1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Мусайлима ва Ансий каззоблар

11:22 / 19 май 2578 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَدِمَ مُسَيْلِمَةُ الْكَذَّابُ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِيْنَةَ وَجَعَلَ يَقُولُ: إِنْ جَعَلَ لِي مُحَمَّدٌ الْأَمْرَ مِنْ بَعْدِهِ تَبِعْتُهُ وَقَدِمَهَا فِي بَشَرٍ كَثِيرٍ مِنْ قَوْمِهِ فَأَقْبَلَ إِلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَمَعَهُ ثَابِتُ بْنُ قَيْسِ بْنِ شَمَّاسٍ وَفِي يَدِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قِطْعَةُ جَرِيدٍ حَتَّى وَقَفَ عَلَى مُسَيْلِمَةَ فِي أَصْحَابِهِ فَقَالَ: «لَوْ سَأَلْتَنِي هَذِهِ الْقِطْعَةَ مَا أَعْطَيْتُكَهَا، وَلَنْ تَعْدُوَ أَمْرَ اللهِ فِيكَ. وَلَئِنْ أَدْبَرْتَ لَيَعْقِرَنَّكَ اللهُ وَإِنِّي لَأَرَاكَ الَّذِي أُرِيتُ فِيهِ مَا رَأَيْتُ، وَهَذَا ثَابِتٌ يُجِيبُكَ عَنِّي»، ثُمَّ انْصَرَفَ عَنْهُ. قَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ: فَسَأَلْتُ عَنْ قَوْلِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «وَإِنِّي لَأَرَاكَ الَّذِي أُرِيتُ فِيهِ مَا رَأَيْتُ»، فَقَالَ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَيْنَا أَنَا نَائِمٌ رَأَيْتُ فِي يَدَيَّ سِوَارَيْنِ مِنْ ذَهَبٍ فَأَهَمَّنِي شَأْنُهُمَا فَأُوحِيَ إِلَيَّ فِي الْمَنَامِ أَنِ انْفُخْهُمَا فَنَفَخْتُهُمَا فَطَارَا فَأَوَّلْتُهُمَا كَذَّابَيْنِ يَخْرُجَانِ بَعْدِي أَحَدُهُمَا الْعَنْسِيُّ وَالْآخَرُ مُسَيْلِمَةُ». وَفِي رِوَايَةٍ: «فَأَوَّلْتُهُمَا الْكَذَّابَيْنِ اللَّذَيْنِ أَنَا بَيْنَهُمَا صَاحِبَ صَنْعَاءَ وَصَاحِبَ الْيَمَامَةِ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Мусайлиматул-Каззоб Набий алайҳиссаломнинг даврларида Мадинага келиб, «Муҳаммад ўзидан кейин бу ишнинг ярмини менга қолдирса, унга эргашаман», деди. У ўз қавмидан анчагина одам билан келган эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом у томон бордилар. У зотнинг ёнларида Собит ибн Қайс ибн Шаммос ҳам бор эди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қўлларида хурмо шохининг бўлаги бор эди. У зот шериклари орасида ўтирган Мусайлиманинг тепасига келиб тўхтаб, «Мендан мана шу чўпни сўрасанг ҳам бермайман. Аллоҳнинг иши сенга ўтмайди. Агар яна шундай қилсанг, Аллоҳ сени бўғизлайди. Менимча, тушимга кирган одам сенсан. Менинг ўрнимга сенга мана бу Собит жавоб беради», дедилар ва ўгирилиб кетдилар.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Менимча, тушимга кирган одам сенсан» деган гаплари ҳақида Абу Ҳурайрадан сўраган эдим, шундай деди: «Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар: «Тушимда икки қўлимда иккита тилла билакузук кўрдим. Уларнинг ҳолати мени ташвишга солди. Кейин тушимда «Уларга пуфла!» деб ваҳий қилинди. Мен уларга пуфлаган эдим, иккиси ҳам учиб кетди. Мен уларни ўзимдан кейин чиқадиган икки каззоб деб таъвил қилдим. Улардан бири Ансий, бири эса Мусайлимадир».

Бошқа бир ривоятда:

«Мен уларни мендан олдинги ва кейинги икки каззоб – Санъолик ва Ямомалик каззоб деб таъвил қилдим», дейилган.

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Ҳанифа элчилари келганида уларнинг ичида машҳур бузғунчи Мусайлиматул-Каззоб ҳам бор эди. Ўша нобакор бу ерга келишидан аввал Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб юборган эди. Мактубда шундай дейилган эди:

«Аллоҳнинг Расули Мусайлимадан Аллоҳнинг Расули Муҳаммадга!

Аммо баъд… Мен бу ишда сенга шерик бўлдим. Бу ишнинг ярми бизга, ярми Қурайшга. Қурайш адолат қиладиган қавм эмас».

Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга шундай жавоб ёздилар:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Мусайлимага.

Ҳидоятга эргашганларга саломлар бўлсин!

Аммо баъд:

Ер – Аллоҳнинг мулкидир, У Зот уни хоҳлаган бандасига мерос қилади. Оқибат тақводорларникидир».

