1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Сулҳ яхши хислатдир

10:00 / 08.11.2021 2686 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эр томонидан бош кўтариш содир бўлгандаги ҳолатнинг муолажаси тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

وَإِنِ امْرَأَةٌ خَافَتْ مِن بَعْلِهَا نُشُوزًا أَوْ إِعْرَاضًا فَلاَ جُنَاْحَ عَلَيْهِمَا أَن يُصْلِحَا بَيْنَهُمَا صُلْحًا وَالصُّلْحُ خَيْرٌ وَأُحْضِرَتِ الأَنفُسُ الشُّحَّ وَإِن تُحْسِنُواْ وَتَتَّقُواْ فَإِنَّ اللّهَ كَانَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرًا

«Агар аёл киши ўз эридан зуғум ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, икковлари ўзаро сулҳга келишишларида уларга гуноҳ йўқ. Сулҳ яхшидир. Нафсларга қизғаниш ўрнаштирилгандир. Агар яхшилик ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир» («Нисо» сураси, 128‑оят).

Ушбу оятда эр кишига муолажа қилинмоқда. Оилавий ҳаётда, турли сабабларга кўра, эрда хотинига нисбатан нафрат пайдо бўлиши мумкин. Натижада эр хотинидан ажралмоқчи ёки ундан юз ўгириб, талоқ ҳам қилмай, муомала ҳам қилмай, ташлаб қўймоқчи. Хотин эридан ажрашни хоҳламаса, ярашишга уринади.

«Агар аёл киши ўз эридан зуғум ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, икковлари ўзаро сулҳга келишишларида уларга гуноҳ йўқ».

У ўз эрининг нафратига ёки юз ўгиришига сабаб бўлган ишларни бартараф этиш билан уни рози қилиб, ажралмай қолишга ҳаракат қилади.

Мисол учун, ҳатто ўз қонуний ҳаққи бўлмиш маҳрининг ҳаммасидан ёки бир қисмидан воз кечиб юбориши мумкин. Нафақа бермасанг ҳам майли ёки озроқ нафақа берсанг ҳам, талоқ қилмасанг бўлди, дейиши мумкин. Шунга ўхшаш ҳолатга қараб, турли таклиф ва муросалар билан сулҳ тузиб, ажралмай қолишда гуноҳ йўқ экан. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида:

«Сулҳ яхшидир», дейилмоқда.

Исломда турли усулларни қўллаб, оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилинади. Ушбу чоралар ҳам мазкур рағбатдан келиб чиққан. Оятнинг давомида:

«Нафсларга қизғаниш ўрнаштирилгандир», дейилмоқда.

Яъни, инсон нафсида қизғаниш табиати бор. Мол-мулкни қизғанади, чиройли нарсаларни қизғанади, мансаб ёки яхши ҳолатларни қизғанади. Ана шу табиий ҳолни эътиборга олганда, шояд, хотин томондан таклиф қилинган мол-мулк ва баъзи қулайликлар эрдаги қизғаниш табиатини қўзғаб, ажралмай қолишга рози бўлса. Лекин инсоний алоқалар фақат мол-мулк ёки баъзи манфаатлар асосидагина қурилмайди, балки яхшилик, савоб ишлар қилиш ва бошқа ҳолатлар ҳам кўп. Исломда шунга кўпроқ тарғиб қилинади:

«Агар яхшилик ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир».

Жумладан, хотинидан нафратланиб, уни талоқ қилмоқчи бўлган ёки юз ўгириб, тек ташлаб қўймоқчи бўлган эркак ўша хотиннинг ажрашиш истаги йўқлигини билгач, унга яхшилик қилиб, тақво юзасидан ўзи билан олиб қолса, яхши бўлади. Аллоҳ унга ажр ва савоб беради.

«Бахтиёр оила» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Валийлик отаона ва қариндошларнинг бурчи ва ёш болаларнинг ҳаққидир.Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. давоми...

2359 11:05 / 07.02.2020
Ўғил болаларни хатна қилдириш отанинг бурчи ва боланинг ҳаққидир.Хатна сўзи луғатда .кесиш, маъносини англатади.Фақиҳлар таърифида эса .Махсус аъзонинг махсус давоми...

5898 12:04 / 11.01.2020
. .Саъийд ибн Амр ибн Оссдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Акаукаларнинг каттасининг кичигидаги ҳаққи отанинг боласидаги давоми...

4558 09:03 / 17.04.2021
Умму Роита бинти Муслимдан, у отасидан ривоят қилинади . . .о.Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳунайн ғазотида иштирок этдим. У зот давоми...

2848 13:00 / 13.11.2019
Аудиолар

210861 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130126 14:35 / 11.08.2021