1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

«Сахийлик денгизи» (Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо)

13:59 / 25.07.2021 2570 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф Қурайший розияллоҳу анҳумо саҳобалардан, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари Жаъфар ибн Абу Толибнинг розияллоҳу анҳу ўғлидир. Онаси саҳобия Асмоъ бинти Умайс. Ота-онаси Ҳабашистонга ҳижрат қилишганида милодий 608 йили Исломда биринчи туғилган бола Абдуллоҳ бўлди. Отаси билан Мадинага ҳижрат қилган. Сиффин жангида амакилари Ҳазрати Алий аскарларига қўмондон бўлди. Ҳалим ва ниҳоятда сахий киши эди. Расули акрамдан кўплаб ҳадис ривоят қилган, улар уч «Саҳиҳ» китобига киритилган. Ҳижрий 80 (милодий 700) йили Мадинада вафот этган.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумонинг ота-онаси Ҳабашистонга ҳижрат қилишган эди. Аллоҳ таоло динларини сақлаб қолиш учун қилган ҳижратлари давомида уларга ўғил фарзанд берди. Бу фарзандни Абдуллоҳ деб номлашди. Шу орада Ҳабашистонга ҳижрат қилган мусулмонларга бошлиқ бўлган Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар урушидан чиққан пайтларида ўз шериклари билан Мадинаи Мунавварага келганида унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо ҳам оиланинг бошқа аъзолари қатори Мадинага келган эди.

Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг кичиклигиданоқ назарга тушишига отасининг Муъта жангида Ислом лашкарига бошчилик қилиб, қаҳрамонларча шаҳид бўлгани сабаб эди. Узоқлардаги Муъта деган жойда душман билан жанг олиб бораётган Ислом лашкарининг хабари ўша вақтда Мадинаи Мунавварада тарқаб турар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадаги саҳобаларига Муътадаги жанг майдонида бораётган олишув ҳақида бирма-бир хабар берар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларидагиларга: «Байроқни Зайд олди, у мусибатга учради. Байроқни Жаъфар олди, у ҳам мусибатга учради. Энди байроқни Ибн Равоҳа олди. Сўнг у ҳам мусибатга учради», дер ва кўзларидан дув-дув ёш тўкар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар ибн Абу Толиб ҳақида: «Аллоҳ унинг икки қўли бадалига икки қанот берди. Улар билан у жаннатда учиб юради», дедилар. Шунинг учун ҳам Жаъфар розияллоҳу анҳу «Жаъфари тайёр» (учувчи) ва «Икки қанот соҳиби» деб аталади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфарнинг хотинига: «Менга Жаъфарнинг болаларини олиб кел», дедилар. Улар ҳозир бўлганида қучиб ҳидладилар ва кўзларидан дув-дув ёш тўкиб, Жаъфар розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлгани хабарини айтдилар. У зот аҳлларига: «Жаъфарнинг оиласи учун таом тайёрланглар, уларни машғул қиладиган нарса келди», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини маҳзунлик қоплаб олган эди.

Муъта жангидан қайтиб келаётган лашкар Мадинаи Мунавварага яқинлашганда одамлар уларни кутиб олиш учун шаҳар ташқарисига чиқа бошлашди. Кутиб олувчиларнинг бошида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бор эдилар. Биринчи бўлиб ёш болалар олдинга интилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улов миниб олган эдилар. У зот одамларга қараб: «Ёш болаларни кўтариб олинглар! Менга Жаъфарнинг ўғлини беринглар!» дедилар. Одамлар Жаъфар розияллоҳу анҳунинг ўғли Абдуллоҳни олиб келишди. У зот уни олиб, олдиларига ўтқаздилар.

Мусулмонлар Ислом лашкарининг шонли зафарларига ўрганиб қолишган эди. Шунинг учун ҳам Муътадаги уруш уларга Ислом лашкарининг мағлубияти бўлиб кўринди. Улар қайтиб келаётган жангчилар устидан тупроқ сочиб: «Қочқоқлар! Аллоҳнинг йўлида қочдинглар!» деб бақира бошлашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Улар, иншааллоҳ, қайта ҳужум қилувчилар», дедилар.

