1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Олима қиз

12:46 / 10.02.2022 3039 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи сабабларга кўра «мужоҳид», «шайх» ва «муршид» каби васфлар аёлларга нисбатан қўлланилмайди. Гўёки бу сўзлар аёллар учун тақиқлангандек.  Шундай бўлгани учун ҳам қизлар унга эришиш мақсадида унинг орқасидан югуришмайди, «Мен ҳам бир кун шундай бўламан» дейишмайди.

Айниқса, «олим» сўзи аёлга нисбатан бирга қўлланилмайди. Ажабо, олим деган таъриф аёлга ярашмайдими деб сўраш ҳам мумкин. Илоҳиётчи бўлиши мумкин. Муҳандис, шифокор, сиёсатчи, бошлиқ, давлат хизматчиси бўлиши мумкин ва бўлди ҳам. Нима учун олима аёл бўлмасин?

Агар бу умматнинг ичидан «олима аёл» топилганида, бугунги қиёфамиз бундай бўлмаслиги аниқ эди. Аёллари илм билан қуролланган уммат билан аёлни олима бўлишидан узоқ кўрган уммат бир хил даражада бўлолмайди. Қизларимизнинг диний илм таҳсил олишларини ҳеч ким нотўғри деб билмайди. Чунки илоҳиётшунослик билан илм бир хил нарса эмас. Бир мансабни эгаллашни таъминлаган диплом билан Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг изини тутган кишининг қарашлари бир хил бўлмайди.

Бу умматнинг ичидан олима аёл чиқишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ҳар бир инсон Аллоҳ бандаларига очган илм эшигидан кириши мумкин. Агар аёллар орасидан олимлар чиқмаётган бўлмаса, бу ҳолат эркакларнинг ота ва муаллим сифатида уларни бу мавқега муносиб деб билмасликлари билан изоҳлаш мумкин. Бундай жавобгарликни фақат эркаклар зиммасига юклаш ҳам нотўғри. Аёлларда ҳам илмни ва олимликни қадрламаслик хатоси бор. Бунга сабаб қилиб аёлларнинг уч-тўрт кунлик меҳнати билан олим бўлишни исташидан бошлаб, турмуш қурганининг дастлабки куниданоқ илм билан хайрлашишдек бевафолигини айтиш ўтиш керак. Ҳаётини илмга бағишлаган аёлларимиз албатта бўлиши лозим. Ёш қизларимизнинг илм-фанга қизиқиши омманинг сарпо-суруққа бўлган ҳаяжонидан ўтиб кетиши зарур. Бу умматнинг қизи илм ва амалга бўлган ҳаяжони билан фарқланиб туриши керак.

Аёл олим бўлади. Аёл олим бўлса, ўзининг соҳасидаги эркакка нисбатан буюк ишларни амалга оширади. Умматимиз ўтмишда буни уддалаган. Ҳозир ҳам қила олади. Бу иш қийин, аммо имконсиз эмас. Баъзан қизларимизнинг қуролли тўқнашувлар бўлаётган жойларга шаҳид бўлиш учун боришни хоҳлашлари ҳақида эшитиб қоламиз. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, барча учун энг қийин нарса жон беришдир. Бу ишни бажаришни хоҳлайдиган қизлар бўлганида, нега Абу Ҳанифа изидан борадиган қизлар бўлмасин? Албатта, бўлади. Бу иш қизларимиз шуни хоҳлашлари ва талаб этилган ғайратни кўрсатишлари билангина амалга ошади. Уч-тўртта ўқитувчи аёлни эмас, охиригача ўрганишга қасд қилган олима ва мураббия аёлларни назарда тутмаяпмиз.

