1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Неъматлар ҳамда уларнинг ҳақиқатлари

05:00 / 03.03.2017 3481 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Билинг! Барча матлуб нарсалар неъмат, деб номланади, лекин ҳақиқий неъмат – бу ухровий неъматдир. Уни неъмат деб номлаш жоиздир. Бизга изофа этилган ишларнинг барчаси тўрт қисмга бўлинади:
Биринчи қисм – дунё ва охиратнинг барисида фойдали бўлган нарсалар илм ва чиройли хулқдир. Булар ҳақиқий неъматлардир.
Иккинчи қисм – икки дунёда ҳам зарарли бўлган нарса. Бу балолардир.
Учинчи қисм – ҳозирда фойдали, кейинроқда зарарли бўлган нарсалар: лаззатланиш, шаҳват орқасидан эргашиш. Бас, басират аҳли ўртасида булар балои-офатдир. Жоҳил одам уларни неъмат деб гумон этади.
Мисол: оч одам агар заҳар солинган асални топса ва унинг заҳарли эканлигини билмаса, уни неъмат деб ҳисоблайди. Бас, агар унга заҳар аралашганини билса, уни бало деб билади.
Тўртинчи қисм – ҳозирда зарарли ва келажакда эса фойдали бўлган нарсалар. Бу ақл соҳиблари назарида неъмат, жоҳиллар ҳузурида эса балолар. Бунинг мисоли шундай: ҳозир дорини ичиш аччиқлиги учун қийин, касаллардан шифо топиш келажакда бўлади. Буни билмаган агар унга дори ичиш таклиф этилса, уни бало деб гумон этади, оқил одам уни неъмат деб билади. Шу каби ёш бола қон олдиришга рози бўлмаса, бас, чиндан ҳам отаси уни қон олдиришга даъват қилиб, уни шунга амр этади. Вақтики, бола қон олдириш оқибатида бўладиган шифони мулоҳаза этади. Она эса ниҳоят даражада меҳрибон ва муҳаббатли бўлгани сабабидан болини ҳижомат (қон олдириш)дан қайтаради, чунки бундан бўладиган фойдани у билмайди. Бола ўзининг билмаслиги билан онасига тақлид қилиб, ундан ўрнак олади. Отасини сўзини олмайди ва уни ўзига душман деб билади. Агар у ақл юритса ҳам, албатта, онани дўст суратидаги ботиний душман эканлигини билади. Чунки унинг қон олдиришдан ман қилиши қон олдиришда бўладиган оғриқдан ҳам қаттиқроқ алам берадиган касалликларга олиб келади. Жоҳил дўст оқил душмандан кўра ёмонроқдир. Ҳамма инсон ўзига дўст, лекин нафс жоҳил дўстдир. Шунинг учун душман қилмаган ишни у қилади.

АЛЛОҲ ТАОЛО НЕЪМАТЛАРИНИНГ КЎПЛИГИ, БУ НЕЪМАТЛАРНИНГ УЗВИЙЛИГИ ВА УЛАРНИ ЧЕГАРАЛАШ ҲАМДА ҲИСОБЛАШ ҚИЙИНГИЛИ

Билинг! Чиндан ҳам неъматлар неъматлиги сабабидан ғоятда матлуб бўлган нарсага ва ғоя учун матлуб бўлган нарсаларга бўлинади.
Ғояда матлуб бўлган неъмат охират саодатидир. Охират саодатининг ҳосили тўрт нарсага қайтади: боқийлик – унда фано йўқ, хурсандчилик – унда ғам-ташвиш йўқ, илм – у билан жаҳл бирга эмас, бойлик – ундан сўнг фақирлик бўлмайди. Мана шу ҳақиқий саодатдир.
Иккинчи қисм мазкур саодатга элтувчи василалардан иборат. Булар тўрт даражадан иборат:

1. Олий даража – нафс фазилатларидан иймон ва чиройли одоб-ахлоқ кабилар.
2. Бадан фазилатлари – куч-қувват, сиҳҳат-саломатлик ва шуларга ўхшаш нарсалар.
3. Бадан атрофидаги неъматлар – мол-дунё, мансаб ва аҳлу аёллар.
4. Сабаблар ва улар билан муносиб фазилатлар ўртасини жамлайдиган нарсалар – ҳидоят, иршод, тўғри йўл, қўллаб-қувватлаш. Буларнинг ҳаммаси улуғ неъматлар бўлиб ҳисобланади.