Бану Ҳанифа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирган пайтларида Мусайлимани у зотдан кийимлари билан тўсиб туришди. Каззоб шу ерда ҳам нобакорлигини қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз салтанатлари остидаги нарсанинг бир қисмини беришларини сўраган эди. Шунда у зот қўлларидаги чўпни кўрсатиб, «Сенга мана шу чўпни ҳам бермайман», деган эдилар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг Мусайлиматул-Каззоб яна бош кўтариб, пайғамбарман деб даъво қилди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳлнинг лашкарини ўша Нажд тарафга, Ямомага, Мусайлиматул-Каззобнинг устига юборди. Унинг ортидан мадад учун Шураҳбийл ибн Ҳасанани ҳам яна бир лашкар билан юборди. Икрима Шураҳбийл ибн Ҳасанани кутиб турмай, ишни ўзи битиришга шошилиб, Мусайлиманинг аскари билан тўқнашди, аммо енгилиб қолди. Бунга Абу Бакрнинг аччиғи чиқиб, унга Мадинага қайтиб келмай, Яманга бориб, Ҳузайфа билан Аржафага қўшилишга, улар билан бирга Аҳли Маҳарга қарши уруш қилишни буюрди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидга одам юбориб, Мусайлиманинг устига юриш қилишни буюрди, сўнг унга мадад учун муҳожир ва ансорлардан иборат катта лашкар юборди. Шураҳбийл ибн Ҳасанага ҳам одам юбориб, Холидни кутиб туришни буюрди.

Мусайлиманинг қирқ минг кишилик лашкари бор эди. Мусайлима ва Бану Ҳанифаликлар Холиднинг келаётганини эшитиб, Ямоманинг четига аскаргоҳ қилиб, одам тўплай бошлашди. Уларга ниҳоятда кўп одам қўшилди.

Холид яқинлашиб келар, унинг лашкари олдида Шураҳбийл ибн Ҳасана борарди. Бану Ҳанифанинг аскаргоҳига бир кечалик йўл қолганда улар Бану Омирдан ўч олиб келаётган бир жангчи гуруҳга дуч келишди. Бу гуруҳга Бану Ҳанифанинг улуғларидан Мужжоъа ибн Мурора бошчилик қилар эди. Холид амр қилиб, бошлиқлардан бошқа ҳаммани қатл эттирди.

Сўнгра Холид бориб, муртадлар лашкари билан тўқнашди. Икки томон қаттиқ жанг қилди. Аввалига мусулмонларнинг иши юришмади. Муртадлар Холиднинг чодиригача етиб келиб, ҳатто унинг хотинини асир олмоқчи бўлишди. Мужжоъа уларни бу ишдан қайтарди. Сўнгра мусулмонлар бирлашган эдилар, Аллоҳ уларга сакинат нозил қилди. Холид ўз одамлари билан ҳамла қилиб, муртадларни ортга қайтарди.

Бану Ҳанифаликлар ғазаб отига миниб, шиддат билан жанг қилишди. Холид жанг Мусайлиманинг зиддига бўлаётганини англаб, уни яккама-якка олишувга чақирди. У олишувга чиқди, лекин иши оғирлашиб қолгач, қочиб қолди. Мусайлиманинг одамлари ҳам қоча бошлашди. Шунда Холид мусулмонларга нидо қилди, ҳаммалари бирдан ҳамла қилишгач, муртадлар шармандаларча мағлуб бўлишди. Муртадларнинг қолган-қутганлари Мусайлиманинг Ҳадийқатур-Роҳман деган боғига кириб олишди. Бу қўрғонга кириш мусулмонларга қийин бўлди. Ансорийларнинг шижоатлиларидан Баро ибн Молик «Мени боғнинг ичига отинглар!» деди. Шериклари уни ўша боғнинг ичига улоқтирдилар. Баро ибн Молик ёлғиз ўзи ичкарида душман билан жанг қила туриб, эшикни ичкаридан очди. Мусулмонлар кириб, душманни қириб ташладилар. Ўлдирилганлар ичида Мусайлиманинг ўзи ҳам бор эди. Уни Ҳамза ибн Абдулмутталибни ўлдирган Ваҳший билан яна бир ансорий ўлдиришди.

Яманлик Асвад ал-Ансий деган каззоб ҳам пайғамбарлик даъвосини қилиб чиққан эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Муҳожир ибн Абу Умайя бошлиқ лашкарни Асвад ал-Ансийнинг аскарларига қарши юборди. Муҳожир уларни енгиб, Ислом ҳукмини қайтадан ўрнатди.

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар доим қабр азоби ҳақида сўзлашадию, қабр роҳати ҳақида сўзланмайди.Қабр неъматлари1. Унга жаннат тўшакларидан тўшаб берилади.2. Унга жаннат либосларидан давоми...

2369 15:20 / 10.01.2023
Бу Қуръоний хулосадан қуйидаги маъно ирода қилинган Ҳаёт бир неча кунлардан иборат матодир ва у йўқ бўлиб кетади. Дунё ҳаётининг лаззатлари ва гўзалликлари улар давоми...

2316 16:00 / 03.01.2022
Қабрнинг мунаввар бўлиши ҳақида ққуйидагилар келтирилади .Билгинки, етти нарса қабрнинг нурафшон, кенг, аброрларнинг даражасига етиш ва ёмонлардан қутилишга давоми...

2208 11:00 / 28.06.2023
Муомала илми хавф, ражо ndash умид, ризо, сидқ ва ихлос каби қалбнинг ҳолатларига оид илмдир. Бу илм ила Суфён Саврий, Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал давоми...

1906 16:00 / 11.07.2021