Бу умматнинг қизлари олима ҳам бўлади, мужоҳид ҳам. Шайх ҳам бўлади, муршид ҳам. Бу васфлар фақат эркакларга эмас, ҳаққини бера оладиган ҳаммага нисбатан қўлланилиши мумкин. Ким Аллоҳга даъват қилса ва кимнидир дўзах оловидан қутқарса, Аллоҳнинг изни ила, у ўша даврнинг Мусъабига айланади. Ясрибга бориб, у ерни Ислом марказига айланишига ҳисса қўшган киши кеча нимани амалга оширган бўлса, бугунги мўмин кишининг вазифаси ҳам шундан иборат. Албатта, аёлларнинг моддий имкониятлари эркакларникига қараганда чегараланган. Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда махфийлик тамойилларига асосланган қоидалар эътиборга олинади. Турмуш қурган эр-хотиннинг ўртасида ҳам маълум чекловлар бўлиши мумкин. Она бўлганда болага боғлиқ вазифалар қийинлашиши бор гап. Эркакка қиёсланганда аёл кишининг шароити оғирроқ ва тиғизроқ бўлиши эҳтимоли бор. Шунга қарамай, Аллоҳ йўлига даъват қилишда, жамиятнинг диний ҳаётини таъминловчи ишларда аёлнинг аҳамиятини пасайтиришга ҳеч қандай асос йўқ. Барча қийинчиликларга қарамай, аёлнинг қўли ва тили бу борада жуда барокатли эканини унутмайлик. Олима аёл олим эркакдан кўра барокатли бўлиши мумкин. Фитратида мураббийлик бор аёлнинг арабча ўрганиб, уни ўргатиши, фиқҳни билиб, уни татбиқ этиши, тафсир илмини ўрганишга киришиб, Қуръон илмини иҳё қилиши умуман фарқ қилади. Сўнгги асрларда биз жуда кўп нарсани йўқотдик, аммо буларнинг бари олима аёлни йўқотишнинг олдида ҳеч қандай қийматга эга эмас. Бизга яна олима аёлнинг ғайрати зарур. Бу «олима аёл бўлиш» ғайрати деганда асло диний факультетларда ўқиб, динни касб қилиб олишни, турмушга чиқаётганда бошқалардан ажралиб туриш учун дипломли деган номга эга бўлишни назарда тутмаяпмиз. У ердаги муҳит ва тартиб-қоидасига кўра диний факультетлар биз кутган нарса эмас.

Олима аёл олим эркакларнинг ҳам юкини камайтиради. Эркакларга хос олимлик аёл дунёсининг эҳтиёжлари учун фойдалана олиш имкони йўқлиги, мавжуд қўлланмаларнинг ҳам чеклангани аниқ. Балки шунинг учун ҳам олимларимиз «олима қиз» етиштиришни ҳатто режалаштиришдан узоқ туришгандир. Шундоқ ҳам аёл фитна бўлганидан фитнага фитна қўшишга журъат этишмагандир. Ҳолбуки, аёл фитна бўлса, унга қизиқиш ва у ҳақда жадал режалар тузиш эҳтиёжи ҳам ўша фитнанинг зарурати бўлиши керак эди. Бу умматнинг эркак ва аёллари бир жойда бирлашиш билангина омонликда бўлишади. Эркаклар нимага мухатоб бўлишса, аёллар ҳам шундай ҳақ-ҳуқуққа эга. Бу ҳақда қайтадан ўйлаб кўришга мажбурмиз. Қизларимиз бир қоғоз парчаси бўлишдан бошқа нарсага ярамайдиган диплом орқасидан умрларини ўтказиш ўрнига оқибати Аллоҳнинг ризоси ва жаннат бўлган илмга муҳаббат қўймоқлари лозим. Вақф ва бирлашмаларимиз ҳам энди  диний илм таҳсил олаётган талабаларга стипендия ажратишни даврнинг энг катта сармояси деб қабул қилишдан анча орқада қолганларини тушуниб етишлари керак. Уммат биринчи навбатда илмий муҳитини ташкил этадиган юзлаб олима аёлларни тайёрлашни режалаштирадиган ва ишни шариат қоидалари даражасида адо этишга интиладиган вақф ва уюшмаларга асос солиши муҳим. Минглаб эркакнинг битта олима аёлни тарбиялаш учун кечаю кундуз меҳнат қилиши, Истамбул фатҳининг муждаси каби самоларда акс-садо берадиган давр бўлади, Аллоҳнинг изни ила. Ана ўшанда аёлларимиз зиммасидаги бетартиб ишларига қарши бизнинг ҳақиқий жиҳодимиз амалга ошади. Ҳижобга ўхшаш хассос ва нозик масалаларни эркаклар шарҳлашига эҳтиёж қолмай, ёш олима аёллар томонидан тушунтирилганида, ҳатто олима қизлар бу каби масалаларни ўзаро илмий мунозараларда гаплашиб, асарлар ёзишганида, фатҳнинг яқинлашганига умид қилсак бўлади.

