1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Шеърлар. Муҳаммад ИСМОИЛ

05:00 / 07.03.2017 6415 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҚАНИЙДИ


Айбим кўп ўзимга ёқмаган,

Аммо бир орзу бор жон танда.

Қанийди Қуръонни ёдлаган

Бир банда бўлсайдим, бир банда!


Эй Тангрим! Юрак бер, бир юрак

Шайтоннинг макрига учмай мен.

Эътиқодим бутламоқ керак,

Жаҳаннам қаърига тушмай мен!


Гирдоб аро хас каби ночор.

Ўчиб кетмай беному-нишон.

Нур бергин, бўлайин яловдор,

Бўлайин ҳақиқий мусулмон!


Зеро, лаънатланган Ер аро,

Одамзотга қисмат яшамоқ.

Яратганни унутмоқ – жазо,

Бахтдир жонни нисор айламоқ!


Ажал не, тақдир не билмасман.

Ҳеч нега етмайди ақлим ҳам.

Қуръон сен ақлим бўл, йўл оч сен

Қуръон сен қалбим бўл, бер ёрдам!


Орзудир бу айтган гапларим,

Чиқдим  истак чегарасидан.

Зероки, Навоий ҳамдардим

Ва Бухорий неварасиман!


Жаҳолатда ётган оламга,

Раҳмат нурин сочувчи – Қуръон!

Разолатга ботган одамга – 

Саодатни очгувчи – Қуръон!


Бу сўзимдан юз бурган эй, зот!

Дилни покланг, шак гумонлардан.

Ҳеч ёмонлик кўрмайсиз, хайҳот

Сиз ҳақиқий мусулмонлардан.


Эй, рус, япон, испан, инглизлар!

Яратгандан ёғилиб инъом,

Шояд битса пешонангизга,

Аҳли ислом деган улуғ ном!


Яралганмиз одам Отадан,

Ота – бир, она – бир, Худо – бир!

Битта Ер, бир – осмон, бир – Ватан

Инсон деган қисмат – биттадир!


Ҳар миллат безар бу оламни.

Барча элни ҳурмат қиламан.

Аммо мен мусулмон одамни

Ҳақиқий инсон деб биламан.


Катта кетмоқ рости гап нечун,

Керолмайман ўзим ҳам кўкрак.

Чин мусулмон бўлмоғим учун,

Қуръонни ёд олмоғим керак.


Ҳар бандага ўзинг қил карам,

Меҳринг билан сийлагин доим.

Ҳимматингни аяма ҳар дам,

Орзуимга етқаз Худойим!


Айбим кўп, ўзимга ёқмаган

Аммо бир истак бор жон танда.

Қанийди Қуръонни ёдлаган

Бир банда бўлсайдим, бир банда!


* * *


Эшитдим, бир хайвон қиёмат олди

Чиқармиш, сўзлармиш инсонга ўхшаб.

О, Тангрим дунё не кунларга қолди,

Одамлар сўзлашар ҳайвонга ўхшаб.


Ҳайвон сўзлаган кун Ерга уриб бош,

Шавқат сўрар экан, аҳли мусулмон.

Мағфират уйғотса агарки кўз ёш,

Қолар экан барча бандалар омон.


Худойим бир хайвон сўзлагани дам,

Жон сўраб ёлворса бор аҳли башар.

Ҳайвон каби сўзлаб турса гар одам.

Бунинг ҳам жазоси бордир муқаррар.


Тангрим, ўзинг доим бизга меҳрибон

Қанча гуноҳ қилсак ўчирасан сен.

Қиёмат бўлар гар сўзласа ҳайвон,

Ҳайвондек сўзлашсак... кечирасан сен.


***


Худо билан дўстлашсанг,

Сен ҳам буюк бўлгайсан.

Икки дунёинг обод,

Бахт шавқига тўлгайсан!


Худо билан дўстлашсанг,

Охиратни ўйлайсан.

Ҳаёт жанггоҳи аро,

Ғолиб бўлиб ўтгайсан!


Худо билан дўстлашсанг, 

Ўз-ўзингни қўллайсан.

Ўзини Худо билган,

Гадолардан қўрқмайсан!


