1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

"Умматим, денг..." (шеърлар тўплами) 6

05:00 / 07.03.2017 5807 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЕТТИНЧИ БОБ: МУНОЖОТ

Аллоҳим, Ўзингга бош эгган банда
Бошқалар наздида энг кучли одам.
Аллоҳим, ислом-ла улғайган танда
Кибру-у риё бўлмас зарра бўлса ҳам.

Аллоҳим, Сен учун бошин эгмаган
Ҳар ким қаршисида ётганин кўрдик.
Аллоҳим, лаҳзалик роҳатни дебон
Оқибат аламлар тотганин кўрдик

Аллоҳим, Қуръонга бўйсунган инсон
Азиз-у мукаррам яшади, ўлди.
Аллоҳим, энг сўнгги нафас бермиш он
Туғилган соф фитрат унга ёр бўлди.

Аллоҳим, каломинг билмаган банда
Оддий синовларда йўлидан қайтмиш.
Аллоҳим, унга ҳам ўлим келганда
Отасин, боласин исмини айтмиш...

Аллоҳим, илоҳ йўқ Сендан бўлак, деб
Ўтганнинг ҳаёти бўлмиш мазмунли.
Аллоҳим, энг сўнгги гўзал тилак деб,
Умрини ўтказмиш ғамли, маҳзунли.

Аллоҳим, Сени бир, демайин ўтган
Ўзига илоҳлар яратиб олмиш.
Аллоҳим, тоғлар ҳам учиб юрган он
Ул банданг дўзахда абадий қолмиш.

Аллоҳим, бу икки банданг ҳикмати
Бутун бир дунёга ўхшайди бугун.
Аллоҳим, Сенга қўл чўзилган пайти
Сўрайман: ҳидоят бер бизлар учун.

....

Аллоҳим, сен Холиқимсан, тоқдирсан,
Энг покиза масдарингда кўнгил тўқ.
Сендан ўзга илоҳ йўқдир, маъбуд йўқ
Сен барча айбу нуқсондан покдирсан,
Азал, охир барчасидан Олийим,
Тўғри йўлда бергин менинг толеъим.

Ҳар қандайин куним сендан, розиман,
Бош саждада рихлат қилмоқ - тилагим,
Йўлингда қон бўялсайди кўйлагим,
Энг чиройли ўлим сендан, розиман.
Азал, охир барчасидан Олийим,
Тўғри йўлда бергин менинг толеъим.

Берган илминг менга шараф, менга шон,
Амалимни шунга лойиқ кўрсанг, бас.
Раҳматинг-ла олмоқдаман ҳам нафас,
Охиримни айла Раббим, нурафшон.
Азал, охир барчасидан Олийим,
Тўғри йўлда бергин менинг толеъим.

Гуноҳим кўп, гарчи камдир савобим,
Ўнг томондан амал дафтарим келтир,
Тавҳид аҳли қаторида тирилтир,
Акс ҳолда эртан чиқар ҳаробим
Азал, охир барчасидан Олийим,
Тўғри йўлда бергин менинг толеъим.

Ҳеч йўлим йўқ Сенсиз, эркин, мустақил,
Қуллик истаб саждадаман, эй Аллоҳ.
Буюк аршинг соясида бер паноҳ,
Пайғамбаринг шафоатин насиб қил,
Азал, охир барчасидан Олийим,
Тўғри йўлда бергин менинг толеъим.

Сирот узра ўтай омон, осуда,
Йиқилмайин қоқ манзилга етганда,
Расулуллоҳ ила ичай деганда
Тўсиқ қўйма Ҳавзи Кавсар олдида
Азал, охир барчасидан Олийим,
Тўғри йўлда бергин менинг толеъим.

Қайта турар соатимни осон қил,
ариб - мискин ҳолатимни биласан,
Энг муқаддас ниятимни биласан:
Парвардигор, ҳузурингга меҳмон қил
Азал, охир барчасидан Олийим,
Тўғри йўлда бергин менинг толеъим.

ИЛТИЖО

Аллоҳим, бу дунёни саодатга бошлагин,
Ҳеч туганмас азобни ҳаловатга бошлагин,
Эрта тонгда Ўзингга йиғлаб муножот айлай:
Худо, тўзғин элимни ҳидоятга бошлагин!
Кўзларини Ўзингнинг йўлларингда ёшлагин!

Чингиздан қутулсак-да, аммо недир етмайди...
Осмон кўринай деди, қора булут кетмайди:
Аҳли солиҳ бизларни ўзига дўст этмайди?!
Худо, тўзғин элимни ҳидоятга бошлагин!
Кўзларини Ўзингнинг йўлларингда ёшлагин!

Фақат мозорлар учун жорий қилдик Қуръонни,
Қулатдик узоқ йўлдан келган диний карвонни.
Турли маҳзун йўлларда бой бермасдан иймонни
Худо, тўзғин элимни ҳидоятга бошлагин!
Кўзларини Ўзингнинг йўлларингда ёшлагин!

Юртда кезмиш даҳрийлар излаб минг-минг ҳамхона,
Тоғутлар ила қуриб куфрга лиқ кошона.
Энди Бухорийси-ю, Навоийси афсона...
Худо, тўзғин элимни ҳидоятга бошлагин!
Кўзларини Ўзингнинг йўлларингда ёшлагин!

Бир пайтлар бу миллат титратган эди Шарқни,
Кўфаси-ю, Шомидан тортиб Боғдод ва Балхни...
Бугун сендан Ўзгага топшириб бўлмас халқни,
Худо, тўзғин элимни ҳидоятга бошлагин!
Кўзларини Ўзингнинг йўлларингда ёшлагин!

