1447 йил 17 шаъбон | 2026 йил 05 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Бизни қандай оқибат кутяпти?

15:01 / 10.02.2022 4338 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маййитга жаноза ўқиш ва уни дафн этиш пайтида, айниқса, лаҳад оғзи ёпилаётган пайтда кишини қўрқув қамраб олади. Одамлар маййитни тезроқ дафн этишга уринадилар.

Қабр ташқарисида кимдир йиғлаётган, кимдир маҳзун кайфиятда, яна кимдир бепарво ҳолда турган бўлади.

Қабр ичида эса бир маййит: “Роббим Аллоҳ, Диним Ислом, Пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам” деб айтаётган бўлса, бошқа қабрдаги маййит: “Ҳаҳ, ҳаҳ, билмайман” деб саволларга жавоб бера олмаётган бўлади.

Ташқарида одамлар, худди маййитнинг чиқишидан қўрққандек, қабрнинг у ерини, бу ерини яхшилаб беркитаётган бўладилар.

Қабрнинг ичида эса бир маййит “Роббим! Қиёматни қоим қилгин!” деб илтижо қилаётган бўлади.

Ташқарида баъзилар кийимларидаги тупроқни қоқаётган, жазирама иссиқ ёки қаҳратон совуқдан қийналаётган, айримлар дуонинг узоқ қилинишидан малолланаётган бўлади.

Қабр ичида эса маййитга фақат икки метр ер, бир неча метр оқ мато, қилган амаллари ва унинг ҳаққига қилинаётган хайрли дуолар насиб этаётган бўлади.

Ташқарида бир соатга етар-етмас вақт ичида қабр атрофи бўшаб қолади, одамлар ортларига қайтиб кетиб, атрофни сукунат қамраб олган бўлади.

Қабр ичида эса қичқириқ, оҳ-воҳлар. Баъзи қабрлардаги маййитлар неъматлар ичра, жаннатдаги ўриндиғини кўриб ётса, баъзи маййитлар қабрнинг торлигидан, қоронғулигидан, қўрқув ва азобдан қичқираётган бўлади.

Ташқарида одамлар қабристондан кондиционерли уйларига етиб боришган, у ердан кондиционерли машиналарга ўтириб, кондиционерли масжидларга намоз учун йўлга тушишган, ўта иссиқ ва ўта совуқдан ўзларини панага олишга уринаётган бўладилар.

Қабр ичида эса маййит дунёда яхши кўрганларининг поябзал товушларини эшитиб ётган, яхши кўрганлар уни қабрда ёлғиз қолдириб кетишаётган бўлади. Қабрда қолган баъзи маййитлар кенглик, неъмат ва раҳмат ичида бўлсалар, баъзилари торлик, олов ва азоб ичида бўладилар.

Бизни қандай оқибат кутяпти? Қиёматга қадар роҳат ва раҳмат ичидаги бахтли барзах ҳаётими ёки азоб ичидаги бахтсизликми?

Қандай оқибат истаймиз? Роҳатми ёки азоб? Агар роҳат истасак, Аллоҳ таоло буюрган амалларни ўз вақтида адо этиб, қайтарганларидан қайтиб яшайлик! Буни тақво дейилади. Ҳа, Роббимиз бизни тақволи банда бўлиб, Ўзидан қўрқиб яшашга буюрган. Эртанги кун учун қандай амал қилаётганимизни кўздан кечиришга амр қилган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنظُرْ نَفْسٌ مَّا قَدَّمَتْ لِغَدٍ ۖ وَاتَّقُوا اللَّهَ ۚ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ وَلَا تَكُونُوا كَالَّذِينَ نَسُوا اللَّهَ فَأَنسَاهُمْ أَنفُسَهُمْ ۚ أُولَٰئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар бир жон эртанги кун учун нима тақдим қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан ўта хабардордир. Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У Зот уларга ўзларини унуттирди. Ана ўшалар фосиқлардир” (Ҳашр сураси, 18-19-оятлар).

Аллоҳ таоло барчамизни тақволи бандаларидан айласин, ҳаммамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин! У Зот барчамизни қабр азобидан асрасин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. У Кунда, у ерда махфийлиги бўлмаган делолар, ошкор этиш тақиқланган ҳужжатлар бўлмайди .ўта махфий,, .конфеденциал,, деган муҳрларсиз ....ва қиёмат куни унга китоб давоми...

3453 14:30 / 04.11.2021
У дунёга келганида миттигина вужудни ҳамширалар чақалоқлар тортиб кўриладиган тарозига солишган эди. Бундан 44 йил олдин 1 кг 300 гр бўлиб туғилган Бахтиёр бугун 70 давоми...

9484 09:00 / 02.05.2023
биринчи мақола У Зотдан ўзгадан У сенга туширган ҳожатни раво қилишни сўрама Қандай қилиб У қўйган нарсани Ундан ўзга кўтара олади Ўзидан давоми...

2356 09:00 / 14.01.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ дунёни яхши кўрган одамига ҳам, яхши кўрмаган одамига ҳам беради. Динни эса фақат яхши кўрган одамига беради,, давоми...

1822 19:56 / 10.11.2022