1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

ҲОФИЗИ ҚУРРОДАН – ҲОМИЛИ ҚУРЪОН

05:00 / 07.03.2017 3881 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мураттаб қорилар Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ҳамда Ҳусайнхон Яҳё 

Абдулмажидлар тартиб берган “Навоийдан чу топқайлар навое” (“Hilol-

Nashr” нашриёти, Тошкент, 2014) ва “Мавлид” (“Hilol-Nashr” нашриёти,    

                         Тошкент, 2015) номли китоблар хусусида



       Доно халқимизнинг  “От ўрнини той босар” деган пурмаъно ҳикматининг қанчалик асосли ва яшовчан эканлигини нафақат ёши улуғларимиз, балки инсоният тарихи ҳам тасдиқлайди ва исботлаб келмоқда. Бежиздан тасаввуф ахли “Дунё солих қавмдан асло холи бўлмайди, биронтаси вафот этса, Аллоҳ таоло унинг ўрнига албатта бошқасини қўяди”, - деб таъкидламаган.

Биз юқорида тилга олинган рисолалар ва уларнинг муаллифлари ҳақида ушбу мавзу доирасида баҳоли қудрат фикр юритмоқчимиз.

Биринчи китоб ўзбек халқининг маърифий-маънавий йўлчи юлдузи, бобокалонимиз Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг ноёб дурдона асарларидан “Арбаъин” (қирқ ҳадис), “Сирож ул-муслимин” (мусулмонлар чироғи) ҳамда “Муножот” (Аллоҳга илтижо) ларнинг янгича ўгирмаси, янгича талқинига бағишланган бўлиб, Ҳазратнинг “Сирож ул-муслимин” асаридан олинган ушбу мисралар орқали номланган: “Навоийдан чу топқайлар навое”, яъни “Навоийдан наво – баҳра топқайлар”. Дарҳақиқат, салкам олти асрдурки, бобокалонимиз асарларидан, ўгитларидан нафақат Шарқ халқлари, балки ер куррасининг барча халқлари баҳраманд бўлиб келмоқдалар.

Иккинчи китоб халқимиз орасида севимли бўлиб қолган маросимларимиздан бири – мавлиди шариф ҳақида ҳамда улуғ олим, адиб Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг қаламига мансуб, “Мавлид” номи билан машҳур бўлган “Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набийил-Азҳар” (“Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари хусусидаги гавхар маржон”) асарининг ўзбек тилидаги таржимаси ва шарҳига бағишланган. 

Дарвоқе, ушбу асарлар турли замон ва маконларда яшаб, ўзига хос ижод йўлига эга бўлган мутафаккирлар томонидан ёзилган бўлса ҳам, уларни бир-бирига боғловчи муштарак ришталар шу қадар яхлитки, бирини баҳорги, иккинчисини кузги асалга ўхшатгимиз келади.

Ушбу китобларга янгича таҳлилда тартиб берилиши нафақат ўзбек адабиётшунослигида, балки диншунослик ва адабаётшунослик йўналишида янги саҳифа очади, тарихий ва илмий ҳақиқатни ўз борича, ўз ҳолича, турли сохта мафкуралардан ҳоли бўлган ҳолда идрок этишга чорлайди. Китобда адабиёт ва дин мақсадларининг муштараклиги, уларни абадий боғлаб турувчи ришталар эзгулик, аксиома эканлиги яна бир бора далилий исботланади.

Китоблар таҳлилига ўтишдан аввал уларнинг муаллифлари – ёш тадқиқотчилар ҳақида икки оғиз сўз юритишликни жоиз деб топдик. 