Ўзинг кўр, Раббим, бугун намозлардан йироқмиз
Дунё қаршисида-чи, қулмиз, мутеъ, титроқмиз.
Қодирий айтганидек, бирлашмаган тарқоқмиз,
Худо, тўзғин элимни ҳидоятга бошлагин!
Кўзларини Ўзингнинг йўлларингда ёшлагин!

Кимдир Ҳаққа ундаса, тинмай кулгувчи ҳам биз,
Ундан албат ўзимиз онгли билгувчи ҳам биз.
Сўнг тинмасдан мўминлик даъво қилгувчи ҳам биз
Худо, тўзғин элимни ҳидоятга бошлагин!
Кўзларини Ўзингнинг йўлларингда ёшлагин!

Занжирлар овозидан сесканмаган хилқати
Аро йўлда йиғлагай озгина соф фитрати...
Бухорий-ю, Термизий, Замахшарий ҳурмати
Худо, тўзғин элимни ҳидоятга бошлагин!
Кўзларини Ўзингнинг йўлларингда ёшлагин!

Ҳар қандай ёвни кўрдик, бизни топтар ким қолди?!
Топтай-топтай не миллат охир кучдан ҳам толди.
... Энди бошқа нажот йўқ, бугун ҳамма тан олди:
Худо, тўзғин элимни ҳидоятга бошлагин!
Кўзларини Ўзингнинг йўлларингда ёшлагин!

МУНОЖОТ.

Гуноҳкор банданинг умиди Сендан,
Сўнгги лаҳзада ҳам тавба қилгайдир.
Дунёнинг бор-бутин мусулмон банда
Сенинг тоатингга ҳақир билгайдир.

Одамлар ўтдилар исёнкорона,
Фаросат сарҳадин топтаб ва янчиб.
Иймоннинг тубида ҳайхот пинхона
Бир нур тоатингга чиқди-ку сапчиб.

Ширклар уммонига ғарқ бу замонда
Муқаддам қўйилди Сенинг бир Сўзинг.
Фиръавнлар яшаб ўтган маконда
Бизни тоатингга боғладинг Ўзинг.

Тақдиринг хайрли бўлди бизларга,
Жонни садқа қилмоқ соати келди.
Ақли бор инсонлар ҳар қандай пайтда
Сенинг каломингни олий деб билди.

Майхонадан чиқар бемор қабила
Чайқала-чайқала тўкилар ҳаёт...
Саждада жон бермоқ орзуси ила
Жойнамоз ёзмоқда ёши улуғ зот.

Маст-у, аласт дунё, меҳри бойланган
Зорманда хилқатнинг ичида тетик
Гулларнинг ҳидидан боши айланган
Болакай йўлингга тушганин кўрдик.

Ҳаё кўчасидан учганда парда
Эрлар ҳаловати, ори йўқолган.
Авратлар очилган телба диёрда
Аёлнинг хурлиги ҳижобда қолган!

Маъсият, гуноҳлар шу қадар зўрки
Алар билан кўксим ўйиблар тилдим.
Жоним чиқар чоғда беҳад шукрки,
Тавба эшигингга эмаклаб келдим.

Аллоҳим, Ўзингга қилгум муножот
Йиғлаблар бошимни қўйиб саждага.
Мен кимки, бутун бир само - коинот
Зор-у муҳтож ётар Сенинг муждангга?!

Ё РАБ!

Туним бирла куним бир хил, гуноҳлар хўп,
Кўзим шундоқ жаҳонимда ёпарманму?
Дунё-дунё сархилларни изладим кўп,
Энди излаб, ё Раб, сани топарманму?

Атроф «Одам бўларсанми?» дебон боқди,
Шайтон насли чаккамга гул, безак тақди.
Кўзларимдан сел-сел бўлиб қонлар оқди,
Энди излаб, ё Раб, сани топарманму?

Вужудим тек, вале қалбда пайдо яра,
Ул жароҳат қилар тинмай хўп масҳара.
Дунё топдим, этагимда инграр, қара...
Энди излаб, ё Раб, сани топарманму?

Излаяпман, Ҳақ, тинглагин менда ғариб,
Мендай гумроҳ одамнинг минг фироғини.
Биродарлар, менга боқманг шубҳаланиб,
Яссавийдан тингланг энди буёғини:

... Бешдан ўнга кирдим эрса ёшман дедим,
Йигирмада тахт устида султон бўлдум.
Ўттуз ёшни олиб қўлҚа ўтру турдум,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?

Қирққа кириб, қанот қоқиб қойрилмадим,
Гуноқ(лар)им тўлди-тошди, айрилмадим.
Исён қилиб ўлоримни ман билмадим,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?

Эллик ёшаб ёшим манинг бўлди тамом,
Ғаниматдур, билсанг, ани ҳар хосу ом.
Мўъмин қулнинг қулоғига будур калом,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?

Олтмиш учдур пайҚамбарнинг ёшин билсанг,
Фарзу суннат буйруҚини адо қилсанг.
Қазо етса, охиратға сафар қилсанг,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?

Хожа Аҳмад, қўйҚил эмди дунё фикрин,
Жаҳд айлагил, тинмай айтгил Ҳақнинг зикрин.
Ҳозир бўлуб ўлорингни эмди билгин,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?

... Яссавийдан шул ўринда сўзлар тугар,
Хотимасин мендан тингланг, эй биродар.
Қариганда сани излаб қилдим сафар,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?

Севдим қаттиқ, бу дунёдан жавоб бўлди:
Мангу деган миноралар ҳароб бўлди.
Излаб-излаб топганларим сароб бўлди,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?

ДУО

Илк марта тун маҳал, уйқуни енгдик,
Муножот айладик йиглаблар тонг-ла.
Илоҳо, Сенга биз қўлни кўтардик,
Дунё ва охират ишини ўнгла.