Агар сўралсаки: “Охират йўлида мол-дунё, мансаб ва шуларга ўхшаган хорижий неъматларга ҳожат бўлишининг сабаби нима?”
Биз жавоб бериб айтамизки, бу нарсалар мубоҳ қанот каби жорий ва мақсад йўлида ишлатиладиган асбобдир.
Мол-дунёга бўлган эҳтиёж ҳақида бундай деб айтамиз: толиби илмда агар етарли таъминот бўлмаса, у гўёки аслаҳасиз (қуролсиз) жангга кирган чопарга ўхшаган бўлади, зеро у кўп вақтини кундалик эҳтиёжини қондириш талабида ўтказади, бас, бу нарса унга илм таҳсилидан, музокара ва зикрдан, фикрлаш ва шу кабилардан машғул этади.
Мансаб, унвон неъмат бўлиши ҳақида қуйидагиларни зикр этамиз: инсон ўзини хорлик, зулм, адолатсизлик, таҳқирлашдан ҳимоя этади, у ўзига азият берадиган душмандан, ғалаён қилиб мол-мулкига тажовуз этадиган зулмдан, қалбини машғул қилувчидан холи бўлмайди. Инсон қалби унинг асосий дастмоясидир. Инсон ўзини бу нарсалардан иззат ва мансаб билан мудофа этади.
Сиҳҳат-саломатлик, куч-қувват, узоқ умр ва шу кабилар ҳам неъматлар жумласига киради. Зеро, илм ва амал фақат шу нарсалар билан тамомига етади. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилиб айтдилар: “Кўп инсонлар икки неъматда бепарво бўладилар: сиҳҳат-саломатлик ва бўш вақт неъматлари”. Имом Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Даромий, Самарқандий ва Ибн Ҳанбал ривоятлари.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Одамларнинг яхшиси ким?” деб сўралган вақтда бундай дедилар: “Кимнинг умри узоқ бўлиб, амали яхши бўлса”. Имом Термизий, Даромий, Самарқандий ва Ибн Ҳанбал ривоятлари.
Мол-мулк ва мансаб ҳам неъмат бўлиб ҳисобланади. Юқорида буларда бўладиган бало ва офатлар ҳақида зикр этган эдик. Маълумки, бу неъматлар мутлақо ёмон деб билинмаган.
Ҳидоят, тўғри йўл ва ростлик, қўллаб-қувватлашларнинг энг улуғ неъматлардан эканлиги ҳаммага маълум, асло махфий эмас. Муваффақиятга беҳожат бўлмаган одам йўқ. Шунинг учун ҳам қуйидаги қитъа айтилган экан:
Аллоҳ таолодан йигитга бўлмаса ёрдам,
Ижтиҳоди унга кўп ҳам бермайди ёрдам.

ФАСЛ

Билинг! Биз бир қанча неъматлар ҳақида сўз юритдик ва уларни зикр қилдик. Биз тан сиҳҳатини иккинчи даражадаги воқеий неъматлардан бир неъмат деб билдик. Баркамол бу неъматларнинг сабабларини чуқур тадқиқ қилмоқчи бўлсак, бунга биз асло қодир бўла олмаймиз. Лекин емоқ-ичмоқ сиҳҳат-саломатликнинг сабабларидан биридир. Биз тадқиқот учун эмас, балки ишора тариқасида овқат (таом) истеъмол этишда иштирок этадиган сабаблардан айримларини зикр этамиз. Аллоҳ таоло сизга яратиб қўйган бир қатор неъматларидан сиздаги сезиш жиҳози ва ғизо талабида ҳаракат асбобини тилга олайлик. Идрок этишнинг асбоби бўлган беш сезиш-ҳис этиш аъзоларидаги Аллоҳ таолонинг ҳикмат тартибига бир боқинг!

Биринчи сезиш аъзоси – бу ушлаш сезгисидир. Бу ҳайвонларда яратилган биринчи сезгидир. Сезгининг энг паст даражаси ўзига ёпишиб турган нарсани сезишдир. Зеро, узоқдаги нарсани сезиш мушкул иш эмас. Сиздан узоқда бўлган нарсани идрок этишда сезгига муҳтож бўласиз. Аллоҳ таоло узоқдаги ҳидни билишингиз учун ҳидлаш сезгисини яратди, лекин сиз ҳид қайси томондан келаётганини билмайсиз, бас, ҳиди ҳидланаётган нарсани топгунга қадар кўп ахтаришга муҳтож бўласиз, балки уни топа олмайсиз. Бас, сиздан узоқда бўлган нарсани билишингиз учун Аллоҳ таоло кўришни халқ этди ва сиз унинг қайси томонда эканлигини биласиз ва ўша тарафнинг ўзига қараб қасд этасиз, илло, Аллоҳ таоло сизда фақат шуни яратган бўлса, унда сиз мукаммал эмассиз. Бу кўриш билан девор ва парда ортидаги нарсани била олмайсиз. Балки сизга бир душман қасд қилиб қолар, ўрталарингизда эса парда бор, душман эса яқинлашиб, пардани очиши мумкин, сиз эса қоча олмайсан. Бас, Аллоҳ таоло сизга эшитиш сезгисини яратдики, ҳатто бу билан сиз хоналар орқасида бўлаётган ҳаракатларнинг овозларини биласиз. Сизга бу ҳам кифоя этмайди. Агар сизда чиройли завқ бўлмаса, зеро чиройли завқ билан сиз ўзингизга нима фойдали ва нима зарарли бўлишини биласиз, дарахт каби эмас, зеро у ҳамма суюқликни (сувни) томирига тортиб боради, унда бирон-бир завқ йўқ, у билан жозибаланса эди. Балки бу нарса унинг қуриб қолишига сабабчи бўлади. Сўнгра Аллоҳ таоло сизни бошқа бир сифат билан мукаррам айлади. Бу сифат барча нарсадан шарафлидир. Бу ақл. Бу билан сиз таом ва уларнинг фойдаларини биласиз, келажакда улардан қайсиси зарар қилишини идрок этасиз. Сиз ақл билан таомлар пиширишни, уларни мослаштириш ва усулларини ҳозирлашни биласиз. Сиҳҳат-саломатлигингиз сабаби бўлган таомдаги фойдаларни ақл билан биласиз. Бу – ақл фойдаларининг энг қуйиси. Аллоҳ таолони билиш – ақлдаги энг буюк ҳикматдир. Зоҳирий бош сезгидан сизга зикр этганларимиз баъзи идрок этувчилардир. Бу борада биз ҳамма нарсани баён этдик, деб гумон қилманг. Бас, дарҳақиқат, кўриш ҳам сезгилардан бири бўлиб ҳисобланади. Кўз унинг асбобидир. Кўз турлича бўлган ўнта табақадан таркиб топган. Уларнинг баъзиси рутубатли, айримлари ҳар хил пардалардан иборат, ўн табақанинг ҳар бирида сифат, сурат, шакл, ҳайъат, тадбир ва таркиб мавжуд. Шулардан бир табақага ёки бир сифатга халал етса, кўриш қувватига путур етади (бузилади). Барча табиблар бунинг муолажасидан ожиз бўладилар. Бас, у бир сезгидаги ҳикматдир. Шунга эшитиш ва бошқа сезгиларни қиёс қилинг. Буларни жуз-жуз китобларда зикр қилиб ҳам тўла баён этиш мумкин эмас. Танадаги барча сезги ва ҳисларни зикр этишдаги сизнинг гумонингиз қандай?

