1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Аввал даҳрий бўлган Лоуренс Брауннинг исломга кириши

09:30 / 21.03.2022 3717 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур» (Зумар сураси, 23-оят) деб марҳамат қилган.

Доктор Лоуренс Браун Исломни қабул қилиши ҳақидаги қиссани шундай ҳикоя қилиб беради: «Кўпчилик инсонлар мени мусулмон бўлишимдан аввал масиҳий бўлган деб ўйлашади. Йўқ, мен масиҳий бўлмаганман, гарчи узоқ йиллар масиҳий бўлишга уринган бўлсамда, бари натижасиз бўлган!

Мени фарзандим туғма юрак хасталиги билан дунёга келди. Ушбу касаллик билан оғриган беморлар асосан қийналиб, оғир дард чекишади, охир оқибат, барибир яшай олмай вафот этадилар. Ҳатто юрак устида операция ўтказилган тақдирда ҳам, бир неча йил ўтиб ҳолат яна қайталанади ва шу ҳолда ҳаёти якун топади.

Менинг қизалоғим, биз уни Ҳанно деб номлаган эдик, жонлантириш бўлимига тушиб қолди. Уни кўрганимизда аҳволи ўта оғир ва юрак усти ва атрофидан бошлаб, оёқ бармоқчаларининг учигача кўм-кўк рангда эди. Бу танада юракка кислород етарлича етиб бормаётганини ва бемор ҳалок бўлаётганини англатарди. Бу ҳолни кўриб илк марта ҳис қилганим, англаганим шу бўлдики, энди бу ўринда менга қандайдир Олий куч, Юқори қудратнинг ёрдами, мадади керак эди. Мен ўша вақтда даҳрий бўлганман, Худога ишонмаганман.

Мен қизимни жарроҳлар жамоаси билан бирга интенсив терапия хонасида қолдирдимда, ходимлар учун ажратилган ибодат хонасига қараб юрдим.

У ерда ўтириб даҳрий инсон ўз билганича қиладиган ибодатини бошладим: «Эй Худо, агар Сен ҳақиқатан ҳам бор Худо бўлсанг! Мени руҳимни қутқар, агар менда руҳ бўлса!» Улар шу тарз ибодат қилишади, сабаби уларда ҳали ишонч йўқ бўлади.

Дуо қилардим: «Эй Илоҳ, Сен бормисан ёки йўқмисан?! Агар Сен бор бўлсанг, мен сенинг ёрдамингга муҳтожман!». Ўша куни мен Ҳолиқимга аҳд ваъда бердим. Бу ваъдам «Агар мени қизимни сақлаб қолса, мени Ўзи рози бўладиган динига йўллаб қўйсин, токи мен ўша динга эргашаман» мазмунида эди.

Бу енгил ваъда эди. Мен 15-20 дақиқа ўша хонада қолиб дуо илтижоларни тугатдим ва операция хонасига, қизимнинг ёнига қайтдим. Хонага кирганимда докторлар қизимни кузатиб туришарди. Уларнинг бари бошларини кўтариб менга қарашди. Уларнинг нигоҳлари қандайдир ўзгариб қолганди. Юзларида ҳайронлик, тушунарсиз сирлилик бор эди! Улар ўзлари гувоҳ бўлган воқеликни англолмаётган ҳолатда эдилар. Мен бориб уларни ёноқларидан ўпиб, бағримга босдим. Шунда шифокорлар менга қараб: «Ҳаммаси жойида, қизингиз яшайди, у ўлмайди. Саломатлиги мустаҳкам, жуда яхши ҳолатда. Ҳеч қандай амалиётга ҳам, дори-дармонга ҳам ҳожат қолмади!» дейишди. Уларнинг қўлида «Ultrasaund» УЗИ ультратовушли юрак текшируви ускунасида аввал ва кейин олинган суратлар бор эди. Аввалги суратларга кўра, қизчамнинг юрагида жиддий муаммолар борлиги яққол намоён эди. Кейин олинганида эса табиий соғлом юракнинг кўриниши тасвирлари эди. Шифокорлар менга бир нималарни тушунтирмоқчи бўлишар, нималарнидир изоҳлашга уринишарди. Мен бўлсам, уларга қараб турардим ва бу тушунтиришлар менга керак эмас эди.

