1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Қуръон – шифо манбаи

12:32 / 09.08.2021 2854 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат, дилларингиздаги бузуқ эътиқодлардан иборат нарсаларга шифо ва имон келтирган зотларга ҳидоят ва раҳмат (яъни, Қуръон) келди» (Юнус сураси, 57-оят).

Аллоҳ таоло Қуръонни «даво» эмас, айнан «шифо» деб номлаган. Бунинг сабаби шундаки, шифо давонинг самараси саналади. Даво баъзан фойда берса, гоҳида зарар бериши ҳам мумкин. Шифо эса фақат фойда келтиради».

Дарҳақиқат, Қуръони Карим мўминлар учун шифодир. У банданинг танасидаги ҳиссий касалликлар билан бирга жаҳолат, бидъат, шубҳа, фитна, васваса каби маънавий иллатларни ҳам даволайди. Қуръон қалб ва тана касалликларини муолажа қилишга қодир илоҳий каломдир!

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ мазкур оятни шундай тафсир қилади: «Инсон танасига турли офат ва касалликлар хавф солгани каби динга ҳам офат ва зарарли дардлар раҳна солиб, унга талофат етказиш ва уни ҳалокатга дучор қилишга ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло танамизни офат ва касалликлардан сақлаш учун дори-дармонларни яратиб қўйган. Дин офати ва иллатларига эса Қуръонни шифо қилиб қўйган! Шунинг учун ҳам Қуръон мазкур оятда қалб – садрлардаги касалликларга шифо ва панд-насиҳат деб зикр қилинган. Зеро, Қуръон қотган қалбни юмшатади, қуриган кўзларни ёшга тўлдиради ва қоронғу садр – дилни нурга тўлдиради».

Абул Баракот Насафий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақида шундай деган: «Даҳақиқат, Қуръон қалб касалликларига шифо ва ғам-ташвишларни кетказувчи, айб-нуқсонларни покловчи ҳамда гуноҳларга каффорот бўлувчи раҳматдир. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ким Қуръон билан шифо топмаса, унга Аллоҳ шифо бермайди!».

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ Қуръоннинг шифо хусусиятини қуйидагича ифодалаган: «Қуръони Карим дунёда шифо истаганлар учун шифо ва унга амал қилганлар учун раҳматдир. Қуръондан юз ўгирган ва уни менсимаганлар учун эса ҳақиқатни кўра олмаслик, зарар ва зулматдир. Қуръонга таъзим ва ҳурмат назари билан қараганлар эса шифо топадилар. Инсон одатда кўз нури ва ҳаводаги нурнинг бирлашиши натижасида бирор нарсани кўра олади. Агар инсоннинг кўзи кўр бўлса, ҳаводаги нур қанчалик ёрқин бўлмасин, ҳеч нарсани кўра олмайди. Шунингдек, кўз нури қанчалик ўткир бўлмасин, ҳавони зулмат қоплаган бўлса, инсон ҳеч нарсани кўра олмайди. Ҳудди шу каби, қалбида куфр, шубҳа ва шикр бўлган инсон Қуръон нури ва унинг шифосини кўра олмайди. Чунки қалбини зулмат қоплаган бўлади. Қалбида имон нури бўлган мўмин эса, Қуръоннинг нури ва шифосини кўришга қодирдир. Дори-дармонлар ҳам шунга ўхшайди. Улар қанчалик фойдали бўлмасин, инсон табиатига мос келмаса, шифо ҳосил бўлмайди, аксинча, зарар бўлади. Қуръон ҳам ҳудди шундай! У ўзи шифо ва раҳмат бўлса ҳам, қалби куфр ва ширк билан кирланган инсонларга шифо бўлмайди, аксинча, хасрат-надомат ва зулмат бўлади!».

Қуръон нафақат ақидавий ва ахлоқий иллатларни даволайди, балки турли жисмоний касалликларга ҳам шифо бўла олади. Фахруддин Розий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейди: «Қуръон қироати билан табаррук қилиш орқали кўплаб касалликлар бартараф этилади. Ҳатто буни файласуфлар ва тилсимотлар билан шуғулланадиган одамлар ҳам эътироф этиб айтишадики, Қуръон қироати билан амалга ошириладиган руқиялар (дуо, дам солиш) манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф қилишда улкан таъсирга эга бўлиб, бунинг моҳиятини ҳеч ким тушунтириб бера олмайди. Дарҳақиқат, Қуръони Каримда Аллоҳнинг исм-сифатлари, улуғ фаришталарнинг номлари ва шайтонни қувишга қодир зикр ва дуолар мавжуд. Шунинг учун Қуръон дину дунёда фойда келтиришга энг лойиқ илоҳий китобдир».

Ғам-ташвишдан қутилиш, шайтон ва жинлар зараридан халос бўлиш, тунда безовта бўлмасдан ором олиш, хавф-хатардан омонда бўлиш, илон ва чаённинг заҳарини даволаш, изтироб ва тараддуддан қутилиб, сакинат ва хотиржамликка эришиш, васваса, шубҳа ва гумонлардан қутилиш, камбағаллик ва ночорликдан халос бўлиш ва бошқа шу каби касалликларга Қуръоннинг шифо бўлиши ҳадис ва ривоятларда ўз ифодасини топган. Лекин банда Қуръондан шифо олиш учун аввало Аллоҳга ишониши, унга сидқи дилдан таваккул қилиб, бутун борлиғини Аллоҳга топшириши, Аллоҳнинг қудрати ва марҳаматига заррача шубҳа қилмаслиги, У ҳақда яхши гумонда бўлиши лозим.

Фойланилган манбалар:

1. Қаранг: Абу Мансур Мотуридий. Таъвилот Аҳл ас-сунна. Ж.2. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 2004. – Б. 486;

2. Абу Мансур Мотуридий. Таъвилот Аҳл ас-сунна. Ж.3. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 2004. – Б. 187-188;

3. Қаранг: Абул Баракот Абдуллоҳ Насафий. Мадорик ат-Танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил – Тафсир ан-Насафий. Ж.2. – Дамашқ: Дар ал-калим ат-таййиб, 2005. – Б. 273-274;

4. Қаранг: Фахруддин Муҳаммад Розий. Ат-тафсир ал-кабир. Ж.21. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 2009. – Б. 29.

5. Қаранг: Доктор Бадр ибн Носир Бадр. Ат-Таассур би ал-Қуръан ва ал-амал биҳ: асбабуҳ ва мазоҳируҳ. – Ар-Риёз: Мадор ал-ватан, 2007. – Б. 166.

Абдуллоҳ Абдулмажид тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муваффақиятли раҳбар қўл остидаги ишчиларни назорат қилади ва уларга панднасиҳат айтади.Муваффақиятсиз раҳбар қўл остидагиларни ортидан одам қўйиб, жосуслик давоми...

2521 09:30 / 14.03.2022
Болалигида кўпчилик космонавт, учувчи бўлишни орзу қилган. Космонавтлар, учувчилар дуч келадиган ҳолатлардан бири ndash меъёридан ортиқча юкдир. Буни рус тилида давоми...

2226 14:16 / 30 январь
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги ёшлик пайтларини эслаб шундай дейдилар.Амакиларим билан Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида бир иттифоқнинг гувоҳи давоми...

2372 10:53 / 30.01.2022
Кеча кечқурун Мамдуҳ Удвон арабчага таржима қилган Гомернинг .Илиада, асарини ўқиётган эдим. Бир бўлим менинг эътиборимни тортди. Шуни улашмоқчиман. Гомер .Илиада, давоми...

1625 11:30 / 04.12.2021