Дунёдаги жами ҳасанотларни,
Охират кунига қолган гамни ҳам
Ўзингга топширдик омонатларни
Мулзам кўнгилимизга Ўзингсан малҳам.

Журму исёнлардан бош кўтаролмай
Ўтган бўлсак ҳамки, гуноҳда чексиз
Раҳийм, Раҳмон, Рауф сифатларингдан
Умид-ла кетяпмиз ҳузурингга биз.

Шайтон макрига гоҳ илиниб қолдик,
Аммо Расулингга айладик согинч,
Маъсият юртидан омон қўзголдик-
Сени Ёлгиз дедик, шу эрур илинж

Сендан бошқа илоҳ йўқ, дедик минбаъд,
Дўзахинг эшитиб, тўкдик кўз ёшни
Шунинг ҳурматига чиқарма ҳарчанд
То тирик эканмиз Ғарбдан қуёшни.

Тақводор фарзандлар қолсин бизлардан,
Дунёнинг қуллари айласин ҳавас.
Ажралиб қолажак иймондан қўрқсин,
Золим қаршисида тилидан эмас.

Юзланганимизда Илоҳи Сенга,
Илоҳий лаззатни қилгайдирмиз ҳис,
Ҳаёт ва ўлимнинг остонасида
Жами сўровларни сўраб бўлдик биз.

Бизга фарқи йўқдир даҳри дун энди,
Кўнглимиз Ўзингга этгаймиз қарам.
Сени Аллоҳ деган тилларимизни
Ўзингга топширдик сўнгги лаҳза ҳам.

МАШРАБЛАР ХОНИШИ

Кўнглимизни бузиб борар шовкин суронлар,
Бахоримиз саргайтириб урар киронлар,
Ўлим олди рози бўлдик такдиротига
Кўйнимизга, калбимизга солиб Куръонлар...
Бу дунёдан тўп-тўп бўлиб кочдик, ёронлар!!!

Не бўлади эртан калби саёзларимиз,
Бир палласи силжимаган тарозларимиз,
Мункаротдан кайтармаган намозларимиз???
Эсмасидан дажжолни дўст билган бўронлар
Бу дунёдан тўп-тўп бўлиб кочдик, ёронлар!!!

Ортимиздан кувди тинмай нигохлар фохиш,
Кўйинчаси кўнглимизни килганда хохиш,
Касрларни, айвонларни кулатиб нохуш
Матохпараст кимсаларни айлаб хайронлар,
Бу дунёдан тўп-тўп бўлиб кочдик, ёронлар!!!

Бу дунёнинг ёлгонлигин англаган сари
Ковжирашга интилмокда кўнгил жигари.
Кўзимизни ерга тикиб Сухайб сингари
Жаннат сари хижрат учун топдик имконлар
Бу дунёдан тўп-тўп бўлиб кочдик, ёронлар!!!

Олтин-олтин мол бердилар, кайрилмадик биз
Басавлатлар кад кердилар, кайрилмадик биз,
Сўнгги лахза тенгсиз молдан айрилмадик биз
Бокий дея бошни ёриб, тилиб товонлар,
Бу дунёдан тўп-тўп бўлиб кочдик, ёронлар!!!

Бу дунёки, хеч ким холин сўрмаган дунё,
Олган карзин ўз вактида бермаган дунё,
Умарларнинг назарига кирмаган дунё,
Ундан асло изламайин бокий маконлар
Бу дунёдан тўп-тўп бўлиб кочдик, ёронлар!!!

Ортимизда ким колса-да, махзун эмасмиз,
Биз хавоий ишкка учар Мажнун эмасмиз,
Тугилгандан буён бир бор мамнун эмасмиз,
Жаннатлардан топмок учун хушбўй райхонлар
Бу дунёдан тўп-тўп бўлиб кочдик, ёронлар!!!

МУНОЖОТ

Аллоҳим, омонлик бергил қалбимга,
Вужудим тарк этиб бўлганда тоқат.
Ҳеч маъни тополмам боқиб халқимга,
Сенга йиғламоқдан айирма фақат!

Каломинг бир харфин ўқисам саҳар
Кўксимга бир нафис шаббода тегар.
Молимни, боламни олсанг ҳам агар
Сенга йиғламоқдан айирма фақат!

Бошимни янчади гоҳида ғурур,
Кибрдан сархуш дил олганда сурур...
Бошқалар олдида қилсанг-да мағрур
Сенга йиғламоқдан айирма фақат!

Англадим, бу дунё гўзал ялмоғиз,
Ямламоқ истар - бир бошда минг оғиз.
Тунда жойнамознинг устида ёлғиз
Сенга йиғламоқдан айирма фақат!

Майли, бу даҳрга бермайин туриб,
Жоним халқумдадир, кетсин у қуриб...
Додлаблар бошимни деворга уриб
Сенга йиғламоқдан айирма фақат!

Гарбнинг пинжидадир умрим қуёши,
Сингиб кетмакликка йўқдир бардоши
Қуриб тугаса бас кўзимнинг ёши
Сенга йиғламоқдан айирма фақат!

Бас, энди ҳеч кимга ёзмасман ғазал,
Кўнглимни тирнамас дунёвий шағал...
Бир кунда ҳеч қурса таҳажжуд маҳал
Сенга йиғламоқдан айирма фақат!

Аллоҳим, тайёрман, йўқ асло малол,
Англадим умримнинг кетганин завол.
Хоҳласанг боримни йиғиштириб ол,
Сенга йиғламоқдан айирма фақат!

...
Илтимос, қўлимдан тортқиламангиз
Мен бир оддий банда, гуноҳкор банда.
Кифоя қилади битта ширин сўз
Шарт эмас тинмасдан қилмангиз ҳанда.

ХОР ҚИЛМА

Аллоҳим, мен Сени танийман, дедим,
Ушбу даъволарга сохтакор қилма!
Росулинг йўлига интилган эдим,
Тиканак тўшалган йўлда хор қилма!

