1446 йил 9 жумадул аввал | 2024 йил 11 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Оли Имрон сураси, 173-179

05:00 / 23.01.2017 8325 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

173. Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар.

Яъни, ўша мўминларга баъзи кишилар келиб, қурайшликларнинг уларга қарши кўп куч тўплаганларини айтиб, улардан қўрқинглар, деганида, мўминлар қўрқиш ўрнига, иймонлари зиёда бўлди. Шу билан бирга,
«Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар».
Ушбу оятдаги: «Ҳасбуна Аллоҳу ва неъмал вакийл» жумласини ҳар бир инсон бошига оғир ҳолат келганда айтиши тавсия қилинади.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки: «Ҳасбуна Аллоҳу ва неъмал вакийл»ни Иброҳим алаҳиссалом ўтга ташланганда айтганлар, Муҳаммад алайҳиссалом: «Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан бирига: «Бошингга оғир иш тушганда, «Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакийл» дегин», деганлар.
Энди Аллоҳга таваккал қилиш ва ўзини ихлос ила тутишнинг натижаси зикр этилади:

174. Бас, Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила, уларга ёмонлик етмасдан қайтдилар ва Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
Улар Аллоҳга таваккал қилиб, Уни ўзларига кофий вакил билиб чиққан эдилар. Бас, бу урушдан зиён кўрмасдан, Аллоҳнинг неъмати, фазли ва розилигига сазовор бўлган ҳолда қайтдилар. Улуғ фазл эгаси бўлган Аллоҳ Ўз йўлида жиҳод қилган бандаларига фазлидан, албатта, беради.
Кейин қўрқинч ва қўрқоқликнинг сабаби фош этилади:

175. Албатта, бундай бўлишингиз шайтондандир, у ўз яқинларидан қўрқитур. Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар.
Яъни, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар, деган хабардан қўрқинчга тушсангиз, бу ҳолингиз шайтондандир. У сизларни ўз яқинларидан қўрқитади. Шайтон ўзига эргашганларни сизнинг кўзингизга кучли бўлиб кўринишини истайди. Худди улардан фойда ёки зарар етадигандек улардан қўрқишингизни хоҳлайди. Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Улар фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдилар. Мендан қўрқинглар, дейди Аллоҳ таоло. Чунки ҳақиқий фойда ва зарар етказувчи фақт Ўзидир.
Кейин Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга хитоб қилиб, кофирларнинг ўзларини тутишидан хафа бўлмасликка, кўнгилларини чўктирмасликка даъват қилади:

176. Куфрга ошиқаётганлар сени хафа қилмасин. Албатта, улар ҳаргиз Аллоҳга бирор зарар етказа олмаслар. Аллоҳ уларга охиратда насиба қилмасликни хоҳлайдир. Уларга улкан азоб бордир.
Инсоннинг иши қизиқ: кўра-била туриб яхшини қўйиб ёмонга интилади, иймонни тарк этиб куфрга ошиқади. Кофирларнинг куфрга ошиқаётганини кўрган ҳар бир мўминнинг қалби ҳасратга тўлади. Кишиларнинг ўзларини ҳалокатга ураётганларини кўриб, хафа бўлади. Кофирларнинг ёмонликларини, мусулмонларга бераётган азобларини кўриб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалблари ҳам қаттиқ изтиробга тушар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга ва у киши орқали барча мўминларга таскин бериб:
«Куфрга ошиқаётганлар сени хафа қилмасин. Албатта, улар ҳаргиз Аллоҳга бирор зарар етказа олмаслар», демоқда.
Аллоҳ таоло кофирларнинг Исломга ва мусулмонларга қарши олиб бораётган ишларини ўзига қарши олиб борилаётган иш, деб баҳоламоқда. Бечора, ожиз банда бўлмиш кофирлар ҳар қанча уринмасинлар, Аллоҳ таолога ҳеч бир зарар етказа олмайдилар. Улар Аллоҳнинг динига қанчалик қаршилик қилмасинлар, мусулмонларга зарар етказишга қанчалик уринмасинлар, барибир қўлларидан ҳеч бир иш келмайди.
Ундоқ бўлса, нима учун уларни тек қўйиб қўймоқда? Нима учун улар хоҳлаганларини қилишмоқда? Ҳатто баъзан ғолиб келиб, қўллари баланд ҳам бўлмоқда?! Бунинг ҳикмати шулки:
«Аллоҳ уларга охиратда насиба қилмасликни хоҳлайдир».
Барча насибаларини шу дунёда олиб қолишларини хоҳлайди. Барча ризқларини беш кунлик дунёда тугатиб, барча азоб-уқубатларга ҳақдор бўлишларини хоҳлайди.
«Уларга улкан азоб бордир».
Бу дунёда, энг асосийси, у дунёда, албатта, улкан азобга дучор бўладилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом ва мўминларнинг кофир ва мунофиқларнинг куфрга ошиқаётганларидан хафа бўлмасдан, қалблари тинч бўлаверсин.

