1446 йил 3 рабиъус сони | 2024 йил 06 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Аллоҳга қайтинг!

14:00 / 17.03.2022 2220 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу дунё ўзининг ёрқинлиги ва жозибаси билан жуда гўзал ва жим-жимадордир. Баъзида биз унга шунчалик даражада берилиб кетамизки, унинг қулига айланиб, Роббимизни унута ёзамиз. Натижада Аллоҳ таолонинг амрларига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мутлақо зид ҳаёт кечира бошлаймиз.

Айнан шу вақтда Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз раҳмати билан бандаларига ўзига келиб, хатоларини англаб етиши учун бир силкиниш ёки бир мусибат беради. Бу силкиниш бахтсиз ҳодиса, касаллик, бизнесимиздаги йўқотиш ёки ҳар қандай дунёвий ишимиздаги муваффақиятсизлик шаклида бўлиши мумкин.

Юқоридаги муаммоларнинг бирортаси бошимизга тушиши билан биз чуқур уйқудан турамиз ва «Нега мен билан бундай воқеа содир бўлди, мен нима ёмонлик қилдим?», деб мулоҳаза юрита бошлаймиз.

Шу пайтда бизда озгина иймон бўлса, Аллоҳ таолодан қанчалик узоқлашганимизни англай бошлаймиз. Бу англаш кўпчилигимизни Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашимизга, Унга кўпроқ ибодат қилишимизга олиб келади. Биз кўп-кўп дуо қилишни бошлаймиз. Бизнинг турмуш тарзимиз кескин ўзгаради, ибодатларга бўлган ихлосимиз, хушуъ-ҳузуйимиз ортади, садақаларимиз кўпаяди, Қуръон тиловатини мунтазам равишда ўқиймиз ва тақводорлик даражамиз янги чўққиларга кўтарилади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз ҳар жиҳатдан Аллоҳнинг раҳматини сўрашга ҳаракат қиламиз. Ва Аллоҳ таоло, Ғофурур-Роҳим, бизнинг дуоларимизга қулоқ солиб, муаммони жуда нозик тарзда даф этади ва ҳаётимизга нормал ҳолат қайта бошлайди.

Бу ҳақиқатда жуда нозик ва ҳал қилувчи давр. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизнинг ихлосимизни синаб кўраётган бир пайт. У бандаси ҳаётида эндигина эришган тақво даражасини доимий равишда сақлаб юрадими ёки мусибатдан олдин ўрганиб қолган Аллоҳга осийлик билан тўла эски ҳаётга қайтадими, билишни хоҳлайди. Ўзи У аввалдан билувчи Зот.

Аммо инсон табиати шундайки, дуоларимиз қабул бўлиб, фалокат ҳаётимиздан узоқлаша бошлагач, кўпчилигимиз Аллоҳ таолонинг неъматларини унутиб, аста-секин ўтган ҳукмга итоатсизликдан иборат ҳаётимизга қайта бошлаймиз. Бошқача қилиб айтганда, биз бир хил эски одамларга айланамиз. Бошимиздан ўтказган оғир кунларни ва Аллоҳдан илоҳий ёрдамини сўраб илтижо қилганимизни унутамиз. Бундай муносабат дунёмиз учун ҳам, охиратимиз учун ҳам жуда хавфли бўлиши мумкин, чунки бу ҳолат Аллоҳ таолонинг ғазабини келтиради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

هُوَ الَّذِي يُسَيِّرُكُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ حَتَّى إِذَا كُنتُمْ فِي الْفُلْكِ وَجَرَيْنَ بِهِم بِرِيحٍ طَيِّبَةٍ وَفَرِحُواْ بِهَا جَاءتْهَا رِيحٌ عَاصِفٌ وَجَاءهُمُ الْمَوْجُ مِن كُلِّ مَكَانٍ وَظَنُّواْ أَنَّهُمْ أُحِيطَ بِهِمْ دَعَوُاْ اللّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ لَئِنْ أَنجَيْتَنَا مِنْ هَذِهِ لَنَكُونَنِّ مِنَ الشَّاكِرِينَ


«У сизларни қуруқликда ва денгизда юргизадиган Зотдир. Сизлар кемада бўлганингизда ва у(кема)лар яхши еллар ила уларни олиб кетганида ҳамда улар бундан хурсанд бўлганларида, қаттиқ шамол эсиб, уларга ҳар томондан тўлқин келиб, ўзларининг қуршовда қолганларини англаганларида, Аллоҳга динни холис қилган ҳолларида: «Агар бизни мана шундан қутқарсанг, албатта, шукр қилувчилардан бўлурмиз», – дея дуо қилурлар» (Юнус сураси, 22-оят).

Аллоҳга ишонмайдиган инсон, ҳамма нарсани ўзим қиляпман, деб ғурурланиб юради. Аслини олганда, у ожиз бир бандадир. Унинг ҳар бир ҳаракати Аллоҳ таолога боғлиқ. Ҳатто қуруқликда ва денгизда юриши ҳам.

Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси ва риояси бўлмаса, юриб бўпсиз. Бу ҳақиқатни яхшироқ англаб етмоқ учун денгизда юриш ҳақида бир ўйлаб кўрайлик.

