой хатна қилинган жойга тегса», деганлар.

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Fусл вожиб бўлиши учун эркакнинг хатна қилинадиган жойи аёлнинг хатна қилинадиган жойига тегса, бўлди. Иссиқ минтақаларда, хусусан, араб юртларида қизларни ҳам хатна қилиш одати бор. Унда фаржнинг ичидаги бир оз ўсиб турадиган қисми хатна қилинади. Уламоларимиз, эркакнинг хатна қилинган жойи аёлнинг хатна қилинган жойига тегиши учун эркак аъзосининг бош қисми аёл аъзосига кириши керак, дейдилар. Ана шу ҳолат юзага келганда, икковларига ҳам ғусл вожиб бўлади.

Қўшимча қилиб айтадиган маълумотлардан яна бири шуки, уламолар, закар номики асл фаржга кирса, ғусл вожиб бўлаверади, деганлар.

3. Уйғонган киши маний ёки мазийни кўриши.

Бу жумлада васф қилинган ҳолатни «эҳтилом» дейилади.

«Эҳтилом» дегани «уйқуда жинсий яқинликни кўрмоқ», «уйқуда булғанмоқ» деганидир.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Умму Сулайм Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, сувни кўрса» дедилар.

Бас, Умму Салама:

«Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса боласи унга нимадан ўхшар эди?!» дедилар».

Учалалари ривоят қилганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳўлни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам ҳақида сўралди. У зот:

«Fусл қилади», дедилар. (Тушида) эҳтилом бўлганини кўрган, лекин ўнгида ҳўлни кўрмаган одам ҳақида (ҳам сўралдилар) У зот:

«Унга ғусл вожиб эмас», дедилар.

Бас, Умму Сулайм:

«Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди. У зот:

«Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисда баён қилинаётган масала ҳам кўп учраб турадиган, айниқса, ёшларда тез-тез такрорланиб турадиган масаладир.

Биров тушида ғусл вожиб бўладиган бирор нарсани кўрганини эслай олмайди. Лекин баданида, кийимида ёки ётган жойида манийнинг ҳўлини кўради. Нима қилиш керак? Албатта, ғусл қилиш вожиб, акс ҳолда, гуноҳкори азим бўлади.

Бошқа биров тушида жинсий алоқани кўрган, аммо уйғонса, ҳеч қаерда манийнинг ҳўли йўқ. Ундай одамга ғусл вожиб бўлмайди. Чунки ундан воқеъликда ғусл вожиб бўладиган нарса чиққан эмас.

Мана шу масалалар ҳақида савол-жавоб бўлиб турган жойда Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам бор эканлар. У киши фурсатдан фойдаланиб:

«Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» – деди.

Яъни, аёл киши ҳам эҳтиломни кўрмайди-ю, ҳўлни кўради. Унга ҳам ғусл қилиш вожиб бўладими, дедилар.

Бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб:

«Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», – дедилар.

Яъни бу «Ҳа, аёл кишига ҳам ғусл вожиб бўлади. Аёл киши ҳам худди эркак кишига ўхшаш», деганларидир.

4–5. Ҳайз ва нифоснинг тўхташи.

«Ҳайз» луғатда «оқиш» маъносини билдиради.

Шариатда эса балоғатга етган аёл жинсининг раҳми ичидан туғишсиз, беморликсиз муайян муддатда чиқадиган қон ҳайздир.

Одатда, ҳайзнинг ранги қорамтир, ўзи ҳароратли ва оғриқ ила келадиган бўлиб, ҳиди нохуш бўлади.

«Нифос» сўзи «туғиш» ва «қон» маъноларини англатади. Шариатда эса, туғишдан кейин аёл кишининг раҳмидан келган қонга «нифос» деб айтилади.

Ҳайз ва нифос тўхтаганда ғусл қилиш вожиб бўлишига далиллар:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Фотима бинти Аби Ҳубайш, у истиҳоза бўлар эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан у ҳақда сўради. Бас, ул зот:

«У томирдан. Ҳайз эмас. Агар ҳайз келса, намозни қўй. Қачонки, ҳайз кетса, ғусл қил ва намоз ўқи», – дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Шунинг учун ҳайздан пок бўлган аёлга ғусл вожиб бўлади.

Нифос эса янги туққан аёлда тўпланиб қолган ҳайздир. Шунинг учун нифосдан пок бўлган аёлга ҳам ғусл вожиб бўлади.

«Мухтасар»нинг соҳиблари бу ерда зикр қилмаган вожиб ғусллар ҳам бор. Уларни бошқа уламоларимиз айтиб ўтганлар.

6. Шаҳид бўлмаган мусулмон маййитга ҳам ғусл вожиб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳаммага шу муомала қилинган.

Имом Бухорий ва имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда уловидан йиқилиб ўлган киши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни сув ва сидр ила ювинглар ва икки кийим ила кафанланглар», деганлар.

7. Номусулмон шахс Исломга кирса.

Бу ҳолатда Моликий ва Ҳанбалий мазҳабларида ғусл қилиш вожиб бўлади. Бунга бир қанча далиллар бор. Мисол учун:

«Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини сув ва сидр ила ғусл қилишга амр қилдилар».

Бешовларидан фақат Ибн Можа ривоят қилмаган.

Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари, агар мусулмон бўлган одам жунуб бўлмаса, ғусл мустаҳабдир, деганлар.

Ҳайвонга яқинлик қилган (маний) туширмаса, (вожиб бўлмайди).

Бундан маний туширса, ғусл вожиб бўлиши келиб чиқади. Fусл вожиб бўлмайдиган ҳолатлардан яна баъзилари:

1. Мазий чиққанда.

2. Вадий чиққанда.

3. Тушида булғанганда ҳўллик кўрмаганда.

4. Клизма қилдирганда.

5. Бармоқни икки йўлдан бирига киритганда.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаонанинг фарзанддаги ҳақлари улуғ бўлганлигидан у уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этади. Бу ҳақларнинг бизларгача собит етиб келишига отаоналаридан давоми...

3034 11:00 / 19.11.2020
.Совчилик, дегани муайян бир аёл ёки қизга уйланиш истагини унинг ўзига ёки валийсига билдиришдир. Аслида, аёл кишининг ўзи ёки яқинлари томонидан куёвнинг ўзига давоми...

4700 12:00 / 12 декабрь
.Маҳр, ақди никоҳ ёки эрхотинлик қилиш баробарида аёл ҳақдор бўладиган нарсанинг исмидир.Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони каримда унга нисбатан .садоқ,, давоми...

8020 18:10 / 06.01.2019
Биринчи мақола Эр ўз хотини олдидаги молиявий бурчларини адо этиш билан бирга, муомалавий бурчларини ҳам шараф билан адо этиш пайидан бўлиши лозим.Эр хотинига давоми...

3641 08:55 / 02.07.2019