Сиз булардан кейин ирода ва қудратнинг яратилишига назар ташланг. Ҳаракат асбоблари ҳам неъматлар синфларига дохил бўлади. Чиндан ҳам Аллоҳ таоло таомни кўриш учун кўриш сезгисини яратиб, табиатда таомга шавқ-қизиқиш ва унга ҳаракат этишга қизиқтирадиган майл-истакни яратмаса эди, кўриш сезгиси тамомила ишдан чиққан бўларди. Қанчадан-қанча касал кишилар борки, таомни ўзига энг фойдали нарса деб билади, аммо иштаҳаси йўқлигидан уни тановул этишга қодир бўлмайди. Бас, Аллоҳ таоло сизда таом истагини яратиб, сизга уни ҳукмрон қилиб қўйди. У тушлик таомини тановул этишга сизни мажбурловчи маҳкама қозиси кабидир.
Бу майл-истак таомдан керакли миқдорда олишдан тўхтамаса, албатта сиз исроф этувчи ва жонингизни эса ҳалок қилувчи бўласиз. Бас, Аллоҳ таоло сизда тўйган вақтда таомни тарк этиш учун ёмон кўриш сезгисини яратди. Инсон наслининг боқий қолиши ҳикматида ҳам жинсий шаҳват ҳақида шундай сўз мавжуд.

Сўнгра Аллоҳ таоло сизда ғизо-таом ва бошқа нарсаларни тановул этишда ҳаракат асбоблари бўлган аъзоларни яратди. Улардан бири – икки қўл. Икки қўл турли томонларга ҳаракат этувчи, узаювчи ва букилувчи кўплаб бўғинларни ўз ичига олади. Икки қўл қаттиб турган ёғоч каби эмас.

Сўнгра Аллоҳ таоло қўл бошини кенг қилиб қўйди. Бу кафтдир. Уни беш қисмга бўлди. Булар панжалар бўлиб, уларнинг узун ва қисқалигини ҳар хил қилди ҳамда уларни икки сафда қўйди, шу тақлиддаги бош бармоқ бир томонда бўлиб, у қолган бармоқлар атрофида айланади. Агар улар бир жойда жам бўлса, булардан ирода этилган мукаммал ғараз-мақсад ҳосил бўлмайди.
Кейин Аллоҳ таоло бармоқларга тирноқларни ҳам яратган бўлиб, бармоқ бошларига уларни ўрнатдики, бармоқлар тирноқлар билан бақувват бўлди. Энди сиз бармоқлар ушлай олмаган дақиқ-нозик нарсаларни тирноқлар ёрдамида бемалол тута оласиз, фараз қилинг, қўл билан таомни олдингиз, бас, таом қориннинг ичига етиб бориши учун бу кифоя қилмайди. Аллоҳ таоло оғиз, устки ва остки жағларни яратди. Бу икки жағни суякдан халқ этди ва уларда тишларни ўрнатди. Тишларни таом муҳтож бўладиган ҳолда тақсимлади. Улардан баъзиси олди тиш каби узиб олиш учун бўлса, баъзиларини қозиқ тишлар каби синдириш учун салоҳиятли этди. Улардан айримларини майдалаш учун озиқ тишларга ўхшаган қилиб яратди. Аллоҳ таоло пастки жағни доимий равишда ҳаракат этадиган, юқори жағни эса қимирламай маҳкам турадиган қилиб яратди. Бас, Аллоҳ таолонинг ажойиб санъатига боқинг! Чиндан ҳам одамзот яратган барча тегирмон тошларининг пастки тоши қимирламай, собит туради ва устидаги тош эса айланади. Аммо Аллоҳ таолонинг санъати бўлган бу тегирмоннинг пастки қисми ҳаракатланади, юқориси собит, тик туради. Агар фаразан юқори жағ ҳаракатланиб айланса эди, унда мавжуд бўлган мушарраф аъзолар хавф-хатарда қолган бўларди. (Мисол учун тил ногоҳ икки ҳаракатланаётган жағлар орасида қолиб жароҳатланиши мумкин бўлади, модомики пастки жағ ҳаракатланар экан, тилга ҳеч бир хавф-хатар бўлмайди, агар хатар содир бўладиган бўлса, тил ютишдан осонлик билан тўхтайди.)