Ана ўшандан бошлаб Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо кичкина бола бўлишига қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътиборларидаги кишилардан бирига айланди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан келсалар, аҳли байтлари болалари ила қарши олинар эдилар. Шунда у зот бир сафардан келганларида аввал мени олиб боришди. У зот мени олдиларига ўтқазиб олдилар. Сўнгра Фотиманинг икки ўғлидан бири олиб келинди. У зот уни ортларига мингаштирдилар. Биз уч киши бир улов устида Мадинага кириб бордик» (Муслим ва Термизий ривояти). Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумонинг ўзлари эса худди шу ҳолатни ўзларига фахр ва эъзоз учун арзийдиган нарса деб билмоқдалар.

Имом Асқалоний «Исоба» китобида Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумодан қуйидаги ривоятни келтиради: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошимни силадилар ва: «Эй Аллоҳим, Жаъфарнинг ўрнига боласини ўринбосар қилгин», дедилар. Ўйнаётган эдик, у зот олдимиздан ўтаётиб, мени кўтариб, олдиларига мингаштириб олдилар». Яна «Исоба»да Абдуллоҳ ибн Жаъфардан қуйидагилар нақл қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абдуллоҳ хулқимга ва халқимга ўхшайди», дедилар. Сўнгра қўлимдан ушлаб туриб: «Эй Аллоҳим, Жаъфарга аҳлида Ўзинг халаф бўлгин. Абдуллоҳга қўлида тутган нарсасини баракали қилгин», дедилар». Имом Бағавий Амр ибн Ҳарисдан бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар қуршовида савдо қилиб турган Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг олдидан ўтдилар ва: «Аллоҳим, унинг савдосига барака бергин», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқи Аълога интиқол қилганларида Абдуллоҳ ўн ёшда эди. У барча яхши фазилатларни ўзларида жам қилган ҳолда ўсиб-улғайди. Унинг ўта ҳалим, кечиримли ва сахий одам бўлганини уламолар алоҳида таъкидлашади. Ривоят қилинишича, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Жаъфардан бир миллион дирҳам қарз олган экан. Зубайр шаҳид бўлганидан кейин у кишининг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Жаъфарга: «Отамнинг ёзганларини қарасам, сенда бир миллион ҳақлари бор экан», деди. «У тўғри айтибди. Қачон хоҳласанг, ўша маблағни олишинг мумкин», деди Абдуллоҳ ибн Жаъфар. Бир муддат ўтганидан сўнг икковлари яна учрашиб қолганларида Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Мен адашибман. Мол сенинг ундаги ҳаққинг экан», деди. «Майли, мол уники бўла қолсин», деди Абдуллоҳ ибн Жаъфар. «Мен буни хоҳламайман», деди Ибн Зубайр. «Ихтиёр сенда, хоҳласанг, мол уники бўлсин, хоҳламасанг, беришни истаганингча ортга суришинг мумкин. Буни ҳам хоҳламасанг, унинг молидан истаганингча менга сот», деди Ибн Жаъфар. «Сенга сотаман. Аммо олдин бир чамалаб олай», деди Ибн Зубайр ва бориб молларни чамалаб кўрди. Кейин Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо келиб: «Сен билан менинг орамизда биров бўлмаслигини истайман», деди. «Кетдик!» деди у. Улар мол турган жойга боришди. Ибн Зубайр унга иморати йўқ, қаровсиз қолган бир ерни пулга бичиб берди. У бу ишларни қилиб бўлганидан кейин Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо ғуломига: «Жойнамозни шу ерга сол», деди. У ўша ердаги энг ноқулай жойга жойнамоз солиб берди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо икки ракъат намоз ўқиб, сажда қилди. Саждада дуо қилиб узоқ турди. Дуони қилиб бўлганидан кейин ғуломига: «Сажда қилган жойимни қази», деди. У қазиган эди, булоқ оқиб чиқа бошлади. Ибн Зубайр унга: «Буни менга бер», деди. «Дуоимни ва Аллоҳнинг менга ижобат қилганини сенга бермайман», деди Ибн Жаъфар. Кейинчалик унинг ери Ибн Зубайрнинг еридан ободроқ бўлиб кетди».