Англадим, хўп мушкул сен бирла дийдор,
Бу ҳам етмагандек, гуноҳлар қатор..
Офият сўргайман, мен асли ночор,
Бўйнимга ёвларим қўлин дор қилма!

Ҳайхот, дунёларни сўроқлаб кетдим,
Охират ғамидан фироқлаб кетдим,
Асри саодатдан йироқлаб кетдим,
Маҳшаргоҳ устинда хол афгор қилма!

Гумраҳман, разилман, ноинсоф ва ғўр:
Бўйнимни эгди ким ўзин билса зўр.
Қолмади Ўзингдан бошқа бир ғамхўр,
Чидаш йўқ, норингга бизни ёр қилма!

Эй Карам соҳиби, не бўлса бўлар
Сен борсан, шу сабаб кўнглим ҳам тўлар!!!
Умарнинг сўзлари бағримни тилар
Чиркин давраларда сочни қор қилма!

Маъсият қаритди ўттиз баҳорим,
Тунги аҳволимдан безор наҳорим,
Буларнинг дастидан, эй Мададкорим,
Қабрим манзилини тўла мор қилма!

Аёлим илғамас гумраҳ қалбимни,
Онам ҳам билмайди қалбий ғайбимни,
Дўстларим англамас сахфу, айбимни
У Кунда яширгин, ошикор қилма!

“Аллоҳнинг хайрли бандаси” дебон
Менга ёшлигимда бермишлар бир ном,
Бу кеча “Шарруллоҳ” менга мос унвон,
Йиғлагум, манзилим ул Кун нор қилма!

Аллоҳим, Сен мени кечирсанг, шу - бахт!
Сахфу хатоимни ўчирсанг, шу - бахт!
Расулинг хавзидан ичирсанг, шу – бахт!
Майли, бу дунёда бахтиёр қилма!!!

МАДАД БЕР!

Ўн ой не килсак килдик
Манглайдан окизиб тер,
Гунохимиз дастидан
Фарёд солиб инграр ер
Бечора банданг букун
«Аллохим не бўлар?» - дер
Рамазондан гунохсиз
чикмоклика мадад Бер!

Букун Раббим, холимга
Дунё хайрон карайди,
Санингсиз ўтган куним
Хотирамда торайди
Балогатга етдиг-у,
Сахифамиз корайди
Рамазондан гунохсиз
чикмоклика мадад Бер!

Качонгача гафлатда
Тентираб ухлагайман
Сархуш дилни янчибон
Ёлгонга тиглагайман
Букун ўзимни Сенга
Топшириб йиглагайман
Рамазондан гунохсиз
чикмоклика мадад Бер!

Келажакдан умид бор,
Уялтирар бугуним,
Хануз калбдан жой олган
Ечилмаган тугуним
Киёматда кургим йук
Намозсиз утган куним
Рамазондан гунохсиз
чикмоклика мадад Бер!

Зулумотли кунларда
Тентираб холдан толдим,
Янги ой чикарми деб
Кўкка кўз тикиб колдим,
Муборак ой тонгида
Каломинг кўлга олдим
Рамазондан гунохсиз
чикмоклика мадад Бер!

Мен бир бечора банданг,
Не деярим билмасман
Умрим хазил эмас-ку,
Энди асло кулмасман,
Бу ойдан сўнг яшашга
Асло орзу килмасман
Рамазондан гунохсиз
чикмоклика мадад Бер!

РАББИМ...

Қиёмат даҳшати аччиқ, аламли,
Ул Кун надоматда бўзлатма, раббим!
Не бўлса, шу букун олай аламни,
Отамга ўғлини сизлатма, раббим!

Жаҳаннам куйдирар бир макон дерлар,
Тенги топилмаган саратон дерлар,
Гоҳида алмашган қаҳратон дерлар
Ул жойда қайнатма, музлатма, раббим!

Дунёнинг ортидан қувиб толмадим,
Ҳилқат тўйди, лек мен тўя қолмадим.
Динингга кимларни чорлай олмадим,
Ул Кун ўшаларни юзлатма, раббим!

Икки ўғлим, қизим бугун хўп майин,
Эртан ҳар юмушдан сўраши тайин.
Солиҳлик тўнини кийдиролайин,
Боламни ортимдан излатма, раббим!

Ҳаёт тезлигида унутдим Сўзинг,
Бугун гуноҳларим кечиргил Ўзинг
Сахфу хатоимни ўчиргил Ўзинг,
Жами аъзоларим сўзлатма, раббим!

Солиҳ амал қалбдан қилганда сургун,
Боғланди кўнгилга шайтони тугун.
Якка илоҳлигинг ҳурмати ул Кун
Қилган гуноҳларим эслатма, раббим!

Кўнгил фароғатни айлади одат,
Қулликни ўзимга хос дедим фақат.
Қавму қариндошга етмади даъват,
Маҳшарда аларга кўзлатма, раббим.

Манзилим билмасман, иймоним бир чўғ,
Бир кун тутаб қолса, бир кун кўнгил тўқ,
Ўйласам, Ул Кунга тараддудим йўқ
Қиёмат Кунини тезлатма, раббим.