Аллоҳ таоло тилни халқ қилиб, сизга қандай буюк неъмат берганига қаранг, чиндан ҳам тил оғиз атрофида айланади, ҳожат-эҳтиёжга қараб таомни ўртадан олиб, тишларга қайтаради. Тиш куракка ўхшаб таомни тегирмонга итариб қайтаради. Бундан ташқари тилда ажойиботлардан бўлмиш нутқ қуввати ҳам мавжуд.

Фараз қилинг, сиз таомни чайнадингиз ва уни майдалаб хамир этдингиз, таом қуруқ, уни сиз юта олмайсиз, илло, халқумдан намланиб сирғалиб ўтиши билан уни юта оласиз.
Аллоҳ таоло сўлак отилиб чиқадиган булоқни тил остида яратди ва таомни қориштириб хамир этиши учун керакли миқдорда сўлак ажратишга мос этди.
Сўнгра бу майдаланган ва хамир шаклига келган оғиздаги таомни ким меъдага еткизади? Зеро, таомни қўл билан меъда-ошқозонга юбориш мумкин эмас. Бас, Аллоҳ таоло қизил ўнгач ва томоқ (бўғиз)ни яратди. Томоқнинг бошини табақа-табақа этди, булар таомни олиш учун очилади, сўнгра беркилади, таом айланиши учун уни босиб сиқади, бас, қизил ўнгач даҳлизига таом келиб тушади. Агар меъдага нон, бўлинган мевалардан иборат таом тушса, булар тўғридан-тўғри шу ҳолатда гўшт, суяк ва қонга айланмайди, токи тановул этилган ғизолар тамоман етилиб ҳазм бўлмагунига қадар.

Бас, Аллоҳ таоло меъда-ошқозонни таом тушадиган қозон шаклида яратди. Ошқозон таомларни ўз ичига олади ва эшиклари беркилади. Тўрт ички аъзодан етиб келадиган ҳарорат билан таом етилиб пишади. Бу ҳарорат берадиган аъзолар тана ўнг томонидаги жигар, чап томонидаги қораталоқ, тана олдидаги қориндаги юпқа ёғ қатлами (чарви) ва орқа томондан эса умртқа гўштидан иборат. Бас, таом пишиб етилади ва томирлар ичида юришга салоҳиятли бўлган суюққа ўхшаш нарсага айланади, сўнгра ҳазм бўлган таом томирлар орқали жигарга тушади ва таом етилиб, бошқа ҳолатга ўтмагунича унда қарор топади.
Сўнгра ҳазм бўлган таом тана аъзоларига тарқалади ва ундан оғир бўлган қолдиқлари қолади ва ташқарига чиқишга ҳаракат этади.
Агар бу тўғрида мукаммал сўзлайдиган бўлсак, гап жуда ҳам чўзилиб кетади.

Одамзот танасида беҳисоб мускул (пай) ва томирлар мавжуд. Улар хилма-хил, кичик, катта, нозик, йўғон бўлиб, уларнинг ҳар бирида ҳикмат бор. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан бўлиб, агар қимирлаб-ҳаракат қилиб турган томир тўхтаса ёки тўхтаб қимирламай турган томир ҳаракатланса, ҳалок бўласан, эй мискин инсон!
Аллоҳ таолонинг ўзингиздаги неъматларига бир қаранг! Унга шукр айтишга куч топасиз. Бас, чиндан ҳам сиз Аллоҳ таолонинг неъматларидан таом неъматини биласиз, танийсиз, холос. Ваҳоланки, у неъматларнинг ичидаги энг пастидир. Сўнгра сиз фақат оч бўлиб, таом еганингиздан сўнг неъматлигини биласиз. Чиндан ҳайвон ҳам очиқади ва ейди, чарчайди ва ухлайди, хоҳлайди ва жинсий алоқа қилади. Агар сиз ўзингиз ҳақингизда эшак билган нарсани билсангиз, қандай қилиб сиз Аллоҳ таолога шукр айтасиз!? Биз Аллоҳ таолонинг неъматлар денгизидан қисқача қилиб рамзий бир томчисини бу ерда баён этдик. Бунга бошқа неъматларни қиёс этаверинг!
Хуллас, биз ва барча халойиқ билган ва билмаган нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари денгизининг бир томчисидан ҳам оздир, зеро Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтди: “Аллоҳ таолонинг неъматларини санамоқчи бўлсаларингиз, уларни ҳисоблай олмайсизлар” (Иброҳим сураси, 34-оят ва Наҳл сураси, 17-оят).