Ибн Абуд Дунё ва Хароитий Муҳаммад ибн Сирин розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: «Аҳли саводнинг (форсларнинг) қишлоқ оқсоқолларидан бири Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳожатини етказишни сўради. Абдуллоҳ ибн Жаъфар ҳазрати Алийга гапириб, унинг ҳожатини чиқариб берди. Қишлоқ оқсоқоли унга қирқ минг юборди. Буни оқсоқол бериб юборди, дейишди. У олмай қайтарди ва: «Биз амали солиҳимизни сотмаймиз», деди».

Ҳазрати Алий ҳузурларида Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг обрўси баланд эди. Абдуллоҳ Сиффин уруши куни ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг қўмондонларидан бўлган. У киши Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг гапини қайтармас эдилар. Шу билан бирга, у кишининг назарларида пулу молдан кўра ажру савоб қимматли ҳисобланар эди. Ториқ ибн Исҳоқ Моликийдан ривоят қилинишича: «Язид ибн Муовия Абдуллоҳ ибн Жаъфарга жуда кўп молни ҳадя қилди. У киши ўша молни Мадина аҳлига тарқатиб берди. Ундан бирор нарсани уйига киритмади» (Табароний ва Байҳақий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо ўта карамли, сахий, хушхулқ, иффатли ва гўзал инсон эди. Одамлар у кишини «сахийлик денгизи» деб аташар эди. Уламоларнинг айтишларича, Исломда у кишидан сахийликлари зарбулмасал бўлиб кетган эди. Абдуллоҳни ўта сахийликлари учун итобга олишганида у киши: «Аллоҳ мени бир одатга ўргатган. Мен одамларни бир одатга ўргатганман. Агар мен улардан кесиб қўйсам, мендан ҳам кесилиб қолишидан қўрқаман», деган экан. Яъни Аллоҳ таоло Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини қабул қилиб, Абдуллоҳ ибн Жаъфарга баракали молу дунё берган. Абдуллоҳ ибн Жаъфар эса Аллоҳ таоло берган ўша молни муҳтожларга бериб, уларни ўзига ўргатиб қўйган.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумонинг олдига борсалар, ўз уйига туширар, ўзига яраша иззат-икром кўрсатар эди. Ҳазрати Муовиянинг бу иши хотини Фохита бинт Қаразага ёқмас эди. Аёл Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо ҳақида баъзи гапларни айтиб юборар эди. Бир кеча охирлаб қолганида ҳазрати Муовия Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг қироатини эшитиб қолди. У киши бориб, хотини Фохитани уйғотди ва «Мана буни эшитиб қўй», деди.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо ҳижрий саксонинчи санада Мадинаи Мунавварада вафот этди. Ўша пайтда Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳу Мадинаи Мунавваранинг амири эди. Абдуллоҳ ибн Жаъфарни ювиш ва кафанлашга амирнинг ўзи бош бўлди. Жасад атрофида катта издиҳом бор эди. Абон ибн Усмон тобутни икки сопи ўртасидан кўтариб борди. У киши Бақиъга етиб боргунча бировга бермади. Амир қабристонда икки кўзидан оққан ёш юзларини ювиб тураркан, «Аллоҳга қасамки, сен яхши эдинг. Ёмонлигинг йўқ эди. Аллоҳга қасамки, сен шариф, зариф ва асил эдинг», дер эди.

Валихон Азимбоев

«Ҳилол» журналининг 7(28) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.Бу киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари.Бу киши мўминларнинг амири Али розияллоҳу анҳунинг давоми...

3758 14:00 / 22.02.2022
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларМУНОСИБ ФАРЗАНД 15қисмАллоҳ таоло ҳазрат Абу Бакрга яна бир илоҳий давоми...

4662 16:16 / 21.04.2017
Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давоми...

1335 17:09 / 23 ноябрь
Иккинчи кун ndash ағвос куни Саъд розияллоҳу анҳу шаҳидларни дафн қилиш ва ярадорларни даволаш учун одам қолдирди. Қолганларни худди кечагидек, жангга тайёрлади. Шу давоми...

2295 10:30 / 11 июнь