Ҳасанхон ва Ҳусайнхонлар ёшликларданоқ нафақат Фарғона водийсида, балки Республикамизнинг барча худудларида ўзларининг мафтункор қироатлари билан машҳур, халқимиз эъзозини  қозонган ҳофизи қурролардир. Улар 8 ёшларидан бошлаб муқаддас китобларни ёд олиб, ажойиб қироатлари билан халқимиз ҳурматига сазовор бўлганлар. Турли мамлакатларда Қуръон қироати бўйича ўтказилган мусобақалар ғолибларидирлар. Бундай даражага етишишда, албатта, оила мухити, тарбияси асосий аҳамият касб этди. Авваламбор, ота томонидан катта боболари Абдулмажид қози домла раҳматуллоҳи алайҳни ёд этишимиз диққатга сазовор. Ул зот ўз замонасининг андижонлик етук олими ва адиби эдилар. Она томонидан боболари Ҳабибуллоҳ Ҳожи дада раҳматуллоҳи алайҳ ҳам нафақат Андижон шаҳри бош масжидининг кўп йиллик имом хатиблари, ҳурматга сазовор дин пешвоси, балки мумтоз адабиётимизнинг билимдонларидан эдилар. Қиблагоҳлари Яҳёхон қори раҳматуллоҳи алайҳ билимдон қорилардан бўлиши билан бирга ўзлари ҳам шеърлар ёзиб турар эдилар. Шу ўринда мамнуният билан кўплаб ҳофизи қурроларга устозлик қилиб, тарбиялаб етиштирган андижонлик Бадриддин қори раҳматуллоҳи алайҳнинг Ҳасанхон ва Ҳусайнхонларнинг камол топишларидаги хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Илмга бўлган иштиёқ ёш қориларни Тошкентдаги Имом Бухорий номидаги ислом институтига чорлади. Улар ўқиш жараёнида замонамизнинг бетакрор уламоси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг севимли шогирдларига айландилар ва у зоти шарифнинг қанотлари остида юксалиш сари қадам босдилар.

Ака-ука қориларнинг биргаликда Навий бобомиз бисотига қилган илмий саёҳатлари ҳар қандай тахсинга сазовор. Дарвоқе, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу китобга ёзган сўзбошиларида “Улуғ бобомиз Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ ва у кишига ўхшаш мумтоз адабиётимиз намояндаларининг асарлари қанча кўп ўрганилса, шунча оз. Зеро, уларнинг асарлари битмас-туганмас зиё манбаидир”  деганларида юз чандон ҳақ эдилар. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, буюклар дунёсига кириш, уларнинг муқаддас руҳлари билан ҳамоҳанг фикрлаш, айниқса, ушбу асарларни ўрганишдаги аввалги йўл қўйилган ўзбилармончилик ва хатоларни ислоҳ қилишдай масъулиятли ишга қўл уриш учун биргина журъатнинг ўзи камлик қилади. Китобни диққат билан мутолаа қилар экансиз, ёш тадқиқотчиларимизда нафақат жўшқин журъат борлигига, балки бундай нозик ишга қўл уришдан аввал пухта тайёргарлик кўрганликларига гувоҳ бўласиз. Бу борада муаллифлар ўзбек навоийшунослигининг Азизхон Қаюмов, Алибек Рустамов, Иброҳим Ҳаққул, Нажмиддин Комилов, Суйима Ғаниева, Абдуқодир Ҳайитметов каби йирик намояндаларининг асарлари пухта ўрганиш, Навоий ҳазратларининг шахсий ҳаётлари билан боғлиқ бўлган янги маълумотлар билан танишиш, таҳлил қилинаётган асарларнинг илмий-қиёсий матнларининг тайёрланганлигини,  беназир шоирнинг йигирмадан ортиқ асарлари борлигини эътироф этган ҳолда уларнинг барчалари ўрганиб чиқилганлигини, Навоийни тушуниш учун Навоий даврига қайтиш зарурлиги, тасаввуф илмини, истилоҳларини тушуниш учун ислом дунёсини билиш кераклиги, айниқса, муқаддас Қуръони каримни, ҳадиси шарифларни мукаммал билишни илмий-амалий мезон деб биладилар.

Афсус ва надоматлар бўлсинки, юқорида зикр қилинган мезонларни собиқ ўзгача мафкура даврида писанд қилмаслик натижасида Навоий ҳазратларининг ўзига хос бўлган исломий дунёси, исломий фалсафаси, юмшатиброқ айтганда, нотўғри талқин қилиб келинди. Бобомиз ёзган асарларнинг зоҳирий ва ботиний моҳиятини англашда ўта қўпол, баъзи ўринларда ҳиёнаткорона мушоҳадалар қилинди. Булар борасида сўнгги йилларда бир қанча фикрлар билдирилмоқда. Илмий ҳақиқатни, албатта, адолатни юзага чиқариш мақсадида ёш тадқиқотчилар бобомиз бисотини ўз борича идрок этишни, ўз ҳолича “хазм қилиш”ни ихтиёр этганлар. Зеро, бобомиз қолдирган буюк маънавий-маърифий ҳазина келажак авлод учун ўз бўй-басти билан бирга бетакрор ифори, оҳори тўкилмаган ҳолда етказилмоғи даркор. Шу боисдан китобда Ҳазратнинг “Арбаъин”, “Сирож ул-муслимин”, “Муножот” асарларини таҳлил қилиш жараёнида аввалги адабиётшунослар талқини ва изоҳларида йўл қўйилган жиддий хато ва камчиликлар рўй-рост кўрсатиб берилган. Бунинг  исботи учун муаллифлар томонидан шарҳлаб берилган биргина байтни мисол келтирмоқчимиз:


Тун оқшом келди кулбам сори ул гулруҳ шитоб айлаб,

Хироми суръатидин гул уза ҳайдин гулоб айлаб.


