1447 йил 21 жумадис сони | 2025 йил 12 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Рамазон ойида Умра зиёратини ташкил этиш юзасидан хабарнома

10:40 / 20.03.2022 2752 pdf Ўқиш режими + -


Аллоҳга шукрки, “COVID-19” пандемияси сабабли тўхтаб қолган Умра зиёрати, узоқ муддатли танаффусдан сўнг, катта қувонч билан яна қайта йўлга қўйилди.

Мўмин-мусулмонларимиз Каъбаи Муаззамани тавоф қилиш, Расулимиз алайҳиссаломнинг муборак равзаларида намоз ўқиш, дуо қилиш, у зоти шарифга салом бериш бахтига муяссар бўлдилар.

Ҳақ таоло Қуръони каримда: “Ҳаж ва Умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг”, – деб баён қилган. Шунингдек, ҳадиси шарифларда Умра ибодати учун улкан савоблар, даражалар ваъда қилинган. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умра – умрагача бўлган хатоларга каффоратдир”, – дея марҳамат қилганлар.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш борасида ҳам катта қадамлар ташланди: Умра сафарига бўлган эътибор кучайди, навбатлар сезиларли даражада камайтирилди, хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга олиб чиқилди. Буларнинг барчаси – юртдошларимизни хурсанд қилмоқда.

Қувонарли жиҳати, 20 март куни, “Умра-2020” мавсумида сафар харажатларини тўлиқ амалга оширган, лекин “COVID-19” пандемияси сабабли зиёратга бора олмаган фуқароларимизнинг охирги гуруҳлари Саудия Арабистонига жўнаб кетади.

Шу билан, Саудия Арабистони билан мавжуд шартномага мувофиқ, “COVID-19” пандемияси сабабли зиёратга бора олмай қолган 23 минг юртдошимизни Умра сафарига юбориш ишлари тўлиқ якунланади.

Айни кунларда Рамазон ва Шаввол ойларида Умра сафарини амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий ва амалий ишлар жадал суръатда олиб борилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, ҳозирги кунда Саудия Арабистонида “COVID-19” пандемияси билан боғлиқ ўрнатилган карантин талаблари аста-секин юмшатилиб, Саудия ҳукумати томонидан барча давлатлар, хусусан, Туркия, Малайзия, Индонезия, Эрон ва Миср каби йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилди.

Бу эса, ўз навбатида, меҳмонхона ва бошқа турдаги сервисларга талаб ошишига, хусусан, Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирларининг нарх-навосига таъсир кўрсатишига сабаб бўлиши ҳақида ҳам маълумот берилган эди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳамкор ширкат вакиллари билан Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра зиёрати юзасидан музокаралар олиб борилди ва белгиланадиган нарх бўйича ўзаро келишувга эришилди.

Таъкидлаш зарурки, Рамазон ойида Саудия Арабистонидаги мавжуд шароитдан келиб чиқиб, хизмат кўрсатиш нархлари ошаётган бўлсада, саъй-ҳаракатлар натижасида Шаввол ойида (Рамазон ойидан кейин) Умра мавсумининг охиригача зиёратчиларнинг сафар харажатлари учун амалдаги мавжуд қиймат сақлаб қолинади.

Яна бир муҳим масала, юртдошларимизнинг Умра зиёратига бўлган талаб ва истакларини инобатга олиб, Умра сафарини сайёҳлик фирмалари орқали ҳам қисман ташкил этиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қиламиз.

Ўз навбатида, узоқ муддатли танаффусдан сўнг, юртимиз мўмин-мусулмонларига муборак Рамазон ойининг раҳматга тўла кунларини яна Икки Ҳарамда ўтказиш бахтини насиб этган Аллоҳ таолога шукроналар айтамиз!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати


Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
ЮНЕСКО Ироқнинг Мосул шаҳридаги .АнНурий, масжидини қайта тиклаш учун танлов эълон қилди. Бу ҳақда islam.ru сайти хабар берди.Мажмуани тиклаш учун иқтидорли давоми...

1935 09:30 / 19.11.2020
Эртага Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг сафдошларидан, ҳассос адибимиз, халқимиз ардоғидаги ёзувчи, устоз Aҳмад Муҳаммад Турсуннинг Aллоҳ улардан давоми...

1978 20:04 / 25.03.2022
Дубай валиаҳд шаҳзодаси ва Дубай Ижроия кенгаши раиси шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рошид Ал Мактум муфтийлар, имомлар, муаззинлар, мусулмон воизлари, олимлар ва давоми...

1819 13:45 / 19.04.2023
Бугун, 10 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида интернет кузатувчилари ўртасида ўтказилган .Йил танлови ndash 2020, ғолиблари аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон давоми...

3853 19:16 / 10.03.2021
Аудиолар

212718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

131933 14:35 / 11.08.2021