1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Висол

18:40 / 26.04.2019 3801 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: «Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз» (Бақара сураси, 187-оят).

Аллоҳ азза ва жалла бошқа сўзни эмас, айнан «либос» сўзини ишлатиб, эркакни аёлга нисбатан, аёлни эркакка нисбатан либос деб атаган. Бу ерда либоснинг бир нечта маънолари бор, уларни айтиб тугатиш қийин. Биз эса ўша маънолардан айримларини баён этишга ҳаракат қиламиз:

1. Либос – ҳеч бир тўсиқсиз, тўғридан-тўғри жисмингга ёпишиб турадиган нарсадир.

Жисмлар висол чоғида гўё бир­бирига либос бўлиб, кийимга беҳожатдек бўлиб қолади. Эр-хотин фақатгина бир зумлик жинсий лаҳзада эмас, балки бутун ҳаёт давомида танага боғланган тасмадек маънан ўзаро қовушиб яшашлари лозим.

2. «Либос» сўзи эркак ва аёлга нисбатан ишлатилганда, унинг замирида руҳий ва жисмоний жиҳатдан ўзаро тенглик маъноси ҳам бор.

Яъни ҳаётда аёлнинг ҳам, эркакнинг ҳам ўз ўрни бор.

Аёл киши эркак учун фақатгина жинсий эҳтиёжни ёки бошқа ҳожатларни қондириш учун керак бўладиган бир буюм эмас, балки у инсоний шахсият, худди эркак каби бир инсон ва ҳатто уни тўлдирувчидир. Шу сабабдан иккиси ҳам умр бўйи бир-бирига нисбатан либос кабидир.

3. Либос зийнатдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «Ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг», дейди (Аъроф сураси, 31-оят).

Муфассирлар ушбу оятдаги «зийнат»дан мурод яхши, яроқли кийим эканини такъидлайдилар.

Аёл эр учун зийнатдир, эр аёл учун зийнатдир.

Аёл эри учун моддий зийнатдир. Зеро, садоқатли ёр ўзининг маҳбубасида ҳеч кимда кўрмаган жамолни, гўзалликни кўради.

У маънавий зийнат ҳамдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек, «Аҳдни чиройли тутиш иймондандир!» (Табароний ва Ҳоким ривояти). Яъни аёлнинг оилавий аҳдга, яъни никоҳга вафодорлиги эрга кўрк бўлади, маънан зийнат бўлади.

Шунингдек, аёл киши эри билан ҳам зийнатланади: у дугоналари ҳузурида эри ҳақида фахрланиб гапиради. Балки эрида бўлмаган хислатларни ҳам бор қилиб кўрсатиб, унинг фалон нарса совға қилганини, уни севишини ва бошқалардан устун қўйишини айтади. Аслида ҳақиқат у айтганчалик бўлмаслиги ҳам мумкин. Буларнинг барчаси эр билан зийнатланиш ва шунинг билан бирга, уни зийнатлаш ҳамдир.

4. Либос сатрдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик» (Аъроф сураси, 26-оят).

Эр ҳалол билан ўзини ҳам, аҳлини ҳам ҳаромдан тўссин. Ўзини ҳам, аҳлини ҳам сатр қилсин. Оилавий сирларни фош қилмасин. Бу сирлар хоҳ эр-хотинлик алоқси бўлсин, хоҳ ўзаро муносабатдаги сирлар бўлсин, хоҳ эр-хотин орасида пайдо бўлиб турадиган муаммолар бўлсин, барибир. Токи мазкур сирлар танишу нотаниш кишилар оғзида чайналадиган сақичга айланмасин.

5. Либос покликдир.

Шунинг учун Роббимиз субҳанаҳу ва таоло: «Ва киймингни покла», деган (Муддассир сураси, 4-оят).

Бунда баъзи бир руҳий ҳасталарнинг турмуш қуриш ёки эр-хотинлик алоқасидан жирканишини инкор этиш бор. Эр-хотинни бир-бирига либос ўлароқ яратган Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло турмуш қуришни анбиёларнинг суннати қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари қуйидаги сўзлари билан ўз тасдиғини топган:

«Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз бурса, мендан эмас».

Шунга биноан, либос, яъни эр-хотин бўлиб, бир-бирига тўсиқ бўлиб яшаш поклик ва иффатдир, ундан ҳаё қилинмайди.

6. Либос бойлик ва беҳожатликдир.

Шу боис Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:

«Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламаслар)» (Муъминун сураси, 5-6-оятлар).

7. Либос неъмат ва лаззатдир.

Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни жаннат аҳлининг неъматларидан қилди: «Унда либослари ипакдир» (Фотир сураси, 33-оят). «Шойи иплардан яхши либослар киярлар» (Каҳф сураси, 31-оят).

Эр-хотинлик лаззат ва неъмат либосидир: бадан учун неъматдир, жон учун неъматдир. Мувозанатни ушлаб туради, тангликни кетказади.

Бу неъматдан маҳрум бўлганларни тушкунлик, маҳзунлик ва руҳий нотинчлик ўраб олади.

8. Либос қўриқ, ҳимоя ва иссиқ сақловчидир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «Сизларни иссиқдан сақлайдиган кийимлар ва зарбадан сақлайдиган кийимлар қилиб қўйди», деган (Наҳл сураси, 81-оят).

Яна У Зот марҳамат қилади: «Биз унга сизлар учун сизни ёмонликдан сақлайдиган кийим қилиш санъатини ўргатдик» (Анбиё сураси, 80-оят).

9. Либос осудалик ва сакинатдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «Ва кечани либос қилдик», деган (Набаъ сураси, 10-оят).

Инсон сокинлик ва хотиржамликни турмушдан, оиладан топади.

Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саййида Хадижа розияллоҳу анҳога жаннатда ичида ғавғо ҳам, чарчоқ ҳам бўлмаган, ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини берганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Хадижа сизга бир идишда нонхуруш [ёки таом, ёки шарбат] олиб келяпти. Олдингизга келганда унга Робби ва менинг номимдан салом айтинг ҳамда унга жаннатда ичида ғавғо ҳам, чарчоқ ҳам бўлмаган, ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини беринг», деган».

Илм аҳли айтади: «Бу башоратнинг боиси шуки, Хадижа розияллоҳу анҳонинг дунёдаги уйлари ҳам худди шундай бўлган, яъни у уй ичида овозлар кўтариладиган, бақир-чақир ва тортишувлар кўпаядиган ва эр-хотин ўртасидаги муаммолар авжига минадиган бошқа кўплаб хонадонларга ўхшамаган».

10. Либос кишининг аврати ва жисмини муҳофаза қилади.

Аёл киши ўзини, эрининг молини, фарзандини эри учун муҳофаза қилади. Эр ҳам ўзини, аёлининг сирини ўз жуфти ҳалоли учун муҳофаза қилади. Аёлидан кейин унга вафодор бўлиб, сирини сақлайди.

11. Либос ювиб, тозалашга муҳтождир.

Либос тозалаш ва ювиш билан янгиланганидек, ҳаёт ҳам вақти-вақти билан тозаланишга, янгиланиб туришга муҳтождир. Либосга теккан доғ, кир-чир вақтида тозаланмаса, у хиралашиши, эскириши ва ниҳоят чириши мумкин бўлганидек, оилавий ҳаёт ҳам ўз вақтида тозаланиб, янгиланиб турмаса, унга нуқсон етади.

12. Либосда хусусийлик бор.

Сенинг либосингни ҳеч ким киймайди. Сен ҳам бошқаларнинг либосини киймайсан. Либос одатда ҳар кимнинг ўзиники бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «(Мўминлар фаржларини) магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар)», деган (Муъминун сураси, 6-оят).

Яъни сен жуфтингники, жуфтинг сеникидир.

13. Либос янгиланиш ва турланишдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг», деган (Бақара сураси, 223-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эркакнинг аёлидан ҳузурланиш чегараси ҳақида сўралганида, у зот шаръий ҳузурланишнинг барча турларини мубоҳ дедилар. Фақат икки ишни истисно қилдилар, у иккиси: орқага яқинлик қилиш ва ҳайз ҳолатида жимоъ қилиш.

«Қизларжон...» китобидан

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
Muslimaat.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жуда ҳам оз вақт яшаганлари ва эрта вафот этиб кетганлари туфайли у давоми...

9013 11:20 / 06.07.2019
Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо ўта зеҳнли, оқила ва илмга ўч бўлганларидан доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли масалаларни сўрашдан давоми...

2065 19:30 / 11.09.2019
Аёлингизни .Нега қиз туғаверасан, деб урушишдан олдин ўйлаб кўринг. Боланинг жинсини ўғил ёки қиз қилиб қўядиган кимАёлингизми ёки сизми Сиз ҳам эмас, аёлингиз ҳам давоми...

2484 19:00 / 21.06.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн саккиз ёшларида ажраб қолган Оиша онамиз розияллоҳу анҳо у зотдан кейин яна қарийб ярим аср умр кўрдилар. У киши бу давоми...

3912 12:45 / 13.01.2019