ФАСЛ

Билинг! Чиндан ҳам турли-туман таомлар жуда кўп. Уларни халқ этишда Аллоҳ таолонинг беҳисоб ажойиботлари мавжуд. Улар ғизо, даво, мева ва бошқа нарсаларга бўлинади.
Бас, биз айрим ғизолар ҳақида сўзлаймиз ва айтамиз: агар сизда бир оз буғдой бўлса, уни еб қўйсангиз, тугаб қолиб, оч қоласиз. Сиз буғдой донини ўстириш ва уни кўпайтиришга жуда ҳам муҳтожсиз, ҳатто сизнинг эҳтиёжингизга кифоя этадиган бўлса ҳам. Бунинг йўли уни экишдир. Сиз буғдойни сув ерга аралашиб, лой бўладиган жойга экасиз. Сўнг унга сув ва тупроқнинг ўзи кифоя қилмайди, зеро агар сиз буғдойни қаттиқ нам ерга тиксангиз, тупроқда ҳаво бўлмагани учун у униб чиқмайди. Бас, буғдойни ҳайдаб тупроғи юмшатилган ва унга кирадиган ерга экишингиз лозим бўлади. Ҳавонинг ўзи ҳам уруғни ҳаракатлантира олмайди, бунинг учун ҳавони ҳаракатлантирувчи шамолга эҳтиёж бўлади. Шамол ҳавони ерга мажбурлаб киритади. Бундан сўнг уларнинг барчаси яна кифоя қилмайди. Уруғлик буғдой баҳор ва ёз ҳароратига муҳтож бўлади. Агар сепилган буғдой қаттиқ совуқ остида қолса, униб чиқмайди.
Сўнгра сиз экин-тикин муҳтож бўладиган сувга назар қилинг. Аллоҳ таоло уни қандай яратган? У Зот булоқларни чиқарди ва дарёларни оқизди. Вақтики, баъзи ерлар баланд бўлиб, уларга сув чиқа олмасди. Аллоҳ таоло уларнинг устига булутларни юборди. Ўзининг изни билан булутларни дунёнинг турли томонларига ҳайдаш учун уларнинг устига шамолларни ҳукмрон қилди. Булар оғир булутлардир, Аллоҳ таоло зарур вақтда ерга ёмғир ёғиши учун уларни юборади.
Аллоҳ таоло сувларни сақлаш учун тоғларни қандай яратганига назар ташланг. Улардан булоқлар секин-аста оқиб тушади. Агар улар бир вақтнинг ўзида бир марта отилиб чиқса, мамлакатлар ғарқ бўлиб, экин-тикин ва бошқа нарсалар ҳалок бўлади.
Аллоҳ таоло қуёшни яратиб, уни қандай мусаххар қилиб қўйганига ибрат кўзи билан боқинг! У ердан узоқда бўлишига қарамай, уни вақти-вақти билан қизитади. Шунда ҳожатга қараб совуқлик ҳосил бўлади, эҳтиёжга мувофиқ ҳарорат юқорига кўтарилади.
Аллоҳ таоло ойни яратди ва рутубатни унинг хусусиятидан қилди, қиздиришни қуёшнинг хусусиятидан қилгани каби. Ҳаким ва хабир бўлган Зотнинг тақдири билан ой меваларнинг пишиб етилишида ёрдам беради. Осмонда яратилган барча сайёралар бир фойда учун бўйсундирилгандир, чунончи қуёш ва ой мусаххар этилганидек. Буларнинг ҳар бири кўплаб ҳикматлардан холи эмас, уларни бирма-бир ҳисоблаб чиқишга инсон қуввати етмайди. Шу каби қуёш ва ойда биз зикр қилиб ўтганимиздан бошқа беҳисоб ҳикматлар мавжуд.
Маълумки, бир жойда ҳамма таом ва ноз-у неъматлар мавжуд бўлавермайди. Бас, Аллоҳ таоло бу борада тожирларни мусаххар-бўйсундирди. Уларнинг табиатларида мол-дунёни жамлаш ҳирсини ҳукмрон қилди. Шу билан бирга уларни бирон-бир нарса бой қилмади. Балки улар мол-дунёни тўплайдилар, ё бу бойликлари кема билан денгизда ғарқ бўлади, ё йўлтўсар қароқчилар улардан тортиб олади, ё баъзи мамлакатларда ўлиб кетишади, улардан қолган мол-мулкни султонлар олишади. Энг яхши аҳволларида улардан қолган дунёни меросхўрлари олишади. Агар улар билсалар эди, меросхўрлар уларнинг ашаддий душманларидир. Бас, қаранг! Аллоҳ таоло уларга орзу-умид ва ғафлатни ҳукмрон қилди, улар денгизларда сафар этишда хавфу хатарларда қолиб, фойда талабида қанчадан-қанча қийинчиликларни бошларидан кечиришади. Бас, улар турли таомларни ва турли зарур эҳтиёжларни машриқу мағрибдан сизга олиб келишади.
Билинг! Чиндан ҳам одамлар жаҳолат ва ғафлатда бўлганидан неъмат шукрини айтишдан узоқдалар. Бас, дарҳақиқат, улар бу билан неъматни билишдан ожиз қоладилар. Неъматга шукр айтишни уни билгандан кейин тасаввур этадилар. Кейин агар неъматни билишса, Унга шукр айтиш бирларининг тили билан “Алҳамдулиллаҳ ва ашшукру лиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин ва Аллоҳга шукр бўлсин), деб айтиш, деган хаёл-гумонда бўлишади. Улар шукрнинг маъноси – неъматни ундан ирода қилинган том ҳикматда ишлатиш эканлигини билишмайди. Бу ҳикмат – Аллоҳ таолога итоат этишдир.

