1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Фарзанд олмос, она унинг сайқалчиси

13:00 / 23.11.2021 1776 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аксарият оилаларда қиз фарзанднинг дунёга келишини ўғилчалик катта хурсандчилик билан кутиб олинмайди. Жоҳилият даврига хос бундай қарашларга Ислом дини келиши билан барҳам берилди. Динимиз шарофати билан аёлларга нисбатан эътибор, ҳурмат ортди. Жаннат оналарнинг оёғи остига қўйилди. Шу билан бирга, илм олиш аёлга ҳам, эркакка ҳам фарз қилинди.

Тааасуфки, «Қиз бола ўқиб, шаҳар олиб берармиди», деган гап-сўзлар учраб туради. Иордания пойтахти Амман шаҳридаги Жаҳон исломий илмлар ва таълими университети (World Islamic Science and Education univercity)да таълим олаётган, шу билан бир қаторда, Москва психоанализ институти талабаси, аёлларни илмга қизиқтириш мақсадида ташкил этилган «Fadriyya academy» асосчиси Жавҳарой Эргашева билан айнан таълим соҳасида қизлар бўлган эътибор ҳақида суҳбатлашдик.

– Оилада фарзанд тарбиясидаги асосий юк онанинг зиммасига тушиши сир эмас. Лекин бугунги кунда аёл уй бекаси, унинг асосий вазифаси таом тайёрлаш, тозаликни сақлаш деган фикр билан яшайдиган инсонлар ҳам жуда кўп. Оила муҳити учун аёл кишининг илмли бўлиши нечоғли муҳим?

– Дарҳақиқат, кўпчилик оилаларда аёл бош тарбиячи эканини тан олса-да, бу масалага жиддий қарамайди. Аксар оилаларнинг ҳаёт тарзига назар ташласак, уйнинг саранжомлиги, овқатнинг мазаси, кийимларнинг орасталиги каби масалалар фарзандининг қандай шароитда катта бўлаётганидан кўра муҳимроқ. Бундай ота-оналарнинг илмий асоси бўлмагани сабабли боланинг яхши кийингани, ўзига қараб юриши, ҳеч кимга халақит бермай ўтириши, бировларнинг олдида уятга қолдирадиган бирор иш қилмаслиги уларга етарли ҳисобланади. Аслида боланинг жисмоний ҳолати билан бирга руҳияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Болага маънавий озуқа бериш, уни кунига уч маҳал таомлантиришдан ҳам зарурроқ эканини англаб етган она фарзандига соғлом тарбия бериш учун қадам қўйган бўлади. Албатта, бу иш ўзига яраша илм-малакани талаб этади.

«Паст эмоционал ақлий салоҳиятга эга ота-она юқори эмоционал ақлий салоҳият эга фарзандни тарбиялай олмайди», деган илмий қараш бугун ўз исботи топган. Оилада ота билан бир қаторда она ҳам илмий салоҳиятга эга бўлиши талаб этилади.

«Аёл кишининг илмли бўлиши нечоғли муҳим» деган саволингизга ўтмишда яшаб ўтган оналаримиз, хоссатан, Оиша розияллоҳу анҳо ёрқин мисол бўла олишади. Динимиз муслиманинг ҳам илм олишини ибодат даражасига кўтарди. Ислом тарихига назар ташласак, буюк олимларнинг илк устози кўпинча уларнинг онаси эканига гувоҳ бўламиз. Илмли аёлнинг фарзанди ҳам илмга ошно бўлиб улғаяди.

– Аёлнинг ҳаётида бахтиёрлик мезонини белгилашда илмнинг ўрни қандай?

– Бахт – ҳар бир инсоннинг ўз танлови. У ички реалликка хос ҳолат. Ички ҳолатни ҳар бир инсон ўзи белгилайди. Гарчи ташқи дунёга нисбатан баъзан ожизлигимиз намоён бўлиб қолса-да, ички дунёмизга эга чиқишни Роббимиз ўзимизнинг ихтиёримизга берган. Ички дунёси хотиржам бўлмаган аёл ҳеч қачон бахтли ҳисобланмайди.

