1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Сукут сақлашнинг фазли, қўшнига яхшилик қилиш ва меҳмоннавозлик

12:16 / 30.04.2018 4817 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

بسم الله الرحمن الرحيم


!Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога мукаммал салавоту дурудлар бўлсин!


عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ جَارَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин».

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган.

 

Ҳадиснинг ровийлари ҳақида:

 Бу ҳадиси шариф Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ташқари Оиша онамиз, Ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Айюб Ансорий ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлардан ҳам ривоят қилинган.

 Имом Бухорий ва имом Муслимдан ташқари яна Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон, Аҳмад ва бошқа бир қанча муҳаддислар ривоят қилишган. 

 

Ҳадиснинг бошқа ривоятлари:

• Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилишган бошқа ривоятда «مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلَا يُؤْذِ جَارَهُ» «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин!» дейилган.

 

• Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган яна бир ривоятда «فَلْيُكْرِمْ جَارَهُ» «қўшнисини икром қилсин» жумласининг ўрнига «فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ» яъни «Силаи раҳм қилсин», дейилган.

 

 Абу Яъло Абу Ҳурайрадан қилган ривоятда эса

«مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُحْسِنْ قِرَى ضَيْفِهِ» «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, (меҳмонини) яхшилаб меҳмон қилсин!» дейилган.

 

Ҳадиснинг шарҳи:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда инсон ҳаётида доимо учраб турадиган, ҳар бир жамият учун ниҳоятда зарур бўлган уч нарсани Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймон билан чамбарчас боғлиқ бўлган ишлар қаторида зикр этмоқдалар.

А) «مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ» яъни «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», дейилмоқда. 

 Уламолар «Бу ерда иймон деганда комил иймон назарда тутилган», дейишган. 

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапирганда фақат яхши гап айтишни, яхши гапи бўлмаса, жим туришни иймонга боғлиқ амаллардан бири деб таъкидлаяпдилар.

 Аллоҳ таоло Қоф сурасининг 18-оятида шундай марҳамат қилган:

«مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ»

«Бирор сўз талаффуз қилмас, илло ҳузурида ҳозиру нозир бордир».

Салафи солиҳ уламоларимизнинг барчалари «инсоннинг ўнг ва чап тарафида икки фаришта ўтириб олиб, ўнг томондагиси унинг яхшиликларини, чап томондагиси ёмонликларини номаи аъмолига ёзиб боришади», дейишган. Ҳатто инсоннинг оғзидан чиққан бир оғиз сўз ҳам уларнинг назаридан четда қолмайди. Улар ҳамиша ҳозиру нозир бўлиб, ҳар бир амални, ҳар бир сўзни дарров ёзиб қўядилар.

 Шу ўринда уламоларимиз «Фаришталар инсоннинг барча гапларини номаи аъмолига ёзиб боришадими ёки фақат савоб ва гуноҳ бўлган нарсаларни ёзишадими?» деган масалада ихтилоф қилиб, турлича фикр билдиришган. 

 Ибн Аббос шундай деганлар: «Унинг яхшию ёмон гапларини, ҳатто «Едим»«ичдим»«кетдим»«келдим...» деган гапларини ҳам ёзиб боришади. Пайшанба куни бандаларнинг сўз ва амаллари Аллоҳга арз қилинади, яъни тақдим қилинади. Яхши ва ёмон амаллари қолдирилиб, бошқалари ташлаб юборилади. Шунинг учун У Зот: 

«يَمْحُو اللَّهُ مَا يَشَاءُ وَيُثْبِتُ وَعِنْدَهُ أُمُّ الْكِتَابِ»

«Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани ўчирур, Ўзи хоҳлаганини қолдирур. Уммул китоб (Лавҳул маҳфуз) Унинг ҳузуридадир», деган» (Раъд сураси, 39-оят). 

 Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амрдан қилган ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «مَنْ صَمَتَ نَجَا» «Жим турган, нажот топибди», деганлар.

 Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббонлар Баро ибн Озибдан қилган ривоятда: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени жаннатга киритадиган амални ўргатинг», дебди. Шунда у зот: «Очларга таом бер, ташналарга сув бер. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар. Ёмонликдан тилингни тий. Қўлингдан келмаса, яхшиликдан бошқа сўздан тилингни тий», деганлар.

 

Салафи солиҳлардан нақллар:

 Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу тилларини ушлаб, «Бу мени не куйларга солмади», дер эканлар.

 Умар розияллоҳу анҳу: «Кимнинг гапи кўпайса, хатоси кўпаяди. Кимнинг хатоси кўпайса, гуноҳи кўпаяди. Кимнинг гуноҳи кўпайса, дўзахга киришга мустаҳиқ бўлади», деганлар.

 Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ортиқча гаплардан сақланинглар. Ҳар бир инсонга эҳтиёжи даражасидаги гап кифоядир», деганлар.

 Муҳаммад ибн Ажлон шундай деган: «Калом тўрт хил бўлади: Аллоҳни зикр қилишинг, Қуръон ўқишинг, бирор илм ҳақида сўрасалар, айтиб беришинг ва дунёвий ишларингда сенга алоқадор нарсаларни гапиришинг».

 Ибн Муборакдан Луқмони Ҳакимнинг ўғлига «Сўзлаш кумуш бўлса, жим туриш олтиндир», деган сўзи ҳақида сўрашди. Шунда у зот: «Бунинг маъноси шуки, Аллоҳнинг тоатида бўлган гап кумуш бўлса, Аллоҳга маъсият бўлган гапни сўзламаслик олтиндир», дедилар.

 Шундай бўлса ҳам, салафи солиҳлар: «Манфаатли илм ва яхшилик ҳақида гапириш уларни гапирмай, жим туришдан афзалдир», дейишган. 

Лекин динимизда ибодат маъносида сукут сақлаш йўқ. Масалан: ҳаж, эътикоф ва рўза каби ибодатларда сукут сақлашни ибодат деб эътиқод қилишдан қайтарилган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаж ибодатида сўзламасликка қасд қилган бир аёлга: «Бундай қилиш ҳалол эмас. Бу жоҳилия ишларидан», деганлар.

 

Б) «وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ جَارَهُ» «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини икром қилсин». Қўшнини икром қилиш дегани қўшнига яхшилик қилиш, иззат-икром қилиш, уни ҳимоя қилиш, унга озор бермаслик, унинг азиятларига бардош қилиш деганидир.

 

Қўшни сўзининг маъноси:

 Араб тилида  қўшнига «Жаар» дейилади. Бу сўз икки хил маънони ифодалайди. Биринчиси ёнма-ён яшаш, иккинчиси ҳимоя қилишдир.

Салафи солиҳ уламоларимиз: «Қўшниликнинг чегараси қирқта эшикдир», дейишган. Айримлари «Икки томондан қирқта эшик», деган бўлишса, бошқалари «Тўрт томондан қирқта эшик», дейишган.

 

Қўшни уч хил бўлади:

 Жобир розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилган: «Қўшнилар уч хил бўлади: 

Битта ҳаққи бор қўшни. Бу қўшниларни энг ҳаққи озидир. 

Иккита ҳаққи бор қўшни. 

Учта ҳаққи бор қўшни. Бу қўшниларнинг ҳаққи энг афзалидир. 

Битта ҳаққи бор қўшни қариндош бўлмаган мушрик қўшнидир. Унинг қўшничилик ҳаққи бўлади

Иккита ҳаққи бор қўшни мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмончилик ҳаққи, ҳам қўшничилик ҳаққи бўлади.

Учта ҳаққи бор қўшни эса қариндош бўлган мусулмон қўшнидир. Унинг мусулмончилик ҳаққи, қўшничилик ҳаққи ва қариндошчилик ҳаққи бор.

 

Қўни-қўшничилик ҳақидаги оят-ҳадислар:

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 36-оятида шундай марҳамат қилган:

«وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ...»

 

«Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига ... яхшилик қилинглар».

Тафсирчи уламоларимиз ояти каримадаги «яқин қўшни»ни қариндош қўшни, «ён қўшни»ни эса қариндош бўлмаган қўшни деб тафсир қилишган.

Айрим муфассирлар «яқин қўшни»ни мусулмон қўшни, «ён қўшни»ни эса мусулмон бўлмаган қўшни деб тафсир қилишган. «Яқин қўшни»ни бир девор қўшни, «ён қўшни»ни эса узоқдаги қўшни деб тафсир қилганлар ҳам бор.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида

«مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلَا يُؤْذِ جَارَهُ» «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин!» дейилган. Қўшнига етказилган ҳар қандай озор шариатимизда харом саналади.

 Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Шурайҳ розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«وَاللهِ لَا يُؤْمِنُ، وَاللهِ لَا يُؤْمِنُ، وَاللهِ لَا يُؤْمِنُ» «Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди!» дедилар. Шунда «Ким мўмин бўлмайди, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. 

У зот: «الَّذِي لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ» «Ёмонлигидан қўшниси саломат бўлмаган кимса», дедилар.

 Имом Бухорий «Адабул муфрад»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ»» «Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кимса жаннатга кирмайди», деганлар.

