1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон ойида бўлиб ўтган воқеалар

09:00 / 03.04.2022 2867 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом тарихида Рамазон ойида бир қатор муҳим ҳодисалар бўлиб ўтган.

1. Ваҳийнинг нозил бўла бошлаши. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 40 ёшга етганларида Маккадаги Ҳиро ғорида таҳаннус ибодатини бажариб турганларида Жаброил алайҳиссалом келиб, Қуръони Каримдаги Алақ сурасининг илк 5 оятини ўқийдилар. Бу оятлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига нақшланиб қолади. Бу Қуръони Каримнинг нозил бўла бошлаши эди. Ушбу ҳодиса ҳижратдан 13 йил аввал, милодий 610 йилнинг Рамазон ойида юз берган эди. Бу Ислом тарихидаги энг муҳим ҳодисадир.

2. Азоннинг машруъ бўлиши. Баъзи ривоятларда айтилишича, азон ҳижрий 1-сананинг Рамазон ойида машруъ бўлган экан. Саҳобаи киромлар одамларга намоз вақти бўлганини қандай эълон қилиш борасида маслаҳатлашдилар. Кечаси Абдуллоҳ ибн Язид розияллоҳу анҳу туш кўрадилар. Тушларида бир одам у кишига азон калималарини айтади. Тонг отгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, кўрган тушларининг хабарини берадилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта, бу ҳақ тушдир, иншаа Аллоҳ. Билол билан бирга туринглар. Унга кўрган нарсангни айтиб тур, у ўша калималар ила азон айтсин. Чунки унинг овози сеникидан кўра баландроқ” деб марҳамат қилдилар. Ана ўша лаҳзадан бошлаб бутун дунё бўйлаб азон янграмоқда ва Аллоҳ насиб этса, қиёматга қадар шундай бўлиб қолажак.

3. Катта Бадр ғазоти. Ҳижрий 2-йил Рамазон ойининг 17-кунида Ислом тарихидаги йирик ғазотлардан бўлмиш Катта Бадр ғазоти бўлиб ўтди. Мусулмонлар 313-315 нафар атрофида эдилар, душман 950-1000 киши атрофида эди. Аллоҳ таолонинг фазли ила, ушбу ғазотда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги мусулмонлар қўшини мушриклар устидан ажойиб ғалабага эришдилар.

4. Мусулмонларнинг илк бор фарз рўзани тута бошлашлари. Ҳижрий 2-сананинг Шаъбон ойида Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга рўза фарз қилинди. Шу йилнинг Рамазон ойидан бошлаб мусулмонлар илк бор фарз рўзани тута бошладилар.

5. Хандақ ёки Аҳзоб ғазотига тайёргарлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида мусулмонлар ҳижрий 5-йилнинг Рамазон ойида Хандақ ғазотига тайёргарлик мақсадида чуқур қазишни бошлаб юборишди. Исломни ва мусулмонларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш мақсадида барча Ислом душманлари уюшиб жам бўлди. Қурайш, Ғатафон ва бошқа қабилалар тўпланиб, Мадинага юриш қилишди. Уларнинг сони ўн мингта эди. Уларни бу юришга Хайбардаги яҳудийлар қизиқтиришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Мадинанинг атрофига хандақ қазиб, уни ҳимоя қилишни маслаҳат бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маслаҳатга амал қилдилар. Мусулмонларнинг сони уч минг эди.

Ушбу жангда бир-икки олишувларни айтмаса, деярли жанг бўлмади. Аллоҳ таолонинг фазли ила, мусулмонлар душман қўшини устидан жангсиз ғалаба қозондилар.

6. Макка фатҳи. Ҳижратнинг 8-йили Рамазон ойининг 10-кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минг саҳобадан ташкил топган қўшин билан Мадинаи мунавварадан Маккага қараб йўлга чиқдилар.

Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу оила аъзолари билан Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида, Макка билан Мадинанинг қоқ ўртасидаги Жуҳфа деган жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сешанбага ўтар кечаси Макка чегарасидан ўн икки мил (22,176 км) (Байтуллоҳдан эса ўн олти мил (29,568 км)) узоқликда жойлашган Марруз Заҳронда тунаб, лашкарга гулхан ёқишни буюрдилар ва ўн мингта гулхан ёқилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага киришларидан олдин Абу Суфён ибн Ҳарб, Ҳаким ибн Ҳизом ва Будайл ибн Варқолар мусулмон бўлишди.