СОХТАЛИК

Сохталик қалбимни эзар чунонам,
Кибр хавосидан сархуш букун дил.
Дининг хусусида қалбимда йўқ ғам,
Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

Ваъзхонлик бошланса, топарсан мени,
Амри маъруф учун сайрар жағда тил.
Савдо маҳалида унутдим Сени
Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

Таълим йўлларига бардош беролмай
Солиҳлик хулласи босди таним зил
Фарзандим ҳаққини турар сўролмай,
Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

Ота эъзозини билмас оқпадар,
Мен гумроҳ бандангни атарлар йўқсил.
Онамнинг пойида йиғолмасам гар,
Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

Қуръон таълимига менда йўқ журъат,
Ҳадис олимидан олмадим тахсил,
Мункарот олдида топилмас даъват,
Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

Уят ҳолатлардан қизармади юз,
Гуноҳ, маъсиятдан бўлолмадим сил.
Фоҳиш нигоҳлардан узолмадим кўз,
Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

Гўзал жумлаларни айлабон қамал,
Зоҳирим кўрсатиб даҳо бир оқил.
Ўзим гапирдим-у, қилмадим амал,
Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

Пайғамбарим дедим пайғамбарингни
Аммо йўлларини тутдим-ку, ҳазил.
Йўқотдим иймон-ла берган зарингни
Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

Шунча гуноҳлардан сўнг ҳам бемалол,
Фақат Сенга очдим тиланиб бу қўл,
Мен учун Қиёмат эмас ҳомҳаёл
Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

ИЛТИЖО

Буюк Парвардигор, ўрнимдан турдим,
Осмонга чўзилган қўлимни кўргин:
Турли дуоларни бир четга сурдим,
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Ҳужум қилолмасди қалбимга риё,
Ширкнинг маъсияти туюлар рўё,
Шунда зинодан ҳам қўрқмагум асло
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Гуноҳ дуч келганда, кулмоғим учун,
Майдонда қувватга тўлмоғим учун,
Сенинг тоатингда бўлмоғим учун,
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Шунда кўкрагимга шаббода тегар,
Юрак ҳапқирмасди, қуримас жигар,
Қай томон бурсам-да, қўлимда эгар
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Кўрсам, фақат Сенинг йўлингни кўрай,
Турсам, фақат Сенга лаббай деб турай,
Сен қил деган ишга ўйланмай кирай,
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Бугун шундан бошқа йўқ кўнгил дарди,
Шу бир марҳаматинг менга етарди,
Ҳамма касофатнинг боши кетарди
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Нафсим бугун менга ҳокимлик қилар,
Қай томон юрмоқни бир ўзи билар,
Қутқар, бу вужудим дўзахга қулар,
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Аллоҳим, бир марта инсон бўлайин,
Яхшилар қатори дилдан тўлайин
Устидан бир мазза қилиб кулайин
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Қолмади кўнглимнинг бошқа матлаби,
Хайф эрур дунёнинг чиркин талаби,
Буюк Абдураҳмон ибн Авф каби
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

ОМОН АСРАГИН

Мўмин хонадони сокин ухласин,
Кундузлар бир-бирин хушҳол йўқласин.
Гар йиғласа, фақат гўдак йиғласин:
Дунёни, худойим, омон асрагин!

Асри саодатнинг файзи ўтибди,
Муборак заминга қуёш ботибди,
Абраҳалар ҳали тўлиб ётибди...
Маккани, худойим, омон асрагин!

Инсонлар ичинда энг зўр саралар
Бу кун қалбларида ғамгин яралар...
Росулинг қабридан ислар таралар
Мадинангни, роббим, омон асрагин!

Тафриқадан титраб йиғласа замин,
Сенга қасам ичиб айтишим мумкин
Шиъя мазҳабин ҳам дегайман мўмин
Эронни, худойим, омон асрагин!

Фақат Сандан эрур дармоним маним,
Эзилиб тўхтаган карвоним маним
Жаноза оддий ҳол армоним маним
Ироқни, худойим, омон асрагин!

Қўлим титрамоқда, қалбим қон ютган,
Ким айтди Фиръавн дунёдан ўтган?
Ҳар куни ўлимни ростакам кутган
Фаластинни, роббим, омон асрагин!

Парвардигор Ўзинг Меҳрибон, Ғофур,
Кутасан ғарғара келгунга довур,
Кимики оз бўлсин ҳидоят топур,
Ўшал масканларни, омон асрагин!

Сўзим интихоси ҳамиша даркор,
Шу замин ўғлиман, қалбимда виқор.
Янги Бухорийга эҳтиёжлар бор,
Ўзбек заминини омон асрагин!

СЎРАДИМ.

Жуда ҳам кўп бўлди манинг гуноҳим,
Фақат Ўзингдандир қолди паноҳим!
Баридан воз кечдим, мангуга кетар
Роҳатни сўрадим Сандан, илоҳим

Кўп бўлди лойимни ёлғон қорувчи,
Дилни майиб этиб, бошни ёрувчи...
Дийдоринг васлига олиб борувчи
Меҳнатни сўрадим Сандан, илоҳим

Қалбим неча йилки қотган мисли тош,
Шунда ҳам меҳринг-ла бераяпсан дош!
Кўзимдан Сан учун оқизувчи ёш
Тоатни сўрадим Сандан, илоҳим

Маъсиятлар учун олинмаса ҳун,
Адолат мезони чирқармоқда ун.
Роҳатни келтириб чиқарар бир кун
Заҳматни сўрадим Сандан, илоҳим

Жоҳил туйғуларим қотмай қолса сўз,
Бешарм нигоҳдан қизармаса юз,
Одамга ўҳшаган тўрттагина дўст
Ҳилқатни сўрадим Сандан, илоҳим

Сани ёт кўчада кутганлар бошқа,
Жулдур кийимларда ўтганлар бошқа,
Роҳиблик йўлини тутганлар бошқа,
Сиҳатни сўрадим Сандан, илоҳим

Ялтироқ давралар кўксимни тилар,
Аларнинг бошини ғийбатлар силар.
Росулинг эсланса бошин ҳам қилар
Улфатни сўрадим Сандан, илоҳим

Али ривоятин айтиб толмаган,
Усмон ҳаётига бефарқ қолмаган,
Умардан нарига ўта олмаган
Суҳбатни сўрадим Сандан, илоҳим