Булар хаёлий нарсалар эмас. Бу бажарилиши зарур ёки бажартиришга мажбур бўлганимиз вазифалардир. Бу ишнинг қийинлиги ундан қочиш учун сабаб бўлолмайди. Жон бериб, шаҳид бўлиш ҳам оғир, аммо биз унга толиб бўлишга интиламиз. Мажбуриятларимиз қийинлиги учун ҳам жаннат арзон эмас.

Зарур олима аёлларлар билан таъминлаш ва бу умматнинг ичидан – Миср, Туркия, Сомали, Суриядан юзлаб мужтаҳида олималарни етиштириш, албатта, унча осон эмас. Лекин шу билан бирга у ошиб ўтилиши қийин довон эмас. Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бу борада олиб борилган ишлар қисқа муддат ичида натижа беради. Бу уммат барокатли умматдир. Умматимиз қизлари Осиё онамизга номзод қизлардир. Улар яшаётган муҳит Фиръавн саройи каби бўлса ҳам уларнинг ичидан олима ва мужоҳидалар чиқади. Тарих бунга мисоллар кўплиги учун бизнинг ташвишланишимизга ҳожат йўқ. Бизгача етиб келган мисолларни ўрганиб чиқишнинг ўзи ҳам умидимизни оширади. Имом Суютийдек олимнинг устозлари орасида ижоза оладиган даражада дарс ўтган элликдан ортиқ аёл олималар бўлганини барча ёш қизларимиз билишлари зарур. Ибни Хожарнинг завжаси ва қизлари муҳаддис олим бўлганлари маълум. Биргина Бухорийдан ижоза олганлар орасида юзлаб аёлларни учратишимиз мумкин. Қизларимиз йўқотган нарсаларига тўғри йўналтириш ва уни эгаллашга эҳтиёжлари бор.

Қиз фарзанди дунёга келар келмас унинг сеп йиғишни бошлайдиган оилалардан иборат мўминлар жамиятининг бориши мумкин бўлган нуқта аниқ эди ва бунга эришилди ҳам. Ҳазрати Марям ҳалидунёга келмасиданоқ Аллоҳ йўлига бағшида қилингани хотираларимизга ўчмайдиган қилиб ёзиб қўйишимиз лозим. У ўғил бўлишни хоҳлаган эди, лекин қиз туғилди. Қиз туғилгач, бундан хафа бўлмади. «Қиз бола Аллоҳ йўлида адо этиладиган ишларни ўғилчалик бажара олмайди» дея ўйлади у. Балки у хафа бўлгандир. Бу ҳолат унинг дуосида акс этди. «Ва ўғил қиздек эмас», деди у. Охир-оқибат қатъияти ҳам пасайди. Қиз бўлса ҳам Аллоҳга берган ваъдамнинг устидан чиқишим керак, деди. Гўдагини йўргаклаб, назир қилган жойига олиб борди. Аллоҳ таоло унинг самимий ва ҳаяжонга тўла юрагининг талабини қайтармади. Марям аёллар ва эркакларнинг иймонига ўрнак бир аёл бўлди. Марямнинг онаси дафн этилган тупроқларнинг устида, ким билсин, ўнлаб давлат тикланиб, вайронга айлангандир. Бу дунёда ҳатто суякгидан асар ҳам топилмаслиги мумкин. Аммо энг буюк асари Марям миллиардлаб инсонлар учун имон ва куфр мезонининг рамзи айланди. Уни дунёга келтириб, уни муқаддас жойга ташлаб келган Марямнинг онасини Аллоҳ унутмади. Уни Қуръонга мавзу қилди. У ҳақида оят туширди. Ортидан фаришталарни юргазиб қўйди. Уни ҳам қизини ҳам аёлларнинг бошига султондек кўтартирди.