Неъматлардан ғафлатда бўлишнинг бир қанча сабаблари бор:

1. Чиндан ҳам инсонлар жоҳилликлари билан барча ҳолатдаги одамларга умумий бўлган неъматни неъмат деб ҳисобламайдилар. Шунинг учун улар биз зикр қилиб ўтган неъматларнинг бир қанчасига шукр қилмайдилар, чунки у неъматлар барчага умумийдир, уларнинг барча ҳолатларида бу неъматлар уларга бериб қўйилган. Бас, улардан биронтаси буни ўзига хос деб билмайди ва неъмат деб ҳисобламайди ҳам. Уларнинг ҳаво роҳати учун Аллоҳ таолога шукр айтишларини кўрмайсиз. Агар томоқлари бир лаҳза бўғилиб уларга ҳаво ўтмаса, бўғилиб ўладилар. Агар улар ҳаммом ёки қудуқда махбус бўлиб қолишса, ғам билан вафот этадилар. Улардан бирлари шу нарсалардан бирига мубтало бўлиб, сўнгра нажот топса, шунда у нарсани неъмат деб баҳолайди ва Аллоҳ таолога шукрони неъмат айлайди. Бу ўта (кетган) нодонликдир. Чунки уларнинг шукр қилишлари улардан неъматнинг тортиб олинишига боғлиқ бўлиб қолди. Сўнгра баъзи вақтда у неъмат уларга қайтарилади. Ҳамма вақтда неъматлар шукр айтиш билан аъло бўлади. Сиз кўриш сиҳҳатига шукр айтувчи кўзи соғ одамни топмайсиз, магар кўзи кўр бўлса, шунда у кўз қадрига етади. Агар унинг кўриши ўзига қайтса, унинг неъматлигини сезади ва шукр айтади, шу вақтда кўришни неъмат деб ҳисоблайди. Бу бамисоли доимо уриб турилган қулга ўхшайди. Агар бир соат у урилмай қўйилса, у шукр этади ва матонат-у чидам билан хизматини давом эттиради. Агар уни уриш (бутунлай) тарк этилса, унга норозилик ғолиблик қилади ва ношукр бўлади. (Шукрни тарк этади.)
Одамлар оз ва кўплиги жиҳатидан вазифа доирасига кирган нарсаларнинг натижасига қараб шукр айтадиган бўлишади ва Аллоҳ таоло уларга берган барча неъматларни унутишади.
Чунончи ривоят этилишича, бир киши ўзининг фақирлиги ҳақида басират аҳлига шикоят этди. У зот унинг бу ҳолидан жуда ғамгин бўлганини изҳор қилиб, унга бундай деди: “Сенда ўн минг дирҳам бўлса-ю, кўр бўлсанг, хурсанд бўлармидинг?” У: “Йўқ”, деди. У зот деди: “Сенда ўн минг дирҳам бўлса-ю, соқов бўлсанг, хурсанд бўласанми?” У: “Йўқ”, деди. У зот деди: “Сенда йигирма минг дирҳам бўлса-ю, қўл ва оёғинг кесилган бўлса, хурсанд бўлармидинг?” У: “Йўқ, хурсанд бўлмасдим!” деди. Ул зот айтди: “Сенда ўн минг дирҳам бўлса-ю, мажнун бўлсанг, хурсанд бўлармидинг?” У: “Йўқ, албатта”, деди. Ул зот деди: “Уйланмайсанми? Сенда Аллоҳ таолонинг эллик минг дирҳамлик моли турибди-ю, сен эса мавлойингга шикоят этишдан хижолат бўлмайсанми?”

Айрим камбағаллардан ҳикоя қилинишича, биттасининг фақирлиги кучайиб, қўли жуда ҳам калта бўлди. У хобида бир одамнинг унга сўзлаётганини кўрди. “Сенга минг динор бўлса-ю, ёдингдан Анъом сурасини чиқарсак, яхши кўрасанми?” У: “Йўқ”, деди. У киши деди: “Худ сурасини эсингдан чиқаришимизни яхши кўрасанми?” У: “Йўқ”, деди. У киши деди: “Юсуф сурасини-чи?” У: “Йўқ”, деди. У киши деди: “Сенда юз минг динорнинг қиймати бор-у, сен яна шикоят қиласанми?” Эртасига у одам фақирликдан холи бўлди.