 Имом Бухорий «Адабул муфрад»да келтирган ҳадисда Оиша онамиз «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг икки қўшним бор. Қайси бирига ҳадя берай?» деган эканлар. Шунда у зот: «إِلَى أقْرَبِهِمَا مِنْكِ بَابًا» «Эшиги энг яқинига», деган эканлар.

• Имом Бухорий «Адабул муфрад»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«لَيْسَ الْمُؤْمِنُ الَّذِي يَشْبَعُ وَجَارُهُ جَائِعٌ» «Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас», деганлар.

 Имом Бухорий «Адабул муфрад»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилган яна бир ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«كَمْ مِنْ جَارٍ مُتَعَلِّقٍ بِجَارِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، يَقُولُ: يَا رَبِّ، هَذَا أَغْلَقَ بَابَهُ دُونِي، فَمَنَعَ مَعْرُوفَهُ»

«Қиёмат куни қанчадан қанча одамлар қўшнисининг бўйнига осилиб олиб, «Роббим! Бу менинг юзимга эшигини ёпган эди, яхшилик қилмаган эди», дейди», деганлар.

 Имом Бухорий «Адабул муфрад»да Абу Зарр розияллоҳу анҳудан қилган яна бир ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«يَا أَبَا ذَرٍّ، إِذَا طَبَخْتَ مَرَقَةً فَأَكْثِرْ مَاءَ الْمَرَقَةِ وَتَعَاهَدْ جِيرَانَكَ».

«Эй Абу Зарр! Шўрва қилсанг, сувини кўпроқ солгин-да, қўшниларингдан хабар ол», деганлар. 

 Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «لَا يَمْنَعُ جَارٌ جَارَهُ أَنْ يَغْرِزَ خَشَبَهُ فِي جِدَارِهِ»

«Қўшни ўз деворига қўшнисининг ёғоч суқишига тўсқинлик қилмайди», деганлар.

 

Қўни-қўшнини бир-бирларига бўлган ҳақ-ҳуқуқлари:

1. Кўрганда биринчи бўлиб салом беради.

 Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амрдан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «وَأَفْشُوا السَّلَامَ» «Саломни ёйинг», деганлар.

2. Гўзал муомалада бўлади.

 Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«وَخَيْرُ الْجِيرَانِ عِنْدَ اللهِ خَيْرُهُمْ لِجَارِهِ»»«Аллоҳнинг наздида энг яхши қўшни – қўшнисига яхшилик қиладиган кишидир», деганлар.

3. Қўшнисини ҳимоя қилади;

4. Айибини ошкор қилмайди;

5. Сирларини сақлайди;

6. Хурсандчилигига шерик бўлади; 

7. Бошига мусибат тушганида ҳамдардлик билдиради;

8. Таклифига ижобат қилади;

9. Зиёрат қилиб туради;

10. Касал бўлиб қолса, кўргани боради;

11. Кўринмай қолса, ҳол-аҳволидан хабар олади;

12. Унга барча турдаги озорларни етказишдан четланади;

13. Муаммосини ҳал қилишда ёрдам беради;

14. Қарз сўраса, имкон бўлса қарз бериб туради;

15. Жанжаллашиб қолишган қўшниларнинг ораларини ислоҳ қилиб яраштириб қўйишга ҳаракат қилади;

16. Илм беради;

17. Шариатга зид ишларини кўрса, одоб билан насихат қилади, ҳикмат билан тўғри йўлга чақиради;

18. Қўшни ҳақида яхши гумонга боради;

19. Ғийбатчи ва чақимчиларнинг қўшни ҳақидаги гапларини рад қилади;

 Имом Бухорий ва имом Муслим Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан қилишган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ قَتَّاتٌ» «Гап ташувчи жаннатга кирмайди», деганлар.

20. Вафот этса, жанозасига қатнашади.

 

Хулоса 

Имом Бухорий Оиша онамиздан қилган бир ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «مَا زَالَ يُوصِينِي جِبْرِيلُ بِالْجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ» «Жаброил менга қўшнилар хусусида кўп тавсия бераверганидан, уни меросхўр ҳам қилиб қўярмикан деб ўйлаб қолдим», деганлар».

Бунинг маъноси шуки, қўшнининг ҳақлари шу қадар кўплигидан, уларга ҳам меросдан улуш берилса керак деб ўйлаб қолган эканлар.

 

В) «وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ» «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин». 

• Меҳмонга зиёфат бериш макоримул ахлоқ, Иброҳим алайҳиссалом ва барча анбиёларнинг суннатлари, Исломда тарғиб қилинган ва иймоннинг содиқлиги аломатидир.

