1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ва яна китоб ҳақида... (биринчи мақола)

11:39 / 13.10.2021 5136 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

КИТОБ – ахборотларни, ғоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоий-сиёсий, илмий, эстетик карашларни шакллантириш воситаси; билимлар тарғиботи ва тарбия қуроли; бадиий, илмий асар, ижтимоий адабиёт. Халқаро статистикада ЮНЕСКО тавсиясига кўра, ҳажми 48 саҳифадан кам бўлмаган, табоқлаб тикилган нодаврий нашрни, шартли равишда, китоб дейиш қабул қилинган.

Китоб иши китобни тайёрлаш, уни тарқатиш, сақлаш, тавсифлаш ва ўрганиш билан боғлиқ катта жараённи ўз ичига олади. Фан, адабиёт, санъат асарларидан матбаада кўпайтириш ва тарқатиш учун танлаш, уларга илмий ва бадиий нуқтаи назардан ёндашиш, таҳрир қилиш, бадиий безаш, матбаа ижросини белгилаш ва нашрга тайёрлаш ноширликнинг вазифаси. Китобни кўплаб чиқариш – китоб босиш иши полиграфия саноатида олиб борилади. Китобларни тўплаш, сақлаш, ўқувчилар ўртасида ташвиқот қилиш, улардан китобхонлар фойдаланишлари учун қулай шароит яратиш кутубхона ишига қарайди. Китоб ва бошқа босма асарлар ҳақида муайян мақсад билан ўқувчиларга маълумот бериш ва уларни ташвиқот қилиш библиография вазифасидир ва ҳакозо.

Китобнинг пайдо бўлиш тарихи ёзувнинг яратилиши ва шаклланиши жараёни билан ўзвий боғлиқ. Қадимги Миср, Рим, Юнонистон ва Ўрта Осиёда кишилар тош, пальма дарахти барглари, сопол каби материалларга ёзиб, фикрларини изҳор этишган. Ҳар бир китоб ўнлаб шундай материаллардан тайёрланган плиталардан иборат бўлиб, оғирлиги бир неча кг бўлган. Ёзув материали сифатида папирус ўсимлиги ишлатилиши (милоддан аввалги 4–3 минг йилликларда) билан ўрама китоблар пайдо бўлди. Бундай китобларнинг узунлиги ўртача 10 м атрофида бўлиб, ингичка, юмалоқ таёқларга ўралган ва махсус чарм ёки ёғоч ғилофларда сақланган. Шарқ мамлакатлари, Қадимги Рим ва Юнонистондаги кўпгина нодир асарлар папирусга битилган. Милоддан аввалги 2-асрга келиб китоб материали сифатида пергамент (тери)дан фойдаланиш кенг расм бўлди. Дастлаб бундай китоб ўрама ҳолда сақланган. II – IV асрлардан бошлаб Қадимги Римда худди ҳозирги китобларнинг варақалари сингари буклаб, тикиб тайёрланган ва бир-бирига бириктирилган, муқовали китоблар – кодекс пайдо бўлди. Улар дастлаб папирус, сўнг пергаментга ёзилган. Бундай китоблар оғир ва бесўнақай эди. VI асрдан бошлаб кодекс шакли асосида ҳозирги кўринишдаги китоблар пайдо бўлди. Терига ишланган ноёб китоблардан бири – Мусҳафи Усмон Қуръонидир. Қуръони Каримнинг бу нусхаси 644 – 656 йилларда халифа Усмон розияллоҳу анҳу кўрсатмаси билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котиблари Зайд ибн Собит, Амир ибн Осс ва Ҳишом ибн Ҳакимлар томонидан куфий хатида ёзилган. Жами 353 варақ, ҳажми 68x53x22 см бўлган мазкур қўлёзма китоб Амир Темур томонидан Самарқандга олиб келинган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланади.

Қоғознинг кашф қилиниши китоб тарихида янги давр очди. Айрим маълумотларга қараганда, 650 йиллардаёқ Самарқандда қоғозли китоблар бўлган. XIII асрдан Европада қоғоз асосий ёзув материали бўлиб қолди. Қоғоз китобнинг кўпайишига ва тарқалишига янги имконият очди. Китоб безашга алоҳида аҳамият берилди. Унинг саҳифаларига турли миниатюралар, ҳошияларига безаклар ишлана бошлади. Аста-секин хаттотлик, муқовасозлик каби касблар ажралиб чиқди. Айниқса, Ўрта Осиёда ўрта асрларда хаттотлик санъати кенг ривожланди. Машҳур хаттотларнинг кўп авлодлари китоб тайёрлаш усулини – материаллар, сиёҳ, хат кўчириш техникасини такомиллаштириб боришди.