Таассуфки, бугун зерикарли, ҳатто ўзимиздан ҳам чарчаганимиз бир замонда яшаяпмиз. Шуни унутмаслигимиз керакки, бугунги кунда бизни маҳв этаётган нарсанинг ўхшашини, балки ундан ҳам оғирроғини Марямнинг онаси ҳам ўзининг даврида яшаган эди. Мусо алайҳиссалом олиб борган мужодаланинг акс-садолари ҳали пасаймасидан унга иймон келтирганлар динни аралаштириб юбориб, дунёвий динни ихтиро қилишган эди. Ўзларини сақлаб қолиш мақсадида турли фалсафаларни ўйлаб топишган эди. Пайғамбарларини кетма-кет қатл қилиб, уларга осий бўлишарди. Марямнинг онаси бу бузғунчи жамиятда ёлғиз ўзи ҳеч нарса қила олмаслигига кўзи етса ҳам йиғи-сиғига бериш ўрнига, фарзандни дунёга келтириб, уни Аллоҳ йўлида назир қилишни афзал кўрди. Шундай қилди ҳам. Аллоҳ ҳам унинг бу ниятини самимий қабул этди. Нияти ва ишига барокат берди. У оламларнинг аёлига айланди. У бир ўзи коинотда жўн, лекин таъсири қиёматгача давом этадиган лойиҳага эга чиқди.

Биз «олима қиз лойиҳаси» ҳақида гапираётганда, агар амалга ошиб қолса, ажойиб бўларди, деб тушнинг таъбирини қилмаяпмиз. Аллоҳ ўша Аллоҳдир. Марямнинг онасини коинотдаги энг машҳур лойиҳа эгасига айлантирди. Унинг самимийлигини билгани учун ниятига барака берди. Оддий аёл сифатида режалаштирган нарсасини Аллоҳ коинотни қамраб олган мўъжизаларга асос қилди. Аллоҳ ўша Аллоҳдир. Барча бандаларига лутфи ила муомала этишга қодирдир. Муаммо ва камчилик бизнинг ўзимизда. Иймон келтирганимиз Қуръонда Марямнинг онаси ва Марям ҳақида ўқисак ҳам, тааассуфки, бу умматнинг қизларидан олим, мужтаҳид, муршид чиқиши мумкинми, деб хавотирга тушамиз. Бир мўмин чиқиб, «Мен мўминман ва жаннатга киришимга васила бўлиши учун қизимни феълан Аллоҳга бағишлайман. Уни олима қилиб тарбиялайман», деса, ўйлайманки, Марямнинг онаси Ҳаннонинг устидан кулган Исроил ўғиллари каби бугунги кун одами ҳам Ҳаннога ўхшашга ҳаракат қилган ота-оналарнинг устидан кулишади.