Насрий баёни: Оқшом тунда ул гулюзли ёр кулбамга шитоб билан кириб келди. Юришининг тезлигидан гул юзидан терлар гулоб бўлиб қуйилди.


    Маълумки, Алишер Навоий уйланмай ўтган. Агар кечқурун, ҳамма ғафлатдалик пайтида Навоийнинг ҳузурига у кишининг севган ёри келган бўлса, бу сир тутилиши керак. Агар биз байтни мана шу қабилда, бошқача қилиб айтганда, “замонавий” тушунадиган бўлсак, бу билан Навоийга фақат иснод келтиришимиз муқаррар. Навоийдек буюк инсонни қўйинг, ҳар қандай ўзини ҳурмат қилган одам ҳам бундай иш рўй берадиган бўлса, уни бошқалардан яшириши турган гап.

    Демак, Навоий бошқа нарсани кўзда тутган. Навоийнинг мақсадини тушуниш учун у кишининг истилоҳларини тушунишга уринамиз. Келинг, бу байтда ишлатилган сўзларни тасаввуфий истилоҳлар асосида шарҳлаб кўрайлик...

    Кулба – соликнинг қалби; солик - тариқат йўлини танланган шахс.

    Гулруҳ (гулюз) – шуҳуд олами,яъни Аллоҳ таолонинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати.

    Гул уза ҳай (юздан оққан тер) – ғайбий илҳом

    Энди байтнинг ушбу изоҳлар асосидаги насрий баёнини кўрайлик:

“Ҳамма ёқни жаҳолат зулмати қоплаб турган бир пайтда қалбимда Аллоҳ таолонинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати юз берди. Бу мушоҳада шу қадар тез рўй бердики, унинг тезлигидан менда ғайбий илҳомлар ҳосил бўлди”.

    Энди ўзингиз ҳолис ўйлаб кўринг, ушбу байтга Навоийдек инсонга нисбатан аввалги уятли маънони қўллаш ақлга тўғри келадими, ёки кейинги ирфоний маъноларними? Қай бири воқеликка ва мантиққа тўғри келади? Бир тафаккур қилиб кўринг!”  

    Навоий ижодига юзаки ёндашиш намунаси сифатида “Ҳазойин ул-маоний” дан олинган яна бир байтнинг изоҳи келтирилади:

            Харобот ичра кирдим ошуфтаҳол,

            Май истарга илкимда синган сафол.

Ушбу байт бир вақтлар қуйидагича “илмий” изоҳланган эди: “Қаранг, Навоий ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий муаммолардан ниҳоятда безиб, омадсизликлар, турли ғам-ташвишлардан қочиб, бир майхўрлик қилиб, кўнгил ёзиш учун майхонага кирса, шу ерда ҳам унинг косаси синиқ бўлиб чиқибди”.  Аллоҳнинг севгиси, илоҳий ишқ, нашъу намосига эришиш истагини ифодаловчи ушбу байт маъноси кимлар томонидан, қайси томонларга, нима мақсадда буриб юборилганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

    “Ахир Ҳазрат Навоий демоқчиларки, “харобот” деганим муршиднинг даргоҳи, “синган сафол” деганим шикаста қалбим, “май” деганим Аллоҳга чин муҳаббат ва бандаликдур”.  

    Тадқиқотчилар хулоса қилиб айтганларидай, Навоийни тушуниш учун Навоий билган ва фойдаланган билимларни, яъни Қуръон, суннат, шариат, тариқат, тасаввуф ва бошқа илмларни билиш, ўрганиш керак бўлади.

    Юқорида кўрсатилган иккинчи китоб халқимиз ўртасида “Мавлид” номи билан машҳур бўлган Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг қаламига мансуб асарнинг ёзилиш тарихи, мазмун-моҳияти ҳамда мавлид ҳақидадир. Ушбу китобга Ҳасанхон Яҳё тартиб берганлар.