Дунёнинг васфи шу: отилган бир ўқ,
Манзилга тез етар, бунга кўнгил тўқ!
Қуръон ўқиганда тугатгиси йўқ
Қурбатни сўрадим Сандан, илоҳим

Шайтонни лол қилар энг олий сужуд
Эрта тонг саҳарда айласа мавжуд.
“Оятал курсий»га титрар бир вужуд
Лаззатни сўрадим Сандан, илоҳим

Муваққат орзулар ҳор бўлди, етар!
Дунёнинг ишлари бир куни битар.
Ибодат онида ўздан ҳам кетар
Тоқатни сўрадим Сандан, илоҳим

Ўтмишим ўтмишни ёдингга солган,
Сўнгги икки вароқ ҳаётим қолган.
Бир кунда икки кун яшаттиролган
Ғайратни сўрадим Сандан, илоҳим

Сира вақт қолмади оҳ-воҳларимга,
Ўзинг инсоф бергин гувоҳларимга,
Иқрорман саноқсиз гуноҳларимга,
Шафқатни сўрадим Сандан илоҳим

Бу кун ҳолис Санинг сўзингни айтсам,
Сўзингдан ўтиб-да Ўзингни айтсам,
Синовлар ёғдиргин йўлимдан қайтсам
Кулфатни сўрадим Сандан илоҳим.

Қалбимда жой бордир битта ҳасадга,
У на мартабага, ва на фасодга!
Ўта қолай энди асл мақсадга:
Жаннатни сўрадим Сандан илоҳим!

ХУДОГА АЙТИБ БЕРАМАН

Дунёда яшашга қўймасангиз гар
Шу сизга буюрсин, қайтиб бераман.
Аммо аримагай кўнглимдан кадар:
Худога ҳаммасин айтиб бераман!

Фитратда туғилдим, вале тарбия
Мудҳиш бир ҳолатга солди-ку соя...
Соф таълим нелигин билмадим, дея
Худога ҳаммасин айтиб бераман!

Ёшликда ғам нима билмай юргандим,
Боғчани энг олий даргоҳ билгандим,
Калима ўрнига қўшиқ ўргандим
Худога ҳаммасин айтиб бераман!

Қувнаб йўл тушганда мактабим томон,
Жами илмларга изладим имкон.
Аммо нималигин билмадим иймон...
Худога ҳаммасин айтиб бераман!

Сўнг олий билим юрт ўзига чорлар,
Муҳаббат аталмиш гўзал баҳорлар,
Устозларим диндан этган безорлар...
Худога ҳаммасин айтиб бераман!

Аллоҳга ҳамд бўлсин, қутқарди Ўзи,
Қалбимга сочилди ҳидоят тузи...
Шунда яқинларим бурдилар юзин...
Худога ҳаммасин айтиб бераман!

Ароқли тўйларга бормай қолсам гар,
Отамга лаънат дер энг яқин жигар,
Кўзимдан ёш эмас, оққанда заҳар...
Худога ҳаммасин айтиб бераман!

Ёдимда, ўзини энг зўр эр деган
Намозхон бўлдингми, дея жеркиган,
Бўғзимга қадалиб ёвуз шеър келган:
Худога ҳаммасин айтиб бераман!

Ҳақ сўз етказилса, мард жувон шерлар
Ўзингча неларни сўйладинг, дерлар.
Кеча ким эдинг, деб юз бурган эрлар
Худога ҳаммасин айтиб бераман!

Аллоҳ рухсат деган оятни билиб,
Ҳаётга тадбиқ эт, десам гар кулиб,
Аёл зоти минар ғазабга тўлиб...
Худога ҳаммасин айтиб бераман!

Ҳаммага тегишли айтилган сўзлар,
Ҳақдан олиб қочманг жовдирар кўзлар.
Қиёмат келганда, кўрасиз, дўстлар
Худога ҳаммасин айтиб бераман!

БЕРГАНИНГГА МЕНГА ДАРД ШУКР

Арзимайман, кўнглимда кибр,
Шунда ҳамки, эхтиром айлаб,
Одамларнинг ичидан сайлаб,
Берганингга менга дард шукр!

Фурсат эрур Сени билмоққа,
Вақт қолмади ўйнаб кулмоққа,
Имкон йўқдир гуноҳ қилмоққа:
Берганингга менга дард шукр!

Сиҳат чиндан мол-давлат бўлди,
Дилга таниш оятлар келди.
Дўзах нима, идрок туғилди:
Берганингга менга дард шукр!

Етса ҳамки энди қазоим,
Англадим не бўлар жазоим
Олдинг демам бирор аъзоим,
Берганингга менга дард шукр!

Қадаринг ҳақ, тезда овундим,
Ихлос ила Сенга сиғиндим,
Саҳобалар ҳолин тушундим,
Берганингга менга дард шукр!

Тўрт мучам соғ юрганларимда
Гуноҳ тўла ул дафтаримда
Кўнгил эди тамом яримта...
Берганингга менга дард шукр!

Билардинг-ку, мендек ғўр банда
Ҳолатим нақ эди шарманда.
Шунча одам қараб турганда,
Берганингга менга дард шукр!

Арзимайман, биламан, Роббим,
Бир йиғлайман, куламан, Роббим,
Энди шукр қиламан, Роббим,
Берганингга менга дард шукр!

Бермай қўйсанг мутлоқ эътибор
Саломатдан қандай ҳузур бор?!
Юрагимдан кетказиб ғубор,
Берганингга менга дард шукр!

Болаларим қилишар дуо,
Отам, онам тилида худо,
Каломингни этмасдан жудо,
Берганингга менга дард шукр!

Ўзинг ёрдам бермасанг бўлмас,
Йўлим ўнгга бурмасанг бўлмас,
Тинч ҳаётдан кўнглим хўп сармаст,
Берганингга менга дард шукр!

