1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тасвирда ҳикматлар

Содиқ дўстлар билан улфат бўлишнинг фазли

16:00 / 18.05.2022 4316 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон табиатида маданийлик, одамларга аралашиш, улар билан муносабат ўрнатишга мойиллик мавжуддир. У ўзига ўхшаган инсонлар билан учрашиш, дўстлашиш, жамланиш, яхши алоқалар ўрнатиш ва улфат бўлишни истайди. Шу билан бирга, инсон зоти ёлғизликни, барчадан четда бўлишни, одамларга қўшилмасликни ёқтирмаслиги ҳам табиий. Инсонлар бирга бўлганларида, омонликни ҳис қиладилар, бир-бирларидан унс-улфат топадилар.

Умуминсоний алоқалар давомида дин, ватан, касб ва бошқа сабабларга кўра алоҳида алоқа ва муносабатлар шаклланиши ҳам доимий равишда бўлиб келаётган ишлардандир. Жумладан, мусулмонларнинг ўзаро биродарлиги ва мазкур биродарлик асосида бир-бирларидаги ҳақлари борасида шариатнинг тегишли ҳукмлари мавжуд бўлиб, мусулмонлар уларга доимий равишда ихлос билан амал қилиб келадилар.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, мўминлар биродардирлар» (10-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу мусулмонлик асосидаги биродарликка оид ҳукмлар ва одоблар шариатнинг кўпчилик ҳукмларида баён қилингани ҳаммага маълум.

Умуммусулмон биродарлиги ичида кишиларнинг ўзаро алоқалари жорий бўлар экан, баъзилар алоҳида мустаҳкам дўстлик ришталарини боғлашлари, бир-бирлари билан улфат бўлишлари мумкин. Биринчи биродарлик умумий биродарлик дейилса, кейингиси хос биродарлик дейилади. Бу хос биродарликка ҳам Исломда алоҳида тарғиб қилинган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, мусулмонларни диндош биродарлар деб эълон қилганларидан кейин, муҳожирлардан бир кишини ансорийларнинг бири билан ака-ука қилиб қўйганлар. Бу диний биродарлик қариндошлик, туғишганлик алоқаларидан устун саналган. Улар ҳамма масалаларда, ҳатто мерос масаласида ҳам мана шу алоқага таяниб иш кўришган. Уларнинг бир-бирларига валийликлари бир-бирларига ёрдам беришда, мерос тақсимлашда, хун тўлашда, қарзларини ўташ ва туғишганлар орасида бўладиган бошқа ҳомийлик ва жавобгарлик масалаларида ўз аксини топган. Ушбу биродарликни Қуръони карим ҳам мадҳ қилган.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида марҳамат қилади:

«Улардан аввал бу диёрда ва иймонда қарор топганлар ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана шуларнинг ўзлари зафар топувчилардир» (9-оят).

Мусулмонларнинг Аллоҳ таоло учун ўзаро хос дўст ва улфат бўлишлари фазилатли ишлардан ҳисобланади. Бундай дўстлик бизда «дўст тутиниш», «улфат бўлиш» иборалари ила ифода қилинади. Араб тилида эса бу нарса «суҳбат» дейилади. Суҳбат сўзи «соҳиб бўлди» деган маънодан олингандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тириклик даврларида у зотга иймон келтирган, ўзларини кўрган ва бирга бўлган мусулмонларнинг «саҳобалар» деб аталиши ҳам шундандир. Аммо бизда «суҳбат» сўзи хато тарзда сўзлашув маъносига айланиб қолган.

Содиқ дўстларни топиш ва улар билан улфат бўлишнинг фазли ҳақида бир қанча шаръий матнлар келган.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар» (119-оят).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин улфат бўлувчи ва улфатга танланувчидир. Улфат бўлмаган ва улфатга танланмаган кимсада яхшилик йўқ. Одамларнинг яхшиси одамларга манфаатлироғидир», дедилар».

Тобароний ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло қиёмат куни: «Менинг жалолим учун бир-бирларини яхши кўрганлар қани? Бугунги кунда, Ўзимнинг соямдан ўзга соя бўлмаган кунда Мен уларни Ўз соямга олурман», дейди».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Менинг жалолим учун бир-бирларини яхши кўрганларга нурдан минбарлар бордир. Набийлар ва шаҳидлар уларга ҳавас қилурлар», дейилган.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳнинг бандаларидан баъзи одамлар борки, улар набий ҳам, шаҳид ҳам эмаслар. Қиёмат куни набийлар ва шаҳидлар уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги маконларига ҳавас қилурлар», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Улар кимлар эканининг хабарини бизга айтасизми?» дейишди.

«Улар – ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила бир-бирларини яхши кўрган қавмлардир. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида, улар хавфда бўлмаслар. Одамлар маҳзун бўлганларида, улар маҳзун бўлмаслар. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг авлиёларига хавф бўлмас ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифдаги «Аллоҳнинг руҳи»дан мурод Қуръони Каримдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда:

«Шундай қилиб сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик», деган. Шунинг учун гоҳида Қуръони Карим «руҳ» деб ҳам аталади.

Ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилган, бир-бири билан дўст бўлган қавмлар Аллоҳ таолонинг Қуръонига амал қилган одамлардир. Шундай одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган улуғ мақомга эришар эканлар.

Содиқ дўстлар тутиш ва улар билан суҳбатда бўлиш инсоннинг дини учун, ўзи учун, дунёси учун, жамияти учун мафаатли иш бўлганидан, шариатда бу ишга катта аҳамият берилган. Уламоларимиз Қуръони Карим оятлари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва шариатимиз аҳкомлари асосида бу муҳим инсоний, ижтимоий алоқа бобида ҳам кўплаб асарлар битишган, боблар очишган. Уларда суҳбат – дўст тутиниш ва улфатчилик одобларини баён қилишган.

 

                                            Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

                                           «Ижтимоий одоблар» китобидан


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво давоми...

10823 10:02 / 07 март
Бу йилги Рамазон ойида барча масжидларимизда Қуръони карим хатмоналари ўтказилмоқда. Юртимиз равнақи, элюрт тинчлиги, ризқрўзимиз мўл бўлишини сўраб, Аллоҳ давоми...

10205 17:00 / 02.06.2019
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар давоми...

4441 17:00 / 21 март
Цивилизациялар энциклопедиясиrdquo муаллифи Вилл Дюрант айтади .Агар биз нуфузли шахсиятларнинг буюклигини унинг одамларга бўлган таъсирига қараб баҳолайдиган давоми...

6517 08:00 / 19.10.2022