1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сулаймон алайҳиссаломнинг дуолари

13:10 / 10.04.2019 7359 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръонда пайғамбарлар дуолари

(давоми)

Сулаймон алайҳиссаломнинг муҳим хусусиятларидан бири Аллоҳ томонидан у зотга улкан давлат ато этилишидир. Бундан ташқари Аллоҳ у зотга бошқа бир қанча фазилатларни ҳам берган.

«Ва Сулаймон Довудга ворис бўлди. У: «Эй одамлар, бизга қуш тили ўргатилди ва ҳар бир нарсадан берилди. Бу, албатта, очиқ-ойдин фазлдир», деди. Сулаймонга жин, инс ва қушлардан бўлган аскарлари тўпланиб, тизилган ҳолда турдилар» (Намл сураси, 16–17-оятлар).

«Бас, Биз унга шамолни бўйсундирдик, у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. Ва бошқаларини ҳам кишанлаган ҳолда тўплаб (бўйсундирдик)» (Сод сураси, 36–38-оятлар).

Роббиси томонидан берилган бу афзалликлар сабабли Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳга шундай дуо қилганлар:

«Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин» (Намл сураси, 19-оят).

Сулаймон алайҳиссаломнинг бундай дуо қилишларига сабаб қуйидаги воқеа бўлган:

Сулаймон алайҳиссалом ўзларининг инс, жин ва қушлардан иборат аскарлари билан юриб бораётган эдилар. Чумолилар яшайдиган жойга етганда бир чумолининг шу сўзларини эшитиб қоладилар:

«...Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасин» (Намл сураси, 18-оят).

Сулаймон алайҳиссалом миттигина бу жонзотнинг ҳушёрлигидан, бошқа чумолиларнинг унга итоат этганларидан завқланадилар ва табассум билан юқорида айтилган дуони қиладилар.

Қуръонда баён қилинган қуйидаги қисса ҳам Сулаймон алайҳиссалом тилидан қилинган дуо билан боғлиқ:

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломни имтиҳон қилишни ирода этади. Аллоҳ унга гижинглаб турган учқур отларни кўрсатади. У зот отларни завқ билан томоша қилиб қуёш ботганини ҳам сезмай қоладилар. Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳнинг зикридан чалғитган бу отларни қурбонлик қилиб сўйиб юборадилар. Аммо бу отларни кўрган Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган чавандоз ўғиллари бўлишини орзу қиладилар. Сулаймон алйҳиссалом, «бу кеча етмиш аёлни айланиб чиқаман, уларнинг ҳар бири Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган чавандоз туғади», деди. «Иншааллоҳ» демади. У аёлларни айланиб чиқди. Улардан биргина аёл ҳомиладор бўлиб, чала бола ташлади. Сулаймон алайҳиссалом нима сабабдан бундай бўлганини англаб етиб, тавба қиладилар:

«Эй Роббим, мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган мулкни ҳадя этгин. Албатта, Сен кўплаб атоларни бергувчисан» (Сод сураси, 35-оят).

Сулаймон алайҳиссалом билан боғлиқ бу воқеа ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар «иншааллоҳ» деганида, уларнинг ҳаммаси чавандоз бўлиб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилар эдилар».

(давоми бор)

«Қуръони каримга кўра дуо» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир олим машҳур бир шайх ҳақида эшитиб, ахлоқини ва ботинини поклаш мақсадида узоқ сафарга чиқди. Анча йўл босиб, ўша шайхнинг ҳузурига келди. Унга байъат қилиб, у давоми...

2313 16:08 / 05.03.2020
Иброҳим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади .Аммамнинг уйига бордим. Аммаваччаларим билан кўришмоқчи эдим, қаергадир кетишган экан. Аммамдан сўрасам, .Абдуллоҳ ибн давоми...

2138 08:02 / 04.12.2020
Молларини кечасию кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар..Кечасию кундузи, давоми...

7266 08:08 / 18.06.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кечанинг зулмат бўлакларига ўхшаш фитналар келгунча амалларни қилиб қолишга давоми...

4705 13:40 / 15.02.2019
Аудиолар

213168 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132388 14:35 / 11.08.2021