Охир сўзим менинг ушбудир:
Берган дардинг ажиб кўзгудир,
Азобларинг роҳат, уйқудир:
Берганингга менга дард шукр!

УНУТИБ ҚЎЙГАНДИМ...

Мажнундек кезиблар дунёни,
Инсоний ҳаётдан тўйгандим.
Ҳақиқат ҳисоблаб рўёни,
Мен сени унутиб қўйгандим.

Аллоҳим, ўзингга қайтдим-ку,
Мийсоқ калимасин айтдим-ку,
Асли бу меҳрингдан қайтим-ку,
Мен сени унутиб қўйгандим.

Ўтмишда бир қўрқинч туш бўлди,
Гуноҳлар кўнгилга хуш бўлди,
Иймоний ҳужралар бўш бўлди,
Мен сени унутиб қўйгандим.

Отамни танибман туғилиб,
Онамни ҳис қилдим бир кулиб,
Кўз ёшим кўл бўлди йиғилиб,
Мен сени унутиб қўйгандим.

Осмонга қараблар кулардим,
Майсада тулпор от бўлардим,
Исмимни сўрсалар, билардим,
Лек сени унутиб қўйгандим.

Ёд олдим турфа хил куйларни,
Тарк этмай қатнадим тўйларни,
Ёдимда сақладим ўйларни,
Мен сени унутиб қўйгандим.

Табиат деб солдим жар йиғлаб,
Тушимда ёр кўрдим бир ухлаб...
Шеър ёздим қизларни улуғлаб,
Мен сени унутиб қўйгандим.

Дафтарлар қон бўлди севги деб,
Даҳрийлар туйғуси берди зеб,
Виждонни бир ямлаб қўйдим еб
Мен сени унутиб қўйгандим.

Улғайдим кўзимда кулди тонг,
Қалбимда нимадир урди бонг,
Ҳар неки балога ишлар онг...
Лек сени унутиб қўйгандим.

Севардим китобни, қаламни,
Кенг кўрай деб турфа оламни,
Ҳидлардим эркалаб боламни...
Лек сени унутиб қўйгандим.

Дўстликка иймон деб қарардим,
Ҳар замон кунига ярардим,
Дўст деса ўлимга борардим,
Лек сени унутиб қўйгандим.

Ўрганиб хилқатнинг қисмини,
Англадим энг мушкул жисмини...
Ёдладим даҳолар исмини,
Лек сени унутиб қўйгандим.

Бир кимса мени ғўр демасди,
Илмда ташвишим емасди.
Номаълум ерлар сир эмасди,
Лек сени унутиб қўйгандим.

Бироқ...
Сен мени кузатдинг ҳар дамда,
Изингни кўрсатдинг қадамда,
Борингга ишорат оламда
Мен сени унутиб қўйгандим.

Эрта тонг уйғондим бир ғалат,
Тушимга кирибди қиёмат,
Эвоҳким, ўнгимда надомат
Мен сени унутиб қўйгандим.

Ё раббий, қайтяпман, бўл гувоҳ,
Ваъданг бор, кечгайсан тоғ гуноҳ,
Бундан буёғига бўл паноҳ...
Мен сени унутиб қўйгандим.

ҲАҚИҚИЙ ДАРД

Инсон деган баъзан йиғлаб, кулар экан,
Насиб қилса, юз ёшга ҳам тўлар экан.
Вале баъзи отахонлар билмас туйғу:
Худо берган дард бошқача бўлар экан!

Кутилмаган томонлардан шамол елса,
Риёкор ҳам билинаркан синов келса,
Ҳар қандайин сунъийликни бўлар билса...
Худо берган дард бошқача бўлар экан!

Алла айтиб, баходирни ухлатганлар
Кўзи тийран дард мисоли тиғлатганлар.
Пичирлаб ҳам дунёни бор йиғлатганлар
Худо берган дард бошқача бўлар экан!

Кулиб туриб, севдираркан дунёларни,
Йиғлаб туриб, йиғлатаркан самоларни,
Мураббодек ширин қилар саболарни
Худо берган дард бошқача бўлар экан!

У керакдир муҳаббатлар керакларга
Чин ошиқни ажратолмиш саракларга.
Юраклардан чиқиб, етган юракларга
Худо берган дард бошқача бўлар экан!

Гадоларга салтанатлар, кўшклар қуриб,
Шоҳларни ҳам йиғлатаркан тизза уриб,
Дил нолада гарчи тиллар кетган қуриб
Худо берган дард бошқача бўлар экан!

У гапирса, эрк бермангиз сўзингизга,
Бу ноладан қон югирсин юзингизга.
Безагингиз буюрсин-ей ўзингизга
Худо берган дард бошқача бўлар экан!

Ер аҳли бу дард туфайли нолишдалар,
Наботот ҳам минг тебраниб, хонишдалар.
Хизматида шай турарлар фаришталар
Худо берган дард бошқача бўлар экан!

Оламдан-да гўзал эрур туҳфалари,
Дунё туғиб берар митти нутфалари.
Топилмагай ҳеч қаердан нусҳалари
Худо берган дард бошқача бўлар экан!

Билинг, ундан сиз ҳамиша қарздорсиз,
У мавжуддир, шул сабабдин сиз ҳам борсиз.
Бандасини ром этаркан ихтиёрсиз,
Худо берган дард бошқача бўлар экан!

ДЎЗАХИНГДАН ОМОН САҚЛА!

Ҳаётимда ҳар қачон, ҳар гиз
Ишларимни Ўзинг ёқлагин!
Парвардигор, ўтинчим ёлғиз:
Дўзахингдан омон сақлагин!

Роббим, дунё ибодатини
Ва охират саодатини
Бизга бергил, билмай отини -
Дўзахингдан омон сақлагин!