177. Албатта, куфрни иймонга сотиб олганлар Аллоҳга ҳаргиз бирор зарар етказа олмаслар. Уларга аламли азоб бордир.
Мазкур кофир ва мунофиқлар иймонга жуда ҳам яқин эдилар. Иймонга чорловчи далил ва ҳужжатлар ҳар қадамларида учраб турган эди. Лекин улар иймонни сотиб, куфрни олдилар. Билиб туриб, шундай қилдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни ўз ҳолларига қўйиб берди. Бу дунёда нима насибалари бўлса, олиб қолсин, охиратга ҳеч қандай насибалари қолмасин, деб ирода қилди. Лекин улар қанча уринмасинлар, Аллоҳга ва Унинг динига ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Охиратда эса:
«Уларга аламли азоб бордир».
Улар бу дунёда мўминларга азоб беришлари, алам етказишлари мумкин. Лекин у дунёда ўзларига беқиёс аламли азоблар бўлиши аниқдир.

178. Куфр келтирганлар уларни тек қўйганимизни ўзлари учун яхши деб ҳисобламасинлар. Биз уларни фақат гуноҳлари кўпайиши учунгина тек қўямиз. Уларга хорловчи азоб бордир.
Баъзан ҳаётда шоҳид бўляпмизки, Аллоҳга куфр келтириб, Исломга ва мусулмонларга зарар етказаётган кишилар ноз-неъмат ичида. Нимани хоҳласалар, шуни қилиб юрибдилар. Боз устига, ҳар гуноҳ қилганларида, мартабалари яна бир бор ортяпти. Мўминлардан баъзилари бу ишдан ҳайрон. Кофирлар эса, яна ғурурга кетмоқдалар. «Агар мен Аллоҳга ёқмайдиган иш қилаётган бўлсам, мени тек қўярмиди», деб бошқаларни ўзларининг тўғри йўлда эканлигига ишонтирмоқчи бўладилар. Ушбу оят кофир ва мунофиқларнинг шундай фикрларини кескин рад этмоқда. Чучварани хом санаб:
«Куфр келтирганлар уларни тек қўйганимизни ўзлари учун яхши деб ҳисобламасинлар».
Агар хоҳласа, Аллоҳ уларни ғафлат уйқусидан уйғотиб, тўғри йўлга солиб қўйиши ҳам мумкин эди. Лекин Аллоҳ кофир ва мунофиқларга яхшиликни ирода қилмагани учун уларни тек қўйди.
«Биз уларни фақат гуноҳлари кўпайиши учунгина тек қўямиз».
Демак, кофир ва мунофиқларнинг бу дунёда қилаётган гуноҳларига қарамай тек қўйилишининг асосий ва бирдан бир сабаби–гуноҳлари баттар кўпайиб, охиратда ҳақиқий азобга сазовор бўлишлари учундир.
Шунинг учун ҳам охиратда:
«Уларга хорловчи азоб бордир».
Бу дунёда гердайиб юрганлари билан у дунёда хору зор бўладилар.
Шундан билиб олсак бўладики, бу дунёда бандага етадиган мусибатлар, азоб-уқубатлар ёки қийинчиликлар Аллоҳнинг марҳамати, тавбага, ўзини ўнглаб олишга йўл очилишидир. Аллоҳнинг суйган бандаларига етадиган қийинчиликлар беҳикмат бўлмайди. Эҳтимол бундай ҳолатларнинг яна кўп ҳикматлари бордир, биз билмаймиз, улар фақат Аллоҳнинг Ўзига маълум.