Зиёфат мусулмон кишининг ўз биродари зиммасидаги ҳақидир. Ҳанафий, моликий ва шофеъий мазҳаблари зиёфатни суннат, ҳанбалийлар вожиб дейишган.

Меҳмоннинг иззат-икромини жойига қўйишда мусулмонларга тенг кела оладиган миллат йўқлигига дўст ҳам, душман ҳам тан беради. Мусулмонларнинг  бу  фазилатлари  тилларда  достон  бўлиб кетган. Ислом адабиётига кўз ташласак, бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ англаб етамиз. Бу нарсаларнинг ҳаммасига динимиз таълимотлари, ушбу ҳадиси шарифда ва шунга ўхшаш кўплаб ҳадислар сабаб бўлган.

• Имом Бухорий Абу Шурайҳ Адавий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ جَائِزَتَهُ».

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини мукофоти ила икром қилсин!» дедилар. Бир киши «Унинг мукофоти нима, эй Аллоҳнинг Расули?» деган эди, у зот: 

«يَوْمٌ وَلَيْلَةٌ، وَالضِّيَافَةُ ثَلَاثَةُ أَيَّامٍ، فَمَا كَانَ وَرَاءَ ذَلِكَ فَهْوَ صَدَقَةٌ عَلَيْهِ»

«Бир кеча-кундуз. Меҳмондорчилик уч кундир, ундан уёғи унга садақадир», деганлар.

Демак, меҳмоннинг уч кун ҳаққи бор. Ундан ортиғи мезбон тарафидан эҳсон, садақа бўлади. 

Уч кундан кейин мезбон меҳмондан кетишини талаб қилишга ҳам ҳаққи бор.

• Имом Бухорий Абу Шурайҳ Каъбийдан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«الضِّيَافَةُ ثَلَاثَةُ أَيَّامٍ، فَمَا بَعْدَ ذَلِكَ فَهْوَ صَدَقَةٌ، وَلَا يَحِلُّ لَهُ أَنْ يَثْوِيَ عِنْدَهُ حَتَّى يُحْرِجَهُ»

«Меҳмоннавозлик уч кундир, ундан кейингиси садақадир. Мезбоннинг ҳузурида уни қийнаб қўядиган даражада туриб қолиш ҳалол бўлмайди», деганлар. 

Уламоларимиз «Бундай қилиш меҳмон қилишга имконияти бор одамгагина вожиб. Меҳмон мезбоннинг имконияти йўқлигини, агар борса, мезбон унга бола-чақасининг таомини беришини, болалари оч қолиб кетишини билса, меҳмон бўлиб бориши ҳалол бўлмайди», дейишган.

Шунингдек, меҳмонга қилинадиган сарф-харажатлар ҳам вожиб саналади. Шунинг учун мезбон ўзи ва бола-чақасидан ортсагина унга меҳмон учун сарф-харажат қилиш вожиб бўлади.

 

Меҳмоннинг одоблари:

Меҳмонга боришнинг алоҳида одоблари ва тартиблари бор. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бизларга намуна кўрсатиб, ҳадисларида баён қилиб берганлар. Уламоларимиз китобларида ёзиб кетганлар.

1. Меҳмонга муносиб вақтда боради. Одатда кишилар дам оладиган, уйқуда бўладиган ва шунга ўхшаш ноқулай пайтларда бориш одобдан эмас. Иложи бўлса, олдин телефон орқали огоҳлантириб борилса, яхши бўлади.

2. Чақирилмаган жойга меҳмонга бормайди.

3. Мезбоннинг изнисиз чақирилмаган одамни бошлаб бормайди. 

Мабодо бирор киши эргашиб бориб қолса, мезбон эшигига келганда ҳолатни тушунтириб, ундан ижозат олади.

4. Борганда кириш учун уч марта изн сўрайди, рухсат бўлмаса, қайтиб кетади;

Имом Бухорий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан қилган  ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «إِذَا اسْتَأْذَنَ أَحَدُكُمْ ثَلَاثًا فَلَمْ يُؤْذَنْ لَهُ فَلْيَرْجِعْ»

«Қачон бирингиз уч марта изн сўраса-ю, унга изн берилмаса, ортига қайтсин», деганлар.

5. Изн сўраётганида номаҳрамларга кўзи тушиб қолмаслиги учун ҳовлига, уй ичига қарамасдан, бошқа томонга қараб туриб изн сўрайди. 

Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Бишр розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шундай дейилган: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикнинг тўғрисида эмас, балки унинг ўнг ёки чап тарафида турар эдилар».

6. Рухсат берилгач, уйга кирган одам уй эгаси кўрсатган жойга ўтиради. 