Қанчалик ғайриоддий туйилмасин, аксар ўзбек аёллари оиладаги бахтсизликка айнан ўзлари сабабчи бўлишади. Аксарият аёлларимиз кераксиз идиш-товоқлару, чегарадан чиқиб кетган урф-одатларга ўралашиб юраверишади. Бахт бундай матоҳларда эмаслигини тан олишса ҳам, ундан воз кеча олишмайди. Зеро бахтга эришиш ҳам айнан илм билан бўлади.

Бошқаларнинг эмас, айнан ўзининг камчилик ва хатоларини ислоҳ қилиш мутаассиб инсоннинг қўлидан келмайди. Мутаассиблик – бахтнинг кушандасидир. Илм эгаллаган киши баъзи тушунча ва қарашлар билан ўралашиб қолмай, атрофга теранроқ қарайди, хатоларидан хулоса чиқаради. Ислом тарихига назар солсак ҳам, жаҳолат авж олган бир замонда Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган илмлари билан саҳобаи киромлар ҳақиқий саодат, сакинатга етишишгани саҳиҳ китобларда баён қилинган. Ҳатто ҳожатхонага кириб-чиқиш илмини ҳам ўргатган гўзал динимиз оиладаги бахтиёрлик мезонларини аниқ-тиниқ қилиб белгилаб қўйган. Буни эса керакли илмларни ўзлаштириш орқалигина билиб олиш мумкин.

– Қиз бола учун диний ва дунёвий таълим қанчалик зарур?

– Таълимни диний ва дунёвийга ажратишнинг ўзи мантиққа зид. Чунки динсиз дунё, дунёсиз дин бўлмайди. Маълумки, фарз икки турга – фарзи айн ва фарзи кифояга бўлинади. Баъзан эса фарзи кифоя даражасида илм ҳолатдан келиб чиқиб, фарзи айн даражасига кўтарилиши мумкин. Оддий мисол, турмуш ўртоғи ёки оиласида биронта аёл яқини хасталикка чалинган киши аёлларга хос масалаларда аёл мутахассисга кўрсатади. Ёки кўзи ёриётган аёлга ҳам аёл киши доялик қилиши талаб этилади. Энди ўзингиз тасаввур қилинг, биз дунёвий илм олиш муслималарга шарт эмас, деб уларнинг илм олишларига тўсқинлик қилсак, эртага нима оқибатларга олиб келади? Қизларимизни илм олишига шароит яратиб, уларга керакли илмларни ўқита олмасак, аёл мутахассислар қаердан пайдо бўлади? Керакли мутахассис топилмай, фарзи айн адо этилмаса, эртага ҳар биримизнинг бунинг учун жавоб беришимизга тўғри келади.

– Аксарият оилада ўғил боладан кўра қиз болага нисбатан талаблар қаттиқроқ бўлади. Ҳатто узатилганидан кейин ҳам бу талаблар қайнона ва турмуш ўртоқ ўртасида янада кучайиши мумкин. Қизларимизнинг илмга қизиқишининг сустлигига мана шу омиллар ҳам таъсир ўтказмаётганмикан?

– Ҳар бир балоғатга етган, ақл-ҳуши жойида муслима қиз учун илм олишга, ўзининг устида ишлашга ҳеч қандай тўсиқ қолмади, деб бемалол айтсак бўлади. Чунки бугун ахборот асрда яшаяпмиз. Смартфон, планшет, телевизор каби турли ахборот қурилмалари кундалик ҳаётимизга сингиб улгурди. Китобларнинг-ку сон-саноғи йўқ. Интернет орқали фарзанд тарбияси, аёл камолотида муҳим аҳамиятга эга жиҳатларни кашф этишга оид жуда кўплаб вебинар, фойдали дарсларни кузатиб бориш имкони мавжуд. Истаганингизча бепул дарсларни эшитиш ёки кўришингиз мумкин. Ундан ташқари, ҳар бир соҳага оид электрон китоб ёки қўлланмаларни текинга кўчириб олсангиз бўлади.

