1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Эътикоф ўтириш

09:26 / 17 март 1502 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эътикоф» сўзи «бир нарсани лозим тутиш» маъносини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида масжидда ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай, ибодат билан машғул бўлади. Бунда банда Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, то Аллоҳ у кишини вафот этдиргунича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари ўтиришди».
Бешовлари ривоят қилган.


Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади:
1. Вожиб.
Бунга назр қилинган эътикоф киради.
2. Суннати муаккада.
Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради.
3. Мустаҳаб.


Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради. Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб у ила банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узулишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади.
Унинг ози бир кундир.


Аммо имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи «эътикофнинг ози бир оз муддат бўлса ҳам бўлади» деганлар ва шунга фатво берилган.


Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради.
Худди нафл рўзани бузган одам қазосини тутиши вожиб бўлганга ўхшаб.
Эътикоф ўтирган одам масжиддан инсон ҳожатларидан бошқа нарса учун чиқмайди.
Инсон ҳожатлари деганда катта ва кичик таҳорат ушатиш, нажосатни кетказиш ва жунубликдан ғусл қилиш каби ишлар кўзда тутилади. Мазкур ишларни қилиб бўлиши билан дарҳол эътикоф ўтирган жойига қайтади.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтирсалар инсон ҳожатидан бошқа нарса учун уйга кирмас эдилар». 
Молик ривоят қилган.


Жумага заволдан кейин боради.
Боргандан кейин суннатни ўқиб олишга етадиган вақт бўлиши учун. Бу жума ўқиладиган жомеъ масжидга яқин ерда эътикоф ўтирган одам учун.


Кимнинг манзили узоқ бўлса, суннатларни ўқиб жумага бемалол эришадиган вақтни чамалаб боради.


Яъни, жума бошлангунча унинг фарздан аввалги тўрт ракъат суннатини ўқиб оладиган вақт ҳам бўлишини ҳисобини қилиши лозим бўлади. Икки ийд намозига бориши ҳам худди жумага боришга ўхшайди. Шунинг учун жума ўқиладиган масжидда эътикоф ўтириш афзал деган уламоларимиз.


Жомеъ масжидда мазкур муддатдан кўпроқ туриб қолса ҳам эътикофи бузилмайди.
Чунки бу масжид ҳам аслида эътикоф еридир. Шунингдек, масжид йиқилгани, жамоат тарқалиб кетгани, золимнинг мажбуран чиқариб юборгани, жиноятчиларнинг жонга ёки молга таҳдид солгани учун чиқиш ила эътикоф бузилмайди. Бошқа ерга бориб эътикофини давом этдираверади.


Агар узрсиз маълум вақтга чиқса эътикофи бузилади.
Шунингдек, ғарқ бўлаётган ёки ёнаётган нарсани қутқариш каби нодир ишлар учун, бемор кўриш, жанозада қатнашиш, гувоҳлик бериш каби ишлар учун чиқса ҳам эътикофи бузилади ва қазо лозим бўлади.


У эътикоф ўтирган масжидида еб – ичиши, ухлаши, савдо молини масжидга келтирмасдан олди – сотди қилиши мумкин. Бошқа кишига бу ишларни масжидда қилиш мумкин эмас.


Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирганларидан шундоқ қилганлар ва бу ҳожатларни масжиддан чиқмасдан чиқариш мумкин.


Аммо эътикоф ўтирмаган одам мазкур ишларни масжидда қилиши мумкин эмас. Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.


Амр Шуъайб отасидан, у бобосидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда шеър айтишдан, олди-сотди ва жума куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб ўтиришдан наҳий қилдилар».
Термизий, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилган.


У жим ўтирмайди. Фақатгина хайрли нарсаларни гапиради.
Эътикоф ўтирган одам оғзига мум солингандек жим ўтириши мумкин эмас. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Балки эътикофдаги киши, намоз ўқиш тиловат, зикр, ҳадис ўқиш, илм ўрганиш, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ва бошқа пайғамбарларнинг сийратларини, аҳли солиҳларнинг ҳақидаги хабарларни ўрганиш билан машғул бўлади.


Агар кечаси ёки унутиб бўлса ҳам жинсий алоқа қилиш эътикофни бузади. Шунингдек, фарждан бошқа ерга жинсий алоқа қилиш, ўпиш, ушлаш туфайли маний нозил қилса ҳам эътикоф бузилади.


Чунки эътикоф ҳам худди намоздек нарса. Мазкур нарсаларнинг барчаси намозни бузади.
Аммо нозил қилмаса, мазкур ишлар ўзи ҳаром бўлса ҳам эътикоф бузилмайди.


Чунки бу нарсалар жинсий алоқага олиб борадиган нарсалардир. Аммо уларда жинсий алоқанинг маъноси йўқ.


Аёл киши уйида эътикоф ўтиради.
Яъни, уйидаги намоз ўқийдиган ерида. Чунки аёл киши учун энг қулай жой ўшадир. Агар бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кунларнинг кечаларини ҳам ўтириш лозим бўлади. Шунингдек, бир неча кеча эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кечаларнинг кундузларини ҳам ўтириш лозим бўлади.


Бунда шарт қилмаган бўлса ҳам кетма-кет ўтирилади. Икки кунни назр қилган бўлса, икки кундуз ва икки кеча ўтиради. Наҳорнинг ўзини ният қилиш жоиз.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 21 февраль 03-07/921-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Бақара сурасида .Эй иймон келтирганлар Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз,, деб давоми...

4198 14:00 / 01.04.2022
Энди сиз вақтингизнинг тартибию жадвалини қилиб олинг. Қай тарзда бу ойни ўтказиш керак Қанча ишларни ортга суриш имкони бўлса, ортга суриб туринг. Рўзани тутиш ва давоми...

1127 06:30 / 07.04.2023
Рамазон ойида Қуръони Каримни хатм қилиб чиқишни мақсад қилинг Агар сиз аввал хатм қилмаган бўлсангиз, интернетда жуда кўп қориларнинг Қуръони Каримни ўқиган давоми...

5042 12:00 / 10 март
Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ .Анас айтади мусулмонлар Шаъбон ойи кирса, мусҳафлари устига мук тушганча қироатга тушиб кетардилар ва Рамазон рўзаси вақтида давоми...

1771 14:33 / 11 март