Худо билан дўстлашсанг,

Ерда ҳамки кўкдасан,

Асли қоронғу тушмас,

Оппоқ ойдин йўлдасан!


* * *


Мўминлар жисми бир, ҳамжон эрурлар

Меҳру-муҳаббатда ҳамқон эрурлар.

Бу танда мабодо бир дард қўзиса

Қолган аъзои тан дармон эрурлар.


* * *


Кимлар кетди, кимлар келди бу майдонга

Гоҳо кулиб, гоҳ ачиниб эслашурлар.

Бошладилар одамларни ҳар томонга

“Шоирларга адашганлар эргашурлар”(оят).


Шоир – рубоб. Бу рубобни чалар ҳаёт,

Гоҳ – доҳий, гоҳ – девонага тенглашурлар.

Эл оғзидан тушмайди у айтган баёт,

“Шоирларга адашганлар эргашурлар.”


Гоҳи ростга, гоҳ ёлғонга зордир замон,

Сўз айтгани подшоҳлар ҳам кенгашурлар

Сўз сеҳрига жодуланиб яшар жаҳон,

“Шоирларга адашганлар эргашурлар”.


Гоҳи сотқин, гоҳи маддоҳ, хиёнаткор

Пойга ўйнаб мансаб учун беллашурлар,

Ўз халқини алдамоқдан қилмайди ор,

“Шоирларга адашганлар эргашурлар”.


Ўткинчи ҳис, ҳой-хавасни ишқ деб атаб,

Юракларни ёндирмоқни эплашурлар,

Сохта севги куй қўшиқда турса янграб,

“Шоирларга адашганлар эргашурлар”.


Мен ҳам ёлғон ёзганларим ёдга олсам,

Гоҳ тик бошим, гоҳ тик қаддим энгашурлар.

Тўғри йўлга солса эдим қани мен ҳам,

“Шоирларга адашганлар эргашурлар”.


Бўлди етар, ортиқ бўлманг, масхара сиз,

Қалбан англаб етганларга тасаннодир.

Қай шоирга эргашсангиз адашасиз,

“Иймони бор шоир фақат мустаснодир”(оят).


Гўзал сўзлар, уларнинг кўрк, безагида.

Тўғри сўзни топмоқ гоҳо муаммодир.

Шоир алдар билиб билмай, юрагида

Қуръони бор шоир бундан мустаснодир.


Шоир зоти гар эгасиз яшар экан,

Шайтон билан ошноликка мубталодир.

Тўғри йўлдан оздиради, Оллоҳ деган

Султони бор шоир бундан мустаснодир.


* * *


–    “Одамга бўйсун” – деб буюрди Раҳмон.

Шайтон кибр билан: - Йўқ, асло! – деди.

Мен, оловдан бўлсам лойдандир, инсон.

Жинлар насли инсдан пок, аъло! – деди.


Илм берган Оллоҳ шунда инсонга

Айттирди не жисм бўлса номма-ном.

Билими йўқ иблис келди исёнга. 

Жаннатдан қувилди Ерга батамом.


Ҳар нени ўз номи билан атамоқ,

Инсонларнинг буюк шарафи экан.

Шундан Оллоҳ илми ила яшамоқ,

Шайтонлардан устун тарафи экан.


Аммоки орадан ўтди кўп йиллар,

Унутгандай бўлди номларни одам

Шуурлар сустлашди, кирланди диллар,

Иблис адаштириб юрди дамодам.


Гоҳида тўпланиб майдонга чиқиб,

“Ҳақиқат” – қани? деб, инграр оломон.

Тўда-тўда, тўп-тўп, тун-кун қичқириб,

Ҳамма ҳақиқатни тополмай ҳайрон.


Ҳар эл эркинли-гу, озодлик истар,

Бугунги кунидан кўнгли тўлмайди.

Ҳурриятни ҳар ким ўзича излар,

Ҳурриятнинг номи битта бўлсайди.


Ҳар ким ўзиникин билади тўғри

Ўз сўзи, фойдаси, ўз ғояси бор.

Ўз ишин тўғри деб қилади ўғри

Тўғрини тўғри деб билмайди зинҳор.


Ҳаёт гоҳ инсоний, гоҳо ҳайвоний

Одамга қул бўлди, эътиқод, иймон.

