1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Жалолиддин Румий «Маснавий»ига шарҳлар

04:13 / 28 март 1153 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар ки жуз моҳи, зи обаш сер шуд,
Ҳар ки берўзист, рўзаш дер шуд.

Сувга ким тўйди балиқдан бошқа ҳеч?! 
Кимки бўлса бенасиб, кун бўлди кеч! 

«Балиқдан бошқа барча махлуқот сувга тўяди, фақат балиқ сувга тўймайди, агар киши бенасиб бўлса, энди куни кеч бўлди». 
Ҳар ким ишқ ва ирфон сувидан бенасиб экан, ғамга дучор бўлади, зерикиб, адашиб, талабдан қолади.


Мавлоно такрор-такрор ошиқни, соликни балиққа ўхшатади. Мавлоно Яъқуб Чархий (қуддиса сирруҳу): «Балиқдан бошқа ҳамма нарса сувдан сероб бўлади – тўяди. Аммо балиқлар ҳеч сувдан тўйишмайди. Ошиқларни балиқлар каби деб билинг, улар маърифат оби ҳаётидан асло тўймайдилар», деган (Мавлоно Яъқуб Чархий. «Рисолаи Найнома»).
Шу ўринда балиқ ва инсон тимсолларига диққатни қаратамиз.


Аллоҳ таоло пайғамбари Юнус алайҳиссаломни балиқ қорнида сақлашининг бошқа ҳикмати шу эдики, денгиздаги балиқларга дард ва беморлик етар эди ва шунда ҳам тасбеҳ ва таҳлилдан тўхтамас эдилар. Денгиз балиқлари: «Эй Раббимиз Аллоҳ! Одам фарзандлари бемор бўлсалар, уларга дори-дармон билан шифо берасан. Бизга ҳам бир дори-дармон буюрсанг, токи у марҳамдан бизга ҳам роҳат етса», дедилар. Ҳукм қилди, Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнига тушдилар, қайси бир балиқ уни ҳидласа, ҳар қандай дарду беморликдан қутулар эди. 


Юнус алайҳиссаломни балиқ қорнида сақлашнинг яна бир сабаби шу эдики, денгизнинг барча балиқлари ўз тасбеҳи билан нозланар (фахрланар) эдилар ва: «Биз тасбеҳ айтувчилармиз ва тасбеҳ айтишда одамзотдан яхшироқмиз!» дер эдилар. Ҳақ таоло уларга кўрсатишни хоҳладики, тасбеҳ неъматида уларнинг ортиқ қиймати йўқдир; ва зиндондаги Юнус алайҳиссаломни кўрсинларки, шундай тор ва қоронғу жойда туриб, қандай тасбеҳ ва ибодат қиладилар! Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида туриб: «Лаа илаҳа илла анта, субҳанака инний кунту миназ-золимийн!» дея шундай тасбеҳ айтиб, ибодат қилдиларки, денгиз аҳли бўлган балиқлар уялиб қолдилар.

Дарнаёбад ҳоли пухта ҳеч хом,
Пас, сухан кўтоҳ бояд, вассалом.

Ҳеч пишиқ ҳолин тополмас, кимки хом,
Эй, ўғил, сўз қисқа бўлгай, вассалом. 
«Ҳеч бир хом киши пишган кишининг ҳолини топа олмайди. Бас, сўз ҳам энди қисқа бўлади, вассалом». Яъни саломат бўлинг, ортиқча гапга ҳожат йўқ.

Биз қачон «пишамиз»?
«Тасаввуф ва гўзаллик» китобида ибратли бир ҳикоя келтирилади. 
Бир хонақоҳ бор экан. Келган муридлар унда хизмат қилиб, тарбият олишар экан. Шундан кейин ҳазрат Шайх уларга бир-бир топшириқлар бериб: «Сен фалончи, фалон юртга бор, сен эса фалон ерга бор, бизнинг хизматимизни у ерда юритгин, амрларимизни татбиқ эт!» деб уларни жойларга юборар экан. 