Уламолар: «Меҳмонга борсанг, уй эгаси кўрсатган жойга ўтир. Нимани келтирса, индамай е. Мезбон ташқарига чиқса, ўрнингдан турма, рухсатсиз нарса қидирма. Гоҳ у нарсани, гоҳ бу нарсани ушлайверма. Аммо хонада китоблар бўлса, кўриш мумкин», дейишган.

7. Уй эгасининг рухсатисиз унга имомлик қилмайди.

Имом Муслим Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: 

«وَلَا يَؤُمَّنَّ الرَّجُلُ الرَّجُلَ فِي سُلْطَانِهِ، وَلَا يَقْعُدْ فِي بَيْتِهِ عَلَى تَكْرِمَتِهِ إِلَّا بِإِذْنِهِ».

«Киши кишига унинг қўл остидаги жойда имом бўлмасин, уйида унинг изнисиз хос жойига ўтирмасин».

8. Тақдим қилинган таомдан тезроқ тановул қилади. 

9. Агар дастурхон атрофида ёши улуғ киши бўлса ундан олдин таомга қўл узатилмайди. 

10. Меҳмон мезбонникида уч кундан ортиқ қолмайди.  

Имом Бухорий Абу Шурайҳ Адавий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«وَالضِّيَافَةُ ثَلَاثَةُ أَيَّامٍ، فَمَا كَانَ وَرَاءَ ذَلِكَ فَهْوَ صَدَقَةٌ عَلَيْهِ»

«Меҳмондорчилик уч кундир, ундан уёғи унга садақадир», деганлар.

11. Меҳмон фақат мезбоннинг изни билан ўрнидан туради.

12. Меҳмон кетар чоғида мезбоннинг ҳақига дуо қилиб, меҳмондорчилик учун миннатдор бўлганини билдиради.

 

Мезбоннинг одоблари:

1. Мезбон меҳмонни очиқ чеҳра билан кутиб олади.

2. Мезбон гўзал суҳбат қилиб, ҳолатга мос гаплар айтиб туради.

3. Меҳмонга ҳалол ва покиза таом тортади, ўзини қийнайдиган такаллуфни қилмайди.

Бир улуғ кишини меҳмонга чақиришганида: «Таклифингни уч шарт билангина қабул қиламан. Биринчиси – бозордан атайлаб нарса сотиб олмайсан. Иккинчиси – уйингда борини яширмай олдимга қўясан. Учинчиси – аёл ва болаларингнинг ҳақини менга едирмайсан», деган экан.

4. Меҳмонни таомга таклиф қилиб туради. 

Мезбоннинг баъзида «олинг, енг» деб туриши савобли иш, бу уч мартагача айтилади. Аммо меҳмонни хижолат қилиб ҳадеб таомга зўрлайвериш одобсизлик саналади.

5. Меҳмон ҳузурида сукутни чўзиб юбормайди. 

6. Меҳмон олдидан узоқ вақтга ғойиб бўлмайди.

7. Меҳмоннинг ҳузурида уйдагиларни койимайди.

8. Мезбон меҳмонга ўзи хизмат қилади.

9. Мезбон меҳмонни унга ёқмайдиган кишилар билан бирга ўтқазмайди.

10. Меҳмон изн сўраса, унга изн беради.

11. У меҳмонни кузатиб чиқади.

12. Мезбон меҳмонга уловига минишга ёрдам бериб кузатиб қўяди.

Ўтмишда келган меҳмоннинг от-уловига ҳам ем-ҳашак беришган, ҳозирда эса унинг машинасига бензин қуйиб берсангиз, олий ҳиммат кўрсатган бўласиз.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф

 тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳофиз ибн Ҳажар Мақдисий қозилар қозиси мансабига ўтирди. Бир куни у қозиликка ҳашаматли жамоа билан, гўзал кўринишда йўлга тушди. Ўшандаги унинг мавқесини давоми...

2895 14:00 / 17.06.2022
Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан масжид МасжидулҲаром БайтулҲаром деб аталади. Бундай ном олишига масжид ва унинг атрофида давоми...

7871 14:00 / 01.10.2021
Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Имом Аъзам шундай ҳикоя қилади .Ҳаж ибодати пайтида бешта хатога йўл қўйган эканман. Бу хатоларни ўшанда бир сартарош ўнглаб қўйган давоми...

1924 19:00 / 11.11.2022
Людовик XIV даврида ўлимга ҳукм қилинган маҳбуслардан бири қалъанинг чекка бир бурчагидаги махсус изоляторда ҳибсда эди. Маҳбуснинг қатл этилишига бор йўғи бир давоми...

8761 10:20 / 19.05.2022