X – XII асрларда Мовароуннаҳрда муайян соҳа сифатида шаклланган китобат санъати XIV – XV асрларда янги тараққиёт босқичига кўтарилди. Ҳар бир китоб қоғозидан тортиб муқовасигача, сиёҳдан то буёқларию зарҳалигача маълум меъёрдаги модда, режа ва қоида асосида тайёрланади, ҳатто китобдан хушбўй ҳид анқиб туриши учун баъзан сиёҳга гулоб ёки анбар қўшиларди. Қўлёзмалар нафис ҳуснихат, зарафшон (тилла суви сочиш), сувли буёқлар билан ҳошияга нафис нақшлар ишлаб бадиий безатилди. XV – XVI асрларда бир қанча истеъдодли хаттот, мусаввир, лаввоҳ ва сахдофлар (Абдураҳмон Хоразмий, Султонали Машқадий, Султонали Хандон, Мирали қилқалам ва бошқалар) етишди. Ҳирот хаттотларига устозлик қилиб, китобат санъати равнақига улкан ҳиссасини қўшган хушнавис хаттотлардан Султонали Машҳадий эди. У Низомий, Ҳофиз, Саъдий, Навоий, Ҳусайн Бойқароларнинг асарларини кўчириб шуҳрат қозонди. Султонали томонидан кўчирилган 50 дан зиёд китоб бизнинг давримизгача етиб келган. Темурий ҳукмдорлар девонхоналари қошида, хусусан, Самарқанд, Ҳиротда махсус сарой кутубхоналари ташкил этилган. Бундай кутубхоналар ўрта асрнинг ўзига хос ҳунармандчилик корхонаси бўлиб, уларда қўлёзма китобларни тўплаш ва сақлаш билан бирга китобсозлик билан боғлиқ бўлган бир қанча амалий ишлар бажарилди. Бундай сарой кутубхоналарининг бошлиқлари «кутубхона доруғаси» ёки «китобдор» деб аталган. Уларнинг қўл остидаги кўплаб хушнавис хаттот, наққош-мусаввирлар, лаввоҳ, саҳҳофлар китоб тайёрлашга доир турли вазифаларни бажаришган. Масалан, XV асрнинг 1-ярмида Ҳиротда Улуғбекнинг укаси Бойсунқур кутубхонасида 40 хаттот ва бир қанча наққош қўлёзма асарлардан нусха кўчириш ва уларни безаш билан банд бўлган. Ҳар бир қўлёзма китоб бир неча мутахассис қўлидан ўтарди. 1425 – 29 йилларда Жаъфар Бойсунқурий томонидан Абулқосим Фирдавсийнинг машҳур «Шоҳнома» асари кўчирилиб, 20 та турли мазмундаги рангдор миниатюралар билан безатилган. Ноёб санъат асари сифатида бу китоб Теҳрон музейида сақланади. Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий сарой кутубхонаси ҳам ўз даврида машҳур бўлган. Навоий бадиий қўлёзма санъатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Унинг бевосита кўмаги билан Беҳзод, Султонали Машҳадий, Шоҳ Музаффар каби ўнлаб китобсоз усталар етишиб чиқди. Бу усталарнинг услуб ва анъаналари кейинги йиллардаги каллиграфия санъатининг асосини ташкил этди. Туркистонда хаттотлик йўли билан китоб тайёрлаш ўзоқ вақт давом этди. Ҳатто китоб босиш кашф қилингандан кейин ҳам, дастлабки вақтларда китоблар қўлёзма йўли билан кўпайтирилар эди.

(Давоми бор)

Муроджон Аминов

«Ҳилол» журналининг 9(30)сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мисрнинг .АлАҳром, газетасининг 1961 йил 29 май ойидаги сонида .Профессор аёл талаба қизларга турмушга чиқишни тавсия қилди, номли мақола эълон қилинди.Бу мақолада давоми...

3583 14:00 / 25.03.2022
491. Ғутойф ибн Ҳорисдан ривоят қилинади.Бир киши бемор бўлиб ётган Абу Убайда ибн Жарроҳнинг олдига кириб.Амирнинг ажри қандай бўлди, деди..Нимадан ажр давоми...

7253 09:00 / 12.07.2021
Халойиқ ичра гар кўпайса айбинг, Мазаммат эшитсанг шоҳу гадодин, Аларни яширмоқ истаса қалбинг, Либос эт саховат отлиқ матодин.Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ.Улардан давоми...

8683 15:00 / 30.05.2021
Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун давоми...

10480 16:12 / 01.02.2018