Лекин хонақоҳнинг ошхонасида соқолли бир зоти муҳтарам хизмат қилар экан. Бир куни у каттакон  қозонда узун сопли куракчаси билан ҳолва тайёрлаётса, келган дарвишларнинг ҳар ёққа кетаётгани хаёлидан ўтибди. «Мендан кейин келганлар кетишди, келишяпти, кетишяпти, мен эса ҳамон шу ердаман... Биз қачон пишиб одам бўламиз? Бизга ҳам бир вазифа берилмасмикин?! Қачон бизга: «Сен фалон жойга бориб, иршод ишини юрит!» дейишар экан? Бу ноҳақлик эмасми?..» деб ўйлабди. 

Мурид Ҳиндистонда – подшоҳ!
Хаёлига шу гаплар келгач, ўзидан кетиб, бошқа бир оламга кириб қолибди. Шу орада ҳазрат Шайх унга: «Бўлди, сен ҳам етишдинг!» деб уни Ҳиндистондаги бир ўлкага жўнатибди.


У бир қасабага бориб, бир чеккада жойлашибди. Боши эгик, тавозуъли, тарбият кўрган бир дарвиш! Ориф, зариф, комил, мутавозиъ, сассиз-садосиз, хизмат аҳлидан бўлган бир инсон! Албатта, уни ҳамма яхши кўриб қолади. Намозида, ниёзида, ахлоқи чиройли, ҳаммага фойдаси тегади! Аста-секин атрофидаги инсонларнинг саноғи кўпайибди. Кейин бутун юртга севила бошлабди. Ўша юртда шаҳар ҳукмдори вафот этибди. Халқ, «Кимни сайлаймиз» деб бош қотириб турганида, бирови: «Мана шу муборак зотни сайлайлик, намози-ниёзи жойида, ориф бир зот!» дебди.

Бир муҳим аҳднома
Лекин бу дарвиш бу юртга юборилишидан олдин Шайхи билан орасида бир гап бўлган экан. Шайхи унга: «Сен фалон жойга бор, хизмат юрит, дарвишларни тарбия қил. Лекин нимаики топсанг, қоқ иккига бўламиз, ярми сеники бўлади, ярми – меники!», дебди. Дарвиш эса: «Ё устоз! Бас, нимаики топсам, ҳаммаси сизники бўла қолсин!», дебди. Устози эса: «Йўқ, ҳаммаси эмас, қоқ иккига бўламиз, ярми сеники, ярми меники бўлади», дебди. Шунда дарвиш: «Хўп устоз, бош устига!», дебди. Шу шарт билан бу юртга келган экан.

Адолатли тузум 
Шундай қилиб, у подшоҳ бўлибди. Чиройли, адолатли бир бошқарув жорий этибди. Ўлкани фаровон бир ҳолга етказибди. Хазинаси кўпайибди. Ҳамма фаровон, ҳамма мамнун. Орадан кўп йиллар ўтибди. Шунда бир куни ҳазрат Шайх келиб қолибди. Дарвиш жуда суюниб, жуда мамнун бўлибди. Шайхига икром кўрсатиб, ўтириб суҳбат қуришибди. Тахтидан тушиб, ўрнига Шайхни ўтқазиб, ўзи у зотнинг қаршисига тиз чўкиб ўтирибди. Кўп иззат-ҳурматлар кўрсатибди.

Шайх – тахтда, подшоҳ – ерда...
Ҳамма ҳайрон эмиш: келган зот тахтда, подшоҳ ерда ўтирган! Хуллас, шом тушибми ёки орадан бир неча кун ўтибми, Шайх ҳазрат айтибди: «Кел, энди сен билан бир ишни гаплашайлик. Сени бу ерга жўнатганимда нима деган эдим? Топган ҳамма нарсангни қоқ иккига бўлиб, ярмига шерик бўлмоқчи эдим, шундайми?» деса, дарвиш: «Ё ҳазрат Шайхим! Ҳаммаси сизники бўла қолсин, зотан нимамиз бўлса, барчаси сизникидир!» дебди. Шунда устози: «Йўқ, шартномамиз шундай эдими?» дебди. Дарвиш эса: «Бўпти, нима десангиз, шу устоз!» дебди.

