1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Рисоладаги эр ва хотин

17:00 / 17.07.2022 6695 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динимизда оилалар тинч бўлиши учун эркак ва аёлга ҳуқуқлар берилиши билан бирга уларнинг зиммасига масъулиятлар юкланган. Эр-хотин динимиз кўрсатмаларига амал қилиб, зиммаларидаги масъулиятларини бажарсалар оила тинч, саодат маскан бўлади. Оилада масъулиятни ҳис қиладиган, рисоладаги эр ва хотин қандай бўлиши керак?

Рисоладаги эр

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам бундай марҳамат қилганлар: «Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман».

Имом Термизий ривояти.

Рисоладаги эр аёлига Қуръонни ўрганиши, ибодатни адо этиши учун барча шароитларни қилиб беради. Керакли китобларни олиб беради.

Рисоладаги эр намоз вақти бўлганини эслатади. Мабодо аёли уйқучи бўлса ҳам, нима қилса қилади, уни бомдодга уйғотади.

Рисоладаги эр аёлини ишлатиб, унинг топганини еб, ўзи ишсиз юрмайди (Ишга ярамайдиганлар бундан мустасно).

Рисоладаги эр ўзи ишламай, зиммасидаги нафақа қилиш масъулиятини унутиб, аёлини Дубай, Туркия ва бошқа жойларга юбориб, савдо, мардикорлик ишларида ишлатиб, ўзи уйда ўтириб, унинг топганини еб, уй қуриб, машина олиб, улфатларига «мужик» қанақа бўлиши ҳақида йўл-йўриқ кўрсатиб, карилламайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади» деганлар.

Абу Довуд ривояти.

Рисоладаги эр аёлининг рўзғорга, либосга, атир-упага оид кам-кўстини ўзи билиб, олиб беради.

Рисоладаги эр аёлига охиратни эслатади, унга тайёргарлик кўришга ундаб туради.

Рисоладаги эр ошхонада улфатлари билан шашлик, табака егач, аёлига ҳам ўша таомлардан олиб келади. Ўзи ўшандай таом еб, хотинига шўрва, қаттиқ нонни раво кўрмайди.

Рисоладаги эр аёлининг ўзини узоқ сафарга чиқармайди. Номаҳрамлардан қизғонади.

Рисоладаги эр аёлига оғир юкни кўтартириб, ўзи томоша қилиб ёки телефонга термулиб ўтирмайди.

Рисоладаги эр шимини вақтида дазмолламаган, овқатни шўр ёки тузини паст қилиб пиширган аёлини урмайди, дўппосламайди, ҳақоратли сўзлар ишлатмайди.

Пайғамбаримиз солллалоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қиладилар:

«Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг ҳулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа ҳулқини ёқтириши мумкин». 

Имом Муслим ривояти.

Рисоладаги эр оилавий сирларни ва жинсий муносабатларни бошқаларга айтмайди.

Рисоладаги хотин

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки хотин киши беш (маҳал) намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, номусини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киргин!» – деб айтилади», — деганлар.

Имом Табароний «Мўъжамул авсат»да ривоят қилган.

Рисоладаги хотин Қуръони Каримни ўқиб-ўрганишга уринади. Ибодатларини вақтида адо этади.

Рисоладаги хотин динни пухта ўрганиш учун керак бўладиган китобларни эрига айтиб олдиради.

Рисоладаги хотин эрига намоз вақти бўлганини эслатади. Эри уйқучи бўлса ҳам, эрини бомдодга уйғотиш чорасини кўради.

Рисоладаги хотин «Уни олиб беринг, буни олиб беринг» деб камхарж эрини ноқулай аҳволга солмайди.

Рисоладаги хотин эрининг йиртиқ пайпоқда кўчага чиқишига йўл қўймайди. Мабодо бошқа пайпоғи бўлмаса, ўшанинг ўзини тикиб беради.

Рисоладаги хотин эҳтиёжи бор нарсани олдириш учун ўша эҳтиёжини эрига аста айтади.

Рисоладаги хотин эридан сўроқсиз кўчага чиқмайди.

Рисоладаги хотин фақат эри учун тақинчоқ тақиб, атир сепади.

Рисоладаги хотин эрининг топиб келганини исроф қилмай ишлатади.

Рисоладаги хотин эридан сўрамай бировга бир нарса бермайди.

Рисоладаги хотин эрининг ота-онасини ҳурмат қилади.

Рисоладаги хотин қаноатли бўлади.

Рисоладаги хотин эрининг таҳоратига сув қилиб бериб, сочиғини тайёрлаб туради.

Рисоладаги хотин эрига гап қайтармай, гуноҳ бўлмаган буйруқларини бажаради. Эрининг буйруғи билан намоз вақти тенг бўлиб қолса, аввал намозни ўқиб олади.

Рисоладаги хотин намозларини вақтида адо этади.

Рисоладаги хотин фарзандларини бетаҳорат эмизмайди. Уларни одобли қилиб тарбия қилишга уринади.

Рисоладаги хотин оилавий сирларни ва жинсий муносабатларни бошқаларга айтмайди.

Рисоладаги хотин нафл рўзаларни эридан рухсат сўраб тутади.

Рисоладаги хотин эри тўшакка чақирса, шаръий узри бўлмаса, эрининг эҳтиёжини қондиради.

Рисоладаги хотин эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол эмас», дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий.

Рисоладаги хотин ўз эри ёмон кўрадиган кишиларни уйга киритмайди ва унинг тўшагига ўтказмайди.

Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, сизнинг хотинларингизда ҳақингиз бордир ва хотинларингизнинг сизда ҳақлари бордир. Сизнинг хотинингиздаги ҳақингиздан: тўшагингизни сиз ёқтирмаган кишиларга бостирмасликлари ва сиз ёқтирмайдиган кишилар уйингизга киришига изн бермасликлари. Огоҳ бўлинглар! Уларнинг сиздаги ҳақларидан уларнинг кийимларини ва таомларини яхшилаб қўйишингиздир», дедилар».

Имом Термизий ривоят қилган.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Манбалар:

Islom.uz

Masjid.uz

Ibrat.uz

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратгани ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб давоми...

1837 16:42 / 25.08.2023
Эридан талоқ билан ёки эри ўлиб ажралган аёл киши белгиланган идда муддати тугамасдан бошқа киши билан никоҳланиши дуруст эмас. Бирор аёлга уйланмоқчи бўлган давоми...

1995 09:04 / 08 февраль
Боланинг отаонадаги ҳақларидан, отаонанинг фарзанд олдидаги вазифаларидан бири оиланинг янги аъзосига маънодор, чиройли исм қўйишдир. Бу ишнинг аҳамиятини давоми...

2561 18:08 / 03.11.2019
Шу нарсани унутмаслик керакки, Исломда кишиларнинг никоҳда бўлган ҳолда ҳаёт кечиришлари афзал саналади. Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган амри ҳам шу бу дунёда давоми...

7545 21:01 / 16.10.2018