Мана шундай имкониятлар бор ҳолатда ҳам ота-онаси ёки турмуш ўртоғини айблаб, оилавий аҳволини баҳона қилиб ўтириш шунчаки масъулиятдан қочиш ҳисобланади. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, орамизда аёлининг илм ўрганишини истамайдиган, «Ўқишнинг нима кераги бор? Уй ишларини жойига қўйиб, болаларни эпласанг бўлди», дея унинг шаштини қайтарадиганлар ҳам йўқ эмас. Фарзанд билан кўпроқ унинг онаси бирга бўлишини эътиборга олсак, оилада аёлнинг илмга қизиқмаслиги келажакда қанчалик салбий таъсир кўрсатишини билиб олиш қийин эмас.

Кичик ёшиданоқ илм олишига шароит яратилган, бирор соҳага йўналтирилган бола эришган муваффаққиятни, у улғайганидан кейин эришган натижа билан қиёслаб бўлмайди. Хоҳ аёл бўлсин, хоҳ эркак ҳаёти учун муҳим танловни ўзи қилади. Аллоҳ таоло Қиёмат куни ҳар бир инсонни балоғатга етгандан кейин қилган амаллари ҳақида айнан унинг ўзидан сўрайди. Бошқаларни қанчалик айбламайлик, улар мавжуд имкониятлардан фойдаланмасликни талаб қилмаса керак.

Фурсатдан фойдаланиб, муслима аёлларимизга мурожаат қилмоқчи эдим.

Азиз аёллар, опа-сингиллар, сиз фарзандларингизнинг илк тарбиячисисиз, уларни Аллоҳ таоло сизга қимматбаҳо олмос ўлароқ туҳфа қилди. Сизнинг вазифангиз ана шу олмосга мукаммал ишлов беришдир. Фарзандларингиз учун илм олинг, уларни буюк инсон қилишни истасангиз, аввало ўзингиз ана шу билимларни ўзлаштиринг, шундагина сиз ҳам буюк авлодлар тарбиячиси бўла оласиз. Бугунги кунда кераксиз нарсаларга, сериалларга вақтингизни ажратгандан кўра кўпроқ ўзингизга ва фарзандингизга ана шу қимматли вақтингизни сарфланг. Китоб мутолаа қилинг. Бола табиатан пок ва гуноҳсиздир уни қандай йўлга бошлаш, албатта, сизга боғлиқ.

Нозимахон Умарали қизи суҳбатлашди

«Ҳилол» журналининг 11(32) сонидан

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яқинда бир талабам менга шундай савол билан мурожаат қилдиndash Маълумки, намоз Исломнинг бешта асосларидан бири, фарз амал ҳисобланади. Аммо, негадир қалбимда давоми...

6058 11:00 / 19.10.2018
Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Нуҳ сурасида шундай марҳамат қилади.Роббингиздан мағфират сўранг, албатта, У кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. Шунда устингизга давоми...

7490 13:30 / 01.03.2019
Магистр талабаларига бир савол берилди. .Ота ким,. Жавоблар ҳар хил. Чиройлиси ҳам, оддийси ҳам бўлди. Лекин энг афзали бир талабанинг қуйида келтирган жавоби эди. давоми...

2480 14:00 / 09.06.2019
Қози Шурайҳ айтадилар .Менга битта мусибат етса, Аллоҳ азза ва жаллага тўрт маротаба ҳамд айтаманБиринчиси ndash бундан ҳам каттароқ мусибат етмагани учун ҳамд давоми...

1539 07:10 / 11.08.2019