«Қани, келтир молу мулкингни!..»
Ҳазрат Шайх шунда: «Қани келтир мол-мулкингни!..», дебди. Дарвиш эса пули, уй-жойи, нимаси бўлса, борини айтибди. Устози, жуда жиддий ҳолда ҳаммасини қоқ иккига бўла бошлабди. Секин-секин дарвишнинг жони сиқила бошлабди, чунки ҳамма нарса роса иккига бўлинмоқда. Бу тақсимот тугабди. Устози: «Яна бирор нарсанг борми?» деб сўраса, «Йўқ» дебди. Шунда ҳазрат Шайх: «Уйландингми?» дебди. «Ҳа, устоз, уйландим!» «Нечта фарзанд бўлди?» «Бешта». «Бўлди, уларни ҳам иккига бўламиз». «Майли, ҳазрат» дебди дарвиш. Иккитаси устозники, иккитаси ўзиники! Энди бешинчиси нима бўлади? Дарвиш уни ҳам устозига берибди. «Бу сизники бўлсин, сизнинг хизматингизда бўлсин, устоз!» дебди. Устози: «Йўқ, бўлмайди, мен адолатли инсонман, бунинг ҳам ярми сеники, ярми меники!» дебди. 

Шайхига қўл кўтарган мурид
«Шунақаям бўладими, устоз?» «Йўқ, сўз сўздир! Баравар бўлишамиз. Болтани келтир, қўлидан ушла!» дегач, дарвишнинг кўзи мошдай очилибди. «Шунақа гап ҳам бўладими, устоз?!» деб аста-секин сабр-тоқати ҳам тугай бошлабди. «Худди қўйни сўйиб, чопиб иккига бўлгандек, бола ҳам иккига бўлинади, фарзанд қўлдан кетади» деб мажоли қурибди. Шунда мурид, «Ҳе сендай одамни!..» деб, болани сўйиб қўймасин, деб қўлидаги узун капгирни Шайхига кўтарибди. 


Лекин шу лаҳзада бутун хаёллари бузилиб, ўзига келибди. Қараса, ҳолвани кавлаётган узун капгир қўлида, қўрқув-ҳаяжон босиб, хаёл билан капгирни ҳавога кўтарган экан, «Ё Аллоҳ, хайрият, хаёл экан!» дебди. Аммо шу маҳал шундай қараса, эшикда ҳазрат Шайх кесакига суяниб, унга қараб турган экан. Дебдики: «Ҳолвани кавлайвер, эй фарзанд. Сен ҳали бу бошинг билан хонақоҳда кўп ҳолва кавлайсан!» 


Шундай қилиб, ҳазрат Мавлоно айтганларидек, хом киши ҳеч пишиқнинг ҳолини топа олмас экан.

Мирзо Кенжабек

«Ҳилол» журналининг 9(54) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
НИКОҲНОМА ҲАҚИДАМустақиллигимиз шарофати билан бир пайтлар ҳалқимизнинг дилидаги армонлари рўёбга чиқа бошлади,яъни мусулмонларимизга берилган кенг давоми...

4448 05:00 / 07.03.2017
...Шеър фақат фисқу фужур, қандайдир казоказоларнинг мақтови, базму жамшидларнинг васфи, қандайдир маъшуқанинг мадҳи, оҳвоҳ ва дийдиёлар эмас. Балки шеър эзгулик, давоми...

6721 05:00 / 07.03.2017
Азизлар, бугунги cўзимнинг якунида яна бир қувончли хабарни етказмоқчимиз. Барчангизга маълумки, Аллоҳ таоло устозимиз шайх ҳазратларига ўзларининг шоҳ асарлари давоми...

7187 01:40 / 09.05.2017
Ҳар қадамда таъзим айлаб, Аллоҳ деб Каъба борай, Бу гуноҳкор осий бошим остонангизга қўяй, Бир гуноҳкор умматингиз келди, деб фарёд этай, Ассалом, саййиди Олам, давоми...

713 16:10 / 09 август