Насронийнинг кўзин ўяр насроний,

Мусулмонга найза санчар мусулмон.


Ёнимизда турган инсон ўзи ким?

Билмасмиз, дўстми у ва ёки душман.

Билолмай дунёни гоҳ қоламиз жим.

Билмасмиз юракда недир жўш урган?!


Кумуш ва Зайнабни фарқламоқ учун

Фарқлаш учун шаҳват ва муҳаббатни

Кўксини тозалаб, қайтадан бугун

Тарбиялаш керак инсониятни.


Билимдир – инсоннинг бошидаги тож.

Билим йўқотди ўз салтанатини.

Подшоҳлар, қулдорлар қилдилар тарож

Олим уламолар мамлакатини.


Қулбачча сингари илму – маърифат,

Қайсидир фосиқнинг хизматидадир.

Шармини йўқотиб қўйган шариат,

Шавқатсиз касларнинг хислатидадир.


Кимдир кетиб борар беташвиш, беғам

Кўзига қўнгандир – ҳаётнинг шоми.

Энг сўнгги кунлари келган бўлса ҳам,

Билмас бу дунёнинг нимадир номи?!


Қачондир ҳар нени ўз номи билан,

Инсон берган эди бирма-бир айтиб

У номлар ўчдими хотирасидан,

Бўлурми у улуғ кунларга қайтиб.


Номларни айтолмай шайтон эди лол.

Устун эди ундан инсон фикрати.

Унутиб турибди букун у беҳол,

Бошига тушгандир иблис қисмати?!


Иблис хайқирганди ўша замонлар

Инсон иллатларин аввалдан пайқаб:

Инсондир – бузғунчи, тўккувчи қонлар,

Хоким қилма уни заминга ё, Раб!


Қайдадир талъатинг мукаррам инсон,

Ердаги паймонанг наҳот тўлгандир.

Чалинмоғи керак сур аллақачон.

Қиёмат соати наҳот бўлгандир?!


Наҳот вақт тугаган, тирикмиз наҳот

Фақат Яратганнинг раҳмати сабаб.

Наҳот вақт тугаган турибмиз наҳот,

Фақат Яратганнинг шавқати сабаб.


Тангрим, ҳимматингни чеки йўқ асло,

Сен мангу меҳрибон, Холиқ экансан.

Ҳар нени ўз номин айтмоққа расо,

Бизларга Қуръонни тортиқ этгансан.


Қуръон бизга ёруғ юлдуз эканда.

Яхшини фарқламоқ учун ёмондан

Қуръон – йўлчи юлдуз, ҳеч бўлмаганда

Авзал бўлмоғимиз учун шайтондан.


ЭНГ АВВАЛО


Золим чангалида қуш каби

Типирчилаб тўлғонса замон.

Дош беролмай шоирнинг қалби,

Энг аввало тўлайди товон.


Чархпалакдай  айланар тинмай,

Саодат ё жаҳолат асри.

Маъсуд йиллар ўтар билинмай,

Разолатнинг уради касри.


Мушт урганда подшоҳ дарғазаб,

Кўзларидан сачраганда қон.

Минглаб одам ичидан ажраб,

Аввал Машраб берган эди жон.


Қонхўр Сталиннинг даҳшати,

Юртда қирғин этганда содир.

Энг аввало келиб навбати,

Қурбон бўлди қанчалар шоир.


Чунки шоир кўксида ҳар дам.

Қабоҳатга қарши исён бор.

Ҳеч кимга қўл кўтармаса ҳам,

Сўзи қилар бор сирни ошкор!


Ҳамон бу ҳол этмоқда давом,

Тўхтамаган азалий тақдир.

Золим шохлар қилар қатли ом,

Шоир зоти қон қусаётир.


Омон қолган  баъзилар аммо.

Таъбири бор бу машъум сирнинг

Соғ юрганлар Навоийнинг ё,

Зоти эмас  Усмон Носирнинг.


Бир лаҳза ҳам улар тўхтамай,

Замонга мос тебратар қалам.

Кун ўтмай, ой ўтмай, йил ўтмай

Улар билан ўлар асарлари ҳам.


О Тангрим, боқийсан сен фақат!

Сен фақат абадий яшарсан.

Фақат сенга бўлсин муҳаббат,

Фақат сен мангулик Акбарсан!


