1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Яхшилик йўлидаги сабр

11:00 / 04.07.2022 2192 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Аср сурасида марҳамат қилади:

«Аср билан қасамки, инсон зиёндадир. Фақат иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар мустаснодир» (1–3-оятлар).

Мазкур сурада зиёндан нажот топувчи иймон аҳлининг сифатлари аниқ баён қилиб берилган. Аллоҳ таоло қасам ичган «аср» сўзи башарият яшаган ва яшайдиган давр маъносини беради. Шу боис одамлар яшаб ўтган ёки яшаётган маълум бир муддатни ўз ичига олган даврни англатиш учун «ҳижрий аср», «жоҳилият асри», «умавийлар асри», «аббосийлар асри», «янги аср» каби иборалар қўлланилади. Бу асрларнинг муайян ном билан хосланиши эса уларнинг ҳар бирида ўзига хос жиҳат ва хусусиятлар мавжудлиги учундир.

Шу билан бирга, ҳар қандай асрда ҳам барча инсонлар учун умумий бўлган шундай хусусиятлар борки, асрлар ўзгаришига қарамай улар башар ҳаётининг муҳим жиҳати бўлиб қолаверади. Шубҳасиз, иймон масаласи ҳам инсоният ҳаётида энг муҳим ўрин тутган шундай жиҳатлардан биридир. Қайси даврга назар ташламайлик, бирор бир ақийда ёки қарашга иймони бўлмаганларнинг ҳамиша ўзларини зиёнда сезиб, омонлик туйғусидан мосуво ҳолларида адашиб-улоқиб ҳаёт ўтказганларига гувоҳ бўламиз. Иймонли инсон эса қайси даврда яшамасин, доимо ўзини хотиржам ҳис қилган, аниқ мақсад ва ғояга етиш йўлида қилаётган амалидан сурур туйган ҳолда умр кечирган. Чунки ўзида қатъий ва равшан илм ҳамда олий хулқларни жам қилган иймон ўз соҳибининг ҳаёт йўлини белгилаб бериши табиий ҳолдир. Шунинг учун ҳам сулуксиз иймон, амалсиз ақийда бўлмайди, дейилади. Демак, иймон учун ундан келиб чиқадиган сулук, ақийда учун эса уни акс эттирувчи амал шарт экан. Аллоҳ таолонинг: «Аср билан қасамки, инсон зиёндадир. Фақат иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар мустаснодир», деган қавлидан ҳам айнан шу ҳақиқат тушунилади. Демак, амалсиз қолиш иймон учун учун катта хатар бўлиб, кишининг иймони унинг солиҳ амалларида акс этиши матлубдир. Солиҳ амал эса ўз моҳиятга кўра ботил билан доимий кураш ҳолатида бўлади. Солиҳ амал ғолиб келиши учун эса мўминлар бир-бирларини ҳақ ва сабрга чақиришлари зарур.

Нега энди Аллоҳ таоло ҳақ ва сабрга чақириб, бунинг учун алоҳида бир сура нозил қилди? Чунки Аллоҳ таоло Ўзи яратган башарий нафснинг иймоний таклифлар олдидаги заифлигини яхши билади. Ушбу заифликнинг даражаси эса ҳаммада ҳар хил бўлади. Масалан, бир инсон Исломнинг ҳамма таклифларини ўрнида бажаргани ҳолда, молни ҳалолдан топиш масаласида заифлик қилиб, ҳаромдан касб қилади. Барча шаръий таклифларни лозим даражада адо қиладиган бошқа бир кишининг эса заиф нуқтаси аёллар бўлади, у ҳусн соҳибаларини кўрганда нафси суст кетиб, «серсевги» бўлиб қолади. Учинчи одам эса бошқа барча амаллари жойида бўлгани ҳолида хамр ичишга мубтало бўлган. Мисол тариқасида келтирилган ҳар бири ўз заиф нуқтасига эга мазкур уч шахс тузалиш йўлига ўтишлари учун эса бир-бирларини ҳақ ва сабрга чақиришлари лозим бўлади. Масалан, хамр ичувчи ҳаром касб қилувчига: «Ҳамма ишинг, ўзингни тутушинг мўминнинг ҳолатига тўғри келиб турибди. Нега энди ҳаромдан касб қилишни бас қила қолмайсан?» деб танбеҳ беради. Натижада ҳаром касб эгаси Аллоҳнинг изни ва марҳамати билан ушбу маъсиятдан қайтади. Ёки аксинча – ҳаром касб қилувчи: «Сен хамр ичишни тарк қилиб, комил мўминлардан бўлишинг керак», дея хамр ичувчини ҳаққа чақиради. Сўнг бу икковлон аёлларга суст кетган бошқа бир мўминни Раҳмон азза ва жаллага исён қилишдан қайтариб насиҳат қилишади. Шу аснода мўминлар бир-бирларини ҳаққа ва гуноҳлардан тийилишда сабр қилишга даъват қиладилар. Оқибатда уларнинг нафслари тарбияланиб, яшаб турган жамиятлари солиҳ жамиятга айланади.