    Китобга юксак баҳо берган ҳолда унинг тақдимотига бағишланган қисмида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ёзадилар: “Юртимизда қадимдан ўтказиб келинадиган ва бугун ҳам ўз қийматини йўқотмай, маърифатни оширишда муҳим ўрин тутиб келаётган анъанавий тадбирларимиздан бири мавлид маросимидир. Сир эмаски, бу тадбирга халқимизнинг муҳаббати ўзгача. Мавлид ўқишга  ва ўқитишга алоҳида ихлос-муҳаббат билан ёндашилади. Бизда мавлид йиғинларида асосан имом Барзанжийнинг “Мавлид” ларини ўқиш урф бўлган. Бу асар араб тилида ёзилган бўлиб, кўпинча одамларимиз унинг маъносидан бебаҳра бўлиб қеладилар. Шу эътибордан, кейинги йилларда ушбу асарни ўзбек тилига таржима қилишга ҳаракатлар бўлиб, халқимиз унинг мазмунидан озми-кўп хабардор бўлди. Аммо бу асар ўта адабий бўлганидан таржиманинг ўзи билан унинг мазмунини англаб етиш қийин. Ана шу эътибордан, Ҳасанхон Абдулмажидов тарафидан ёзилган ушбу шарх ўзбек ўқувчилари учун яхши бир туҳфа бўлди, деган умиддамиз”. 

    Шу ўринда Пайғамбаримиз (с.а.в.) сийратлари, сўзи, амаллари мадҳ этилган “Мавлид” нинг шархига бағишланган китобнинг сўзбошисида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ шундай ёзган эдилар: “Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам бутун инсоният учун,хусусан, мўмин-мусулмонлар учун энг олий ўрнакдирлар. Мана шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, ислом уммати қадимдан Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини атрофлича, қунт билан ўрганиб, ўргатиб келган. Саҳобаи киромлар у зот алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзу амалларини, ҳаракату ҳолатларини диққат билан кузатиб, ёдлаб борганлар ва ўзларидан кейинги авлодларга бекаму кўст етказганлар. Уларнинг нақлларини қоғозга тушириб натижасида ҳадис китоблари, сийрат асарлари вужудга келган”. 

    Ёш, умидли олим Ҳасанхон қори ушбу устозлар оқ фотиҳасини олган ҳолда ўта масъулиятли ишга қўл урганлар. Баҳсталаб масалалар ечимини топишда бағрикенглик тамойилларидан келиб чиқиб, исломий васатия - ҳаёт йўлини танлаганлари тутганликлари диққатга сазовордир. Китобни ёзиш жараёнида катта илмий изланишлар қилинганлиги сезилиб турибди. Мавлид асарларининг минг йиллик тарихга эга эканлиги, уларнинг турли-туман турлари мавжудлиги, шу ўринда ҳижрий 233 йилдан 1349 йилга қадар яшаб ижод этган 172 муаллифларнинг ёзган асарлари рўйхатини библиографик тарзда тақдим этилишининг ўзи жуда катта илмий аҳамият касб этади. Шу билан бирга мавжуд мавлид асарларининг турли туркумларга ажратилиб, уларнинг услубий жиҳатидан келиб чиқиб таснифланиши ҳам диққатга сазовор, масалан:

1.    Муҳаддислар услубида ёзилган мавлидлар

2.    Ҳадис ва хабарлар манбалари асосида битилган мавлидлар

3.    Адабий услубдаги мавлидлар

4.    Назмда битилган мавлидлар ва бошқалар. 

Китобда Имом Жаъфар Барзанжийнинг исми ва насаби, ҳаёти ва ижоди ва у зоти шариф ёзган ушбу асар ҳақида тўлиқ маълумотлар келтирилган. Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳнинг асари кичик бўлишига қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидаги асосий нуқталарни қамраб олган ва ҳаммаси бўлиб 19 атрдан иборат бўлиб, дуо билан якунланади.

Ҳасанхон қори ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида асарни таржима қилиш ва шархлаш жараёнида авваламбор унинг илмий-танқидий матнини тайёрлаганлар, ўқувчининг эътиборини жамлаш учун ҳар бир бандга тартиб рақами бериб, сарлавҳа қўйганлар, таржима қилиш вақтида асосан шархларга таянилган, ҳар бир жуфтлик, яъни икки мисра аввал қисқача луғавий-адабий таржима қилинган ва асарда келтирилган маълумотларнинг манбалари кўрсатилган. 