Ибн Саммок насиҳат қилиш мақсадида Хорун Рашиднинг ҳузурига кирди. Бас, йиғлади ва бир қадаҳ сув сўради, сўнг айтди: “Эй амирул мўминин! Мана шу қадаҳдаги сув сиздан ман этилса-ю, магарам дунё ва ундаги нарсалар эвазига берилса, сиз бунга алиштирармидингиз?” Хорун Рашид: “Ҳа”, деди. У айтди: “Бас, сароб бўлиб ичинг! Аллоҳ сизга баракасини берсин!” Вақтики, Хорун Рашид сувни ичди. Унга айтди: “Эй амирул мўминин! Дунё ва ундаги нарсалар бадалида шу ичган сувингиз ичингиздан ташқарига чиқишига изн бериладиган бўлса, сиз уни берармидингиз? Шунга алиштирасизми?” Хорун Рашид: “Ҳа”, деди. У айтди: “Бир қултум сув ундан ҳам яхшироқ бўлган нарсани нима қиласиз?!”

Бу шуни баён этадики, чиндан ҳам Аллоҳ таолонинг чанқов вақтида бандага берган бир қултум сув неъмати ер юзидаги барча мулкдан ҳам улуғроқдир. Кейин бадан ичидан бавл-ҳадасни осонлик билан хирожга чиқиши неъматларнинг энг улуғидир. Бу хос неъматларга қисқача ишорадир.

Билинг! Чиндан ҳам бирон-бир банда чуқур назар ташлаб қараса, ўзида Аллоҳ таолонинг жуда кўп неъматларини кўради, унга умумий инсонлар бу нарсада шерик бўлишмайди, балки бунга улардан кўплари муштаракдирлар. Шундан бири ақлдир. Дунёдаги ҳар бир банда ўзига берилган ақли учун Аллоҳ таолодан розидир. У чиндан ҳам инсонларнинг энг ақллисиман, деб эътиқод қилади. Одам камдан-кам Аллоҳ таолодан ақл сўрайди.
Яна бири ахлоқдир. Банда ўзидан бошқанинг айбларини топиб, уларни ёмонлайди, ахлоқларини мазаммат этади. Ўзини эса оппоқ деб билади. У ўзининг хулқ-одобини чиройли қилиб, бошқаларни бадхулқ қилиб қўйган Аллоҳ таолога шукр айтмоғи лозим бўлади.
Шу жумладан, деярли ҳар бир инсон ўзининг ички ишлари ва махфий кечинмаларини ёлғиз ўзи яхши билади. Агар унинг пардаси кўтарилиб, халойиқдан бири унинг сирларини билса, у шармандаи-шармисор бўлади. Одамларнинг барчаси огоҳ бўлсалар, бу қандай бўлади? Нима учун инсон ёмонликларини беркитган Аллоҳ таолога шукр айтмайди? Зеро, Аллоҳ таоло гўзалликни изҳор қилиб, хунук (ёмон)ликни беркитган эди.
Бу қабилдагидан кўра умумийроқ табақага тушамиз (ўтамиз) ва айтамиз: Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ё сурати, ё ахлоқи, ё сифатлари, ё аҳли-аёли, ё бола-чақаси, ё уй-жойи, ё ватани, ё дўст-биродарлари, ё яқинлари, ё мансаб-лавозими, ё бошқа яхши кўрган нарсаларида бир қатор ишларни унга ато қилган. Агар Аллоҳ таоло ундан бу нарсани тортиб олиб, унга хос қилиб берган нарсани бошқа бировга берса, инсон бундан асло рози бўлмайди. Бунинг мисоли Аллоҳ таоло уни кофир эмас, мўмин қилиб, жонсиз эмас, жонли қилиб, ҳайвон эмас, инсон қилиб, хотин эмас, эркак қилиб, бетоб эмас, соғ-саломат қилиб, айбли эмас, беайб қилиб яратганидир. Бас, чиндан ҳам буларнинг ҳаммаси хусусиятдир.
Агар инсон ўз ҳолини бошқанинг ҳолига ўзгартиришни истамаса, у ўзининг ҳолини бутунлай ёки хос бир ишда бошқа ҳолга ўтказишга рози бўладиган шахсни билмаганига ўхшайди. Чиндан ҳам Аллоҳ таоло унга берган неъматлар ундан бошқа бандаларида йўқдир. Агар у ўзининг ҳолини бошқа бир баъзиларнинг ҳолига алиштиришни истаса, бас, у олдидаги нодонларнинг ададига қарасин, бас, у уларнинг сони бошқаларга қараганда озлигини кўради. Ҳолда ундан пастроқ бўлганлар ўзидан теппадагиларга қараганда анчагина кўп бўлади. Ўзидан юқори бўлганларга қараб, ўзидан паст бўлганларга қарамасликда унинг хаёли (фикри) қандай бўлади?
Имом Бухорий ва Муслимнинг “Саҳиҳ”ларида Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар сизлардан бирингиз мол-дунё ва хулқда (ёки яратилишда) ўзидан афзал бўлган кишига қараса, бас, у фазилатда ўзидан пастроқ бўлган одамга боқсин”. Имом Термизий бу ҳадисни бошқа лафз билан ривоят этган. Бас, сизлардан паст (қуйи) (мол-мулк, қад-қоматда) бўлган одамга қарангизлар, сизлардан юқори бўлган кишига қарамангизлар. Бас, чиндан ҳам бу Аллоҳ таоло сизларга берган неъматларини ҳурмат қилмасликларингизда муносибдир. Бу ҳадисни Имом Муслим ҳам ривоят этган.
Кимки ўзининг аҳволини эътиборга олса, ўзига хос нарсаларни бир текшириб қараса, Аллоҳ таоло унга жуда кўп неъматлар берганини кўради. Хусусан, иймон, Қуръон, илм, суннат, сўнгра беш вақт намоз, сиҳҳат-саломатлик, тинчлик ва бошқа нарсаларни беминнат ато этганини билади.
Баъзи ҳадиси шарифларда марвийдурки: “Кимки Қуръони каримни ўқиса, бас, у бойдир”. Бошқа бир лафзда қуйидагича ривоят этилган: “Қуръон бойликдир, ундан кейин фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ”. Абу Яъло ва Табароний ривоят этган. Ҳадис санади заиф. Бошқа бир ҳадиси шарифда ривоят этилади: “Кимки омонликда ва тани-жони офиятда, кундалик қут-емиши мавжуд бўлган ҳолда эрталабга дохил бўлса, бас, гўё чиндан ҳам дунёнинг ҳаммаси тўлалигича унинг қўлига кирганга ўхшайди. (Тасарруфотига ўтган бўлади.)”.
Баъзилар қуйидаги шеърни айтади:

Агар сиҳҳату-омонликда келса сенга қутинг (емиш),
Бўлсанг ғам (қайғу) соҳиби, ажралмас сендан ҳасратинг.

Агар сўралса: “Аллоҳ таоло неъматларига шукр айтишдан ғофил қалбнинг иложи-муолажаси қандай бўлади?”
Жавоб шуки, кўрувчи қалблар Аллоҳ таолонинг ишора этилган бир қатор неъматларини тааммул қилади. Аммо нодон (тентак, аҳмоқ, ноқис) қалблар неъматни неъмат деб ҳисобламайди, магарам агар бошига бир бало-офат тушса, шунда у қалблар неъмат қадрига етиб шукр айлайди. Бундай қалб соҳибларига доимо ўзидан паст одамларга қараши тавсия этилади. Бундай қалб эгалари қадимий баъзи одамлар қилган ишни қилиши лозим бўлади. Қадимда бу ҳолатдаги одам бемористонга келиб, беморлар бошига тушган турли дарду-балоларни ўз кўзи билан кўрган. Сўнгра ўзининг соғ-саломат эканлигини яхшилаб ўйлаб, фикр қилиб тааммул қилган. У қатл этилаётган, қўл ва оёқлари кесилиб, азобланаётган жиноятчиларни кўриб, бу азоблардан саломат эканлиги учун Аллоҳ таолога беадад шукрлар айтган. У қабристонга келган. Бас у биладики, ўлган одамларга энг севимли нарса – бу дунёга қайтиб келишларидир. Унинг мақсади Аллоҳга осий бўлувчининг осийлигини ўнглаб қўйиш ва Аллоҳга итоат қилувчини итоатда зиёда бўлишга чорлаш бўлади. Бас, чиндан ҳам қиёмат куни – тирилиш кунидир. Агар қабрларни кўрса, қабрдагиларга энг маҳбуб бўлган нарсаларни билади. Бас, у қолган умрини Аллоҳ таоло ибодатига ва қолган умрига шукр айтишга бағишлайди. Умр охират учун зоди-рохила тайёрлаш учун яратилганидан (берилганлигидан) умрни шу нарсага сарфлайди.
Шукр этишдан узоқда бўлган қалбларни муолажа этишда лозим бўлган ишлардан бири – неъматга агар шукр қилинмаса, зоил (йўқ) бўлишини яхши билишликдир.
Фузайл розийаллоҳу анҳу айтар эдилар: “Сизлар неъматларга доимо (давом) шукр айтмоғингиз вожибдир. Қавмдан зоил бўлган бир неъматнинг қайтиб келиши жуда оздир”.

Минҳожул қосидийн, Имом Аҳмад ибн Қудома Мақдисий

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бешинчи синф муаллимаси бир куни ўқувчи шогирдларига .Мен сизларни ҳаммангизни яхши кўраман,, дедида, бир ўқувчининг исмини бу рўйхатга киритмади. У ўқувчи доим давоми...

5824 17:00 / 07.06.2022
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирбиридан фахрланувчи икки кишининг таомини емоқдан қайтарганлар,, дер эди,.Шарҳ Маросим бериб, давоми...

3423 05:00 / 04.03.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади .Агар бир тоғ иккинчисига тажовуз қилса, тажовузкор парчаланади,.Шарҳ Ушбу ривоятда бировга зулм тажовуз қилишнинг оқибати баён давоми...

3352 05:00 / 03.03.2017
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Аллоҳ таолонинг Китобида мен ҳақимда тўртта оят тушган. Онам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан давоми...

3830 05:00 / 03.03.2017