1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Зийнатнинг мукаммали бўлмас экан

09:00 / 16.03.2023 4134 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яҳё ибн Аксам айтади: «Бир кеча мўъминлар амири Маъмуннинг ҳузурида ухладим. Кечанинг ярмида чанқоқликдан уйғониб кетдим. Уёқ-буёққа ағанадим. Шунда Маъмун: «Сенга нима бўлди эй Яҳё?», деди.

Мен: «Чанқадим эй мўъминлар амири!», дедим. Шунда халифа Маъмун сакраб ўрнидан турди ва менга бир кўзада сув келтирди.

Мен унга: «Бирор-бир ходимингизга айтсангиз бўлар эди-ку!», десам у шундай деди: «Менга отам айтиб берган, отамга бобом айтиб берган, бобомга отаси айтиб берган, у Уқба ибн Омирдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Бир қавмнинг саййиди унинг ходимидир!».

Яъни, инсон дўстларига ёки бошқа инсонларга хизмат қилган билан унинг қадри пасайиб қолмайди. Бу ҳадисда бир қавмга хизмат қилган киши ўша қавмнинг саййидига тенглаштирилаяпти.

Тўғрисини айтганда, агар бир киши Аббосий халифа Маъмуннинг ахлоқи ҳақида китоб ёзса, сийрат уламолари у ҳақида айтган гапларни шарҳласа жуда катта китоб бўлар эди. Унинг ахлоқи жуда гўзал бўлган. У олийжаноб инсон бўлиб, илм ва яхшилик аҳлини яхши кўрар эди. Аммо катталар айтганларидек: «Зийнатнинг мукаммали бўлмас экан».

Маъмуннинг бу гўзал хислатларини унинг мўътазила фирқасидан бўлгани лойқалатиб айблаб туради. У «Қуръон махлуқ» номи остида кўтарилган фитнанинг соҳиби бўлган. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳни зиндонга солган, дарралатган. Аллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилсин. Имоми Аҳмад роҳимаҳуллоҳни ҳам раҳматига олсин!

«Бир қавмнинг саййиди унинг ходимидир», ҳадисининг санадида узилиш бўлсада, ҳадис олимлари уни заиф десада, ҳаёт бу ҳадисни саҳиҳлаштирган. Яъни, инсонларга хизмат қилган киши албатта уларнинг саййидидир.

Ҳақиқий инсоннинг қиймати башариятдан нима олишида эмас, башариятга нима тақдим қилишидадир. Атрофимиздаги барча нарсаларга назар солсак уларнинг инсониятга фойда берадигани қийматли эканлигини кўрамиз. Қуёшнинг қадри унинг бераётган иссиғи ва сочаётган нури туфайлидир. Булутнинг қиймати унинг ёғдираётган ёмғири ва бераётган сояси туфайлидир. Дарахтнинг қадри унинг бераётган меваси ва сояси туфайлидир. Ҳатто асаларининг берган асали туфайли нинасини санчганини кечирамиз. Энди инсонга келадиган бўлсак, у яхшилик билан из қолдиришга юқоридагилардан муносиброқ ва ҳақлироқдир.

Тиббиёт илми инсонларнинг аламини енгиллатгани учун буюк илм ҳисобланади. Адвокатларнинг қиймати ва қадри зулмни ман қилиши ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишидадир. Акс ҳолда улар шайтон ҳимоячисига айланиб қолишади.

Баланд мансаб заифларга хизмат қилиш учундир. Агар мансабдор инсон заиф ва мазлумларни ёнини олса, уларга хизмат қилса ҳақиқий саййид бўлишга муносибдир!

Биз фақир ва мискинлар учун ўзимизни паст тутар эканмиз, аслида юқорига кўтарилган бўламиз. Агар биз фақир ва мискинларни одам ҳисобига қўшмасак, уларни назарга илмасак ўзимизни буюк инсон деб билсакда, аслида разил ва паст инсонга айланамиз.

Дунёда «тақдим қилиш» ва «ато қилиш» деган нарсалар бор. Уларсиз биз ҳеч киммиз!

Абдулқодир Полвонов 

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тирик эканман, бир куни Аллоҳ раҳмат қилгур отамдан олган дарсимни ҳеч унутмайман. Ўша куни нотўғри иш қилиб қўйган эдим. Ўртоқларим билан ўйинга берилиб, отам давоми...

1789 09:00 / 04.07.2023
Манманлик ижтимоий разолатлардан бири бўлиб, инсонлар орасига айрилиқ ва адоват солади. Уларнинг орасидан ҳамкорлик ва муҳаббатни кетказибгина қолмай, балки давоми...

4490 15:30 / 07.10.2018
Жан де Лафонтен ўзининг .Сараланган афсоналар, китобида қуйидаги ҳикояни келтиради.Бир ақлли киши ёлғиз юриб кетаётган эди. Бир аҳмоқ йигит унга тош отиб безовта давоми...

3382 19:00 / 24.02.2022
Ҳақиқатлар манбаи ваҳийдир.Аллоҳга исён қилган иблис қувилди. Унинг барча истаги оламлар Роббисининг қонунларига тескаридир. Қилмишлари эса исёндан давоми...

4158 12:00 / 25.08.2021