Умуман олганда ушбу китобнинг аввалги мавжуд таржима ва шархлардан фарқли хусусиятлари бир талай. Ана шундай хусусиятлардан бири, агарда китобни шартли равишда икки қисмга бўлмоқчи бўлсак, унинг иккинчи илова қисмидир. Ушбу қисмда ёш тадқиқотчимиз устозлар асарлари ва кўмагига суянган ҳолда мавлиди шариф ҳақидаги мавжуд барча баҳсталаб, ихтилофий масалаларни журъат ва матонат, юксак заковат билан таҳлил қилиб берганлар. Буларнинг исботи тариқасида ушбу иловаларда муҳокама қилинган мавзулар номларини келтиришнинг ўзи кифоя:

•    Мавлид ва бидъат ҳақидаги ихтилоф

•    Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганиш лозимлиги

•    Мавлид ҳақидаги хилоф

•    Мавлидга қарши фикрлардан намуна 

•    Бидъат нима? (вожиб бидъат; харом бидъат; мандуб бидъат; мубоҳ бидъат)

•    Мавлиднинг ҳукми

•    Катта уламолар мавлид ҳақида

•    Пайғамбаримиз Алайҳиссаломнинг мавлидлари – нурнинг туғилиши

•    Мавлид ҳақида ўйлар

•    Мавлидни аслида ким ўйлаб топган?

•    Биз нима қилишимиз керак?

•    Мавлид воситадир, мақсад эмас

•    Мавлиддан кўзланган мақсадлар

•    Мавлид ҳақидаги хилофларни бартараф этса бўладими?

•    Биздаги мавлид маросимларидаги устунликлар

•    Мавлид ҳақида эътибор бериш керак бўлган нуқталар

•    Мавлид маросимларидаги хатолар

•    Мавлид одоблари

•    “Маҳалли қиём” масаласи

•    Маҳалли қиёмда кузатиладиган  хатолар ва  мавлид билан боғлиқ бўлган бирқанча бошқа масалалар содда, халқона услубда баён қилинган.


Ушбу икки китоб адабиётшунослик ва диншунослик соҳаларини биргаликда тадқиқ қилишга қўшилган ўзига хос йўналиш бўлиб, миллий-маънавий ҳаётимизга қўшилган ҳиссадир. Китобларда бир қатор диний истилоҳларга – лисоний атамаларга тўлиқ изоҳ берилган. Булар орасида “Мавлид” атамасининг имловий кўриниши ҳам зоҳирий, ҳам  ботиний нуқтаи назардан унификация қилинганлиги алоҳида эътиборга моликдир. Чунки ушбу сўз кўп йиллар давомида мавҳум маъно англатувчи “Мавлуд” шаклида ёзилиб, талаффуз қилиниб келинар эди.

    Ёш олимларимиз Ҳасанхон ва Ҳусайнхонларни ҳофизи қурро даражасидан ҳомили Қуръон даражасига етганлари билан чин дилдан муборакбод этиб, келгусида улкан илмий муваффақиятлар тилаган ҳолда янгидан янги китоблар кутиб қоламиз.


Мухторхон Умархўжаев

филология фанлари доктори,

Андижон Давлат университети профессори



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Учинчи бўлимИсломий жамиятГуллар дастаси Аллоҳга, Расулга, охирги кунга бўлган ана шу иймон, Аллоҳга ва Унинг динига таслим бўлишлик ҳаётнинг эгри томонларини давоми...

5349 05:00 / 11.03.2017
Жалолиддин Румий .Маснавий,ига шарҳлар Банд бигсил, бош озод, эй писар Чанд боши банди сийму банди зар Эй ўғил, кўп сийму зарга бандисен, Бандларинг уз, бўлғил давоми...

935 13:05 / 06 май
ИККИНЧИ ФАСЛОврўподаги миллатчилик Черковнинг мағлубияти мутаассиблик, миллатчилик ва ирқчиликнинг кучайишига сабаб бўлдиМиллатчилик, ирқчилик, халқ ва давоми...

3589 05:00 / 11.03.2017
Иймон эътиқодли кишининг шукроналик, сабрбардош ва қаноат туйғуси ўзўзидан унинг хулқатворида, шахс сифатларида ва оилавий муносабатларида акс этиши, исбот давоми...

1775 09:14 / 16.12.2023