Мен Яратувчимга ибодат қилдим, юзландим ва Унга аниқ ишонч ҳосил қилдимки, бу ишга аралашди ва дуоимни ижобат қилди... Энди навбат меники эди. Энди мен ваъдамни устидан чиқишим ва уни адо этишим керак эди...

Ушбу воқеа сабаб бўлиб, мен диёнатлар ўртасида ҳақни излай бошладим. Аввал яҳудийликдан бошладим, сўнгра масиҳийликдан изладим. Бу ишларга кўп жидди жаҳд қилдим ва вақтларимни сарф этдим. Лекин улардаги турли номувофиқлик, қарама-қаршиликлар сабаб ушбу динлардан Ҳақни топмадим... Изланишларимда давом этавердим ва Ислом динига етиб келдим. Барча саволларимга ушбу динда жавоб топдим. Қалбимга саломатлик ва хотиржамлик инди».

Олим бу билан чекланиб қолмади, исмини Абдуллоҳ дея ўзгартирди. Абдуллоҳ Браун оиласи билан Мадинаи мунавварага кўчиб ўтди. У ерда катта бир шифохона очди. Китоблар ёзди ва инсонларни Исломга чақирди. Унинг бу уринишлари сабабидан 30 мингдан ортиқ киши Исломни қабул қилди, мусулмон бўлди.

P.S. Ушбу қиссани ўқиш жараёнида ютуб саҳифасида доктор Абдуллоҳ (Лоуренс) Брауннинг «How I came to Islam Dr Laurence Brown» - «Мен қандай қилиб Исломга кирдим» номли интервьюсини томоша қилдим. Шунингдек, бошқа манбаларда ҳам бу шахс ҳақида маълумотлар изладим. Юқорида танишганингиз қиссани ўз сўзидан тингладим. Бу воқеа 1990 йилда бўлгани, у америкалик экани, бу ҳолат иккинчи қизи Ҳанна билан бўлгани, чақалоқ туғилиши билан туғруқхонадан юрак жарроҳлиги касалхонасига ўтказилгани, Лоуренсни ўзи ҳам шифокор офтальмолог жарроҳ бўлгани боис бўлиб ўтган воқеанинг дақиқ тушуниши, билими борлиги ва қизининг тузалиши ҳақиқий мўъжиза бўлиб, ёлғиз Аллоҳнинг фазли марҳамати ила амалга ошганини ҳикоя қилди. Нутқининг якунида айтган сўзлари менга жуда маъқул бўлди. У жумладан шундай деди: «Шуни тушуниб етдимки, Ислом — ваҳий силсиласининг якунидир. Сиз агар ихлос билан, чиндилдан сўрасангиз Аллоҳ сизни албатта ҳидоят қилади ва Ўзи рози бўлган йўлга муваффақ қилади». 

Доктор Лоуренс Браун 1959 йилда АҚШда туғилган. Корнелл университетининг санъатлар ва фанлар коллежини, Браун Университети тиббиёт мактабини ва Жорж Вашингтон номидаги клиниканинг резидентура дастурини тамомлаган. Заҳирадаги АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари офицери, шифокор офтальмолог. Яқин Шарқдаги йирик кўз жарроҳлиги марказининг раҳбари ва бош шифокори. 1994 йилда Исломни қабул қилган. Бир неча китоблар муаллифи. Оилали, уч нафар қизи бор. 

Arabic.uz манбаси асосида Бобур Аҳмад тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Испаниянинг Ғарнота шаҳридаги Ал Ҳамро масжиди деворларига битилган ёзувларга тикилиб ўтирардим. Бу ёзувлар мен ҳаётимда кўрган энг чиройли ёзувлар эди.ndash Бу давоми...

3906 14:00 / 31.05.2022
801. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбуни кўп айтар эдилар.Аллоҳим Мен Сендан ғам ва маҳзунликдан, ожизлик ва дангасаликдан, давоми...

12352 23:31 / 04.05.2017
Маддоҳлик баъзи жойларда ман қилингандир. Мадҳнинг ўзида олтита офат бор. Уларнинг тўрттаси мадҳ қилувчида, иккитаси мадҳ қилинувчидадир.Мадҳ қилувчидаги давоми...

7254 05:00 / 03.03.2017
Охирги пайтда кишиларда хотира пасайиши ва унутувчанликдан шикоятлар кўпайган. Бунга турли сабаблар келтирилади. Одамлар айбни турли нарсалар ва ҳатто атрофдаги давоми...

33980 20:27 / 22.08.2017