Сенга бўлсин барча ашъорим!

Мадҳ айтсин юрак ҳар урганда.

Сен – шарафим, сен – ифтихорим,

Сенинг билан бўлай токи жон танда!


Агар яна эврилса давр,

Сендан яна юз бурса султон

Сен деганлар тортсалар жабр,

Сендан кечган қолса соғ-омон!


Золим қон сачратса дарғазаб,

Даврон сурса яна осийлар!

–Тангрим! Мени қолмагин асраб,

Дорга энг аввало оссинлар!


САБОҚ


Уйқу ўлимнинг бир бўлаги экан.

Тонг олди туш кўрдим жонсарак ётиб.

Тушда... Хожи онам...

Ёшариб кетган

Югуриб юрарди, гулларга ботиб.


Худди ўн саккизга кирган қиз мисол,

Қора қош, қора кўз, юзларида нур.

Ариқдан сут оқар оппоқ ва зилол,

Йўллар олтиндан-у, иморатлар дур.


Дарё-дарё асал, дарё-дарё май!

Минг-минг истиғнода 

қушлар сайрашар.

Онамнинг биргина имосига шай,

Ҳурлар хизмат кутиб имдод пойлашар.


Ял-ял ёнар эди, Ер-у кўк, фазо

 Онамнинг қошига чопмоқчи бўлдим.

Хизматига бошим қўйиб аввало, 

Ҳузурида меҳр топмоқчи бўлдим.


Аммо ёпиқ эди мен борар тараф,

Кимдир: Хато ва хом ўйлайсан,- деди.

Қачонки Жаннатга бўлсанг мушарраф,

Онангнинг ёнига қўйгайман,  - деди.


Бирдан оғриқ турди кўксимда зир-зир.

Бирдан тортаверди жаҳаннам қаъри.

Ўтаверди кўзим олдидан бир-бир,

Қилган гуноҳларим, 

айбларим бари.


Ёлвора бошладим қодир Худога:

–“Тангрим бош кўтармай сендан сўрайман.

Кечир,  мағфират эт, энди дунёда 

Энг ҳалол, энг солиҳ банданг бўлгайман.


Жаннат 

банда учун энг олий мақом.

Яна ҳам буюкдир, унда онам бор!

Бор тоатим ҳаққи айлагин инъом,

Жаннатингдан жой бер, эй Парвардигор!”


Сўнг...

Уйғониб кетдим.

Чопдим онамга

Кўришмоқ- Худодан марҳамат бўлди.

Ушбу гўзал онлар,

Ушбу оламда,

Худо менга берган бир жаннат бўлди.


Аммо, сабоқ олдим ўша тушимдан.

Уйқу экан ҳар тун ўлимдан хабар

Тайёргарлик кўринг,

Ҳар куни зимдан

Охиратдан умид қилсангиз агар.


Шай туринг, 

Тоат-у ибодат учун!

Шай турган жаннати бўлар эканлар.

У дунёдаги бахт – саодат учун,

Бу дунёда тўлов тўлар эканлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ТЎРТИНЧИ БОБ БОШҚАЛАРГА НАЗАРҚалбим айтур билганларин озоздин,Қалқимангиз қопқорайган қоғоздин.Андаги сўз хос одамларга хосдир,Бу мисоллар Улуғ Китобга давоми...

21124 05:00 / 07.03.2017
Бешинчи бобИсломнинг оламларга раҳбарлик қилишиБиринчи фаслИслом оламининг уйғониши Бутун бошли оламнинг жоҳилиятга юз тутишиБиз юқорида зикр қилиб ўтган давоми...

3888 05:00 / 11.03.2017
Учинчи бобИслом давриБиринчи фаслИсломий раҳбарлик давриМусулмон раҳбарлар ва уларнинг хусусиятлариМусулмонлар пайдо бўлиб оламнинг бошқарувини қўлларига давоми...

6106 05:00 / 11.03.2017
Холид ибн Кийсондан ривоят қилинади .Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳузурида эдим. Шунда Иёз ибн Ҳайсама ўрнидан туриб .Эй Форуқнинг ўғли Сенга ўз шеърларимдан айтиб давоми...

3138 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

135100 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55376 14:35 / 11.08.2021