Тонг пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан Марруз Заҳрондан Маккага қараб йўл олдилар ва Маккага кириб, уни фатҳ қилдилар. Ушбу воқеа баъзи манбаларда Рамазоннинг 17-кунида бўлгани айтилган бўлса, баъзиларида Рамазоннинг 20-куни бўлгани айтилган.

Ўша кунлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг Лот, Манот ва Уззо каби бутларига сарийяларни (жангчи гуруҳларни) юбориб, уларнинг ҳаммасини буздириб юбордилар. Макка кўчаларида жарчи юриб:

«Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, уйида ҳеч бир бутни қўймай синдирсин!» деб жар солди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турли қабилаларга ҳам сарийя юбориб, бутларини буздириб ташладилар. Жумладан, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Жарир ибн Абдуллоҳ ибн Жобир розияллоҳу анҳуни мушрикларнинг «Зулхаласа» номли ибодатхонасини бузишга юбордилар. У киши Бану аҳмаслик юз эллик отлиқ билан бориб, уни бузиб ташлади. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб хабарни етказди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ва Бану аҳмасликларнинг ҳақларига дуо қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўн тўққиз кун турдилар.

7. Андалус фатҳи. Валид ибн Абдулмалик халифалиги пайтида Шимолий Африкага Мусо ибн Нусайрни волий қилиб тайинлайди. Ториқ ибн Зиёд эса шу Мусонинг саркардаларидан бўлиб, унинг буйруғи билан Пиреней ярим оролидаги Андалусияни фатҳ қилишга юборилади.

711 йилда, Ҳижрий 92-сананинг Рамазон ойида Ториқ ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ бошчилигидаги қўшин Ўрта Ер денгизини Атлантика уммони билан боғлайдиган Гибралтар бўғозини кечиб ўтиб, аввал Андалусияни, кейин 718 йилгача ҳозирги кунда Испания, Португалия, Андорра ва Гибралтар жойлашган Пиреней яриморолини тўла фатҳ этади. Ушбу фатҳ сабабли Пиреней ярим ороли мусумлонлар қўлига ўтиб, 8 аср давомида, аниқроғи 1492 йилгача у ерда халифалик ҳукм сурди.

8. Андалусиядаги Умавийлар давлатига асос солиниши. Дамашқдаги Умавийлар давлати тугатилгандан сўнг, Умавийлар халифаси Ҳишом ибн Абдулмаликнинг набираси бўлган Абдурраҳмон ибн Муовия томонидан ҳижрий 138-сана, Рамазон ойининг 15-кунида, милодий 756 йилда Андалусияда Умавийлар давлатига асос солинди. Пойтахти Қуртуба шаҳри эди. Абдурраҳмон тарихий манбаларда Абдурраҳмон Дохил, Абдурраҳмон Биринчи деб юритилган.

Фойдаланилган манбалар

Siyrat.uz

Muslim.uz

ar.assabile.com

mawdoo3.com

www.sayidaty.net

www.alchourouk.com

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон гуноҳларга каффоротдир.Рамазон ойи олдинги гуноҳларни ўчириб юборадиган ойдир.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2235 14:30 / 15.04.2022
Ибодат қилишдан ташқари дунё ишларига ҳам рухсат берилиши суиистеъмол бўлишини Аллоҳ таоло яхши билар эди. Қачон инсон дунё ишлари ва ташвишларига машғул бўлса, давоми...

964 03:30 / 29.03.2023
Бугун эрта тонгдан юртимизнинг барча масжидлари қатори .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жоме масжидида ҳам Рамазон ҳайити муносабати билан байрам намози давоми...

2901 06:39 / 13.05.2021
Quron tadabburi uchun qulay imkoniyatdan foydalaning Azizlar, barchangizni kirib kelgan Ramazoni sharif oyi bilan yana bir bor muborakbod etamiz. Har yilgidek, bu yil ham Ramazon oyi o`zgacha shukuh bilan kirib keldi. Barchamiz uchun sabrqanoat, xayrsaxovat mavsumi, Kalomulloh tilovati, xatmi давоми...

1302 20:11 / 30.03.2023
Аудиолар

135309 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55560 14:35 / 11.08.2021