Сиз кемага миндингиз, майин еллар эсиб, кемангизни ҳаракатга келтирди. Сиз ўзингизда йўқ хурсандсиз, бу гўзал сафардан завқланиб кетмоқдасиз. Шунда бирдан денгизда қаттиқ шамол туриб қолди. Сиз ҳеч нарса қила олмайсиз. Бу шамолни тўхтатиш ҳам, секинлатиш ҳам қўлингиздан келмайди. Шунингдек, қуруқликка чиқиб, ундан паноҳ ҳам топа олмайсиз. Денгиз ўртасидасиз. Шамол борган сари кучайиб, ҳамма томондан бўрон ўраб олган. Кема қаттиқ чайқалмоқда. Ҳар лаҳзада чўкиб кетиш хавфи бор. Ана шунда ҳар қанча кофир бўлсангиз ҳам, Аллоҳга ёлвора бошлайсиз. Бут-санамлар ёки бошқа жонсиз нарсаларга ва шахсларга эмас, ёлғиз Аллоҳга чин ихлос билан дуо қилишга тушасиз.

Ушбу хавф-хатардан қутулиб олсангиз, доимо ибодат қилишни, яхшиликка юришни ва ёмонликдан қайтишни кўнглингизга тугасиз. Ана ўша ниятларингиз амалга ошса, жуда яхши бўларди. Аммо

فَلَمَّا أَنجَاهُمْ إِذَا هُمْ يَبْغُونَ فِي الأَرْضِ بِغَيْرِ الْحَقِّ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّمَا بَغْيُكُمْ عَلَى أَنفُسِكُم مَّتَاعَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا ثُمَّ إِلَينَا مَرْجِعُكُمْ فَنُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ

«Бас, қачонки У Зот уларга нажот берса, баногоҳ, улар ер юзида ноҳақ зулм қилурлар. Эй одамлар! Бу зулмингиз фақат ўз зиёнингизгадир. (Бу) дунё ҳаётининг матоҳи, холос. Сўнгра қайтишингиз фақат Бизгадир. Бас, қилган амалларингизнинг хабарини берурмиз». (Юнус сураси, 23-оят).

Одам болаларининг ҳоли шу. Аллоҳ таоло уларнинг бошларига тушган офатдан нажот берса, бир оз ўтиб, Уни эсидан чиқаради. Хавф-хатар вақтида Аллоҳ таолога ёлвориб, турли ваъдалар берганини ҳам унутади. Яна гуноҳ қила бошлайди. Натижада ер юзида ноҳақлик, зулм пайдо бўлади. Бу ноҳақликлари аслида бирор аҳамиятга эга эмас. Бу ҳаёти дунёнинг ўткинчи матоҳи, холос. Бошқа нима ҳам бўларди? Шу матоҳни деб, Аллоҳнинг айтганидан чиқилади. Бу эса айни чоғда улкан зулмдир.

Аллоҳнинг айтганини қилмай юрганлар нима топадилар? Беш кунлик дунёнинг арзимас матоҳиними? Уй-жой, молу мулк, мансабними? Бу нарсаларни Аллоҳнинг айтганини қилиб туриб топиш осонроқ-ку. Ёки ҳавойи нафснинг истакларини қондирадиларми?! Бу истакларнинг – ароқхўрлик, зинокорлик, порахўрлик, айшу ишратларнинг ҳаммаси кони зиён-ку, ахир!

Ўта оғир аҳволда бўлганимизда дуоларимизни қабул қилгани учун Аллоҳга сидқидилдан миннатдорчилик билдиришимиз мумкинми? Унинг амрлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ҳаётимизда доимий ўзгаришлар олиб бориш ва энг муҳими, бошқаларни ҳам шунга даъват қилиш энг яхши йўлдир.

Кўп истиғфор, тавба билан Аллоҳ таолога дуо қилайлик, барча камчиликларимизни мағфират қилсин!

Хуршид Маъруф

 

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. У Кунда, у ерда махфийлиги бўлмаган делолар, ошкор этиш тақиқланган ҳужжатлар бўлмайди .ўта махфий,, .конфеденциал,, деган муҳрларсиз ....ва қиёмат куни унга китоб давоми...

2686 14:30 / 04.11.2021
Ибн Баттол .Саҳиҳи Бухорий,нинг .Илм, китобини шарҳлар экан, Имом Моликнинг шогирди Яҳё ибн Яҳёдан шундай нақл қилади .Аллоҳ қалбимга солиб, Имом Молик ибн Анаснинг давоми...

3805 19:00 / 06 май
Абул Ҳасан Надавийнинг .Қисосун мин аттарихил исломий, номли китобида келади.Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шогирдларидан бирининг уйи соясида ўтиришни одат қилган эди. давоми...

1244 10:26 / 04.01.2023
Ва бир кун ҳамма нарса ортингда қолади. Барча севган инсонларинг, яхши кўрган нарсаларингдан айриласан.Ҳалол ёки ҳаром йўл билан жамғарган молмулкинг, уйларинг, давоми...

2466 14:07 / 07.06.2021