Йўқ. Минг бора йўқ. Бу нотўғри тушунчага эътирозимиз бор. Қизларимизнинг олим бўлолмаслигига, бўлса ҳам турмушга чиққанида эри уни уйдан чиқармаслиги ҳақидаги тушунчага эътирозимиз бор. Аллоҳ ўша Аллоҳдир. У Аллоҳ ўликларни тирикни чиқаргани ҳолда нега бу уммат қизларининг ичидан даъватчи, олималарни чиқармасин? Дангасалигимизни ва қисир удумларимизни қонуният деб ўйладик, шунинг учун бу даража эсанкирадик. Закариё алайҳиссаломнинг жияни ҳисобланган қиз Марям бўлди-ю, нега Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизларидан бири мужоҳид, олим, муршид бўлмасин? Нима учун? Фиръавннинг саройидан Осиё чиқди-ю, Каъбани тавоф қилаётган бу умматнинг қизларидан олимлар чиқмасин? Бу қанчалар тумтоқ тушунча, қанақанги ота-оналик? Одамларга динни ўргатувчи имомларимиз нуқтаи назаридан қандай имомликки, ҳатто аёлларга динни тушунтиришни эркак учун мажбурий қилиб қўйилган?

Ушбу икки оят барча оналарнинг Фотиҳаси бўлсин. Бу оятларни оҳқайта-қайта ўқийлик. Балки шундагина Аллоҳ қалбимизга ҳассослик бериб, ўзимизга келармиз ва фарзандларимизни хаёлий қарашларимиз билан эмас, Аллоҳнинг иродасига кўра тарбиялармидик. Таҳрим сурасининг ўн иккинчи оятида Аллоҳ таоло Марямни барча иймон келтирганларга ўрнак қилиб келтиради. Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, мен мўминман, деган ҳар бир кишига Аллоҳ таоло мўминннинг шундай бўлиши кераклигини буюрди:

«Ва Марям Имрон қизини (мисол келтирди), у фаржини пок сақлаган эди, Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (Таҳрим сураси, 12-оят).

Энди ушбу оятда эслатиб ўтилган Марямнинг онасининг ҳис-туйғуларини, оналик қарашларини Оли Имрон сурасининг 35–37-оятларидан кўриб чиқайлик:

«Имроннинг хотини: «Роббим! Албатта, мен қорнимдагини Ўзингга холис назр қилдим. Бас, мендан қабул эт. Албатта, Сен эшитувчи, билувчи зотсан», деганини эсла! Уни (Марямни) туққан чоғида: «Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!!» деди. Ҳолбуки, Аллоҳ у нима туққанини яхши билади. «Ва ўғил қиздек эмас. Ва мен унга «Марям», деб исм қўйдим ва албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига шайтонир рожим шарридан паноҳ тиларман». Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганида унинг ҳузурида ризқ кўрди. «Эй Марям, сенга бу қаердан», деди. «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деди».

Шуни унутмайликки, булар Қуръон оятларидир. Биз оятга иймон келтирганмиз.

Аллоҳ ўша Аллоҳдир.

Ушбу айтилганлар эса бизга ибрат бўлиши учун Қуръонда келтирилгандир.

Нуриддин Йилдиз

Маҳмуд Маҳкам таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога ўша пайтда ўзларига хос шароит яратиб беришга ҳаракат қилар эдилар. Кўпинча у зот Оиша онамиз давоми...

3697 12:07 / 11.11.2018
Дунё мўъжизаларга бой бўлиб, улардан бири она сутининг мўъжизаси энг ҳайратланарлисидир. Гўдак туғилиб чинқириб йиғлайди, она кўкрагини боланинг оғзига солиши давоми...

6047 16:12 / 08.07.2020
Чиройли либосларингизни махсус тадбирлар учун асраб қўйманг. Қимматбаҳо идишларингизни фақат меҳмонлар учун сақлаб қўйманг. Янги либосларингизни худди байрамга давоми...

5948 14:00 / 28.05.2022
Иккинчи ҳижратлариУлар Маккага қайтиб борганларида ўзлари истаган ҳолатни топа олишмади. Яна хавфхатар ва доимий таҳдид остида яшашга тўғри келди. Улар яна давоми...

1854 20:00 / 25.07.2019