Синовингни санамадик зил,
Умримизни айладик ҳазил,
Етмиш йилда тош етар манзил
Дўзахингдан омон сақлагин!

Сенинг қадрингга гоҳ етмаймиз,
Гоҳ йўлингда шаҳид кетмаймиз...
Чидаймиз деб катта кетмаймиз
Дўзахингдан омон сақлагин!

Дилимизда асло йўқдир ғам
Сени ёлғиз илоҳ деган дам.
Парвардигор, ёмон бўлсак ҳам
Дўзахингдан омон сақлагин!

Заҳарданда заққум ютуми,
Титратади дилни тутуни,
Тош ўрнига одам ўтини
Дўзахингдан омон сақлагин!

Жаҳийм узра аламлар лиқ-лиқ,
Кирмасидан йиғлар ҳалойиқ,
Бўлмасак-да жаннатга лойиқ,
Дўзахингдан омон сақлагин!

Хаёлда ҳам азоблар берар,
Даҳшатлари тушимга кирар,
Кўз ўнгимда болам чинқирар,
Дўзахингдан омон сақлагин!

Тайёрмасмиз соатига ҳам,
Давом этар одатига ҳам,
Абу Толиб ҳолатига ҳам...
Дўзахингдан омон сақлагин!

Вужудларга бўлмагай шафқат,
Қип-қизарган водийлар – даҳшат,
Азоб чекар одийлар – даҳшат,
Дўзахингдан омон сақлагин!

Гуноҳларда бардавом бўлдик,
Амалларда чап томон бўлдик,
Имом бўлдик ва тамом бўлдик,
Дўзахингдан омон сақлагин!

Осийликда бўлдик пешқадам,
Солиҳликка юрмас ҳеч қадам,
Босаяпмиз гарчи кеч қадам,
Дўзахингдан омон сақлагин!

Билмасдирман мавҳум эртангни,
Кечир, Роббим, қалби сатангни,
Ўзинг кечир ёмон бандангни
Дўзахингдан омон сақлагин!

Сўнгги сўзим айтиб ўламан,
Гуноҳим кўп, Роббим, биламан!
Фақат Сенга умид қиламан:
Дўзахингдан омон сақлагин!

ШУКРОНА

Қалбимда муҳаббат ўтин уйғотиб,
Нозик туйғуларни кунда қўзғотиб,
Парвардигор, Ўзинг раҳм кўрсатиб
Маддоҳ қилиб қўймаганингга шукр!

Фақат Ўзинггадир шукр тилимда,
Қабул айла бори шудир қўлимда!
Бир тийинга зор ўлсам ҳам дилимда
Маддоҳ қилиб қўймаганингга шукр!

Не бўларди қолсам йўлда йиқилиб,
Ё ялонғоч таналар-ла кайф қилиб...
Оппоққина қоғозларни ҳайф қилиб
Маддоҳ қилиб қўймаганингга шукр!

Ердан узоқ туюлса ҳам кўк, само,
Етар Сандан яқинликка бир имо!
Соҳта подшоҳларга ёлворганнамо
Маддоҳ қилиб қўймаганингга шукр!

Тик яшадим, қаттиқ замин устида,
Ер бўлмадим туёқларнинг остида,
Лайча мисол оёқларнинг остида
Маддоҳ қилиб қўймаганингга шукр!

Ҳамма унутса ҳам, сўрдинг ризқимни,
Ҳаммадан ҳам аввал кўрдинг ризқимни,
Ўз вақтида бериб турдинг ризқимни,
Маддоҳ қилиб қўймаганингга шукр!

Насиб этди манга ислом булоғи,
Босилгайдир бунда ҳар ким чанқоғи!
Айламадинг итнинг орқа оёғи
Маддоҳ қилиб қўймаганингга шукр!

Шерик бўлдинг қувончда ҳам, ғамда ҳам,
Саҳарда ҳам, пешинда ҳам, шомда ҳам!
Сабр бериб энг хатарли дамда ҳам
Маддоҳ қилиб қўймаганингга шукр!

Бу йўлда энг яхши қурол – саботдир!
Матонат ҳам учишга шай қанотдир.
Халқ шоири бўлганларга халқ ётдир,
Маддоҳ қилиб қўймаганингга шукр!

Кимни ёзгум Сандек Улуғ Зот қолиб?
Овозимнинг борича ҳам дод солиб,
Мансаб пиллапоясида юксалиб,
Маддоҳ қилиб қўймаганингга шукр!

Жим термулиб қоғоз деган кўзгуга,
Дилни бериб қувонч ила эзгуга,
Биру, Борим, Ўзгинангдан ўзгага
Маддоҳ қилиб қўймаганингга шукр!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
НИКОҲНОМА ҲАҚИДАМустақиллигимиз шарофати билан бир пайтлар ҳалқимизнинг дилидаги армонлари рўёбга чиқа бошлади,яъни мусулмонларимизга берилган кенг давоми...

4448 05:00 / 07.03.2017
ТЎРТИНЧИ БОБ БОШҚАЛАРГА НАЗАРҚалбим айтур билганларин озоздин,Қалқимангиз қопқорайган қоғоздин.Андаги сўз хос одамларга хосдир,Бу мисоллар Улуғ Китобга давоми...

21423 05:00 / 07.03.2017
Халқ орасида .Сўфи Оллоёр, номи билан машхур .Саботуложизин, асари Мовароуннаҳр ўлкаларида XX асрга қадар мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган. Ўкувчилар давоми...

8172 05:00 / 07.03.2017
Дилни изҳор айламоққа сўзни яратди, Сўзни бесўз айтмоқликка кўзни яратди. Сўз билан сўз маъносининг фарқи бисёрдир, Мисол қилиб атлас билан бўзни яратди. давоми...

947 11:08 / 20 май