Аллоҳ таоло инсоннинг ичини ҳам, ташини ҳам барча нозик жиҳатлари билан билувчи Зотдир. Шу сабабдан ҳам ҳеч бир мусулмон банданинг хато, нуқсон ва қоқилишдан маъсум бўлмаслигини билган Раҳмон азза ва жалла унга ўзининг заифлигию тойилишларига қандай қилиб қарши курашишни ўргатиб ҳам қўйди. Бундай кураш мўминларнинг ўзаро дин биродарлик асосида ҳаёт кечириб, бир-бирларини хақ ва сабрга чорлашлари билан амалга ошади. Оятдаги «тавосий» бир кишининг бошқасига бир нарсани шарт қилиш маъносидаги «васият» эмас, балки мусулмонларнинг бир-бирларига шаръий таклифларни адо қилиш ва қайтарилган ишлардан тийилиш заруратини эслатиб туришларини ҳамда ҳақ йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишларини ифодалайди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни хотамул анбиё этиб танлаб, у зотнинг умматларини ҳам қолган барча умматлардан афзал қилди. Уларнинг ичларидан ёмонликдан қайтариб, яхшиликка чақирадиганларни чиқариб қўйди, мўминларга маломат қилувчи нафс бериб, жамият аъзолари орасида уларни хатога тушишдан қайтариб турадиган воизу насиҳатгўйларни пайдо қилиб қўйди. Шу аснода мусулмонларнинг жамиятида ҳар бир шахс Аллоҳ таоло Аср сурасида марҳамат қилганидек «ҳақни тавсия қилувчи» ва «ҳақга тавсия қилинувчи»га айланди.

Демак, «тавосий» бир кишининг бошқаларни яхшиликка чақириши эмас, балки мўминнинг иймоний жиҳатдан заифликка тушиб қолишини олдини олишга қаратилган. Луғат жиҳатидан қараганда ҳам «тавосий» икки тарафнинг муштарак ҳаракатини ифода этиб, бунда жамиятдаги ҳар бир шахс бир вақтнинг ўзида ҳам насиҳат қилувчи, ҳам насиҳат олувчи бўлишини англатади. Шундай экан, иймоний жамият гуноҳ ёки тойилиш йўлига ўтганларнинг кўзларини очиб, уларга ҳақни тавсия қилиб турадиган шахслардан холи бўлмайди. Зеро, ҳадисда айтилганидек, «Мўмин мўминнинг ойнасидир».

Мазкур мўъжаз сурада келган амрларининг бажарилиши эса мусулмонларнинг қувватлари ортиб, жамиятларига хайру баракотлар ёғлишига сабаб бўлади. Ҳар бир аъзоси солиҳ амал билан банд бўлган мусулмонлар жамиятини эса ботил аҳли ҳеч қачон мағлуб эта олмайди. Чунки бу жамиятдаги ҳар бир мўмин биродарининг ҳақ ва сабрга чорловидан ўзи учун қувват олади, ҳар бир мўмин «мусулмонларнинг бир-бирларини ҳақ ва сабрга чақиришлари», деб аталувчи иймоний ва ижтимоий-ахлоқий қўрғон билан ўзини ҳимоялайди. Сурани ўқиш асносида айримларда «Нега энди Аллоҳ таоло бу ўринда барча яхшиликларни, жумладан сабрни ҳам ўзида жамлаган ҳақнинг ўзига чақириш билан кифояланмай, бир-бирига сабрни тавсия қилишни алоҳида таъкидламоқда?» деган савол туғилиши мумкин. Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтирганларнинг ҳамиша аҳли ботилнинг адоватларига дуч келиб туришларини билади. Мусулмонлар учун дунёю охират саодатига кифоя қиладиган сабабларнинг барини ҳажмда кичик, маънода эса оламларга татигулик бир сурага жам қилиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Шундай экан, келинг, барчамиз Аллоҳ таолонинг амрига бўйин эгиб, бир-биримизга яхшиликни ва унга етишиш йўлида керак бўладиган сабрни тавсия қилайлик. Ўзимиз, ёмонликлардан тийилибгина қолмай, балки ёмон гап, ёмон хабар ёмон ахборот тарқатувчи бўлишдан ҳам эҳтиёт бўлайлик. Зотан, шундоқ ҳам одамлар орасида тез тарқалиш хусусиятига эга бўлган ёмонлик бизнинг хизматимиздаги беҳожатдир.

Жаҳонгир Жўраев Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими.

«Ҳилол» журналининг 10(31) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Зикр аҳлидан сўранг, ҳайъати аъзоси Абдуманнон домла Абдуллоҳ билан суҳбат ndash Инсон бу идишни кирлатмай, покиза сақлаши учун нималарга эътибор қаратиши лозимndash давоми...

1502 17:01 / 27.10.2020
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган,, давоми...

3441 14:00 / 26.08.2022
Ҳозирги кунда христианлик деб аталиши урф бўлиб қолган динни исломий адабиётда масийҳийлик ёки насоролик ndash насронийлик дейилади. Бу динни Аллоҳ таоло юборган. давоми...

3591 15:40 / 04.12.2018
Абу Соиб Абдий айтади .Солиҳ Муррий бизнинг олдимизга кирган эди, .Қаердан келяпсан, эй Абу Бишр, дедим. Солиҳ шундай деди .Уйимдан келяпман. Бу ерга келгунча кўп давоми...

2336 08:00 / 26.12.2019