179. Аллоҳ мўминларни покидан нопокини ажратмасдан, сиз турган ҳолда, қўйиб қўймас. Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор қилиб қўймас. Лекин Аллоҳ Ўз Пайғамбарларидан кимни хоҳласа, танлаб оладир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринглар. Агар иймон келтирсангиз ва тақво қилсангиз, сизларга улуғ ажр бордир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларни мунофиқларга аралаш бўлиб юраверишларига қўйиб қўймаслигини, балки ҳақиқий мўминни мунофиқдан ажратиб олишни айтмоқда.
Одатда, бундай пайтларда синов, имтиҳон усули ишга солинади. Уҳуд уруши ҳам ана шундай: покни нопокдан, ҳақиқий мўминни мунофиқдан ажратиб олиш учун синов, имтиҳон бўлди.
«Аллоҳ мўминларни покидан нопокини ажратмасдан, сиз турган ҳолда, қўйиб қўймас».
Яъни, Аллоҳ мўминларни мунофиқлар билан аралаш ҳолда қўйиб қўймайди. Балки, албатта, покидан нопокини, мўминдан мунофиқини ажратади. Мунофиқларнинг иймон ортидан яшириниб, ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб, шу билан бирга, Исломга зарар келтириб юришларига йўл қўймайди. Аллоҳ Ислом умматини ер юзида улуғ вазифани адо этиш учун чиқарган. Ушбу вазифани бажаришга эса, поклик, чаққонлик, сафларда жипслик зарур. Мунофиқлар шундай вазиятнинг вужудга келишига тўсиқ бўладилар. Шунинг учун ҳам уларни синов орқали мўминлар сафидан чиқариб турилади. Ҳақиқий тиллани занглардан тозалаш учун оловда тобланади. Худди шунингдек, ҳақиқий мўминни мунофиқдан ажратиш учун ҳам қийинчиликларда тобланади.
«Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор қилиб қўймас».
Яъни, Аллоҳ сизларга ғайбни билдирмайди, жумладан, одамлар қалбида нима борлигини ҳам била олмайсизлар. Шу боисдан ким ҳақиқий мўмин, ким мунофиқ эканини ҳам била олмайсизлар.
Унақада мунофиқни қандай билса бўлади?
«Лекин Аллоҳ Ўз Пайғамбарларидан кимни хоҳласа, танлаб оладир».
Демак, покни нопокдан ажратиш Пайғамбар юбориш орқали бўлади. Ўша Пайғамбарга иймон келтириш ёки келтирмаслик орқали, унга итоат қилиш ёки қилмаслик орқали, унга мунофиқона муомалада бўлиш туфайли оқ оққа, қора қорага ажрайди. Пайғамбар бошлаган ҳақиқат йўлидаги қийинчиликларга қарамай, қадамида собит бўлганлар ҳақиқий мўмин ҳисобланадилар. Синовларга чидамай ортга қайтганлар мунофиқлардир. Шундай экан:
«Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринглар. Агар иймон келтирсангиз ва тақво қилсангиз, сизларга улуғ ажр бордир».
Ҳа, фақат ҳақиқий иймонгина бундай ажрга эриштиради. Бошқа ҳеч қандай йўл билан мазкур ажрни қозониб бўлмайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
9. Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур.Аллоҳ таоло Ўзининг давоми...

4070 05:00 / 23.01.2017
42. Балки ҳийла кўрсатишни хоҳларлар Бас, кофирлар ҳийлаларининг жазосини тортарлар.Мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломга, Исломга, мусулмонларга қарши турли давоми...

3943 05:00 / 23.01.2017
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар соф ва фасиҳ араб тили соҳиблари эдилар. Улар учун Қуръони Каримни ўзлаштириб олиш қийин эмас давоми...

4948 13:30 / 01.12.2020
Сизга яхшилик етса, уларга ёмон бўладир. Сизларга мусибат етса, бунга хурсанд бўларлар. Агар сабр этсангиз ва тақво қилсангиз, ҳийланайранглари сизга ҳеч қандай давоми...

3463 19:45 / 10.05.2017
Аудиолар

134073 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54419 14:35 / 11.08.2021